Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 35 / Парламент хабарлари

Ўзбекистон республикаси Олий мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.  

 

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқишдан бошладилар.

Муҳокама жараёнида сенаторлар қайд этганларидек, амалга оширилаётган Концепцияда фуқаролик жамияти институтлари янада ривожланишини таъминлашга, уларнинг олиб борилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги ролини кучайтиришга муҳим аҳамият берилган. Кўриб чиқилаётган қонун ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ННТнинг давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаб бериши керак.

Мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик янгилашнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қонунда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари, чунончи аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ва бошқалар назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун ҳужжатида давлат органларининг ННТ билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, уларнинг жойлардаги ижтимоий муҳим муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш шакллари ва усуллари аниқлаштирилмоқда. Сенаторларнинг фикрича, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашда қонуннинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатларидан, ҳокимликлар тегишли бўлинмалари, адлия ва молия органлари, ННТ вакилларидан иборат тегишли жамоат комиссиялари тузилишини назарда тутувчи нормалари катта аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқдилар.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, қо­­нуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат сири режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади ва у бир қатор янгиликларни ўз ичига олади.

Сенаторлар «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Муҳокама жараёнида сенаторлар қонун хўжалик юритувчи субъектлар товар-хом ашё ва молия биржаларида кенг иштирок этишини таъминлашга, молия секторини ривожлантиришга, бозор инфратузилмасининг сифатини оширишга, макроиқтисодий ўсиш суръатларини яхшилашга ёрдам беришини кўрсатиб ўтдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқдилар.

 Қонун билан бир қатор қонунларга: «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Божхона кодексига, Жиноят-процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришга, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларини кенгайтиришга, мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу қонун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулайроқ шароитлар яратиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тузатишлар катта аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.

Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан кенг кўламли ишлар қилинганлиги кўрсатиб ўтилди.

Прокуратура органларининг алоҳида эътибори фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Шу билан бирга, ғоят муҳим давлат дастурларини, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини, фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги дастурларни рўёбга чиқаришга, улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳолларига йўл қўймасликка қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижро этилишини назорат қилишга муҳим эътибор берилди.

Прокуратура органларининг эътибори кўпроқ аҳоли бандлиги, ёшларни ва коллежлар ҳамда лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратнинг самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам қаратилди.

Ҳисобот даврида давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши бўйича қонунчилик талабларини бажариш прокуратуранинг доимий назоратида бўлиб келди.

Маърузада таъкидланганидек, ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга қарамай, мансабдор шахслар фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инкор этиши ҳоллари мавжуд. Чунончи, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлар қишлоқ ва сув хўжалиги, олий ва ўрта махсус таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа давлат органлари фаолиятида аниқланган.

Маърузада кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилда давлатимиз раҳбарининг «Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Бош прокуратура таркибида Қонун ҳужжатларининг ижро этилишини назорат қилиш бўйича бош бошқарма ташкил этилди.

Сенаторлар прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирдилар.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.

Ялпи мажлис қатнашчилари мамлакат банк тизимини изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб ислоҳ қилиш ҳисобот даврида банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базаси юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, банкларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда юқори халқаро кўрсаткичларга эришишга, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш ҳажмлари ортишига имкон берганлигини таъкидладилар.

Мамлакат банк тизими капиталининг етарлилиги халқаро стандартларнинг энг кам кўрсаткичларидан уч баравар юқори даражада, унинг ликвидлилиги эса норматив талаблардан 2,2 баравар юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, сенаторлар ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида халқаро нормалар, мезонлар ва стандартлардан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш йўли билан банк назорати тизимини такомиллаштиришга, банкларнинг инвестициявий фаолиятини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан сенаторлар тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

 

* * *

2014 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.  

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини Тошкент шаҳар Ҳамза туманининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масалани муҳокама қилишдан бошладилар. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ тайёрланганлиги ва киритилганлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу масала Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида, фуқаролар йиғинлари фаолларининг, жамоат ташкилотлари вакилларининг, хусусан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар вакилларининг мажлисларида олдиндан муҳокама қилинди. Сенаторлар масалани ҳар томонлама муҳокама қилганларидан кейин ҳукумат таклифи, кенг жамоатчилик муҳокамаси жараёнида билдирилган фикр ва таклифларни умумлаштириш материаллари, географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш масалалари бўйича ҳудудий ва республика комиссиялари томонидан тайёрланган хулосалар асосида Тошкент шаҳар Ҳамза туманининг номини Яшнобод тумани деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва раиси ўринбосарини сайлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисини сайлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг бир қатор чет давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатларига киритилган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Сенаторлар кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами бўлган Мустақилликнинг йигирма уч йиллиги арафасида бўлиб ўтган икки кунлик ялпи мажлис давомида сенаторлар 15 та масалани, шу жумладан, 4 та қонунни кўриб чиқдилар.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2221 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика