Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 22 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИНГ ЯНГИ ҚОИДАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

22.05.2015 йилдаги ЎРҚ-385-сон Қонун билан «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг (29.04.2004 йилдаги 613–II-сон) янги таҳрири тасдиқланди. Қонуннинг янги таҳрири билан белгиланишича, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага (бундан буён матнда электрон тижоратдаги шартнома деб юритилади) мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир.

Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахс электрон тижорат иштирокчиси ҳисобланади.

Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Электрон тижоратда иштирок этиш, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, унинг иштирокчисига нисбатан ахборот тизимларидан фойдаланмасдан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан қўшимча талаблар ёки чекловлар белгиланиши учун асос бўла олмайди.

Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар, шунингдек электрон шаклда қайд этилган, юборувчисини идентификация қилиш имкониятини берадиган ахборот (электрон хабарлар) ўз қўли билан имзоланган қоғоздаги ҳужжатларга тенглаштирилади ва улардан битимлар тузилганлигининг далили сифатида фойдаланилиши мумкин.

Электрон тижоратдаги шартнома фақат ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Электрон тижоратдаги шартнома шартлари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши керак. Электрон тижоратдаги шартнома унга ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсида жойлаштирилган электрон ҳужжатга ҳавола қилиш йўли билан киритиладиган алоҳида шартларни ўз ичига олиши мумкин. Бу ҳолда электрон ҳужжатни жойлаштирган электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддат мобайнида ундан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаши, бу муддат ўтганидан кейин эса мазкур электрон ҳужжатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда сақланишини таъминлаши шарт.

Электрон тижоратда оферта электрон ҳужжат тарзида тузилади. Қонун билан оферта ўз ичига оладиган маълумотлар рўйхати белгиланган.

Электрон тижорат иштирокчисининг оферта қабул қилинганлиги тўғрисидаги жавоби (акцепт) электрон ҳужжат ёки электрон хабар тарзида ёхуд офертада кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатларни содир этиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Электрон тижоратдаги шартнома офертани юборган электрон тижорат иштирокчиси томонидан офертанинг акцепти олинган пайтдан эътиборан тузилган деб эътироф этилади.

Электрон тижоратдаги шартномани бажариш билан боғлиқ ҳужжатлар электрон ҳужжат тарзида ёки қоғозда расмийлаштирилиши мумкин.

Қонуннинг янги таҳрири билан шунингдек электрон тижорат иштирокчисининг жумладан ахборот воситачиси ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, Электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс ахборот воситачисидир.

Бундан ташқари, Қонун билан ахборотлар хавфсизлигини ва электрон тижорат иштирокчиларининг шахсга доир маълумотларини муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича нормалар жорий қилинди. Агар тарафларнинг келишувида ва (ёки) қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан шартнома мақсадидан ўзга мақсадларда фойдаланиш ҳамда уларни учинчи шахсларга бериш тақиқланади. Шунингдек шахсга доир маълумотлардан офертани ва (ёки) рекламани тарқатиш, шу жумладан электрон ҳужжатларни ёки электрон хабарларни оммавий тарзда юбориш орқали тарқатиш учун ушбу маълумотлар эгасининг розилигисиз фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 23.05.2015 йилдаги 103 (6 256)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

САМАРҚАНДДА КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.2015 йилдаги 122-сон Қарори билан ишсизларни ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Корея Республикаси Ҳукуматининг грантини жалб этган ҳолда Самарқанд шаҳрида Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Марказ 240 ўқувчи ўрнига, 60 ўринли ётоқхонага эга бўлади. Ҳужжат билан Марказнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:

ишсизларни ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий ишга эга бўлмаган шахсларни ўқитиш муддати 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда қуйидаги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш: автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш (автослесарлар, мотористлар, автомобиллар диагностикаси бўйича мутахассислар), пайвандлаш ва чилангарлик ишлари (пайвандчилар, чилангарлар ва металларга ишлов бериш мутахассислари) электр ва электроника (электрон ва маиший техникани, радио ва телеаппаратурани таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш мутахассислари), ахборот технологиялари (ҳисоблаш машиналари операторлари, компьютерлар ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш);

меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган иш излаётган шахсларни, шунингдек корхоналар ва ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича — ходимларни, ҳар йили ўқитиладиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тўлов асосида қисқа муддатли ўқитишни ташкил этиш.

Қарор билан Марказнинг тузилмаси, шунингдек касб-ҳунарга тайёрланганлиги (қайта тайёрланганлиги) тўғрисидаги дипломнинг ва қисқа муддатли курсларни ўтаганлиги тўғрисидаги сертификатнинг давлат намуналари тасдиқланди.

Грант маблағлари ҳисобига четдан олиб келинадиган ва Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари), шунингдек қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Қарорда белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган ўқувчиларга бевосита Марказда бепул ўқиган даврида стипендия тўланиши назарда тутилган. У Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобига ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўланади.

Марказнинг раҳбарлари, ўқитувчилари, усталари ва бошқа ходимларига касб-ҳунар коллежларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган базавий тариф ставкалари татбиқ этилади. Бундан ташқари, Марказнинг ўқитувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағларидан 40 фоизгача миқдорда доимий устама белгиланди.

 

ЗАРАР КЎРИБ ИШЛАЁТГАН КОРХОНАЛАРНИНГ ДАВЛАТ ПАКЕТЛАРИ «НОЛЬ» ҚИЙМАТИ БЎЙИЧА СОТИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.2015 йилдаги 137-сон Қарори билан Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган саноат ва қурилиш соҳасидаги корхоналарнинг акциялари давлат пакетларини (улушларини) «ноль» харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг акциялари давлат пакетларини (улушларини) сотишга татбиқ этилмайди.

Акцияларнинг давлат пакетини харидор томонидан инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш хусусийлаштириш дастурлари асосида сотувчи томонидан амалга оширилади.

Савдоларда турган, олдин қабул қилинган хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ сотилаётган акцияларнинг давлат пакети ушбу акцияларнинг давлат пакетини сотиш муддати узайтирилганда савдолардан олинмайди.

Акцияларнинг давлат пакети (улуши) танлов ўтказмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан қуйидаги ҳолларда сотилади:

– Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланган шартларда акциядорлар (иштирокчилар) ёки корхона томонидан акцияларнинг давлат пакетини (улушини) имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланилган тақдирда;

акциядорлар (иштирокчилар) ва корхонанинг ўзи томонидан акцияларнинг давлат пакетини (улушини) сотиб олиш рад этилгандан кейин ёхуд ишчи органнинг ёки корхонанинг хатига белгиланган муддатларда жавоб бўлмаганда хорижий инвестордан буюртманома келиб тушган тақдирда;

Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида сотилади.

«Рақобат тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда акцияларнинг давлат пакетини (улушини) олиш нияти бўлган шахс Давлат рақобат қўмитасининг ёки унинг ҳудудий органининг акцияларнинг давлат пакетини сотиб олишга олдиндан розилигини олиши шарт.

Акцияларнинг давлат пакети олди-сотди шартномаси белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда рўйхатга олиш:

акцияларнинг давлат пакети бўйича — шартнома имзолангандан кейин икки иш кунидан кечикмай Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан;

давлат улуши бўйича — Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи томонидан амалга оширилади.

Харидор инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни бажаргунга қадар акциядорнинг (иштирокчининг) акцияларни (улушларни) тасарруф этиш ҳуқуқидан ташқари барча ҳуқуқларига эга бўлади.

Тасдиқланган хусусийлаштириш дастурига мувофиқ 5 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан ҳудудий танлов комиссияларига 15 кун муддатда келишиш учун танлов шартларини тақдим этиш тўғрисида сўровнома юборилади.

Бунда инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кам миқдори ва уларнинг турлари, корхонанинг тасдиқланган бизнес-режасидан келиб чиққан ҳолда, тегишли асосланган ҳисоб-китоблар ва эришиладиган прогноз параметрлари мавжуд бўлган тақдирда, корхонанинг таклифлари асосида аниқланади.

Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланган танлов шартлари Давлат рақобат қўмитаси томонидан улар тасдиқлангандан кейин 5 иш куни мобайнида ишчи органга юборилади.

Ишчи орган агар:

акциядорлар сони 50 нафардан ошмаса ва корхона уставида акциядордан акцияларни сотиб олишга бўлган имтиёзли ҳуқуқ уставда назарда тутилган бўлса;

корхона (МЧЖ) уставида бошқа ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, 5 иш куни мобайнида тўғридан-тўғри ёки корхона орқали акциядорлар (иштирокчилар) ва корхонанинг ўзини (тилхат олган ҳолда ёхуд почта бўйича топширилганлиги ҳақидаги хабарнома билан буюртма хат юборган ҳолда) ушбу корхонанинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг давлат пакетини (улушини) сотиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

Акциядорлар (иштирокчилар)дан ёхуд корхонадан ижобий жавоб олинган тақдирда ишчи орган акцияларнинг давлат пакетини (улушини) олиш нияти бўлган акциядор (иштирокчи) ёхуд корхона билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади, уларнинг якуни бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олди-сотди шартномасини тузади.

Корхона акциядорлари (иштирокчилари) ва корхонанинг ўзи акцияларнинг давлат пакетини сотиб олишни рад этган ёхуд ишчи органнинг ёки корхонанинг хатига корхона хабардор қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида жавоб бўлмаган тақдирда (башарти корхона уставида ёки корхона иштирокчилари ўртасидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса), ишчи орган акцияларнинг давлат пакетини сотиш бўйича хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш тўғрисидаги эълонни тегишли равишда Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида 3 кун мобайнида жойлаштиради.

Эълон жойлаштирилгандан кейин бир ой мобайнида хорижий инвестордан буюртманома келиб тушмаган тақдирда акцияларнинг давлат пакети танлов асосида сотилади.

Танлов ғолибини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш якунлари бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин сотувчи корхонага бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ мол-мулкни хатловдан ўтказиш тўғрисида ёзма талабнома юборади.

Ушбу талабнома билан хатловдан ўтказиш ва тайёрланган ҳужжатларни сотувчига тақдим этиш муддатлари белгиланади. Бунда хатловдан ўтказиш акцияларнинг давлат пакети (улуши) олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар якунланган бўлиши керак.

Танловда ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан харидор томонидан инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан сотилган акцияларнинг давлат пакетлари бўйича сотувчи олди-сотди шартномаси рўйхатга олинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига акцияларнинг давлат пакетларини харидорнинг харидорга хизмат кўрсатувчи депозитарийсидаги «депо» ҳисобрақамига акцияларнинг давлат пакетлари олди-сотди шартномасида назарда тутилган инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар харидор томонидан бажариб бўлингунгача бўлган муддатга ушбу акцияларнинг давлат пакетлари қисмини блокировка қилган ҳолда ўтказиш учун топшириқ тақдим этади.

Танловда ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан харидор томонидан инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан сотилган давлат улушлари бўйича сотувчи олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунгача амалда бўладиган «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгисини қўйган ҳолда сертификат беради.

Инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда бажарилган деб эътироф этилган тақдирда харидор сотиб олинган давлат улушларига мулк ҳуқуқига эга бўлади.

 

РЕЦЕПТСИЗ СОТИЛАДИГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИ РЎЙХАТИ ҚИСҚАРТИРИЛДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи (АВ томонидан 11.05.2015 йилда 2671-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг рўйхати тасдиқланди. Илгари амал қилган Рўйхат (АВ томонидан 29.07.2013 йилда 2494-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди.

Янги Рўйхат 912 номдаги дори воситаларини ўз ичига олади (илгари рўйхатда 1 378 номдаги дори воситалари бўлган).

Илгаригидек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ва дорихоналардан шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларига ушбу рўйхатга киритилган дори воситаларининг худди шу таркибдаги таъсир қилувчи моддалари ва дори шаклига, дозасига эга бўлган дори воситалари ҳам киради.

Бундан ташқари, дори воситаларининг ўрамлари, қўллаш бўйича йўриқномалари, илова-варақаларида кўрсатилган дори воситаларини беришда бериш тартибидан қатъи назар, ушбу рўйхатга амал қилиниши керак.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 18.05.2015 йилдаги 19 (675)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

НОТАРИУСЛАР СТАЖЁРЛАРИ УЧУН ИМТИҲОН ҚОИДАЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 14.05.2015 йилда 2149-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Аниқлаштирилишича, стажировка етарли иш шароитига (компьютер воситалари, иш жойи ва шу кабилар) эга бўлган давлат нотариал идорасида ўтказилади. Стажёрликка қабул қилишда нотариат соҳасидаги иш стажи ва тажрибаси муҳим аҳамият касб этади.

Белгиланишича, стажёр ишга қабул қилингандан кейин 6 ой ўтгандан сўнг у Адлия вазирлигида синовдан ўтказилади. Синовда стажёрнинг сиёсий-ҳуқуқий, фуқаролик ва нотариат соҳасидаги умумий билим даражасига баҳо берилади. Синов якуни бўйича тегишли адлия бошқармасига стажёр стажировкани давом эттиришга лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида хулоса юборилади. Синов комиссияси таклифига кўра стажировкани давом эттиришга лойиқ деб топилган стажёрлар кейинчалик яна бир марта синовга чақирилиши мумкин. Агар стажёр стажировкани давом эттиришга нолойиқ деб топилса, хулосада стажировка раҳбарига нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳақида таклиф назарда тутилиши мумкин.

Энди адлия бошқармасига Адлия вазирлигида ташкил этилган синов комиссиясининг стажёрни стажировкани давом эттиришга нолойиқлиги ҳақида хулоса келиб тушганда, стажёр билан меҳнат шартномаси (контракт) тўхтатилиши мумкин.

Адлия вазирлигида имтиҳонлар жорий қилиниши билан адлия бошқармасининг махсус комиссияси синовидан ўтиш даври ва тартиби ўзгартирилди. Стажёрнинг нотариатга тааллуқли назарий билимларни ўзлаштириш даражаси ва амалий тайёргарлигини назорат қилиш мақсадида махсус комиссия томонидан:

стажировка ўташ муддатининг биринчи йили якуни бўйича Фуқаролик кодекси ва нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари (илгари I ярим йиллик учун – Фуқаролик кодекси нормалари бўйича, II ярим йиллик учун – нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари бўйича синовдан ўтказилар эди);

стажировка ўташ муддатининг иккинчи йили биринчи ярим йиллиги якуни бўйича нотариал тасдиқланадиган ёки шаҳодатланадиган ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш бўйича синовдан ўтказилади.

Стажёрлар (судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарликни амалга оширувчи ва ушбу фаолиятни назорат қилувчи лавозимларда камида 3 йил ишлаган шахслар) учун стажировкадан ўтиш муддати 1 йилни ташкил этади, улар I ва III чораклар якунларига кўра (илгари – ҳар бир чорак якунида) кўрсатилган саволлар бўйича синовдан ўтадилар.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 18.05.2015 йилдаги 19 (674)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Эслатиб ўтамизки, Олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида 1 йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин. Бунда стажёрнинг стажировканинг тугаш муддатида 25 ёшдан кичик бўлмаслиги инобатга олиниши лозим.

Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) ариза;

б) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

в) паспорт нусхаси;

г) таржимаи ҳол;

д) олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

е) меҳнат дафтарчаси;

ж) аввалги иш жойидан тавсифнома.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2206 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика