Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 12 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ДЕПОЗИТ СЕРТИФИКАТИНИ СОТИШ ВА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН

Марказий банкнинг қарори (АВ томонидан 4.03.2015 йилда 1859-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ депозит (омонат) сертификатлари олди-сотди, ҳадя қилиш, мерос қилиб олиш, устав фондига киритиш ва эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа битимларда, шунингдек гаровда битим объекти бўлиши мумкин.

Шунингдек белгиланишича, банклар бевосита ўзлари ёки бошқа банклар томонидан жойлаштирилган сертификатлар билан таъминланган кредит ажратишга ҳақлидир.

Банклар томонидан сертификатга оид ахборотлар «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонун (22.07.2008 йилдаги ЎРҚ-163-сон) ва Вазирлар Маҳкамасининг «Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (2.07.2014 йилдаги 176-сон) мувофиқ ошкор қилиш тўғрисидаги талаб жорий қилинди.

Бундан ташқари, энди омонат сертификати цессиясини (бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш) расмийлаштиришда нотариал тасдиқлашсиз тузатишлар киритиш сертификатни берган банкда амалга оширилади.

Сертификатларга доир шартномаларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади, сертификатларни чиқариш шартлари Марказий банкда рўйхатга олингандан сўнг (ушбу шартларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса):

сертификатларга доир шартномаларни имзолаган мансабдор шахслар;

банк ва (ёки) сертификат эгасининг жойлашган манзили;

банкнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилмаган ҳолда номи, шу жумладан кирилл ҳарфларидан лотин ҳарфларига ўзгарганда, сертификатни чиқариш шартлари, сертификат бланкалари ва сертификатларни жойлаштириш жараёнида расмийлаштирилган шартномаларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш талаб этилмайди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 9.03.2015 йилдаги 9 (665)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ҲАРБИЙ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИГА КИРИШ ТАРТИБИ

Мудофаа вазирининг буйруғи (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2658-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2659-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомлар билан белгиланишича, Мудофаа вазирлигининг Олий ҳарбий таълим муассасаларига* (кейинги ўринларда – ОҲТМ) номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ мудофаа вазирининг ОҲТМга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига, Олий ҳарбий божхона институтига (кейинги ўринларда – ОҲБИ) қабул Давлат божхона қўмитаси раисининг тегишли буйруғига асосан амалга оширилади.

ОҲБИга Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари танлов асосида қабул қилинадилар:

ўрта умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом (Президентнинг 14.01.2006 йилдаги ПҚ–257-сон Қарори билан тасдиқланган) талабларига жавоб берадиган;

ҳарбий хизматни ўтамаган 17 ёшдан 21 ёшгача (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) бўлган;

ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаган 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган.

Номзодларнинг бўйи 170 см дан, қиз болалар эса 165 см дан паст бўлмаслиги лозим.

ОҲТМга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.

Ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) қабул йилининг 1 апрелига қадар қабул қилинади.

Ҳарбий хизматчиларни олий ҳарбий таълим муассасалари ва Сержантларни тайёрлаш мактабларида ўқитишга сарфланган бюджет маблағларини давлатга ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МВ, МХХ, ДБҚ ва Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг АВ томонидан 27.10.2009 йилда 2024-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ҳарбий хизматчилар, шунингдек, уларнинг ота-оналари ОҲТМ ва СТМга ўқишга киришидан олдин ОҲТМ ва СТМ раҳбарияти томонидан, ўқишни тамомлагач шартнома талабларини бажармаганлиги сабабли захирага бўшатилиши, шартноманинг муддатидан илгари бекор қилиниши ёки содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилиши ҳолатларида моддий масъуллиги тўғрисида ёзма ҳолда огоҳлантириладилар.

Олдин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ОҲТМ курсантини ўқитиш учун сарфланган бюджет маблағлари ва ундириладиган маблағлар ҳажми 5 йиллик ўқиш учун – захирага бўшатилган вақтида белгиланган ЭКИҲнинг 430 баравари, 4 йил учун – 350 бараварига тенг.

Олдин муддатли ҳарбий хизматни ўтамаган ОҲТМ курсантидан 5 йиллик ўқиш муддати учун – захирага бўшатилган вақтида белгиланган ЭКИҲнинг 350 баравари, 4 йил учун – 270 бараварига тенг ҳажмда маблағлар ундирилади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 9.03.2015 йилдаги 9 (665)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ПЕНСИЯЛАР ВА НАФАҚАЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

Йўриқнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва мониторингини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ҳужжат билан аниқлаштирилишича, пенсия ва нафақалар тўлови қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) ишламайдиган шахсларга:

пенсионер ва нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича — почта алоқаси объекти орқали;

пенсионер ва нафақа олувчининг яшаш жойи бўйича тижорат банки филиали орқали (банк пластик карточкаси ҳисобварағи ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағига ўтказиш йўли билан);

б) ишловчи пенсионерларга — асосий иш жойи орқали.

Ишламайдиган шахсга пенсия ва нафақа тўлови шакли аризасига асосан аниқланади.

Пенсия ва нафақани банк пластик карточкаси ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи орқали олаётган шахснинг аризасига банк пластик карточкаси бўйича ҳисобварақ ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағи очганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва тижорат банк филиали ҳамда мижоз ўртасида имзоланган шартноманинг нусхаси илова қилиниши лозим.

Пенсия банк пластик карточкаси ёки жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварағига тўланганда, пенсионер ҳар 6 ойда Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур. Шахснинг олинадиган пенсияга ҳуқуқлари тасдиқлангандан сўнг, тўлов навбатдаги 6 ойга давом эттирилади.

Пенсионер белгиланган муддатда Пенсия жамғармаси бўлимига келмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари 10 кун ичида пенсионер келмаганлиги сабабларини аниқлаш учун пенсионер яшайдиган жойга боради.

Пенсия ва нафақаларни тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Ишончнома тегишли почта алоқаси объектида сақланиши лозим. Бунда ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш орқали тасдиқлаши керак.

Пенсионер ёки нафақа олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия ва нафақанинг ҳисобланган суммаси ўтган вақт учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ пенсиялар ва нафақалар миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда бир йўла тўланади, бироқ пенсия ёки нафақа олиш учун мурожаат қилишдан олдинги 12 ойдан ортиқ вақт учун эмас.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган пенсия ёки нафақа суммаси ўтган вақт учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ пенсия ва нафақалар миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда муддат чекланмасдан тўланади.

Йўриқномада ортиқча тўланган пенсия ёки нафақа суммасини ушлаб қолиш тартиби ҳам белгиланган.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 9.03.2015 йилдаги 9 (665)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

*Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида низомга (ВМнинг 3.06.2014 йилдаги 141-сон Қарори билан тасдиқланган) Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига қуйидагилар киради:

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти;

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти;

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги махсус факультет.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 3562 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика