Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 8 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ҳисобот топшириб, енгил тортдингизми?

Мана февраль ойи ҳам охирлаб, кўпчилик йиллик ҳисобот топшириш ташвишидан қутулди. Бухгалтерия ҳисобига дахлдор мутахассисларнинг аксарияти бу тиғиз давр эканлигидан, ишга кўмилиб кетишларидан нолиб қўйишади. Баъзилар у ёки бу шакл бўйича ҳисоботни топшириш учун икки-уч марта овора бўлганликларини айтишади. Кимдир барча ахборот ва маълумотларни жамлаб, қайта ишлашга фурсат қолмаганлигидан афсусланди.

«Baraka Kompessor Servis» МЧЖ бош бухгалтери Лариса АНТОНОВА учун ҳисобот даврининг оддий иш кунларидан фарқи йўқ ҳисоб. У бу ҳақда менга «Norma» профессионал марказида ўтказилган семинарлардан бирида, танаффус пайтида тўлқинланиб гапириб берди.

 

Лариса, Сизларда ҳисоботлар топшириш қандай ўтди?

– Умуман олганда, ортиқча қийинчиликсиз ва тасодифларсиз ўтди, дейиш мумкин. Мутасаддилигимдаги тўртта фирма бўйича баланс юзасидан тараддуд ишларини аллақачон бошлаб юборган эдим. Улардан бирини янги йилга қадар тайёр қилиб қўйдим. Январда эса, барча маълумотларни ҳисобот шакллари бўйича жойлаштириб чиқиш қолди, холос.

Умуман бу давр менда ҳеч қачон мураккаблик келтириб чиқармаган. Танг аҳволга тушиб қолиш, 15 февралга қадар уйқусиз тунлар ўтказиш деган тушунчалар менга бутунлай ёт.

– Афтидан, ёрдамчиларингиз чакки бўлмаса кераг-ов?

– Ҳа, топдингиз. Микрофирмалар бўйича ҳисоб ишларини бир ўзим олиб бораман ва бу борада одамлар эмас, бухгалтерия дастури ҳамда йиллар мобайнида маромига етказилган услубият тажрибаси менга кўмакчи бўлади. Мен 1UZ дастуридан фойдаланаман. Унинг кўп вазифаларни уддалаши ва вақтида янгиланиб боришидан жуда-жуда мамнунман. Гапнинг рости, ҳисоботларни қўлда ёзиб тайёрловчи мутахассислар ҳисоб юритиш ва ҳисобот тайёрлашга анчагина куч ва ғайрат сарф этадилар. Фойдаланадиган услубиятимни ўзим ўйлаб топган эмасман, аммо у жуда самарали, энг муҳими, ҳеч қачон панд бермаган.

– Айтаётган услубиятингизни газетхонларимиз билан ўртоқлашмайсизми?

– Гапни бухгалтерияда, айниқса ҳисобот даврида, ҳаммасини вақтида қилиш ва ташкилий жиҳатдан батартиблик энг муҳими эканлигини аллақачон англаб олганман. Барча зарур маълумотларни бухгалтерия дастурингизга вақтида ва тўғри киритиш, сальдо (қолдиқ) ведомостини ёпиш ҳам жуда муҳимдир. Ана шунда дастурнинг ўзи барча жараённи автоматлаштиради, бухгалтер дастур бераётган натижани назорат қилиб борса бўлди.

Ҳеч нарсани кейинроқ қиламан деб орқага сурманг. Бухгалтерия ҳисоби билан шуғулланадиган кўп мутахассислар, бундайроқ қараганда арзимас, анчайин туюлган ишни бажаришни кейинроққа суришга одатланиб қолишган. Кейин эса бу ишлар тамоман эсларидан чиқиши мумкин. Натижада оддий ҳисобварақ-фактуралар ҳафталаб ишланмай қолиб кетади. Тўпланиб қолган қоғозларни расамадга солиш эса анча қийиндир. Бир сўз билан айтганда, иш жараёнини автоматлаштириш ва чала ишлар йиғилиб қолишига йўл қўймаслик, ҳисобот даври муваффақиятли ўтишининг кафолатидир.

– Статистика ҳисоботи шакллари ўзгарганлиги ишингизга таъсир қилмадими?

– Таъсири бўлди. Шакл андозаларини бирмунча вақт янгилашнинг уддасидан чиқа олмадим. Февраль бошларига келиб, ҳаммаси ўз изига тушди. Тўғри, асосий воситаларнинг фоиз нисбатини шаклнинг янги қаторида мужассам топтириш одамни бироз овора қилди. Бухгалтерия ҳисобини мен юритаётган фирмалар йирик эмас, шу сабабли статистика ҳисоботига кўп вақт сарфламадим. Аммо фаолият турлари бўйича хизматларнинг умумдавлат классификатори кодларидаги ўзгаришлар бир мунча жиддий муаммо келтириб чиқарганлиги рост. Ҳисоботим мантиқий назорат «ғалвири»дан ўта олмай, муаллақ бўлиб қолди. Сабабини аниқлаш учун статистика органларига боришга тўғри келди. Бунга ўтган йилга нисбатан вақтим кўпроқ кетган бўлса-да, ҳисоботни вақтида топширдим. Қолаверса, статистика ҳисоботини топшириш 25 февралга қадар узайтирилганлигини ҳам биласиз.

– Бунақа оворагарчиликлар тез-тез учраб турадими? Ҳисоботни электрон ифодада топшириш шарт қилиб қўйилганлиги эътиборга олинса, бундай номатлубликлар қийнаб қўймасмикан Сизларни?

– Мен юқорида айтган вазият, афтидан янги шакллар жорий этилганлиги билан боғлиқ хусусий ҳоллардан бири бўлса керак. Умуман бунақаси жуда кам учрайди. Бухгалтерлар ҳисобот даврида бир олам қоғоз кўтариб инспекторлар ёнига кириш учун узундан-узоқ навбатларда туриб, вақт ўтказиши одатий ҳол бўлган ўтмишдаги кунлар инобатга олинса, юқорида айтилган ҳолат ташвишланишга ҳам арзимаслиги аён бўлади-қўяди.

Шу сабабли, ҳисоботни электрон ифодада топшириш мажбурлиги тўғрисидаги янгиликни яхши кутиб олдим. Электрон ҳисобот топшириш йўлга қўйилган пайтдаёқ ундан фойдаланишга ўтган эдим. Тўғри, баъзида дарэҳтиёт қабилида иш тутиб, баъзи ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этганмиз. Шунга қарамай, ҳисобот жўнатишнинг бу усулини вақтни тежаши, қулайлиги жиҳатидан жуда зўр деб биламан.

– Баъзилар ирим қилиб, йиллик ҳисобот қандай ўтган бўлса, жорий иш йили ҳам шундай бўлади, деб ўйлайдилар. Бу хусусда сиз қандай фикрдасиз?

– Бу гапда жон бор, албатта. Биринчидан, ҳисобот компания фаолияти натижаларини якунлайди. Уларни олдинги йил натижалари билан қиёслаб, келгусидаги ишларни самарали тарзда режалаштириш мумкин. Қолаверса, бу давр иш фаолиятининг олдинги босқичини якунлаб, янгисини бошлаб беради. Шу сабабли, ундан муваффақиятли тарзда, ортиқча бош оғриқларсиз ўтган маъқул. Шунда кайфият бузилиши, асаб толиқишлари бўлмайди. Бухгалтер деганлари ҳам одам – инсонга хос туйғу ва ҳис-ҳаяжон унга ҳам бегона эмас. Ҳамкасабаларимга яхши кайфият, ишда ва ишдан ташқарида ҳамиша омад ёр бўлишини тилайман.

 

Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
суҳбатлашди.

Прочитано: 2337 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика