Norma.uz

Иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб: қоидаларга риоя қилинг

Идоравий турар жой фонди хонадонларида яшовчи истеъмолчилар иссиқлик энергияси учун тўловни қандай тўлашлари керак?

– Идоравий турар жой фондига мансуб уйларда, ётоқхоналарда, хонадонларда яшовчи истеъмолчилар иссиқлик энергияси учун тўловни ушбу идоранинг фойдаланиш органига жисмоний шахслар (аҳоли) учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайдилар. Бунда тасарруфида ва балансида турар жой фонди бўлган давлат корхоналари, муассасалар, ташкилотлар уларнинг идоравий турар жой фондида яшовчи жисмоний шахсларга иссиқлик таъминотининг кўрсатилган хизматлари учун юридик шахслар учун тарифлар бўйича шартнома тузадилар ва тўловни етказиб берувчига тўлайдилар (Қоидаларнинг 92-банди).

– Индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган турар жой эгаси иссиқ сув истеъмоли учун ҳақни қандай тўлайди?

– Иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган жисмоний шахсларга етказиб берилган иссиқ сув қийматига ҳақ тўлаш ушбу хизматлар учун белгиланган тарифларга оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда амалга оширилади (Қоидаларнинг 93-банди).

 

– Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаган ва рўйхатдан ўтказилган фуқаролар бўлмаган хонадондаги иссиқ сувга қандай ҳақ тўланади?

– Бу ҳолда иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоб-китоблар: бир хонали ва икки хонали турар жой биносидаги 1 кишига; уч хонали турар жой биносидаги 2 кишига; тўрт хонали турар жой биносидаги 3 кишига; беш хонали турар жой биносидаги 4 кишига ҳисобидан, белгиланган тарифларга оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда, истеъмол нормалари бўйича амалга оширилади (Қоидаларнинг 93-банди).

 

– Бизда иситиш мавсуми бир неча ой давом этса ҳам, нима учун йил бўйи марказий иситиш хизматларига ҳақ тўлаймиз?

– Жисмоний шахсларга кўрсатиладиган марказий иситиш хизматлари учун ҳисоблаш календарь йил мобайнида ҳар ойда тенг равишда белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади (Қоидаларнинг 94-банди). Бу қиш вақтида тўловлар кескин ошиб кетмаслиги учун истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб қилинган. Марказий иситиш манбаига эга бўлган уйга кўчиб кирган мулкдорлар ёки турар жойни ижарага олувчилар иситиш мавсуми тамом бўлгандан кейин марказий иситиш учун тўловларни, бошқа истеъмолчилар билан тенг равишда, белгиланган тариф бўйича тўлашга мажбур (Қоидаларнинг 94-банди).

 

– Мен ҳеч ким рўйхатдан ўтмаган ва яшамайдиган хонадон мулкдориман. Иситиш учун ҳақ тўлашим керакми?

– Уй-жой мулкдорлари ёки турар жойни ижарага олувчилар, истиқомат қилишидан ва (ёки) рўйхатда туришидан қатъи назар, марказий иситиш учун тўловларни амалга ошириши шарт (Қоидаларнинг 94-банди).

 

– Иссиқлик энергияси таъминоти хизматларига тарифлар ошганда, қарз қандай тўланади?

– Иссиқлик энергияси таъминоти хизматларига тарифлар ўзгарганда, санадан қатъи назар, иссиқлик таъминоти шартномаси ўз кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган иссиқлик таъминоти хизматларига улар жорий этилган кундан бошлаб янги тарифлар бўйича ҳақ тўлашга мажбур (Қоидаларнинг 95-банди).

 

– Мен бир йиллик иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан ҳақ тўладим. Бироқ шу даврда тарифлар ошди. Хизмат учун қўшимча ҳақ тўлашим керакми?

– Бунда истеъмолчи – жисмоний шахс ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан тўланган тўловларга (тўлов кунидан бошлаб 12 ойдан ошмайдиган даврга) қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилади (Қоидаларнинг 95-банди).

 

– Жисмоний шахслар иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловларни қандай тартибда тўлашлари керак?

– Жисмоний шахслар иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловларни ҳар ойда тамом бўлган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай тўлашлари керак (Қоидаларнинг 98-банди).

 

– Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот истеъмолчилар – жисмоний шахсларга нисбатан пеня қўллай оладими?

– Иссиқлик таъминоти хизматлари учун белгиланган муддатда тўловлар тўланмаган тақдирда, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда: истеъмолчилар – аҳоли томонидан 0,1% миқдорида тўланади (Қоидаларнинг 99-банди).

 

– Етказиб берувчи истеъмолчи қарздор бўлганлиги сабабли унга иссиқ сув беришни узиб қўя оладими?

– Истеъмолчи истеъмол қилинган иссиқлик таъминоти хизмати учун 2 ҳафта ўтгач тўлов тўланмаганда етказиб берувчи қарздорлик ва 7 кундан кейин узиб қўйиш тўғрисида ёзма хабар беради, хабарнома муддати тамом бўлгач Етказиб берувчи иссиқ сув беришни узиб қўйишга ҳақлидир. Иссиқ сув бериш истеъмолчи томонидан қарзлар тўлангандан ва етказиб берувчи томонидан тасдиқланган калькуляцияга мувофиқ абонентни манбадан узиб қўйиш ва унга улаш ишлари учун қўшимча ҳисоб тўлангандан кейин тикланади (Қоидаларнинг 100-банди).

 

– Истеъмолчига иссиқлик энергияси истеъмоли учун тўлов суммасини нотўғри ҳисоблаб ёздилар. Бу ҳолда у қандай йўл тутиши лозим?

– Тўланиши лозим бўлган сумманинг нотўғри ёзилганлиги аниқланган кундан бошлаб истеъмолчи етказиб берувчига эътирозни ёзма шаклда 5 кундан кечикмай тақдим этади. Эътироз билдирилиши унинг иссиқлик таъминоти хизмати учун тўловни белгиланган муддатда тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Эътироз етказиб берувчи томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилади ва унинг асосланганлиги аниқланганда, ортиқча сумма кейинги иссиқлик энергияси учун тўловга ҳисобланади. Эътирозни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида истеъмолчи 5 кундан кечикмай хабардор қилиниши керак (Қоидаларнинг 101-банди).

 

– Истеъмолчи иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўлашда квитанцияни мустақил тўлдираётганда хатога йўл қўйди. Агар у хизмат учун ҳақни тўлашга улгурган бўлса, хатони қандай тузатиш мумкин?

– Ўзига ўзи хизмат кўрсатишда тўлов ҳужжатларини ёзиш ва тўлашда истеъмолчи томонидан йўл қўйилган хатолар етказиб берувчи томонидан улар аниқланишига қараб ҳисобга олинади. Ҳисобга олиш асбобини текшириш далолатномаси билан тасдиқланган амалдаги кўрсаткичлар бўйича иссиқ сув сарфини ҳисобга олишдаги хатолар аниқланганда, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади (Қоидаларнинг 103-банди).

 

– Уй-жой мулкдори ўзгарганда иссиқлик энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилишда нималарни инобатга олиш лозим?

– Уй-жой мулкдори ўзгарганда, олдинги мулкдор бу ҳақда етказиб берувчига чиқиб кетишидан 7 кун олдин маълум қилишга мажбур, чиқиб кетгандан кейин тамғалар ва ҳисобга олиш асбобининг сақланиши учун жавобгарлик янги мулкдорга юкланади. Олдинги мулкдор хона янги мулкдорга берилгунга қадар иссиқлик таъминотининг истеъмол қилинган хизматлари учун қарзларни тўлиқ тўлаши шарт (Қоидаларнинг 106-банди).

 

– Истеъмолчи (жисмоний шахс) шартнома тузиш ёки қарзлар йўқлиги тўғрисида нотариал идорага тақдим этиш учун маълумотнома олишда етказиб берувчига қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

– Қоидаларнинг 6, 107-бандларига мувофиқ нотариал идорага тақдим этиш учун маълумотнома олишда истеъмолчи:

турар жой ёки нотурар хонанинг мулкдори шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

кўп квартирали уйда хонанинг мулкдори ҳуқуқини тасдиқловчи ва ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган санани кўрсатувчи ҳужжат;

ички ишлар бўлими паспорт бўлинмасидан берилган маълумотнома (17-сон шакл) ёки уй дафтаридан кўчирма;

квартира ичидаги иссиқлик таъминоти тизимини текшириш далолатномасини;

текшириш далолатномасини ва иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини тақдим этиши зарур.

 

– Уй-жойнинг янги мулкдори қанча вақт давомида етказиб берувчи билан шартнома тузиши шарт?

– Хонадон эгаси ўзгарган кундан бошлаб 7 кун муддатда унинг янги эгаси иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан шартнома тузиши шарт (Қоидаларнинг 108-банди).

 

– Иссиқ сув истеъмолини ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган хонадонда кўпинча 1 киши рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, унда кўп сонли ижарага олувчилар вақтинча истиқомат қилади. Бу ҳолда иссиқ сув ҳақи қандай тўланади?

– Вақтинча яшовчилар (ижарага олувчилар) яшаганда тўлов амалда яшаган шахслар сони учун тўлиқ тўланади. Квартира ҳисобга олиш асбоби билан жиҳозланмаган тақдирда истеъмолчи ўзи эгаллаб турган хонадонда яшовчи (шу жумладан, вақтинча яшовчи) фуқаролар сони кўпайганлиги ёки камайганлиги тўғрисида юз берган ўзгаришлар кунидан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай етказиб берувчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бунда етказиб берувчининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари ва жой мулкдори ўртасида уч томонлама далолатнома тузилади (Қоидаларнинг 110-банди).

Прочитано: 2639 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика