Индивидуал ҳисобга олиш асбобларини текшириш нималарни ўз ичига олади?
Индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш, текшириш жойигача олиб бориш ва у ердан келтириш, ҳисобга олишнинг текширилган асбобини ўрнатиш ишларини, шунингдек текшириш бўйича метрология хизматларига ҳақ тўлашни ўз ичига олади (Қоидаларнинг 60-банди).
Истеъмолчилар иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобларини қанча вақт оралиғида текширишлари керак?
Жисмоний шахслардаги иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари учун қиёслашдан ўтказиш оралиғи 4 йилда 1 мартани ташкил этади (Қоидаларнинг 42-банди).
Истеъмолчи иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш муддати ўтиб кетганлигини билиб қолди. У қандай йўл тутиши керак?
У бу ҳақда дарҳол етказиб берувчини хабардор қилиши шарт. Тарафлар режали текширишни ўтказиш тўғрисида далолатнома тузишлари керак (Қоидаларнинг 56-банди).
Етказиб берувчи истеъмолчини қиёслашдан ўтказиш зарурати ҳақида олдиндан хабардор қилиши керакми?
Етказиб берувчи ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати ўтганлиги тўғрисидаги билдиришномани олдиндан (камида 10 календарь кундан олдин) истеъмолчига юбориши зарур. Истеъмолчи билдиришнома олинган кундан бошлаб 3 кун муддатда буюртманомани, ҳисобга олиш асбобини етказиб берувчининг вакиллари чиқариб олган кун ва вақтни ёзма ёки оғзаки шаклда (телефон орқали) келишади (Қоидаларнинг 61-банди).
Агар истеъмолчи билдиришномани олмаган бўлса, қандай йўл тутиш лозим?
Истеъмолчи узрли сабаб билан (хизмат сафари, даволаниш, дам олиш) ҳозир бўлмаган тақдирда, етказиб берувчига тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади, улар асосида муддат индивидуал ҳисобга олиш асбобини текшириш учун ечиб олиш тўғрисидаги кўрсатма олинган кундан бошлаб ҳозир бўлмаган даврга узайтирилади (Қоидаларнинг 61-банди).
Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш (ўрнатиш) чоғида нималарни билиш муҳим?
Ҳисобга олиш асбобини ечиб олишда ечиб олиш санаси, индивидуал ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари, текширишни ўтказиш ва ҳисобга олишнинг текширилган индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш муддатлари кўрсатиладиган икки томонлама далолатнома тузилади (Қоидаларнинг 61-банди).
Текширишни ўтказишнинг бутун жараёни қанча вақт олиши керак?
Етказиб берувчи индивидуал ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиши вақти у ечиб олинган кундан бошлаб ўрнатадиган кунгача 30 иш кунидан ошмаслиги керак (Қоидаларнинг 62-банди).
Қиёслашдан ўтказиш чоғида иссиқ сув истеъмоли учун ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади?
Индивидуал ҳисобга олиш асбобларини текшириш (ёки таъмирлаш) даврида, иссиқ сув таъминоти учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб олдинги 3 ойлик индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг ўртача суткалик кўрсаткичлари ёзиб олинган пайтдан бошлаб 30 календарь кун мобайнида амалга оширилади (Қоидаларнинг 63-банди).
Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари ўз вақтида қиёслашдан ўтказилмаганда қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?
Турар жой биноларида иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари ўз вақтида қиёслашдан ўтказилмаганда соз ҳолатдаги ҳисобга олиш асбобининг охирги қайд этилган кўрсаткичлари вақтидан бошлаб қиёслов ўтказилгунгача рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича ҳисоблаб ёзилади (Қоидаларнинг 43-банди).