Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудири
Нозима АБДУСАЛОМОВА:
– Бизнинг ишимизга азал-азалдан аёллар иши деб қарашади. Дарвоқе, Тошкентдаги биронта ҳам ФҲДЁ меҳнат жамоасида эркак кишини кўрмайсиз. Ишимиз ҳаяжонли ва қувончли онларга бой. Ҳар куни турли одамлар билан мулоқотда бўлиш жуда қизиқарли. Қоғозбозлик, сансалорликлар ҳам, ҳа бўл-ҳа бўл тарзида ишлашлар ҳам бўлиб туради, албатта. Аммо иши ўзига ёққан одамга унинг залвори ҳам, ортиқча даҳмазалари ҳам билинмайди. Бундан ташқари, фарзандли бўлганлигидан ёки никоҳдан ўтаётганлигидан масрур ҳолда рўйхатдан ўтиш учун ташриф буюрганларнинг шоду хуррамликлари ҳам беихтиёр бизга ўз таъсирини ўтказади. Ўлим, никоҳдан ажралиш сингари кўнгилсизликлар билан боғлиқ ташрифлар ҳам бўлиб туради, албатта. Аммо барибир кўнгилларга хуш ёқадиган воқеалар кўп. Шулардан бири ҳаммамизнинг хотирамизда муҳрланиб қолди ҳисоб. Шу йилнинг январида никоҳдан ўтказишни сўраб ариза кўтариб келган куёв бўлмиш 77 ёшда, «келинчак» эса 81 ёшда экан. Айтишларича, улар яқинда танишиб қолишибди. Бутун жамоамиз билан уларга саодатманд бўлишликни тилар эканмиз, шу ёшда ҳам одам ўз бахтини топишидан шодлигимизни яшира олмасдик.
Мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА суҳбатлашди.