Norma.uz

Нотариус тасдиқламаган шартнома

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2014 йил октябрида харидорХФ ва сотувчиМЧЖ 2012 йилда ишлаб чиқарилган иккита «Spark» енгил автомобилининг 36 млн сўмлик олди-сотди шартномасини туздилар. Шартларга кўра харидор 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлади. Сотувчи унга 2 та автомобилни қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра берди. 2014 йил ноябрида МЧЖ раҳбарияти ўзгарганлиги муносабати билан аудиторлик текшируви тайинланди. У сотиш пайтида (2014 йил октябрида) автомобилларнинг қолдиқ баланс қиймати 42 млн сўмни ташкил этганлигини кўрсатди. Сотувчи суммани 42 млн сўмгача ошириш ва тафовутни тўлаш учун қўшимча битим тузиш талаби билан харидорга мурожаат қилди. Харидор рад жавоби берди.

Сотувчи автомобиллар қиймати пасайтирилганлиги ва битимни нотариал шаклда расмийлаштириш талабига риоя этилмаганлиги сабабли олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат этди. Биринчи инстанция суди уни қондирди ва олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топди. Бу қарорга қўшилмаган жавобгар апелляция, сўнгра кассация шикояти берди. Апелляция ва кассация инстанциялари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, жавобгарнинг шикоятларини эса қондиришсиз қолдирди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Олди-сотди шартномасига кўра биз МЧЖга тегишли бўлган 2 та автомобилни сотдик. Бироқ битим тузиш пайтида уларнинг умумий қолдиқ сотиш қиймати 42 млн сўмни ташкил этган. Собиқ раҳбарият МЧЖ учун фойдасиз битим тузибгина қолмай, балки уни нотариал тасдиқламаган ҳам. Шу сабабли МЧЖ суддан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўрайди.

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

Олди-сотди шартномасини тузиш пайтида МЧЖ директорида уни имзолаш ваколати бўлган. Битим қийматини ХФ эмас, балки сотувчи белгилаган. Молиявий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли МЧЖнинг ўзи бизга ушбу автомобилларни 36 млн сўмга сотиб олишни таклиф этган, биз бунга қўшилдик. ХФ ҳеч қандай ғаразли мақсадни кўзламаган. Шу сабабли МЧЖ даъвосини рад этишингизни сўраймиз.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил этиб, МЧЖ автомобиллар қиймати пасайтирилганлиги ва битимни нотариал шаклда расмийлаштириш талабига риоя этилмаганлиги муносабати билан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат этишга сабабчи бўлган юқоридаги далилларни белгилади.

«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 674-I-сон) 2-моддасига мувофиқ йўловчилар, багаж, юклар ташишга ҳамда махсус ишларни бажаришга мўлжалланган автомобиллар, шатакчи автомобиллар, тиркама ва ярим тиркамалар автотранспорт воситалари ҳисобланади. Мазкур Қонуннинг 6-моддаси иккинчи қисмига кўра эса, йўловчилар автотранспортига енгил автомобиллар киради. Қонуннинг ушбу қоидалари «Spark» автомобилларининг автотранспорт воситаларига киришини тасдиқлайди.

Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 386-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента) шартномаларини расмийлаштириш нотариал тасдиқланиши керак. Кўриб чиқилаётган вазиятда бундай қилинмаган, бу билан ФКнинг 386-моддаси ва Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг талаблари бузилган. Битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради (ФКнинг 112 ва 115-моддалари), бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг 2 ва 6-моддаларига мувофиқ, енгил автомобиллар автотранспорт воситалари жумласига киради. ФКнинг 386-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим, нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Бироқ МЧЖ ва ХФ «Spark» автомобилларининг олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқламаганлар. ФКнинг 386-моддаси талабларининг бундай бузилиши битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этилмаганлиги сабабли шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келди (ФКнинг 112 ва 115-моддалари). Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Агар иккала тараф автомобилларнинг реал нархини келишиб олиб, янги олди-сотди шартномасини тузганларида ва уни нотариал тасдиқлаганларида, мазкур низони судгача тартибда ҳал этиш мумкин эди.

Бу ҳолатда ХФ МЧЖнинг собиқ раҳбари зарарларни қоплаши даъвоси билан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилгани мақсадга мувофиқ. Зарарлар суммасига автомобилларни тутиб туриш харажатлари ва суд харажатларини (давлат божи ва почта харажатларини) киритиш мумкин.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 2778 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика