Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 22 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Ортидан қорама-қора келиб...

У ёки бу муносабат билан уйга қайси биримиз кеч қайтмаганмиз дейсиз. Ним қоронғи бўм-бўш кўчада ортингдан кимнингдир қадами товушини эшитиш одамга жилла хуш келмайди, баъзан чўчитади ҳам. Ана шу қадам товушлари четлашиб кетса ёки умуман йўқолса, негадир ич-ичингдан қувониб қўясан киши.

 

Люба, одатда, кеч соат 6 ларда ишдан қайтади. Баъзан қаҳвахонага ёки дугоналариникига кириб ёки концертга тушиб кеч қайтадиган пайтлари ҳам бўлади. Кенг, кундузгидек ёп-ёруғ катта автомобиль йўлидан боши берк, кўримсизгина тор кўчанинг охиридаги тўрт қаватли уйга бориб олиши лозим – унинг икки хонали квартираси шу ерда.

Куз кунларидан бирида Люба ишдаги дугонасининг тўйидан қайтаётиб, ўзининг ўша, нимқоронғи тор кўчасида ортидан бир маромда ташланаётган қадам товушини эшитди. Юришидан – эркак киши. Любанинг негадир кўнглига ғулғула тушди, қадамини тезлаштира бошлади. Ортидан келаётган одам ҳам тезлашди. Бир оздан кейин Люба кўчада битта-яримта бормикан деган ниятда орқага кўз ташлади. Лекин бошқалпоғига бурканиб олган кимсанинг қорасидан бўлак ҳеч ким кўринмади.

Люба азбаройи қўрққанидан югуришга тушди. Уни қорама-қора таъқиб қилиб келаётган кимса ҳам чопа бошлагач, қиз бор кучи билан югуриб ўз уйига яқинлашиб олди. Ҳовлидаги ўриндиқда бир гуруҳ ёш-яланг ўтирар эди. Улар, одатда, қўпол ҳазиллари, баланд кулгилари билан уй аҳлининг жиғига тегишар, писта чақиб ҳамма ёқни ифлос қилишар эди. Люба ўша кеч уларни кўриши билан шунчалар хурсанд бўлиб кетдики, асти қўяверасиз. У нафасини ростлаб олгач, тўғри ўз йўлагига йўналди ва орқага қараб қўйди: уни таъқиб қилаётган кимса ғойиб бўлган эди. Кўнгли хотиржам бўлган қиз квартираси сари кўтарилиб ичкари киргач, эшикни тақатақ беркитди, занжирлаб қўйгач хотиржам тортди.

 

Дарвоқе, эртасига эрталаб Люба тун қоронғусида орқадан келаётган киши уни таъқиб қилгандек туюлган бўлса керак деб ҳам ўйлади. Бир неча кунгача ишдан одатий вақтда қайтар экан, уни роса чўчитган қадам товушлари яна эшитилиб қолмасмикан деб дам-бадам қулоқ солиб қўярди.

Орадан икки ҳафта ўтиб, яна уйга кеч, соат 11 дан кейин қайтишига тўғри келди. Кўчасига бурилгани ҳамони, Люба яна залворли қадам товушини эшитди. Қўрқув унга куч бағишлади шекилли, жон ҳолатда югура кетди, ортидаги қадам товуши ҳам тезлашганлигини билди. Бироқ бахтига ўша тарафдан автомобиль овози эшитилиб қолди. Люба йўлнинг қатнов қисмига чиқиб жон-жаҳди билан қўл силкита кетди. Яхшиямки ҳайдовчи тормозни босиб улгурди. Қўшниси экан. Югуришдан ҳарсиллаб қолган Люба уйига элтиб қўйишни сўради. Қўшниси жилмайибгина машинага ўтиришни таклиф қилди ва қайси ошиғидан бунчалик қочишга тушганлигига қизиқсинди. Люба бегона бир эркак ортидан тушганлигини айтди. Қўшни чиндан ҳам машинасини кўчага бургач, югуриб бораётган Любани, ортидан аллақандай эркак эргашиб бораётганини кўрган экан. Аммо унинг қизни қувиб етиш ниятида эканлигини сезмаган.

Люба яна алламаҳалгача ухлай олмади. Қиз номаълум таъқибчи унинг пайига тушганлигига ишончи комил эди.

 

Бир неча ҳафта мобайнида Люба йўлда ушланиб қолмасликка ҳаракат қилди, дугоналари ва дўстларининг таклифларига рад жавобини берди. Бироқ раҳбарининг юбилейи муносабати билан қаҳвахонадаги зиёфатдан бош торта олмади. Зиёфатда ҳамма шодон, ўйин-кулгу билан банд, Люба эса соатига тикилгани-тикилган. Уни қўрқинчли хаёллар ўз домига олганди. Қоронғи кўчадан тунда бир ўзи юриб бориши кераклигидан юраги увишди. Такси олмоқчи бўлди-ю, аммо ёнидаги пулни чамалаб кўрса, етмас экан – маош олишга эса ҳали 3 кун бор. Дугонасидан қарз сўраган эди, у ҳам бу борада ночор аҳволда эканлигини айтди. Ўша тарафга борадиган ҳеч ким йўқ эди. Люба зиёфат бўлаётган қаҳвахонадан анча олисда яшарди.

Ана шунда у метро билан уйига яқин станцияга боришни ва ўша ерда такси олишни мўлжаллади – бунга пули етарди. Шундай қилди ҳам: ҳамкасабалари билан метрогача борди, охирги станцияда таксига ўтириб, уйига эсон-омон етиб олди.

Эртаси эрталаб даҳшатли хабар эшитди. Ҳовлида ҳаяжонини боса олмаган қўшни аёллар эрта тонгда уйларининг яқинида боши ёрилган афтодаҳол бир қиз топилганини айтишди. Қўшнилардан бирининг айтишича, жабрдийда Любага жуда-жуда ўхшар экан: сочлари қоп-қора, соч турмаги ҳам ўхшаб кетади. Бошидаги қалпоғи, эгнидаги мўйна ёқали жигарранг пальтоси ҳам бир хил. Люба даҳшатдан оқаринқираб кетди: такси олмаганида балки ўша жойда бегона қиз эмас, Любанинг ўзи ётган бўлармиди?..

 

Люба ишга келгач, фикрини сира жамлай олмади ва ўзини яхши хис этмаётганлигини айтиб, тушдан кейин жавоб сўради. Аммо уйига эмас, тўғри туман милиция бўлимига борди. Уни қотиллик ишини юритаётган терговчига рўбарў қилишди. Терговчи аёл киши экан. Полина Ильинична унинг узун-юлуқ сўзларини диққат билан эшитди, Любани қандайдир эркак таъқиб қилганлигига шубҳа билдирмади ҳам. Терговчи унинг кўрсатувларини баённомага ёзиб олгач, ҳозирча ишдан кейин ҳеч қаерда ушланиб қолмасликни маслаҳат берди ва раҳбариятдан қиз кечқурунлари кеч қайтгудек бўлса, уни кузатиб борадиган тезкор ходим бириктириб қўйишларини сўрайман деб ваъда қилди.

Орадан икки кун ўтгач, Полина Ильинична Любани ёшгина тезкор ходим билан таништирди, Володя унга хизмат ва уй телефони рақамларини берди, қизга кеч қайтгудек бўлса, қўнғироқ қилишини тайинлади.

Бир ойчалардан кейин байрам муносабати билан навбатдаги зиёфат йиғинига қилинган таклифни Люба рад эта олмади. Қиз ҳаяжон ва ташвиш исканжасида Володяга қўнғироқ қилиб, йиғин қаерда бўлишини хабар қилди. Володя кеч соат 11 да ўша қаҳвахонага етиб боришини айтди. Унинг эскироқ «Жигули» машинаси бор экан – ўшанда келди.

Йўлда Володя қиздан нима учундир ўч олиши мумкин бўлган таниш-билишлари бор-йўқлигини суриштирди. Люба бунақа танишим йўқ деб қатъият билан айтди. Ана шунда тезкор ходим унга кўнглини очган, қўлини сўраган, аммо рад жавобини олган ошиқлари бўлган-бўлмаганлигини сўради. Люба уялинқираб ишда чилангар Коля деган севги изҳор қилмоқчи бўлганлигини, унга ёқтирмаслигини айтиб, қатъий жавоб берганлигини эслади.

Володя шу йигитга қизиқиб қолди. Қаерда яшашини, Люба қатнашган жамоавий зиёфатларда, одатда, кечроқ қайтиладиган йиғинларда бўлган-бўлмаганлигини суриштирди. Маълум бўлишича, Николай қўшни кўчада яшар экан. Корпоратив тадбирларда кам кўринар, аммо бошлиқнинг юбилейи зиёфатида бўлган экан. Шундай бўлса-да, ҳар бир йиғин-зиёфат қачон ва қаерда ўтказилишини табиийки, биларди. Бугунги зиёфатда Коля йўқ эди, лекин зиёфатдан хабардор эканлиги аниқ. Ана шунда Володя Любани автобус бекатидан уёғига бир ўзи боришини сўради, ўзи эса кўчанинг бошқа тарафидан кузатиб борадиган бўлди.

 

Люба рози бўлди ва ўша тор кўчасидан оҳиста юриб кетди. Қанча ҳаракат қилмасин, Володяни кўрмади. Аммо тез орада бошқалпоғини кўтариб бурканиб олган кимнингдир қорасини сезди, оғир қадам товушларини ҳам эшитди. Ўзини ҳар қанча совуққон тутмоқчи бўлса ҳам, юраги ҳаприқиб қиз югура кетди. Сал нарироқда нимагадир қоқилиб, узала йиқилди. Орқасидан таъқиб қилиб келаётган кимса етиб келиб, боши узра алланимани айлантира бошлади. Люба қўллари билан бошини ҳимоя қила олди, холос. Худди шу он «Тўхта, қўлларингни кўтар!» деган амирона буйруқ янгради. Ҳужумга ўтган кимсани кутилмаган бу ҳолат мўлжалдан адаштирди, унинг зарбаси Любанинг бошига эмас, елкасига тегиб ўтди. Володя эса ўша заҳоти жиноятчининг қўлларидан шартта тутиб, қорнига зарба берди. Кимса энгашгани ҳамони тезкор ходим унинг қўлларини орқасига буриб, қўлкишан тақди. Шундан кейин Любани ўрнидан тургазиб, уни тинчлантира бошлади.

Володя жиноятчи қўлкишан билан қочиб қолишидан қўрқиб, уни уйнинг девори яқинидаги металл устунга тушовлаб қўйди. Тезкор ходим ерда ётган жиноят қуролини кўтарди – бу газетага ўралган қирқма металл қувур экан.

Ўша кезлари уяли телефонлар бўлмагани сабабли, Володя Люба билан унинг уйига кўтарилди ва унинг квартирасидан телефон орқали тезкор гуруҳни чақиртирди. Володя ушланган кимсанинг ёнига қайтмоқчи бўлди, Люба бир ўзи уйда қолишдан қўрқиб, ундан бирга олиб боришни сўради. Кишанбанд кимсанинг ёнига боришгач, Люба унинг Николай эканлигини билди. Демак, тезкор ходим ўз тахминида янглишмабди.

Етиб келган тезкор гуруҳ ходимлари ҳужум қилган кимсани машинага чиқаришгач, жиноят содир бўлган жойни кўздан кечирдилар ва суратга олдилар. Володянинг рапортини тинглагач, Любадан қисқа-қисқа керакли нарсаларни сўрашди-да жабрланувчи қизга кўрсатув бериш учун эртага туман бўлимига боришни тайинлаб жўнаб кетишди.

Люба қўрқуви босилмагани учун ҳам, Володяни чойга таклиф этди. Бир оздан кейин қизнинг асабий титрашлари йўқолиб ўзига келгач, Володя эртага қўнғироқ қилишни ваъда қилиб, уйига жўнади.

 

Жиноят устида қўлга олинган Николай, Люба рад жавоб бергани, илтифотсизлик қилгани учун боплаб ўч олмоқчи бўлганлигини тан олди. Аввалига қизни шунчаки қўрқитмоқчи бўлган, кейин эса жонини олиш, ёруғ дунёдан йўқ қилиш фикрига борган. Анави биринчи жабрдийда қизга ҳужум қилиб, янглишганлигини билгач, Любага бўлган ғазаби янада авж олган.

Николайнинг эътироф этиб айтган гапларини суд-биология экспертизаси ҳам тасдиқлади – металл қувурда ўлдирилган қизнинг қон излари топилди. Қирқма қувур ўралган газетада қотилнинг бармоқ излари бор эди. Суд Николайни айбдор деб топди ва унга ҳақли жазо тайинлади.

Люба эса ўша воқеадан кейин анча пайтгача ортида қадам товуши эшитилгудек бўлса, қўрқинчга тушиб юрди. Дарвоқе, ҳадемай доимий ҳамроҳ-посбонли бўлди: тезкор ходим билан тўйлари бўлиб бошлари қовушди...

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд-экспертиза марказининг давлат эксперти.

Прочитано: 1591 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика