Norma.uz

Ҳисоблагични текширишни унутманг

Газ ҳисоблагичини 2012 йилда ўз вақтида текширтирмаганим учун газ таъминоти ташкилоти менга 10 млн сўм жарима ҳисоблади. Натижада бизга узатиладиган газни узиб қўйишди. Ушбу сумма квартирада прописка қилинганлар сонига қараб ҳисоб-китоб қилинаётганда бир неча йил аввал вафот этган оила аъзоси ҳам ҳисобга қўшилди. Ҳолбуки биз ўз вақтида туман газ идорасига зарур маълумотномаларни тақдим этган эдик. Газ таъминоти ташкилотининг ҳаракатлари қанчалик қонуний?

Р.Иброҳимов.

Тошкент шаҳри. 

 

– Биз ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёслаш зарурлиги, уни ўтказиш тартиби ва ушбу талабларни бажармасликнинг оқибатлари тўғрисида кўп ёзганмиз. Бу борада қилинаётган мурожаатлар сонининг камайиши, фикримизча, коммунал ресурслар истеъмолчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ошаётганлигини кўрсатади.

«Ўзстандарт» ва Ўздавнефтгазинспекциянинг қарори билан тасдиқланган Низомда1 (бундан кейин – Низом) газни ҳисобга олиш асбобларини текширувдан ўтказиш тартиби белгиланган. Унинг 3-бандида назарда тутилишича, газни ҳисобга олиш асбобларини даврий текширувдан ўтказишнинг текширувлар орасидаги оралиғи жисмоний шахслар учун 4 йилда 1 мартани ташкил қилади.

Низомнинг 5-бандида белгиланишича, тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонаси газни ҳисобга олиш асбобини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини газни ҳисобга олиш асбобини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради. Корхона раҳбари ўз вақтида бундай огоҳлантириш учун масъулдир.

Ушбу Низом қабул қилинишига қадар Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг2 37-банди амал қилган. Унда белгиланишича, газ етказиб берувчи газни ҳисобга олиш асбобининг техник кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни, улардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва шартларини, хизмат кўрсатиш (яроқлилик) муддатини, техник кўрик ва текшириш синовлари даври ва муддатларини истеъмолчига маълум қилиши шарт. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмушда газдан фойдаланиш қоидаларининг3 (бундан кейин – Қоидалар) 14.12-бандида назарда тутилишича, газ ускунасига техник хизмат кўрсатиш (уни тафтиш қилиш) санаси ҳақида абонентлар камида уч сутка олдин уй йўлакларида илинган эълонлар, бошқа усуллар орқали огоҳлантирилишлари керак.

Қонун ҳужжатларида газ ҳисоблагичи қиёслашини ўз вақтида ўтказмаганлик учун истеъмолчига узатилаётган газни узиб қўйиш назарда тутилмайди. Қоидаларнинг 15.4-бандига кўра етказиб берувчи, башарти абонент шартномани бажаришдан бўйин товлашидан камида бир ой аввал огоҳлантирилган бўлса, у фойдаланган газ учун ҳақ тўламаганлиги муносабати билан бир тарафлама тартибда газ етказиб бериш шартномасини бажаришдан воз кечиши мумкин.

Агар сиз газ таъминоти ташкилотини прописка қилинганлар сони камайганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилган бўлсангиз, бир неча йил аввал вафот этган оила аъзоси учун ҳақ тўламаслигингиз керак. Бу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол бузишдир. Газ таъминоти ташкилоти оиланинг собиқ аъзосига асоссиз ҳисоблаб ёзилган суммаларни қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт. Табиий газ етказиб бериш шартномасининг (бундан кейин – Шартнома) 4.2-бандига кўра оила аъзолари таркиби ўзгарган (туғилиш, вафот этиш, ҳарбий хизматга чақирилиш ва ҳоказо) ёки узоқ муддат йўқ бўлган (хорижга чиқиш, хизмат сафари ва ҳоказо) тақдирда истеъмолчи бир ой ичида газ таъминоти корхонасининг ҳисоб-китоб бўлимини хабардор қилиши, тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши, яшаш жойи ўзгарганда эса уни газ тармоғидан узиш тўғрисида ариза бериши шарт. Кўрсатилган талаблар узрсиз сабабга кўра бажарилмаганда қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва исботлаш юки истеъмолчига тушади.

Сизнинг ҳолатингизда, маълумотларга қараганда, оила таркиби ўзгарганлигини (оила аъзоларидан бирининг вафот этганлигини) тасдиқлайдиган ҳужжатлар йўқолган. Буни газ таъминоти ташкилоти ходимларининг мансаб совуққонлиги сифатида баҳолаш мумкин. Агар сиз ҳужжатларни тилхат олиб топширганингизда ёки топшириш тўғрисида билдиришнома билан бирга буюртма хат билан жўнатганингизда, бунга йўл қўймаслик мумкин эди. Газ таъминоти ташкилоти ходимлари томонидан ахборот маълумотлар базасига киритилишини назорат қилиш истеъмолчининг мажбурияти ҳисобланмайди.

Олинган газ учун ҳақни истеъмолчи ҳар бир ой тугагандан кейин 10 кун мобайнида тўлаши керак (Шартноманинг 6.2-банди). Белгиланган муддатда тўлиқ ёки қисман ҳақ тўланмаган тақдирда газ таъминоти ташкилоти истеъмолчини ҳақ тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади (Шартноманинг 6.3-банди).

Оила аъзоси вафот этган пайтдан бошлаб узоқ вақт мобайнида сиз бундай билдиришнома олмагансиз. Шу сабабли шунча вақт ўтганидан кейин қилинган унга доир барча ҳисобланмалар (газ истеъмоли, ҳисоблагични қиёслаш ўз вақтида ўтказилмаганлиги учун) қонунни бузиш саналади. Сиз туман газ таъминоти ташкилоти раҳбари номига асоссиз ҳисоблашлар тўғрисида ариза ёзиб, унга оила таркиби тўғрисида маълумотнома, оила аъзоси вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси, газ истеъмолига ҳақ тўланганлиги бўйича квитанциялар нусхаларини илова қилишингиз лозим.

 

1Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомЎзстандарт» агентлиги ҳамда Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

2ВМнинг 28.03.2002 йилдаги 99-сон Қарорига 4-илова.

3Коммунал хизматлар кўрсатиш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Прочитано: 2654 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2015-04-16 11:18:37, Гость_гулчехра:
Комментарий отклонен модератором как несоответствующий Правилам

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика