Norma.uz

Хўжалик мудири ишдан бўшаса

Моддий жавобгар ходим ўз ташаббуси билан ишдан бўшаши муносабати билан инвентаризация ўтказиш тайинланди. Бироқ ходим унда иштирок этишдан бош тортяпти. Шу сабабли иш берувчи уни ишдан бўшатмай турибди. Инвентаризация натижалари мавжуд эмас. Ходим ишга чиқмай қўйди. Бундай вазиятда нима қилиш керак?

Руслан, амалиётчи юрист.

Тошкент ш.

 

– Саволингизни тартиби билан кўриб чиқайлик.

Аввало моддий жавобгарлик ҳақида сўз юритсак.

Бевосита пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилаётган ходим махсус ёзма шартнома асосида унга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаганлиги учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади. Пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш хизмат вазифасига кирмайдиган ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида тузилган шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (Меҳнат кодексининг 203-моддаси биринчи қисми, бундан кейин – МК).

Тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиладиган ходимларнинг тоифалари рўйхати жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади (МКнинг 203-моддаси учинчи қисми).

Ходимга ишониб топширилган моддий қимматликларни топшириш масаласи ходимнинг ташаббусига кўра (ўз хоҳишига кўра) меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштиришга таъсир кўрсатмаслиги керак (МКнинг 99-моддаси). Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Ариза иш берувчига (корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва б.) тақдим этилган кун уни топшириш санаси деб ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати кейинги кундан бошлаб ҳисоблана бошлайди. Унга календарь бўйича барча кунлар киради. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (МКнинг 99, 108, 110-моддалари). Агар огоҳлантириш муддати дам олиш ёки байрам куни (ишланмайдиган кун) тугайдиган бўлса, ундан кейин келувчи биринчи иш куни охирги иш куни ва шартнома бекор қилинган кун бўлади.

Иш берувчи ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинишини орқага суришига йўл қўйилмайди. Масалан, моддий жавобгар шахс моддий қимматликларни ўз вақтида топширмаганлиги, бошлаган ишини тугатмаганлиги, қарзи йўқлиги варақасини имзоламаганлиги ва бошқа сабабларни рўкач қилишига йўл қўйилмайди.

Ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани исталган пайтда, шу жумладан вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган даврда, таътилдалигида, хизмат сафарида бўлганида ва бошқа ҳолларда беришга ҳақли. Ушбу даврларнинг барчаси белгиланган огоҳлантириш муддатига киритилади. Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак.

Агар моддий жавобгар шахс ишдан бўшаётганда ўзига ишониб топширилган қимматликларни топширишдан бош тортса, иш берувчи мустақил равишда моддий жавобгар шахсга бириктирилган мол-мулкни инвентаризациядан ўтказишни ташкил этиши ва амалга ошириши, шунингдек ходимнинг инвентаризацияда иштирок этишдан бош тортганлиги далилини ҳужжатлаштириши шарт (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»нинг 1.5-банди). Моддий қимматликлар камомади аниқланганда у тезкор тартибда, яъни ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинадиган санага қадар ишдан бўшаётган шахсга тўланиши лозим бўлган иш ҳақидан зарар суммасини ушлаб қолиш ҳақида буйруқ (фармойиш) чиқаришга ҳақли. Бироқ бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, МКнинг 207-моддасидаги қоидаларга кўра, етказилган зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса, буйруқнинг ўзи эса зарар миқдори узил-кесил белгиланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай расмийлаштирилган бўлса, бундай буйруқ чиқарилиши мумкин. Агар етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади.

Шуни билиш лозимки, суиистеъмолликлар оқибати бўлган камомад ва талафотлар аниқланганда тегишли материаллар камомад ва талафотлар аниқлангандан сўнг 5 кун давомида тергов органларига берилиши керак, аниқланган камомад ва талафотлар суммасига эса фуқаролик даъвоси тақдим этилади (19-сон БҲМСнинг 5.70-банди).

Кўриб турганимиздек, инвентаризация ўтказилиши ва унинг натижалари моддий жавобгар шахс билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга таъсир кўрсатмайди. Шу сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган муддатларда бекор қилиниши керак. Ходимга нисбатан барча моддий даъволар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўйилади. Улар судда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 4196 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика