Биз ходимларимизнинг фарзандлари қатнайдиган болалар боғчасига маблағ ўтказдик.
Ушбу суммаларга 25% ЯИТ, Пенсия жамғармасига 6,5% суғурта бадаллари ва ШЖБПҲга 1% бадал ҳисоблаб ёзиладими?
Лобар Қўлдошева,
бош бухгалтер.
Тошкент вилояти.
– Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинадиган даромадларни аниқлашда Солиқ кодексининг 306–307-моддаларига амал қилиш керак. Бунда солиқ солиш объекти бўлиб фақат меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 308-моддасида кўрсатилганлари бундан мустасно).
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагилар киради:
иш ҳақи ва бажарилган иш учун бошқа тўловлар;
рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;
компенсация тўловлари;
ишланмаган вақт учун ҳақ (Солиқ кодексининг 172-моддаси).
Ходимлар фарзандларининг болалар боғчаси учун ўтказиладиган маблағлар Солиқ кодексининг 177-моддасига кўра ходимларнинг (ота-оналарнинг) моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланади.
Солиқ кодекси қоидаларига кўра, мулкий даромадлар (Солиқ кодексининг 176-моддаси), моддий наф тарзидаги даромадлар (Солиқ кодексининг 177-моддаси), бошқа даромадлар (Солиқ кодексининг 178-моддаси) тарзида белгиланган даромадлар ЯИТ ва суғурта бадаллари солиш объектлари ҳисобланмайди, ўз навбатида, уларга ЯИТ (25%) ва суғурта бадаллари (6,5%) ҳисоблаб ёзилмайди.
Моддий наф тарзидаги даромадлар жами даромадга киритилади ва уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фуқароларнинг Халқ банкида очиладиган шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ажратмалар (1%) солинади.
Жавобни «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳати ташкилоти
эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.