Криминалистика ташкил топибдики, ҳамиша мафтункор, ҳурмат-эътиборга сазовор соҳа бўлиб келган. Экспертларнинг синчков ва сермашаққат ишлари шарофати билан барча сир-асрорлар очилади. Жиноятчилар ўз қилмишлари изини йўқ қилишга қанчалик уринмасин, соҳа ходимлари илмий текширишлар, қиёслашлару таҳлиллар ёрдамида уларнинг қабиҳ ишларини фош этади. Бу жиддий, мураккаб ишда мутахассис бўлиш осон эмас. Доимий муаллифимиз, давлат суд эксперти Ольга МАРШАНСКАЯ бу хусусда қуйидагиларни айтиб берди:
– Фаолиятимиз тақозосига кўра биз, суд экспертларига экспертиза ўтказиш ва илмий иш олиб боришдан ташқари ҳуқуқий билимлар тарғиботи ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланишга ҳам тўғри келади. Жойларда маъруза ўқиганимизда одамлар кўпинча қандай қилиб криминалист суд эксперти бўлиш мумкин деб сўрашади.
Одатда «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунга (1.06.2010 йилдаги ЎРҚ-249-сон Қонун) мувофиқ олий маълумотга, алоҳида ҳолларда эса ўрта касб-ҳунар маълумотига эга, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича кейинчалик тайёргарликдан ўтган ва белгиланган тартибда давлат суд эксперти сифатида аттестацияланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат суд эксперти бўлиши мумкин деб айтаман.
Муайян соҳада, айтайлик иқтисодиёт, қурилиш, автотехника ва шу сингари соҳаларда ишлаш истагига қараб одамнинг маълумоти унинг мўлжаллаётган ихтисослигига монанд бўлмоғи керак. Трассолог эксперт, баллист ёки дастхатшунос эксперт бўлишни истайдиган одамда юридик маълумот бўлиши керак. Тиббий маълумоти бўлган киши суд-тиббиёт эксперти бўлиши аён.
Энди ўзим ҳақимда икки оғиз сўз. Суд эксперти бўлиш ниятим йўқ эди асли. Юридик факультетни тамомлар эканман, ўша кезлари милиция терговчиси бўлиб ишлаётган отамнинг айтганларига ҳам қулоқ солмай машҳур изқувар Шерлок Холмсга ўхшаш бўлиш орзусида прокуратурага терговчиликка йўлланма олдим. Йўлланмага кўра уч йил мажбурий тартибда ишлашим шарт эди. Ана шу уч йилда отамнинг айтганлари ҳақ эканлигига тушуниб етдим. Тўғри, қанчалик оғир бўлмасин, суткалаб навбатчилик қилиш, жиноят содир этилган жойларга бориш билан боғлиқ сарсонгарчиликларга қарамай, ёмон ишламадим. Аммо терговчилик чиндан ҳам аёлларнинг иши эмаслигига ишонч ҳосил қилдим.
Бир куни мени Х.Сулаймонова номли Тошкент суд экспертизаси илмий-текшириш институтига (ҳозирги Республика суд экспертизаси маркази ўшанда шундай аталар эди) эксперт бўлиб ишлашга таклиф этишганида узоқ ўйлаб ўтирмадим. Мана, салкам қирқ йилдирки, трассология бўйича криминалист суд эксперти бўлиб ишлаб келмоқдаман (трассология бир объект бошқасида қолдирган из-тасвирларни ўрганиш тўғрисидаги фандир).
Гапнинг рости, янги мутахассисликни ўзлаштириш бошқаларга нисбатан менга осонроқ бўлди. Негаки, юридик факультетда ўқиган кезларимиз криминалистика бўйича таҳсил кўрганмиз, унда суд экспертизасининг асосларини ўргатишган. Шуни ҳам айтиш керакки, биронта ҳам ўқув юрти махсус суд экспертларини тайёрламайди. Шу сабабли Адлия ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ишлаётган криминалист экспертлар ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги суд-тиббиёт экспертлари ҳам унча кўп эмас. Хуллас, суд экспертлиги камёб, нодир мутахассислик саналади.
Криминалист эксперт бўлиш учун одам муайян экспертлик ихтисослиги бўйича тажрибали эксперт раҳнамолигида мустақил тайёргарликдан ўтмоғи лозим. Бир неча ойлик тайёргарликдан кейин у ёки бу ихтисослик бўйича давлат суд эксперти бўлиб ишлаш ҳуқуқини олиш учун аттестация комиссияси синовидан ўтиш лозим. Бизда ўзининг асосий мутахассислиги доирасида яна бир қанча экспертлик соҳаларини эгаллаган экспертлар ҳам бор. Қўшимча ихтисослик бўйича имзо ҳуқуқига эга бўлиш учун яна тайёргарликдан ўтиш ва аттестация комиссияси олдида билимини намойиш этиш лозим.
Бир пайтлар мен ҳам тажрибали мураббийлар раҳбарлиги остида трассологик экспертизанинг ҳамма турлари сир-синоатларини ўзлаштирганман. Одамнинг қўл ва оёқлари изларини, шунингдек жиноий ният билан муайян жойга бузиб кирилганда ишлатилган қурол ва асбоблар изларини ўрганишдан тортиб йўл ҳалокатлари ва аварияларда транспорт воситалари изларини ўрганишгача бўлган таҳсилдан ўтганман. Ишимни жуда яхши кўраман, унга бутун меҳрим билан талпинаман. Ҳар қандай касбда бўлгани каби унда ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бор, лекин яхши кўрган одамга булар билинмас экан.
Мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА суҳбатлашди.