Norma.uz

Ўзини оқламаган тадбир

«Чилонзортумангаз» идорасида (бундан буён матнда тумангаз деб юритилади) газ таъминоти масалалари юзасидан Чилонзор тумани истеъмолчилари қабули ташкилотчиларнинг умидини оқламади, уларни маълум даражада довдиратиб қўйди ҳам. Турли идораларнинг казо-казо мутахассислари газ истеъмоли билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида чилонзорликларга ёрдам бериш иштиёқида эди. Аммо бу даъватга муносиб жавоб бўлмади, бинобарин, муаммолар ҳам, манфаатлар доираси ҳам аввалгича қола берди. Шу куни мутахассислар томонидан ўнтадан ҳам кам абонент қабул қилинганлиги учрашув учун ажратилган тўрт соат учун айтарлик кўрсаткич эмасди.  

 

Газ таъминоти соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) қилинган мурожаатларнинг каттагина қисмини ташкил этаётганлиги факти бўлмаганида, газ таъминоти борасида ҳеч қанақа муаммо йўқ экан-да, деб ўйлаш мумкин эди. Айнан шунинг учун ҳам Қўмита «Чилонзортумангаз» идорасида қабул ўтказиш ташаббусчиси бўлиб чиққан эди. Бундай тадбирлар газ истеъмоли бўйичагина эмас, балки бошқа коммунал маҳсулотлар истеъмоли бўйича ҳам пойтахтнинг турли туманларида вақти-вақти билан ўтказиб келинмоқда.

Бу борада ёрдамга бел боғлаганлар орасида Қўмита, «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти, «Тошкентшаҳаргаз» филиали, Тошкент хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси, «Чилонзортумангаз» вакиллари бор эди. Тадбирга «Норма маслаҳатчи» газетаси ахборот борасида мададкор бўлди. Тадбир ўтказилиши ҳақида чилонзорликлар турли каналлар орқали: газетада, norma.uz сайтида, радио орқали хабардор қилинди. Бундай қараганда, энг танбал одам ҳам ўз муаммосини тезкорлик билан ҳал этиш, тартибга солиш имкониятидан фойдаланиб қолмоғи лозим. Аммо бундай бўлмади.

 

ҚАЕРДАСИЗ, ИСТЕЪМОЛЧИЛАР?

Юқори идоралар мутахассислари беҳуда ўтган вақтдан ҳафсалалари пир бўлаёзган бир пайтда тумангаз бошлиғи Анвар Каримов, аксинча, «Қаранг, бизда ҳаммаси жойида, шунинг учун шикоятлар йўқ» қабилида зўр қониқиш туйғусини ҳис этди.

Қўмитанинг реклама фаолияти ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишни назорат қилиш бошқармасининг бош мутахассиси Абдураҳмон Раупов бутунлай бошқача фикрда экан. Бунга газ истеъмоли борасида ҳуқуқлари турли йўсинда бузилаётганлиги туфайли Чилонзор тумани аҳлидан келган мурожаатлар сабабдир. Унинг сўзларига қараганда, ҳозирги пайтда асоссиз устама ҳисоблаб чиқилганлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда. Улар асосан газ ҳисоблагичларни текширувдан ўтказиш билан боғлиқ. Хусусан, бу иш вақтида амалга оширилмаганлиги учун маҳсулот етказиб берувчи катта миқдорда сумма тўлашни талаб қилмоқда. Бироқ, бунда Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда1 (бундан кейин матнда Низом деб юритилади) кўрсатиб ўтилганидек, даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши керак – лекин бундай бўлмаётир.

Кўп учрайдиган, бир-бирига ўхшаш қоидабузарликлар орасида метрология хизмати томонидан берилган сертификат маълумотлари асосида текширувдан ўтказиш тўғрисидаги ахборотнинг маҳсулот етказиб берувчи томонидан абонентлар базасига киритилмаётганлигидир. Натижада газ соҳасидагилар ҳақни ҳисоблагичга қараб эмас, мазкур уй манзили бўйича прописка қилинганлар сонига қараб ҳисобламоқдалар. Шу зайил истеъмолчи айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда. Муайян вақтга қадар уни ҳеч ким қарздорликдан хабардор этмайди. У газнинг жорий истеъмоли ҳақини хотиржам тўлаб бораверади, бир неча йилдан кейин қарабсизки, ўрни-тагида йўқ сабаблар билан катта миқдорда қарздор бўлиб турибди. Ҳолбуки, Табиий газни чакана истеъмолчига етказиб бериш шартномасининг 6.3-бандида назарда тутилишича, белгиланган муддат мобайнида газнинг қиймати қисман ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, маҳсулот етказиб берувчи истеъмолчини 10 кун ичида тўловни тўлаш зарурлиги ҳақида ёзма равишда хабардор этиши лозим.

Қабул учун мўлжалланган вақтнинг талайгина қисмини мутахассислар жамоаси кутиш билан ўтказди, тайинли иш қилинмади ҳам. Шу сабабли ҳам ёрдам сўраб келган ҳар бир мурожаатчидан беҳад хурсанд бўлишди. Дарвоқе, бундай муносабатни кутмаган фуқаролар ҳам бахтиёр эдилар. Мутахассислар мурожаатчилар мустақил ҳал эта олмаган муаммоларни синчковлик билан муфассал ўрганиб чиқдилар ва тушунтириб бердилар.

Тадбир ташкилотчилари қабул асносида юзага келган вазиятга тузатиш киритмоқчи бўлишди. Мурожаатчиларни чеккароқдаги алоҳида ажратилган жойда эмас, газ таъминоти идорасининг кираверишида ёки одамлар ҳар хил масалалар билан мурожаат этадиган абонент бўлимида қабул қилишни таклиф қилишди. Бу ерда улар ҳам ёрдам, ҳам маслаҳат олишлари мумкин бўлар эди. Аммо тумангаз раҳбари бу жўяли фикрга унамади ва бунга «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси унга мутахассисларни алоҳида хона билан таъмин этишни топширганлигини важ қилиб кўрсатган бўлди. Ўша ерда қабул қилаверишсин деб қўшиб қўйди ҳам. Истеъмолчиларни бу ерга тумангаз ходимлари олиб келар эмиш. Қайси принцип бўйича шундай қилиниши эса ноаён.

 

ҚАРЗ ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛДИ?

Энди қабул пайтида фуқаролар қандай масалалар билан мурожаат этишгани ҳақида. Қўни-қўшнилардан ҳисоблагични текширувдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларни эшитиб қолган З.Сапогова приборни қачон ва қай тартибда текширувдан ўтказиш кераклигини аниқлаб олиш учун келибди. Н.Мадраимова маълумотлар абонент базасига киритилмаганлиги сабабли қарздор бўлиб қолган экан. Натижада унга газ тўловини шу уйда қайд этилган етти жон учун ҳисоблаб чиқара бошлашибди.

М.Муслимова ярим миллион сўм қарзи қаердан пайдо бўлиб қолганлигини билмайди. Азбаройи ҳаяжонланиб, йиғи-сиғига тушган бу аёл газ ҳақини батартиб тўлаб келаётганлигини, ҳисоблагични вақтида текширувдан ўтказганлигини айтди. 2011 йилдан буёнги тўлов қоғозларини кўрсатди. Мутахассислар тўлов ҳақидаги квитанцияларни синчковлик билан ўрганиб, уларни абонент базаси билан солиштириб кўрдилар. Қарздорлик ҳисоблагични текширувдан ўтказишдан аввал юзага келганлиги маълум бўлди. Абдураҳмон Раупов бу аёлдан қарзи борлиги ҳақида хабарнома олган-олмаганлигини суриштирди. Мабодо, бундай хабарнома олмаган бўлса, бу қонун ҳужжатларини бузишдир. Хўш, нима сабабдан маҳсулот етказиб берувчилар 4 йил мобайнида унга қарзни тўлаш зарурлиги ҳақида эслатишмаган? Бунинг устига даъвонинг ўтиш муддати 3 йилни ташкил этади.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси муҳандиси Шерзод Маҳкамов газ истеъмоли билан боғлиқ, асоссиз ҳисоблаб чиқарилган тўловларга тааллуқли муаммоларнинг аксариятини табиий газ истеъмоли назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ҳал қилиб бера олади деб ҳисоблайди. Лойиҳа доирасида мазкур ҳисобни бошқариш, биллинг ва алоқа тизими яратилади. «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясида ­150-31-14 рақамли ишонч телефони ишлаб турибди. Истеъмолчилар ана шу телефон орқали газ истеъмоли билан боғлиқ турли масалалар юзасидан қўнғироқ қилишлари мумкин.

Ташриф буюрувчиларнинг қабули оралиғидаги танаффусларда тумангаз бошлиғи Чилонзор туманидаги газ истеъмоли ҳақида қисқача хабар бериб ўтди. Кўп квартирали уй-жой фонди ва хусусий секторда яшовчи абонентлар сони 68 минг кишидан кўпроқдир. Идора раҳбари ҳисоблагич приборларни текширувдан ўтказиш бўйича кўп саволлар ва масалалар юзага келаётганлигини айтиб ўтди. Илгарилари истеъмолчилар ҳафтада бир марта қабул қилинган бўлса, ҳозир уларни ҳар куни қабул қилишмоқда. Бундан ташқари, ҳафтада бир неча марта тегишли жадвал бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари идорасида истеъмолчилар билан учрашувлар ташкил этилади. Уларга газ ҳисоблагич аппаратларини текширувдан ўтказиш тартиби тушунтирилади, газ истеъмоли билан боғлиқ бошқа масалалар хусусида гаплашиб олинади. У, умуман олганда, тарафларнинг ўзаро муносабатларини шу тарзда тасвирладики, газ соҳасидагилар тинимсиз ҳаракат қилишмоқда-ю, истеъмолчилар қоидаларни бузишгани-бузишган. Бошқача айтганда, истеъмолчилар абонентга қандай қилиб ёқиш ва юксак даражада хизмат кўрсатиш борасида тинмай елиб-югураётган виждонли, ҳалол маҳсулот етказиб берувчилар устидан асоссиз равишда нолиб юришади.

 

ТАРТИБ ЭСЛАТИБ ЎТИЛДИ

Газ ҳисоблагич аппаратини текширувдан қай йўсинда ўтказишга қизиқувчи истеъмолчиларга унинг тартибини яна бир бор эслатиб ўтишди. Низомга кўра ҳисоблагич аппаратни жисмоний шахслар 4 йилда 1 марта, юридик шахслар эса, 2 йилда 1 марта текширувдан ўтказишлари шарт. Текширувдан ўтказиш муддати тугашига 30 кун қолганида маҳсулот етказиб берувчи абонентни бу ҳақда хабардор этиши шарт. Абонент хабарномани олгач, ҳисоблагични ечиб, бўшатиб олиш тўғрисида ариза билан тумангаз идорасига боради. Маҳсулот етказиб берувчининг вакили ҳисоблагични 5 иш куни мобайнида ечиб (бўшатиб) олади ва айни бир пайтда ҳисоблагич прибор бутлигини текшириб кўради. Агар ҳаммаси рисоладагидек бўлса, 2 нусхада далолатнома тузади. Ҳисоблагич ана шу далолатнома билан бирга метрология хизматига тақдим этилади. У ерда ҳисоблагич рўйхатга олинади, текширувдан ўтказиш юзасидан шартнома тузилади – текширув 3 кун ичида амалга оширилади. Натижа ижобий бўлган тақдирда, метрологлар ҳисоблагични пломбалаб, текширувдан ўтганлик тўғрисида сертификат берадилар. Агар улар ҳисоблагични фойдаланишга яроқсиз эканлигини аниқласалар, газ истеъмоли ҳақини ҳисоблаб чиқиш нормативлар асосида амалга оширилади.

Истеъмолчи газ ҳисоблагични таъмирлаш кераклиги ёки янгисини сотиб олиб ўрнатиш жоизлиги масаласини ўзи ҳал қилади. Ҳисоблагични ўрнатиш учун абонент яна ариза билан тумангазга мурожаат этиши керак. Бу идора вакили 2 кун ичида ҳисоблагични ўрнатиб пломбалайди. Бунда яна далолатнома тузилади, истеъмолчи унга сертификатнинг кўчирма нусхасини тақдим этади.

 

ЯКУН ЎРНИДА

Қабул ташкилотчилари истеъмолчилар нима сабабдан бу тадбирга рўйхушлик бермаганликларидан ташвишландилар. Ахир ХУМШ фаолияти масалалари бўйича бевосита мулоқот ўтказилганида реклама айни шу тарзда бўлган, аммо телефонлар бир дақиқа ҳам тиним билмаган эди. Афтидан, иссиқ ўрнидан қўзғалиб, масала муҳокамасига боришдан кўра қўнғироқ қилиб қўя қолиш осонроқ шекилли. Ўзига тегишли муаммони амалий тарзда ҳал этиш учун жон куйдиришга кўпчиликнинг рағбати йўқлиги ҳам шундан. Сиз ёрдам беришингиз керак, йўқса янада юқорироқ жойларга шикоят қиламиз деб арз қилиш, ҳатто талаб қилиш афтидан жўнроқ туюлади уларга. Тўғри, кўпчилик ўз ҳуқуқларини қай йўсинда ҳимоя этишни билмайди. Мутахассислар сизга бепул, тезкорлик билан, ишнинг кўзини билган тарзда, ўтга ҳам, сувга ҳам киришга шай ҳолда ёрдам бермоқчи ­бўлса-ю, истеъмолчилар ўзларини четга, панага олсалар, қизиқ-да?!

Кишини ўйлантирадиган, ташвишга соладиган яна бир тамойил бор. Истеъмолчилар ўзларида муаммо келиб чиққан тақдирда, коммунал соҳадагилар билан «келишиб олиш»ни маъқул кўрадилар. Сабаби эса, ўша-ўша. Қонун ҳужжатларини билмаслик, бирон нарсани аниқлаш, исботлашни, сабр-матонат, принципиаллик кўрсатишни истамасликдир. Ана шунда ҳуқуқий лоқайдликдан фойдаланиб, уларга пул борасида найранг қиладилар. Ўша «Чилонзортумангаз» идорасида (аммо қабул вақтида эмас) маҳсулот етказиб берувчи истеъмолчини тўлов тўламаганлиги учун судга даъво киритганлиги гувоҳи бўлдим. Иш 5 дақиқада ҳал бўлди: қарздорлик йўқ экан, судга қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома беришди. Ундай бўлса, нима сабабдан бундай вазиятлар келиб чиқмоқда деган савол туғилади? Кимдир судлашиб, масалани ҳал этишга эринади, кимдир ўз ҳақлигини исботлаб бирон нарсага эриша олмайман деб ҳисоблайди – аллакимлар эса айни шуни кутишади. Ана шунда қўли нопок коммунал соҳасидагилар билан сохта қарздорликни рўйхатдан чиқариш (ўчириш) ҳақида пинҳона «келишиб оладилар». Шуниси ҳам борки, улар қарзни амалда ҳисобдан чиқариб (ўчириб) бўлмаслигини билишмайди. Қарз ўсиб бораверади. Бошқа бир текширувчи келгач, ҳаммаси яна бошидан бошланади. Шундай қилиб, биз ўз ҳаракатсизлигимиз билан қонунсизликни, ножўя пул йиғишни, фирибгарликни рағбатлантирамиз. Лекин бу аҳволда бизда ҳеч қачон ҳеч нарса ўзгармайди. Ўзингдан кўр деганлари шу бўлса керак-да!

 

1«Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Мурожаатлар Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бош мутахассиси А.Раупов ва «Тошкентшаҳаргаз» филиали муҳандиси С.Ерлифесов муҳокамасида.

 

М.Муслимова: «Вақтида, батартиб ҳақини тўлаб бораман, илло, қарз қаердан пайдо бўлди, билмайман».

 

З.Сапогова: «Газ ҳисоблагични қачон текширувдан ўтказиш керак?».

 

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси муҳандиси Шерзод Маҳкамов: «Газ истеъмоли ҳисобини олиб бориш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими кўпгина муаммоларни ҳал этиш имконини беради».

 

Н.Мадраимова: «Газ ҳақини ҳисоблагич бўйича эмас, уй манзили бўйича прописка қилинган 7 киши учун ҳисоблаб чиқармоқдалар».

 

А.Раупов: «Ташвишланманг, ҳаммасини ўрганиб чиқамиз ва ҳал этамиз».

 

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясида 150-31-14 рақамли ишонч телефони ишлаб турибди. Истеъмолчилар газ истеъмоли билан боғлиқ турли масалалар юзасидан шу рақам орқали қўнғироқ қилишлари мумкин.

Прочитано: 1434 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика