Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 10 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

2014 ЙИЛГИ ҚУРИЛИШ ИШЛАРИ ДАСТУРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2014 йилдаги 36-сон Қарори билан 2014 йил учун пудрат қурилиш ишлари дастурининг асосий параметрлари маъқулланди.

Инвестиция дастурининг параметрларини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида қуйидаги қурилиш, модернизация қилиш, реконструкциялаш ва мукаммал таъмирлаш бўйича 2014 йил учун пудрат қурилиш ишларининг манзилли дастурлари тасдиқланди:

ижтимоий соҳа, коммунал, мелиоратив-ирригация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари, шунингдек йирик ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари (340 объект) бўйича 2014 йилга ўтадиган пудрат-қурилиш ишлари. Улар орасида Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида суғориш тармоғини реконструкция қилиш ва қуриш, Жиззах вилоятида ирригация тармоқларини тизимли реконструкция қилиш, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида Ҳадикент каналини реконструкция қилиш, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Камонгаронсой сув омборини қуриш, Фарғона вилоятининг Сўх туманида Сўх дарёсининг (Тўл–Девайрон участкаси) соҳилини мустаҳкамлаш ишлари, Қамчиқ довонидаги 106–208 км участкаларида А-373 Тошкент–Ўш автойўлини реконструкция қилиш, Навоий давлат кончилик институтининг янги ўқув блокини қуриш, Андижон вилоятининг Избоскан туманида 2-сон умумтаълим мактабини реконструкция қилиш, Урганчда профессионал туризм коллежини қуриш, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 1-сон шаҳар клиник касалхонасини реконструкция қилиш, республика ҳудудларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ва бошқа бир қатор объектларни қуриш бор;

ижтимоий соҳа, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича тайёр ҳолда топшириш шарти билан якка тартибдаги уй-жойлар, коммунал, мелиоратив-ирригация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари, шунингдек йирик ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари (13 032 объект) бўйича 2014 йилда янгидан бошланадиган пудрат қурилиш ишлари. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида Охунбобоев насос станциясининг босимли қувур тармоғини қайта тиклаш, Қўқон, Самарқанд, Ширинда солиқ бошқармалари ва инспекцияларининг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш, Андижон вилоятининг Избоскан туманида «Мурувват» аёллар уйи учун мажлислар зали билан бирга 200 ўриндиқли ошхона биносини қуриш, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида иситиш тармоқлари ва иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, Тошкент шаҳрида Суд экспертизаси марказининг ихтисослаштирилган биносини, Фарғона шаҳрида Вилоят кўп соҳали болалар тиббиёт марказини қуриш, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида «Нукус» туманлараро коллектор тизимини реконструкция қилиш, конни ободонлаштириш билан бирга «Сургил» кони базасида Устюрт газ-кимё мажмуасини барпо этиш, «Жиззах» МИЗ ҳудудида телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқа ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари – қурилиш буюртмачиларига қурилиш-монтаж ишлари цикли узлуксизлигини; объектлар ва қувватларнинг ўз вақтида ишга туширилишини; Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида Иқтисодиёт вазирлиги ва «Давархитектқурилиш» қўмитасини ҳар ойда хабардор қилиб боришни таъминлаш топширилди.

Ҳужжатда дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари белгиланган.

 

МАРКАЗНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.2014 йилдаги 37-сон Қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўз­бекистон Республикаси фуқароларига биометрик паспортлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга биометрик ҳаракатланиш ҳуж­жатлари берганлик учун тушаётган маблағлардан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (6.04.2011 йилдаги 104-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Давлат персоналлаштириш марказининг бюджетдан ташқари ҳисобрақамига тушадиган ва қатъий равишда мақсадли тартибда фойдаланиладиган маблағлардан, авваллари ҳам назарда тутилганидек, нафақат биомет­рик паспортлар ва биометрик ҳаракатланиш ҳужжатлари буклетларини сотиб олиш, балки эндиликда бошқа мақсадлар учун ҳам фойдаланилиши мумкин. Хусусан:

биометрик ҳужжатларни персоналлаштириш жараёнида қўлланиладиган ва биометрик ҳужжатнинг ажралмас қисми бўлган импорт сарфлаш материалларини сотиб олиш;

ишлаб чиқариш ускуналарини таъмирлаш учун импорт эҳтиёт қисмлар сотиб олиш;

хорижий пудратчилар томонидан ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва биометрик паспорт тизимининг дас­турий таъминоти қийматига ҳақ тўлаш учун.

Давлат персоналлаштириш марказининг бюджетдан ташқари ҳисобрақамига тушадиган маблағлар миқдори аввалгидек, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларига биометрик паспортлар ва фуқаролиги бўлмаган шахс­ларга биометрик ҳаракатланиш ҳужжатлари берганлик учун давлат божи суммасининг 60%и миқдорида қолдирилди.

 

АНЪАНАВИЙ ЎТКАЗИЛАДИГАН ЯРМАРКАГА ИМТИЁЗЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.2014 йилдаги «2014 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 38-сон Қарори билан уларни ўтказиш даврлари белгиланди.

Ўтган йилда бўлгани каби Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси 2 босқичда ўтказилади. 2014 йилнинг март–июнь ойларида бўлиб ўтадиган I босқичда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларини ўтказиш режалаштирилган. 2014 йилнинг 28 октябридан 1 ноябригача бўлган даврда (II босқич) VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказиш белгиланган.

Шунингдек Қарорда Иқтисодиёт вазирлиги ва ТИАИСВнинг Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида маҳаллий истеъмол товарларининг ярмаркасини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Ярмаркаларни ўтказиш жадваллари ҳамда уларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган.

Кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари биринчи нав­батда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга оширувчи корхоналар орасидан пухта танлаб олинади.

Саноат ярмаркалари иштирокчиларининг сонини кенгайтириш мақсадида «Ўзэкспомарказ» МКК» ОАЖ хизматларига имтиёзли тариф нархлари тасдиқланган. Масалан, стандарт тарзда жиҳозланган ёпиқ кўргазма майдончасининг ижараси 1 кв.м учун ҚҚС билан ҳисоблаганда 180 минг сўм, жиҳозланмаган ёпиқ кўргазма майдончасининг ижараси – 120 минг сўм, очиқ (павиль­ондан ташқаридаги) кўргазма майдончасининг ижара нархи эса 60 минг сўм туради. Базали кўргазма стендини қуриш 60 минг сўмга тушади. Бунда кичик бизнес корхоналари кўргазма майдончаларини ижарага берганлик учун тўловлар тўлашдан озод этилиши белгиланган. Бундан ташқари, иштирокчиларга берилган майдончаларни ўз жиҳозлари, мебель ва бошқа инвентарь билан тўлов тўламаган ҳолда жиҳозлашга рухсат берилади. Кўргазмани ўтказиш билан боғлиқ бошқа хизматларга иштирокчилар белгиланган тартибда ҳақ тўлайдилар.

Кўргазма-ярмаркалар ўтказилиши бошлангунга қадар (жорий йилнинг 15 мартигача) Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси республикада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг тақдимоти учун унинг ягона маълумотлар базасини янгилаши керак бўлади. 20 октябрга қадар эса Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг каталогини чоп этиши керак.

 

РЕЙСДАН ОЛДИН КЎРИКДАН ЎТИНГ

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ҳамкорликдаги қарори (АВ томонидан 19.02.2014 йилда 2560-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда йўловчилар, багаж ва юклар ташувларини амалга оширадиган ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом талаблари барча юридик шахслар – автоташувчилар учун мажбурийдир.

Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан, ҳайдовчиларни эса тиббий кўрикдан ўтказмай туриб йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш, махсус ишларни бажариш тақиқланади. Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситалари носоз деб топилган ва (ёки) ҳайдовчиларга автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат этилмаган тақдирда йўл варақаси навбатчи диспетчерга қайтарилиши лозим.

Техник кўрикдан ўтказиш мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида ташувчига тегишли бўлган назорат-техник пунктларида амалга оширилиши белгиланди.

Техник кўрикдан ўтказиш учун ҳайдовчи механикка автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжат, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ёки уларнинг ўрнини босувчи тегишли ҳужжат, йўл варақасини тақдим этади.

Тасдиқланган Низомга кўра, техник кўрикни амалга оширишда механикнинг асосий вазифалари ва аниқ хатти-ҳаракатлари белгиланди.

Қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, тиббий кўрик ташувчининг тегишли лицензияга эга бўлган тиббий пунк­тида ёки бошқа тиббиёт муассасасида ўтказилади.

Ҳужжатда тиббий кўрикдан ўтказишда тиббий ходимнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилган.

Ҳайдовчиларни автотранспорт воситасини бош­қаришдан четлатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

тана ҳароратининг кўтарилганлиги аниқланиши;

артериал босим ошганлиги, тахикардия, брадикардия, юрак уриш маромининг бузилиши;

ҳар қандай мастлик (алкоголь, гиёҳванд модда ва бошқалар) ҳолати, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсири, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик аниқланганда.

Низомда техник ва тиббий кўрикдан ўтказиш ҳисобини юритиш китобларининг шакллари келтирилган.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.02. 2014 йилдаги 8 (612)-сонида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

 

Ҳужжатларга шарҳларни
эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2439 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика