Қонунчилик палатаси қўмиталарида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, аҳоли соғлиғини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга оид қатор қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолиятининг сифатини ошириш мақсадида қонун лойиҳалари муҳокамаларига олимлар, мутахассислар, экспертлар жалб қилинмоқда.
Хусусан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент давлат юридик университети олимлари билан ҳамкорликда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамасини ўтказди.
Қўмита аъзолари Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланаётган ушбу ҳужжат юзасидан батафсил маълумот бердилар. Энг аввало, 2011 йилда қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларимизни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишда, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга таъкидландики, 2014 йилда мамлакатимизда «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тартибга солишга қаратилган амалдаги қонунлар таҳлили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим нормаларини такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Шу сабабли ҳукумат томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи берилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлик, шунингдек, транспортда чекканлик учун жарима жазосини кўзда тутувчи жавобгарликлар белгиланган. Лекин амалиётда Кодекснинг мазкур нормаларини қўллашда айрим мунозарали масалаларга дуч келинмоқда. Шундан келиб чиқиб, иш жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун ҳам жавобгарлик ўрнатиш, мазкур ҳуқуқбузарлик учун «жамоат жойлари» тушунчасини янада аниқлаштириш, тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик ўрнатиш таклиф этилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Кодексга киритилаётган мазкур тузатишлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигимиз вазифаларига тўла мос келишини, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳит, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этдилар. Олимлар ва тадқиқотчилар қонун лойиҳасида назарда тутилган нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Қизғин ва самарали баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбир якунида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилди.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси
Ахборот хизматлари материаллари асосида тайёрланди.