Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 8 / Қонунчиликдаги янгиликлар

2015 йилги солиқ ҳисоботларидаги янгиликлар

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг Адлия вазирлиги томонидан 28.01.2015 йилда 2439-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан, яъни 2015 йил 2 февралдан кучга кирди. Бунда 2014 йил учун солиқ ҳисоботи 2014 йилда амал қилган тартибда ва шакллар бўйича тақдим этилиши белгиланади.

Солиқ ҳисоботининг янги шакллари билан ДСҚнинг soliq.uz сайтида, шунингдек norma.uz сайтимизда танишиш мумкин.

Қуйида 2015 йилги солиқ ҳисоботларидаги ўзгартиришларни кўриб чиқамиз.  

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун маълумотнома шакли айрим маълумотлар билан тўлдирилди. Биринчидан, мазкур солиқларни тўлашдан тўлиқ озод қилинган солиқ тўловчилар учун янги устунлар жорий қилинди, унда улар имтиёзнинг мавжудлиги, имтиёз берилиши учун асос бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатишлари лозим. Иккинчидан, Маълумотнома тақдим этилган санада белгиланган энг кам иш ҳақини қайд этиш учун «дарча» очилди. Учинчидан, Солиқ кодексининг (Кодекс) 164 ва 300-моддаларига мувофиқ Маълумотномага изоҳлар фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бўйича солиқ солинадиган базаси ЭКИҲнинг 200 бараваридан кам бўлган солиқ тўловчилар учун қўшимча маълумотлар билан тўлдирилди – улар мазкур солиқлар бўйича жорий тўловларни тўламайдилар.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китобига 015-сатр қўшилди, унда нотижорат ташкилотлари Кодекснинг 132-моддаси бўйича бошқа даромадларини кўрсатадилар. Мазкур сатрдаги маълумотлар 2015 йилдан Ҳисоб-китобга киритилган «Нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари» деб номланган 8-иловага мувофиқ келиши керак. Уларга солиқ солинмайди (биргаликдаги фаолиятда қатнашишдан олинган даромадлар, дивидендлар, фоизлар ва роялтидан ташқари), шу боис Ҳисоб-китобнинг 110-«Солиқ солинадиган фойда» сатрини тўлдиришда улар чегириб ташланади.

Ҳисоб-китобнинг 250-«Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солиш базаси» сатри энди 4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 296-моддасига киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади: 2015 йилдан ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган база суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тариқасида олинган маблағлар суммасига, шунингдек бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммасига камайтирилади.

Ҳисоб-китобга изоҳларда унинг кредит ­ташкилотлари томонидан тўлдирилиши бўйича қўшимча тушунтиришлар берилди.

Ҳисоб-китобга 1-илова «Давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи миқдорининг шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси» ижара шартномасининг шартларига мувофиқлаштирилди, ижара шартномаси бир йилга ёки бутун ҳисобот даврига эмас, балки бир неча ойга тузилиши мумкин.

Ҳисоб-китобга 2-илова «Чегирилмайдиган харажатлар (солиқ солинадиган базага киритиладиган харажатлар)»да (040-сатр) «ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари)» тушунчаси ЎРҚ-379-сон Қонунга асосан Фуқаролик кодексида ва «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунда қабул қилинган таърифга мувофиқлаштирилди.

Ҳисоб-китобга 3-илова «Ҳисобот даврида солиқ солинадиган базадан чегирилмайдиган, бироқ кейинги ҳисобот даврларининг солиқ солинадиган базасидан чиқариб ташланадиган харажатлар (9440-ҳисобварақда ҳисобга олинган харажатлар)» ҳамда Ҳисоб-китобга 4-илова «Ҳисобот даврида солиқ солинадиган базадан чегириб ташланадиган илгари қилинган харажатлар (012-балансдан ташқари ҳисобварақ маълумотлари бўйича)»даги 050-сатрга аниқлик киритилди ва 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га мувофиқлаштирилди, сабаби стандартда амортизацияни ҳисоблашнинг тезкор усулидан ташқари бошқа усуллари ҳам мавжуд.

Ҳисоб-китобга 5-илова «Солиқ солишдан озод қилинадиган фойда»дан хусусийлаштирилган корхоналар акцияларини сотиб олишга йўналтириладиган инвестиция жамғармаларининг олган фойдаси (034-сатр), шунингдек тўлиқ амортизацияланган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган фойда (036-сатр) бўйича имтиёзлар, 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан 2014 йил 1 апрелдан бекор қилинганлиги муносабати билан чиқариб ташланди.

Ҳисоб-китобга 6-илова «Солиқ солинадиган фойдани камайтириш»дан Кодекснинг 159-моддасига мувофиқ солиқ солинадиган базани камайтирадиган, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида коллежлар, академик лицейлар, мактаблар ва мактабгача тарбия таълим муассасалари қурилишига йўналтирилган маблағлар (032-сатр) ҳамда банклар учун жисмоний шахсларнинг омонатлари ҳажмларининг кўпайган суммалари (037-сатр) чиқариб ташланди. Бироқ мазкур имтиёзлар ЎРҚ-359-сон Қонунга кўра 2014 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотди.

Шу боис илгари амал қилган Ҳисоб-китобга 8-илова «Жисмоний шахсларнинг омонатлари (муддатли омонатлари, пластик карточкалар бўйича омонатлар ҳамда жойлаштирилган жамғарма сертификатлари) ҳажмларининг кўпайган суммасига банкларнинг солиқ солинадиган фойдасини камайтириш ҳисоб-китоби» долзарб бўлмаганлиги муносабати билан солиқ ҳисоботи шакллари таркибидан чиқарилди.

● Шу билан бирга Ҳисоб-китоб янги 8-илова «Нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари» билан тўлдирилди, у Кодекснинг 132-моддасига мувофиқ тўлдирилади.

Ҳисоб-китобга 15-илова «Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг маълумотнома-ҳисоб-китоби» иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ҳақида битимлар тузилган мамлакатлардан дивидендлар ва фоизлар (шу жумладан ҳақиқатда олинганлари) суммалари солиқ солинадиган ставкалар бўйича – белгиланганидан кам, у билан баравар ёки ундан ортиқча ставкалари чекланган ҳолда акс эттириладиган сатрлар билан тўлдирилди. Тўлов тўланганлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлган ЎзРдан ташқарида тўланган солиқ суммаси бўйича ҳам энди шундай чеклов назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент томонидан тўланадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китобига 2-иловада 040-сатр бўйича «ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари)» тушунчаси ҳам илгари қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштирилди.

● ушбу Ҳисоб-китобга 3-илова «Ҳисобот даврида солиқ солинадиган базадан чегирилмайдиган, бироқ кейинги ҳисобот даврларининг солиқ солинадиган базасидан чиқариб ташланадиган харажатлар (9440-ҳисобварақда ҳисобга олинган харажатлар)» ҳамда 4-илова «Ҳисобот даврида солиқ солинадиган базадан чегириб ташланадиган илгари қилинган харажатлар (012-балансдан ташқари ҳисобварақ маълумотлари бўйича)»даги 050-сатр аниқлаштирилди ва юқорида айтиб ўтилганидек, амортизацияни ҳисоблаб ёзиш усуллари юзасидан 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га мувофиқлаштирилди.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) бўйича

 

● Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ҳам асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар бўйича ДСИга тақдим этиладиган, ҳам янги асосий иш жойидаги бухгалтерияга ёки Жисмоний шахснинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тўлдириш учун ходим томонидан тақдим этиладиган илгари амал қилган ягона Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотнома ўрнига мазкур мақсадлар учун солиқ ҳисоботининг янги шаклларида 2 та алоҳида маълумотнома назарда тутилади:

Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотнома жисмоний шахснинг талабига кўра иш берувчи томонидан янги асосий иш жойидаги бухгалтерияга тақдим этиш ёки Жисмоний шахснинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияга илова қилиш учун берилади;

Асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар бўйича солиқ даври тугаганидан кейин 30 кун мобайнида ДСИга тақдим этилади (Кодекснинг 187-моддаси).

Бунда 2015 йил 1 январдан қатъий белгиланган ЖШДС ставкаси бўйича солиқ солинадиган жисмоний шахсларнинг дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлари бўйича (2015 йилда – 10%), шунингдек белгиланган энг кам ва энг юқори ставка бўйича солиқ солинадиган даромадлари бўйича (2015 йилда – 8,5% ва 23%) мазкур маълумотнома тақдим этилмайди.

Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотномага иловага дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар умумий суммасидан акциялар сотиб олишга ёки улар олинган юридик шахснинг устав капиталига йўналтириладиган дивидендлар суммаси ажратиладиган устунга ўзгартиришлар киритилди. ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 179-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2015 йил 1 апрелдан хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг акцияларини сотиб олишга йўналтирилган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича имтиёз ўз кучини йўқотади. Шу боис солиқ ҳисоботида 2015 йилдан бошлаб бундай имтиёз ҳисобга олинмайди. Мазкур устунда фақат устав капиталига йўналтирилган дивидендлар акс эттирилади.

● Мазкур имтиёзнинг бекор қилиниши Жисмоний шахснинг йиллик жами даромадлари тўғрисидаги декларацияда ҳам ўз аксини топди: унинг 12-бандида энди давлат корхоналари мол-мулкини сотиб олиш, хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини олиш учун йўналтирилган маблағлар суммаси кўрсатилиши шарт эмас. Илгари солиқ солиш мақсадида улар жисмоний шахснинг ялпи даромадларидан чегирилар эди. Шунингдек ушбу бандда Кодекснинг 179-моддасига киритилган ва мол-мулкни суғурталаш бўйича «суғурта ҳақини» тўлашга йўналтирилган фуқароларнинг даромадлари бўйича имтиёзлар 2015 йил 1 апрелдан бекор қилинишига дахлдор ўзгартиришлар ўз аксини топди, яъни бундай йўналишдаги даромадлар энди Декларацияни тўлдиришда ҳисобга олинмайди. Шу билан бирга ҳаётини узоқ муддатли суғурталашга даромадларининг бир қисмини йўналтириш хоҳишини билдирувчи солиқ тўловчи жисмоний шахс, аввалгидек, имтиёздан фойдаланиши ва ушбу суммани солиқ солинадиган даромадидан чегириб ташлаши мумкин.

 

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича

 

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисида маълумотларнинг «Ҳисобот даври» устунига ўзгартириш киритилди – «чорак» билан бир қаторда энди «ой»ни ҳам танлаш мумкин. Ушбу янгилик Кодекснинг 223-моддасига киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқдир: 2015 йил 1 январдан микрофирмалар ва кичик корхоналар сирасига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҚҚС ҳисоб-китобида ҳисобот даври ой ҳисобланади.

● Шунингдек Кодекснинг 223-моддасига киритилган ўзгартиришлар Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига ҳам таъсир кўрсатди, ундан ҳисобот чорагининг ҳар бир ойи охирига тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини акс эттирувчи сатрлар (0501–0503) чиқариб ташланди.

Шуни эслатиб ўтамизки, Кодекснинг 225-моддасининг янги таҳририга мувофиқ «йирик бизнес» корхоналари ҚҚС бўйича ҳисоботни ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасидан, йил якунлари бўйича ҳисоботни йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиртирмай тақдим этадилар.

Ҳисоб-китобга 2-илова «Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби»да Президентнинг «Тўқимачилик саноати корхоналарини тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (28.03.2011 йилдаги ПҚ-1512-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ва республика енгил саноатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (25.03.2004 йилдаги 141-сон) киритилган ўзгартиришлар ўз аксини топди. Уларга мувофиқ 0%лик ставкада солиқ солинадиган товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш бўйича оборот акс эттириладиган 0103-сатрда «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини ички бозорда эркин муомаладаги валютага реализация қиладиган корхоналар обороти ҳисобга олинмайди. Бунда илгари харидор корхоналар мазкур ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80%и экспортга йўналтирилишини тасдиқлашлари шарт эди. 2015 йил 1 январдан «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналари зиммасидан ушбу мажбурият олиб ташланди.

● Мазкур ўзгартиришлар Ҳисоб-китобга 6-илованинг изоҳи бекор қилинишига сабабчи бўлди.

Ҳисоб-китобга 4-илова «Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар»нинг изоҳи кейинчалик реализация қилиш учун давлат резервидан товарлар харид қиладиган юридик шахсларга дахлдор шарт билан тўлдирилди. Кодекснинг 204-моддасига мувофиқ бундай юридик шахслар 0102-сатрда давлат резервидан товарларни реализация қилиш нархи ва олиш нархи ўртасидаги ижобий фарқни кўрсатадилар.

Ҳисоб-китобга 6-илова «Ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси ҳисоб-китоби»да 060-сатрдан газ таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар реализацияси чиқариб ташланди. Кодекснинг 217-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра шундай қилинди: аҳолига кўрсатиладиган газ таъминоти хизматларига ноль даражали ставка бекор қилинди. Агар илгари газ учун аҳолидан олинган тушум газ таъминоти корхонасига тўлиқ тушган бўлса, энди унинг бир қисми ҚҚС кўринишида бюджетга йўналтирилади. Бунда юридик шахсларга газ таъминоти хизматларини реализация қилишда ҚҚС ҳисоб-китоби тартиби ўзгартирилмади.

 

Акциз солиғи бўйича

 

● Акциз солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига Акциз солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб ёзиш учун маълумотнома жорий қилинди (акциз тўланадиган товарлар номлари бўйича). ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 240-моддасига киритилган ўзгартиришлар бундай маълумотномани тақдим этиш заруратини келтириб чиқарди: 2015 йилдан бошлаб акциз солиғини тўловчилар солиқ бўйича жорий тўловларни ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай ойига 1 марта йил чораги бўйича акциз солиғи суммасининг 3/1 қисми миқдорида тўлайдилар. Жорий тўловларнинг суммасини аниқлаш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даври (чораги) биринчи ойининг 10-кунигача ДСИга Акциз солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб ёзиш учун маълумотномани тақдим этишлари керак. Илгари акциз солиғи бўйича ўн кунлик тўловлар назарда тутилган эди.

● Солиқ бўйича жорий тўловларни киритиш тартибининг ўзгариши товарлар турлари бўйича Акциз солиғи ҳисоб-китобига ва товарлар турлари бўйича Акциз солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириладиган акциз солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлди: 3 ойлик ҳисоб-китоб ойлар бўйича ажратилган ҳолда 1 чораклик ҳисоб-китоб жамланди, бу эса тўлдириладиган ҳисобот шакллари сонининг қисқаришига олиб келди.

 

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича

 

● 2015 йилдан назарда тутилишича, алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар қўлланиладиган солиқ солиш тизимидан (соддалаштирилган ёки умумбелгиланган тизим) қатъи назар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган ставкалар бўйича тўлайдилар. Ушбу янгилик киритилиши муносабати билан мазкур корхоналар учун солиқ ҳисоботи шакллари таркиби Солиқ даври (йил) учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш бўйича маълумотнома, шунингдек Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби билан тўлдирилди.

● Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш мақсадида амалдаги маълумотномалардаги изоҳ солиқ даври мобайнида солиқ бўйича мажбуриятлар юзага келган солиқ тўловчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш муддати белгиланиши билан тўлдирилди. Кодекснинг 264-моддасига мувофиқ улар маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан бошлаб 30 кундан кечиртирмай тақдим этадилар.

Ҳисоб-китобга «Солиқ солинадиган базани солиқ солинмайдиган сув ҳажмига камайтириш» иловасида солиқ солинадиган базанинг дори воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиладиган сув ҳажмига камайтирилиши акс эттириладиган 0202-сатр Кодекснинг 261-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ чиқариб ташланди: ЎРҚ-359-сон Қонунга мувофиқ мазкур имтиёз 2014 йил 1 апрелдан ўз кучини йўқотди.

 

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича

 

● ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 79, 81 ва 271-моддаларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ 2015 йил 1 январдан мол-мулк солиғи тўловчилари бўлган юридик шахслар кўчмас мулк объекти жойлашган ердаги ДСИда объект бўйича ҳисобга қўйилишлари керак, кейин эса юридик шахслар рўйхатга олинган жойидан қатъи назар мол-мулк жойлашган жой бўйича ҳисобот топширишлари ва солиқ тўлашлари лозим. Ушбу янгилик киритилиши муносабати билан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича деярли барча ҳисобот шаклларига ўзгартиришлар киритилди.

Солиқ даври (йил) учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш бўйича маълумотномага (микрофирмалар ва кичик корхоналардан ташқари) ҳамда Солиқ даври (йил) учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш бўйича маълумотномага (микрофирмалар ва кичик корхоналар учун) изоҳлар янги ташкил қилинган юридик шахслар ва солиқ даври мобайнида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ мажбуриятлари юзага келган солиқ тўловчилар учун маълумотлар билан тўлдирилди. Бундай солиқ тўловчилар Маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан бошлаб 30 кундан кечиртирмай тақдим этадилар. Бунда кўчмас мулк жойлашган ердаги ДСИга Маълумотнома фақатгина кўчмас мулк қисмида (бинолар, иншоотлар ва норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар) тўлдирилади, ушбу кўчмас мулк солиқ бўйича ҳисобга олиш (рўйхатга олиш) жойи бўйича ҳисобга олинмайди.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китобига «Маълумот учун» бўлими киритилди, унда мол-мулк солиғи суммаси бутун корхона бўйича, шу жумладан кўчмас мулк солиқ ҳисобига қўйилган жой бўйича ҳамда кўчмас мулк жойлашган ер бўйича (у жойлашган жойни кўрсатган ҳолда) акс эттирилиши лозим. Мазкур бўлим Ҳисоб-китобни солиқ ҳисобида турган жойдаги ДСИга тақдим этишдагина тўлдирилади.

1-илова «Солиқ солинадиган объектларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати) ҳисоб-китоби» ҳамда 2-илова «Норматив муддатларда ишга туширилмаган тугалланмаган қурилиш объектлари рўйхати»га изоҳ киритилди: Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги ДСИга тақдим этишда ушбу илова фақатгина кўчмас мулк объектлари ҳақиқатда жойлашган ер бўйича кўчмас мулк объектлари қисмида тўлдирилади. Бунда ушбу кўчмас мулк солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органларига Ҳисоб-китобни тақдим этишда ҳисобга олинмайди.

Ҳисоб-китобга 4-илова «Солиқ солинмайдиган мол-мулк рўйхати»дан ЎРҚ-359-сон Қонун билан 2014 йил 1 апрелдан қуйидаги имтиёзлар бекор қилиниши муносабати билан 0203, 0204, 0206 ва 02010-сатрлар чиқариб ташланди:

маданият, мактабгача ва умумтаълим ўқув муассасалари эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган юридик шахсларнинг мол-мулки бўйича;

қишлоқ хўжалиги (боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик) маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун фойдаланиладиган, қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулк бўйича;

алоқа йўлдошлари бўйича;

лизинг шартномаси амал қиладиган муддатга лизингга олинган мол-мулк бўйича.

Шундай қилиб, ҳозирги пайтда мол-мулкнинг бундай турлари солиқни ҳисоб-китоб қилишда солиқ солинадиган базани камайтирмайди.

Ҳисоб-китобга 4-илова изоҳига кўчмас мулк объектларини объект бўйича ҳисобга қўйиш билан боғлиқ маълумотлар қўшимча равишда киритилди.

Ҳисоб-китобга 5-илова «Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган мол-мулк ҳисоб-китоби»га берилган изоҳ мазкур Ҳисоб-китобни тўлдириш ва кўчмас мулк жойлашган жойдаги ДСИга тақдим этишга доир тушунтириш билан тўлдирилди:

030-сатрда умуман корхона бўйича ҳисоблаб чиқилган, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотнинг реализация қилишдан соф тушумдаги улуши (солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органларига тақдим этиладиган) кўрсатилади. Бунда 010 ва 020-сатрлар тўлдирилмайди (товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан соф тушум, шу жумладан маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотни реализация қилишдан тушум кўрсаткичлари);

040-«Фақат маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш воситаларининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати» сатри ва 050-«Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун ҳам, бошқа маҳсулотни ишлаб чиқариш учун ҳам фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш воситаларининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати» сатри фақатгина ҳақиқатда жойлашган жойдаги кўчмас мулк объектлари (бинолар ва иншоотлар) бўйича тўлдирилади. Бунда ушбу кўчмас мулк солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги ДСИга Ҳисоб-китобни тақдим этишда ҳисобга олинмайди.

Ҳисоб-китобга 6-илова «Экспорт улушига боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ставкасига тузатиш киритиш» объект бўйича ҳисобга қўйиш мажбурияти билан боғлиқ тушунтириш билан тўлдирилди: Ҳисоб-китобни кўчмас мулк жойлашган ердаги ДСИга тақдим этишда 060-«Юридик шахсларнинг мол-мулкига ­солинадиган солиқнинг тузатилган ставкаси» сатрида бутун корхона бўйича ҳисоблаб чиқарилган юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаси кўрсатилади.

 

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича

 

● ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 286-моддасига киритилган ўзгартиришлар солиқ шаклларида ҳам ўз аксини топди: 2015 йилдан ягона ер солиғи тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ер солиғини тўлаш даврийлиги қисқартирилди. Солиқ энди бир йилда 2 марта – ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар – йиллик солиқ суммасининг 30%и миқдорида, ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар – солиқнинг қолган суммаси тўланади. Илгари бир йилда 3 марта тўланиши назарда тутилган эди.

Солиқ тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан ер солиғи бўйича ҳисобот шаклларидан бири ҳам ўзгарди. Жорий солиқ даврининг 1 январидаги ҳолат бўйича қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлган ерлар учун тўланадиган юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китобидаги тўлов муддатлари бўлинган ер солиғининг умумий суммасини акс эттирадиган 3 та сатр (0401–0403) 2 тагача қисқартирилди.

 

Ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича

 

Ягона ижтимоий тўлов ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари тўловчиси тўғрисида маълумотлардан ҳисобот даврини тўлдириш учун «ой» устуни чиқариб ташланди: Кодекснинг 309-моддасига мувофиқ солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун ҳисобот даври чорак ҳисобланади. Илгари микрофирмалар ва кичик корхоналар сирасига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҳисобот даври ой эди, бироқ бу қоида 25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун билан 2013 йилдан бекор қилинди.

Шунингдек Маълумотларда энди фермер хўжалигини қайд этиш учун устун назарда тутилди. Улар учун ЯИТ бўйича алоҳида норматив – ҳар бир ходим учун ойига ЭКИҲнинг ­50%идан кам бўлмаган меъёр белгиланди.

Ягона ижтимоий тўлов ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисоб-китобига 1-илова «Ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмайдиган тўловлар турлари» 0205-«Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, умумий юрисдикция судларининг ва хўжалик судларининг судьялари, шунингдек прокуратура органларининг мансаб даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларига хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан тўланадиган даромадлар» сатри билан тўлдирилди. Бу қўшимча Кодекснинг 308-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосланган: юқорида айтиб ўтилган даромадларга энди ЯИТ ҳисобланмайди.

● 2015 йил 1 апрелдан 1-илованинг 0202-сатрида акс эттириладиган ёш мутахассисларга олий ўқув юртини тамомлаганларидан сўнг таътил вақти учун юридик шахслар ҳисобидан тўланадиган нафақалар бўйича имтиёзлар бекор қилинганлиги муносабати билан мазкур сатр кўрсаткичи фақат 2015 йил I чораги якунлари бўйича тўлдирилади ва солиқ ҳисоботи даври мобайнида ўзгаришсиз қолади. Бу ўзгартириш Ҳисоб-китобга 2-илова «Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисобланмайдиган тўловлар турлари»га (0203-сатр) ҳам дахлдордир.

● Ҳисоб-китобга 3-илова «ЯИТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби» изоҳ билан тўлдирилди: агар ЯИТ тўловчилари ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга ҳисобот чораги давомида ўтган бўлсалар, у ҳолда мазкур Маълумотнома-ҳисоб-китоб фақат ЯИТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби уларга татбиқ этилган ҳисобот чорагининг ойлари учун тўлдирилади. Масалан, бундай тоифадаги тўловчилар сирасига Низомга (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ЯИТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилмайдиган чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналари (ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари белгиланганлари) ёки янгидан ташкил этилган кичик бизнес субъектлари (6 ой давомида муайян шароитларда) кириши мумкин.

● 2015 йилдан Ҳисоб-китобга янги 4-илова «20____ йилнинг _______ чораги учун ҳар бир жисмоний шахс кесимида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳисобланган фуқароларнинг суғурта бадаллари суммалари тўғрисида маълумот» жорий қилинди, унда ҳар бир ходим бўйича (Ф.И.О. ва СТИР кўрсатилган ҳолда) ҳисобланган фуқароларнинг суғурта бадаллари суммаси акс эттирилади:

олдинги ҳисобот даври охирига (тегишли солиқ даврининг I чораги учун маълумотларни тўлдиришда мазкур устунга «0» қиймати қўйилади);

ҳисобот чораги учун, шу жумладан чоракнинг ойлари бўйича (ўсиб борувчи якунсиз тўлдирилади);

ҳисобот даври охирига.

 

Ягона солиқ тўлови (ЯСТ) бўйича

 

Ягона солиқ тўлови тўловчиси тўғрисида маълумотларга ходимлар сонига дахлдор ўзгартиришлар киритилди: энди мазкур устунда ҳисобот давридаги ходимларнинг ўртача сони кўрсатилади, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларнинг ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари; касаначилар; унитар (шуъба) корхоналарнинг ходимлари, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётган ходимлар сони ажратилади. Бинобарин, ажратилган тоифадаги ходимларнинг сонига доир маълумотлар бир йилда 1 марта, йиллик Ҳисоб-китобни тақдим этишда тўлдирилади. Сонга доир бундай маълумотнинг акс эттирилиши зарурияти «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда) 5-моддаси қоидалари билан изоҳланади, уларда кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлашда шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олиниши, муайян доирада ва маълум шартларда касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларнинг ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчиларини, шунингдек касаначиларни ишга қабул қилишда ходимларнинг белгиланган сонини оширишга йўл қўйилиши назарда тутилади.

Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига 1-илова «Давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара ҳақи миқдорининг шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан ошган суммаси»нинг 030–060-сатрларида «ҳисобот даври» тушунчаси ўзгартирилди. Агар илгари уларда йил бўйича ҳисоб-китобдаги маълумотлар акс эттирилган бўлса, энди шартнома амал қиладиган ҳисобот давридаги ойлар сонига мувофиқ ҳисоб-китоб қилинади.

Ҳисоб-китобга 2-илова «Бошқа даромадлар»нинг 160-«Фоизлар» сатри кредит ташкилотлари томонидан тўлдирилмайди, мазкур иловага ўзгартирилган изоҳда ҳам шу ҳақда сўз боради, сабаби Кодекснинг 148-моддасига мувофиқ фоизлар уларнинг асосий даромадларининг бир қисми ҳисобланади.

Ҳисоб-китобга 4-илова «Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши»да 0208 ва 0212-сатрлар ҳисобот шаклидан чиқариб ташланди.

Кодекснинг 355 ва 356-моддаларига 2015 йил 1 январдан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ товарлар, ишлар ёки хизматларни мазкур товарлар, ишлар ва хизматлар нархига киритиладиган ҚҚСни, акциз солиғини ва бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни чегирган ҳолда реализация қилишдан тушган тушумга ягона солиқ тўлови солинади. Шунинг учун транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ суммасини энди алоҳида кўрсатиш шарт эмас.

Тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар бўйича солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтирувчи имтиёз (Кодекснинг 356-моддаси) ЎРҚ-359-сон Қонун билан 2014 йил 1 апрелдан бекор қилинди, шу боис 2015 йилдан бошлаб бундай даромадлар Ҳисоб-китобга 4-иловада ҳисобга олинмайди.

Ҳисоб-китобга 8-илова «Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг маълумотнома-ҳисоб-китоби»га 15-иловаЮридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китоби»га киритилгани каби ўзгартиришлар киритилди.

Ҳисоб-китобга 7-илова «Ҳисобга олиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тўланган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси»нинг 010 ва 020-сатрларида энди тегишинча дивидендлар ва фоизлар чегирилган ҳолда ҳамда дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан тўланган солиқ акс эттирилади, чунки Ҳисоб-китобга 8-иловада мазкур маълумотларнинг акс эттирилиши назарда тутилган.

 

Ягона ер солиғи бўйича

 

Жорий солиқ даврининг 1 январидаги ҳолат бўйича ягона ер солиғи ҳисоб-китоби шакли ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 369-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштирилди: 2015 йилдан ягона ер солиғи бир йилда 2 марта – ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар (йиллик солиқ суммасининг 30%и) ва ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар (солиқнинг қолган суммаси) тўланади, илгари бир йилда 3 марта тўланиши назарда тутилган эди.

Шу муносабат билан Ҳисоб-китобдаги тўлов муддатларига бўлинган жорий солиқ даврида тўланадиган суммага нисбатан ягона ер солиғи умумий суммасини акс эттирадиган 3 та сатр (0501–0503) 2 тагача қисқартирилди.

 

Бозорлар томонидан олинган даромадлар бўйича

 

Бозор томонидан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотларнинг 070 ва 080-сатрларига Кодекснинг 23 ва 387-моддаларига мувофиқ тузатишлар киритилди, сабаби бозорлар зиммасида сақланиб қолган бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлаш мажбурияти давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Маълумотларга изоҳ қуйидаги қоида билан тўлдирилди: агар Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан бюджетга ўтказилиши лозим бўлган маблағлар бозор ихтиёрида қолдирилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда 100-сатр бозор ихтиёрида қолдириладиган маблағлар суммасига камайтирилади.

 

Ирина АХМЕТОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 5327 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика