Йўл-транспорт ҳодисалари ҳолатларини аниқлашда криминалист экспертнинг иши анчагина муҳим роль ўйнайди. Бунда далиллар, таъбир жоиз бўлса, мисқоллаб йиғилади. Ўтказилган экспертизаларнинг натижалари эса суднинг ё айблов, ёки оқлов ҳукмини чиқаришида асос бўлади.
ЙЎЛЛАРДАГИ ФОЖИАЛАР
Эндиликда икки ғилдиракли транспорт воситаларининг экспертизага келтирилиши илгаригидек эмас, бинобарин анча кам. Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар биронта ҳам мотороллерни экспертиза қилишга олиб келишмади. Уларнинг унча тез юрмаслиги ва кўпчилик меҳрини қозонмаганлиги бунга сабаб бўлса керак.
Мотоцикллар билан велосипедлар авваллари текширишларимизнинг доимий объекти эди. Зотан велосипедчилар тугул, кўпинча мотоциклчилар ҳам айниқса, турли вилоятларнинг олис туманларида бошқариш ҳуқуқига эга эмасликлари устига йўл ҳаракатининг оддийгина қоидаларини билмас эдилар. Бу эса баъзан фожиаларга олиб келарди.
Анча аввал содир бўлган бир воқеани кўп эслайман. Ўшанда олисроқ туманлардан бирида 18 ёшли ўспирин ўз дўсти билан мотоциклда сайр қилиб юришган экан. Ёшлик – ғўрлик деганларидек, тезликни ошириб шамолдек елиб бораётганликларидан завқланганликларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади деб ўйлайман. Улар барча қоидаларни бузиб иккинчи даражали йўлдан биринчи даражали йўлга ўтиб олгач, ўнг тарафдан келаётган «Жигули» автомобилини ўтказиб юбормаганлар. Бунақа «пойга»нинг оқибати яхши тугамаслиги аён.
Тўғри, мотоциклни бошқариб бораётган йигит ўрта даражадаги тан жароҳати билан қутулиб қолди, аммо орқа ўриндиқдаги дўсти мотоциклдан отилиб кетиб, боши билан асфальт йўлга урилиб, ўша оннинг ўзида жон таслим қилган.
Бунақа воқеалар якка-ёлғиз эмасди. Уч ғилдиракли, яъни кажавали мотоцикл аварияси менинг кўп йиллик амалиётимда учраган ягона ҳодисадир. Мотоциклни бошқариб бораётган йигит кескин бурилишда бошқарувни идора эта олмай қолиб, қарама-қарши тарафга ҳаракатланиладиган йўлга ўқдек отилиб чиқиб қолганини, кажаваси юк автомобилига бориб урилганини аранг эслайди. Кажава шунчаки урилмаган: юк машинаси бостириб ўтгани учун кажава ҳам, унда ўтирган йўловчи ҳам эзғиланган. Йўловчи ўша жойнинг ўзида вафот топибди, мотоциклни бошқариб бораётган йигит эса тан жароҳати олган бўлса-да, омон қолибди.
Ана шу ҳар иккала йўл-транспорт ҳодисаси бўйича бир қанча экспертиза ўтказдик. Суд-автотехника экспертизаси тормоз тизими созлигини текширди. Транспорт-трассологик экспертиза олдига мотоцикллар билан автомобиль тўқнашуви ҳолатини аниқлаш вазифаси қўйилган эди. Комплекс тиббий-трассологик экспертиза ҳам ўтказилди. У ҳар иккала мотоциклчининг тан жароҳатларига, мотоциклда ва автомобилда қолдирилган изларга қараб улардан қайси бири икки ғилдиракли мотоциклни бошқарганлигини аниқлаб берди. Айбдор ҳайдовчилар қилмишига яраша жазо олди, аммо ёруғ дунёни бевақт тарк этганларни ҳаётга қайтариб бўлармиди?!
АЙБ КИМДА?
Велосипедчиларни машина, айниқса юк машинаси билан уриб-туртиб ва босиб кетиш ҳолларида автомобилга урилганлик изларини топиш қийин. Бинобарин, юк машинаси деталларининг салмоғи ва мустаҳкамлигини инсон вазни ва велосипеднинг пухталиги билан қиёслаб бўлмайди, албатта.
Лекин велосипедчиларни уриб, босиб кетган юк машинаси ҳайдовчилари экспертиза ёрдамида фош этилган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Чунончи, велосипедчини уриб, ерга қапиштириб кетган «ЗИЛ-130» автомобили ҳайдовчиси бунга дахлдор эканлигини қатъиян рад этиб туриб олди. Автомобиль кўпдан буён ишлатиб келинаётгани боис унда тўқнашув излари аниқланмади. Аммо велосипеднинг айрисида тирналган, бўёғи кўчган жойлар борлиги сабабли машина, айниқса унинг туртиб чиқиб турган, дўнг жойлари яна бир бор синчковлик билан кўздан кечирилди. Юк машинаси кабинаси чап зинапоясининг ишқаланиб қирилган жойида оч яшил бўёқ излари топилди. Ана шу қатлам билан велосипед бўёғи суд-кимё текшируви асосида айнан бир хил эканлиги ўз тасдиғини топди. Велосипедчи кийимининг йиртилган қисми автомобиль бортининг ўнг бурчаги билан бир баландликда эканлиги ҳам маълум бўлди.
Юк машинаси ҳайдовчиси трассологик ва суд-кимё экспертизалари хулосалари билан танишиб чиққач, айбини бўйнига олди, велосипедчини қувиб ўтаётганида интервални тўғри ололмаган бўлсам керак деб изоҳ берди. Велосипедчи гандир-гундир қилиб борарди деб қўшиб қўйди ҳам.
Трассолог экспертлар экспертизадан ташқари тергов экспериментларини ўтказишда ҳам иштирок этадилар. Бир сафар велосипедчини уриб ўтиб кетган автомобиль ҳайдовчисининг айбсизлиги ўз исботини топган тергов ҳаракатларида шахсан иштирок этганман.
Терговчини ярим тиркамаси ҳам бўлган, кўп юк ташийдиган юк машинаси ҳайдовчиси ҳаракатланиш асносида ярим тиркаманинг ўнг ён тарафи охирроғида велосипедчини кўра оладими-йўқми деган савол қизиқтирарди. Бу саволга эса фақат тергов эксперименти жавоб бериши мумкин.
Автомобиль ҳайдовчиси велосипедчини уриб юборган бўлиши мумкинлигини рад этмаса-да, аммо уриб юборилган пайтда уни кўрмаганман деб туриб олди. Ҳайдовчи велосипедчини айланиб қувиб ўтиб бўлдим деб ўйлаб, йўлда давом этаверган. Орқадан уни қувиб келган енгил машина шофёри одам уриб юборганлигини айтгач, у ортига қайтган ва... йўл ёқасида ётган йигит билан велосипедни кўрган.
Тергов эксперименти айнан ўша транспорт воситалари билан, текширилаётган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган айнан ўша шароитда ўтказилди. Табиийки, эксперимент иштирокчилари ҳаётини таҳдид остига қўйиб бўлмасди. Шу сабабли автомобилни йўлда ҳар хил тезликда, шу жумладан ҳайдовчи айтган тезликда юргизиб кўришди. Шу аснода ярим тиркаманинг орқа қисми у ён-бу ёнга қанчалик сурилиб ҳаракатланиши текширилди. Автомобилнинг тезлиги ва ҳайдовчининг бошқаришига қараб машинанинг 20 см дан 50 смга қадар силтаниб-сурилиб оғиши тасдиқланди. Ҳайдовчи ўнг тарафдан бораётган велосипедчини қувиб ўтаётганида машинасини чапроққа олганлигини ҳам айтди.
Тергов экспериментининг иккинчи босқичида йўлда тўхтаб турган автомобилнинг ўнг ён тарафидан бўйи ва гавда бичими вафот топган ўспиринга ўхшаб кетадиган йигит айни ўша велосипедда бир неча марта у ёқ-бу ёққа ўтди. Автомашина кабинасида ҳайдовчининг ўрнида ўтирган терговчи ва экспериментнинг бошқа иштирокчилари навбатма-навбат ўнг тарафдаги орқа томонни кўрсатадиган ойнага қараб турдилар. Маълум бўлдики, агар ойна ярим тиркама ортидаги йўлни кўрсатадиган қилиб ўрнатилган бўлса, ярим тиркама борти тўсиб қоладиган бўлгани учун ҳам велосипедчи, ҳатто пиёда одамни кўриб бўлмас эди.
Хуллас, тергов эксперименти автомобиль ҳайдовчиси тўқнашув пайтида чиндан ҳам велосипедчини кўриши мумкинмаслигини тасдиқлади. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига қараганда велосипедчига зарба чап ён тарафдан келган, у бошининг ўнг тарафи билан йўлнинг қаттиқ қатламига бориб урилганлигидан ўлим топган.
Яқинда унча кўнгилсиз якун топмаган яна бир воқеа содир бўлди. Енгил автомобиль спорт велосипеди ҳайдаб бораётган ўсмирни уриб кетган экан. Ўсмир йиқилгач, машинанинг бир ғилдираги уни босиб ўтган. Аммо тақдир унга тантилик, шафқат қилибди. Спорт велосипеди жуда пухта ишланган экан шекилли, у автомобиль оғирлигининг муайян қисми залворига дош берибди. Ўсмир, гарчи кўкрак қафаси қаттиқ лат еб, танасида қонталаш, моматалоқ бўлган, тилинган ва шилинган жойлар бўлса ҳам, омон қолди.
Куппа-кундуз куни уни машинаси билан босиб ўтиб кетган ҳайдовчи воқеани ҳамма кўрган бўлса-да, ўсмирни уриб-туртиб юборганлигини ҳам, босиб кетганлигини ҳам рад этишга уринди. Унинг айтишича, ўсмирга тегинмаган, аммо жуда яқинидан ўтганлиги сабабли ўсмир қўрқиб кетиб, рулини кескин буриб юборган ва йиқилиб тушган бўлиши мумкин.
Трассологик экспертиза ўтказилди. Автомобиль ва велосипедни текшириб чиққан экспертимиз уларда бир-бирига тўқнашганлик аломатини топа олмабди. Ўғлоннинг кийими машинага илиниб қолиб, йиртилган экан. Энг муҳими, унинг спорт майкасида эксперт автомобиль шинаси протекторининг расми изларини аниқлабди. Бу расм шинанинг ён тарафи эмас, айни йўлдан юрадиган қисмида эканлиги ғилдирак, шак-шубҳасиз, босиб ўтганлигини кўрсатар эди. Издаги расм гумон қилинаётган автомобиль шинасидаги расм билан бир хил бўлиб чиқди.
Ана шу далиллар суд учун етарли эди. Велосипедчи учун бу фалокат оғир оқибатларга олиб келмаганлиги сабабли автомобиль ҳайдовчиси зиммасига ёш велопойгачининг онасига моддий ва маънавий зарарни қоплаш тариқасида мўмайгина миқдорда компенсация тўлаш мажбурияти юклатилди.
Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат
суд эксперти.