Norma.uz

Ҳисобли дунё дейдилар

«Информсервис ТВ» МЧЖ ширкатга кабель телевидениеси хизматлари кўрсатиш юзасидан шартнома-келишувини тақдим этди. Ҳужжатда кўрсатилишича, шартнома номоддий хусусиятга эга. Бинобарин, оператор жой мулкдорлари умумий мол-мулкининг бир қисмидан фойдаланганлиги, у ерга ўз ускуналарини ўрнатганлиги учун ширкатга ҳақ тўлашдан бош тортади. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда ўрнатилаётган ускуналарга доир, ёнғинга қарши қаратилган ва санитария-эпидемиологик йўналишдаги талаблар акс этмаган, операторнинг бурч ва мажбуриятлари, жавобгарлиги аниқ кўрсатилмаган. Алоқачилар неча йиллардан бери уйнинг томига чиқиб, чакка ўтадиган ҳолатни кучайтириб келмоқдалар, лифт бўлмасининг электр шчитига уланган бўлсалар ҳам, электр энергияси истеъмоли учун, гарчи бу катта ҳажмда бўлмаса-да, пул тўлашни хоҳламайдилар. Ўзларини уй эгасидек тутадилар, умумий мол-мулк ҳолатига, уйнинг ташқи кўринишига номатлуб таъсир кўрсатиб келмоқдалар.

ХУМШнинг янги бошқаруви бу йил компания билан бу йўсиндаги шартномани имзолашдан бош тортди. Шундай бўлса-да, ширкат билан ҳеч қанақа шартномавий муносабатларга эга бўлмаган, ҳатто бизни ниятларидан хабардор этишни ҳам лозим топмаган оператор бутун уй бўйлаб кабель торта бошлади. Ҳозирги кунда бу кабель йўлакларнинг деворларида салқи бўлиб, кўринишни бузиб турибди. Мазкур оператор ҳеч бир ҳуқуқи бўлмаса-да, бизнинг умумий мол-мулкимизни баайни эгасидек тасарруф қилмоқда. Ёнғинга қарши сигнал берувчи жиҳоз жойлаштирилган шахта бўлмасига ускуна ўрнатиб олди, 3-қаватдаги электр шчитга ўз ускунасини монтаж қилди. Эски кабель уйнинг бутун томга ёйилиб ётибди, уни йиғиштириб олишни ўйлашмаяпти ҳам. Уй аҳлига ўзингиз бу ишни қилиб қўя қолинг деб кўрсатма беришдан ҳам тортинишмади улар. Ана шу ўзи хон, кўланкаси майдон қабилидаги ишларга қараб, оператор шартнома имзоланишидан манфаатдор эмаслиги, чунки шартнома қонуний кучга кирса, унинг чекланмаган фаолиятини чеклаб қўйиши, уни қонун ҳужжатларига риоя этган тарзда ишлашга мажбур қилиши кундек аён бўлади. Жой мулкдорларининг умумий мол-мулки бир қисмига ускуна жойлаштиришда ХУМШ билан алоқа операторининг ўзаро муносабатлари қайси ҳужжатлар билан тартибга солинишини билишни истардик. Бу иш учун уни ҳақ тўлашга мажбур қилиш мумкинми? У ХУМШнинг рухсатисиз ва ширкат билан шартнома тузмаган ҳолда уйда эгалик қилиш ҳуқуқига эгами?

«Жоин Проперти-Менежмент» ХУМШ бошқаруви аъзоси,

Тошкент шаҳри. 

 

– Кейинги вақтларда ХУМШ билан кабель телевидениеси хизматлари кўрсатувчи алоқа операторлари ўртасида кўпинча зиддиятлар келиб чиқмоқда. Операторлар уйларнинг томига, йўлакларга, ертўлаларга, чордоқларга ўз ускуналарини жойлаштирадилар. Аксариятида ХУМШ билан тузилган шартнома йўқ. Улар томнинг ҳолатини ёмонлаштирадилар, йўлаклардаги ташқи кўринишни, санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бузадилар. Кўп ҳолларда уларнинг вакиллари кўрсатиладиган хизмат учун нақд пул йиғиб оладилар, одамлар эса, улар қонуний асосда ишлаяптими-йўқми, офиси, рухсат этувчи ҳужжатлари борми-йўқми – билмайдилар. Абонентлар билан якка тартибда тузилаётган шартномалар жуда жиддий ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни талаб қилмоқда.

Бугунги кунда кўпгина ХУМШ бошқарувлари ширкатларга қарашли уйларга хизмат кўрсатадиган алоқа операторлари билан шартнома тузишга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин операторларнинг бунга жилла рағбати йўқ. Зотан шартнома тарафларнинг ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари, жавобгарлиги демак. Телекоммуникация ускуналарини ўрнатиш, уларни ишлатиш вақтида капитал таъмирлаш учун ширкат кредит олишга мажбур бўлган томни шикастлантирмасликларига эса ишонч йўқ. Қолаверса, ўз ускуналари ва тармоқлари бут сақланиши масаласи алоқа операторларининг ўзи учун ҳам муҳимдир.

ХУМШлар алоқачилар билан боғлиқ масалани бозор иқтисодиёти талаблари нуқтаи назаридан ҳал этишга мойилроқ: бинобарин, жой мулкдорларининг умумий мол-мулки бир қисмидан фойдаланиб фойда оляптими – тўлов тўлаб қўйсин-да. Бироқ амалиётда ширкат бу йўсин пул топишга муваффақ бўлган биронта ҳолат маълум эмас. Тарафлардан гапларини тингласангиз, ҳар бири ҳақдай туюлади. Бир нарса аниқ – масала икки хил талқин этилмаслиги учун пишиқ-пухта регламентлар керак.

 

ШИРКАТНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Ширкатлар жой мулкдорларининг умумий мол-мулки бир қисмидан фойдаланганлик учун ҳақ тўланишини ва умумий мол-мулк бут, лозим даражадаги ҳолатда сақланиши ҳамда телекоммуникация хизматлари кўрсатишда хавфсизлик таъминланиши кафолатларини назарда тутувчи шартномалар алоқа операторлари билан тузилишини ёқлаб чиқмоқдалар.

– Бу ҳол вазиятни тартибга солиш, уйда ким ишлаётганлигини, умумий мол-мулкка етказилган шикаст учун кимдан жавоб талаб қилишимизни билиш имконини беради ва шу зайил биз умумий мол-мулк бут сақланишини таъминлай оламиз, – дейди ХУМШ фаоллари.

Улар муаммога қуйидаги тарзда ёндашмоқдалар: кўп қаватли уйдаги квартиралардан ташқаридаги ҳамма нарса – томлар, лифт шахталари, чордоқлар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, таянч ва тўсиқ конструкциялар ва шу сингарилар мулкдорларнинг умумий мол-мулки бўлиб, уларга умумий улушли мулк ҳуқуқида тегишлидир. Квартира эгалари уларни ўз ҳисобларидан таъмин этишлари ва сақлаб туришлари шарт. Ана шу умумий мол-мулкнинг бир қисмидан алоқа операторлари телекоммуникация тармоқларини монтаж қилиш ва ускуналарни жойлаштиришда фойдаланишлари мумкин.

– Лекин алоқачилар телекоммуникация тармоқлари жойлашган томларга ва йўлакларга шикаст етказганлик, уларни бетартиб ҳолга келтирганлик учун моддий жавобгар бўлишлари лозим, – дейишади ХУМШ раҳбарлари, – улар истеъмолчиларга хизмат кўрсатишдаги ўз ҳаракатлари оқибатида умумий мол-мулк гарданига тушаётган иш-юкланма учун ҳақ тўлашлари зарур.

Уй-жой соҳаси хизматидагилар умумий мол-мулкнинг муайян объектлари умумий йиғилиш белгилаган тартибда ХУМШ аъзолари ёки бошқа шахсларга фойдаланишга берилиши мумкинлиги деган қоидага ҳавола қиладилар. Алоҳида фойдаланиш асносидагина ХУМШга мажбурий тартибда ҳақ тўлаш назарда тутилган, бундай тўлов миқдорини умумий йиғилиш белгилайди (12.04.2006 йилдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-32-сон Қонуннинг 29-моддаси, бундан буён матнда Қонун деб юритилади). Бу эса ХУМШ учун қўшимча даромад манбаи бўлиб, уйнинг асралиши, таъминотига йўлланиши мумкин.

– Бироқ мазкур ҳолатда алоқа операторида умумий мол-мулкдан алоҳида фойдаланиш имконияти йўқ, – деб эътироз билдиришади алоқачилар, – чунки бундай фойдаланиш квартира эгаларининг – алоқа хизматлари буюртмачиларининг ихтиёрида. Оператор эса, истеъмолчиларга хизмат кўрсатар экан, жой мулкдорларига тегишли умумий мол-мулкнинг бир қисмига жойлаштирилган ўз ускуналарини квартира эгалари ихтиёрига бериб қўяди.

Хулоса, кўриниб турибдики, тарафларнинг ҳар бирида салмоқли важ-сабаблар бор. Айни шу боис бу масала ҳуқуқий жиҳатдан жиддий тарзда ишланишни талаб этмоқда.

 

ОПЕРАТОРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Алоқачилар муайян кўп қаватли уйда ускунани жойлаштириши ва бу ускуналарга хизмат кўрсатиши учун ХУМШнинг рухсати талаб этилмайди – квартира мулкдорлари билан хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузилганлигининг ўзи кифоя деб ҳисоблайдилар. Ширкатларнинг коммуникациялар ўрнатганлик ва улардан фойдаланганлик учун тўлов тўлаш ҳақидаги талаблари пулга таъма, шериклик қилишдир. Шунга қарамай, ширкатлар асоссиз, ҳаводан олинган баҳоларни айтишга одатланиб қолишган. Бунинг учун истеъмолчилар тўловни ўз ҳамёнларидан тўлашларига тўғри келади. Бинобарин, операторнинг харажатлари ортиб борар экан, табиийки, кўрсатилаётган хизматлар нархи ҳам кўтарилаверади.

Операторларнинг нуқтаи назари ўртада шартнома бўлган аниқ, муайян истеъмолчиларга хизмат кўрсатаётганликларига асосланади. ХУМШлар эса учинчи тараф бўлишни истайдилар. Аммо уларнинг хизмат ижрочилари билан буюртмачилар ўртасидаги шартномага тариқча ҳам алоқаси йўқ. Шу сабабли ҳам, бу муносабатларга аралашишга улар ҳақли эмас.

Операторлардан айримлари ХУМШлар билан шартнома йўқлиги, бу ҳақда умумий йиғилиш қарори мавжуд эмаслигини алоқачилар истеъмолчилар билан якка тартибда шартномалар тузаётганлигидан келиб чиқиб изоҳлайдилар. Бу билан улар жой мулкдорларининг мазкур уйда муайян ишлар олиб боришга розилигини олган бўладилар, ХУМШ аъзоларининг мазкур масалани умумий йиғилишда ҳал этиши зарурати йўқ деб биладилар. Бироқ мазкур масалалар бўйича кўп қаватли уй аҳлининг розилигини олиш Уй-жой кодекси ва Қонуннинг мажбурий талабидир.

 

ИСТЕЪМОЛЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Ана шу муносабатларда энг манфаатдор ва айни пайтда энг нозик тараф, бу – истеъмолчидир. У айни бир пайтда ҳам ХУМШ аъзоси, ҳам абонентдир. Энг қизиғи, ширкат билан операторлар сан-манга бораётган масала уни унча ташвишлантирмайди. Истеъмолчи учун энг муҳими, кўрсатилаётган хизматнинг сифати ва қийматидир.

Мабодо истеъмолчи бу масаладан ўзини батамом четга оладиган бўлса, кабель телевидениеси хизматларидан баҳраманд бўлиш имконияти ХУМШ раҳбарига боғлиқ бўлиб қолиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Зотан ширкат раҳбари ўзининг ўта қатъиятли, босим ўтказувчан қарори билан истеъмолчилар ҳуқуқини чеклаб қўйиши, бинобарин операторга ускуналарни жойлаштиришни асоссиз равишда ман этиши мумкин. Бу бозорда рақобат йўқлиги сабабли истиқбол жилла яхши кўринмайди. Айни шу сабабли бу масалада умумий йиғилиш қарорини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

ИХТИЁРИМИЗДА НИМА БОР

Бу соҳада тарафларнинг ўзаро муносабатлари ҳуқуқий асоси энг аввало Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, Қонун, Ўзбекистон Республикасида кабель, эфир-кабель телевидениеси тўғрисида вақтинчалик низом (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг АВ томонидан 30.10.2004 йилда 1420-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган), бошқа ҳужжатларга асосланади. Идоравий норматив ҳужжатлар тарафларнинг ўзаро ҳамкорлигини муайян даражада тартибга солади, лекин уларда аниқлик топмаган жиҳатлар кўп. Дарвоқе, мазкур ҳужжатларда жой мулкдорлари умумий мол-мулкидан фойдаланиш, шартномалар тузиш масалалари бўйича умумий йиғилиш қарори зарур эканлиги назарда тутилган. Бироқ бу нормалар тўлиқ ишламаётган экан, демак қоидалар янада пухталанмоғи лозим.

 

ЯХШИ ГАПЛАР

Тарафлар кўпдан буён бир фикрга кела олмаётган масалалар ҳадемай узил-кесил ечим топса керак деб ўйлашга асослар бор. Ҳозирги кунда телекоммуникация операторларининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби лойиҳаси манфаатдор идораларда келишиб олиш босқичидан ўтмоқда, интернет-ресурсларда жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.

Унинг якуний варианти қандай бўлишини вақт кўрсатади. Лекин ҳужжат шу лойиҳа ҳолатида ҳам вазиятга ойдинлик киритиши, кўпгина низоли масалаларни бартараф этиши аён бўлиб турибди. Лойиҳада телекоммуникация воситаларини техник фойдаланиш қоидаларига мувофиқ жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатишнинг муфассал ва аниқ регламенти берилган; тарафларнинг ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари, жавобгарлиги кўрсатилган; алоқа воситаларини демонтаж қилиш тартиби белгиланган; алоқа оператори иш олиб борадиган ҳудудни белгилаб қўйиш назарда тутилган. Энг эътиборли янгиликлардан бири оператор телекоммуникация воситаларини кўп квартирали уй майдонининг муайян қисмидан фойдаланган ҳолда жойлаштирганлик ва бу воситалардан фойдаланганлик учун тўлов белгиланган ва шу асосда ҳисоб-китоб қилиш тартиби кўрсатиб ўтилган.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 1931 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика