Ўз корхонамизни очмоқчимиз, бироқ қандай шаклда очишни билмаяпмиз. Қайси бири яхши ва ишончли: МЧЖми ёки ҚМЖ?
Ф.Мусоева ва Г.Мартиросова.
Самарқанд шаҳри.
– МЧЖ ва ҚМЖнинг умумий хусусиятлари кўп. Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларни ташкил этиш, уларнинг фаолияти, ушбу жамиятларни қайта ташкил этиш ва тугатиш бобидаги муносабатларни «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) тартибга солади.
Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) деб, худди қўшимча масъулиятли жамият (ҚМЖ) сингари, бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти ҳисобланади.
Бироқ МЧЖда иштирокчилар унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Ушбу ташкилий-ҳуқуқий шакл шу жиҳати туфайли ҳам жуда оммалашган.
ҚМЖ иштирокчилари эса жамият мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли мол-мулклари билан ҳамма учун бир хил бўлган ва қўшган ҳиссалари қийматига нисбатан жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланадиган каррали миқдорда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладилар. Яъни ҚМЖ кредиторларнинг талабларини ўзига тегишли бўлган мол-мулкдан тўлиқ ҳажмда қондиришга қобил бўлмаса, қолган талаблар унинг иштирокчиларига қаратилади. ҚМЖ иштирокчилари жавобгарлигининг энг юқори миқдори унинг уставида назарда тутилади.
Шу тариқа, кўрсатилган ташкилий-ҳуқуқий шакллар ўртасидаги асосий фарқ фирма мажбуриятлари бўйича жавобгарликни ҳуқуқий тартибга солишдадир.
ҚМЖ камдан кам ҳолларда ташкил этилади, чунки тижорат ташкилотларининг унга яқин ва энг кўп тарқалган шакли – МЧЖ билан қиёслаганда, иштирокчилар зиммасига қўшимча мулкий жавобгарлик юклайди.
Бироқ айни шу сабабли ҚМЖ МЧЖга қараганда ишончлироқ ҳамкор ҳисобланади. Назарий жиҳатдан олганда бундай ташкилотлар билан ишлаш фойдалироқ, чунки маблағларни йўқотиш хатари кам. Бизнеснинг ҚМЖ андозасида ташкил этилиши биринчи навбатда жамият муассислари бўлғуси ҳамкорларга жамият номидан қабул қилинадиган қарорлар учун ўзларининг мол-мулклари билан ҳам жавоб беришларини кўрсатиш мақсадини кўзлайди.
МЧЖнинг тўлиқ фирма номи жамиятнинг тўлиқ номини ва «масъулияти чекланган жамият» сўзларини ўз ичига олиши керак. Масъулияти чекланган жамиятнинг қисқартирилган фирма номи унинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда «масъулияти чекланган жамият» деган сўзларни ёки MChJ қисқартмасини ўз ичига олиши керак.
ҚМЖнинг тўлиқ фирма номи жамиятнинг тўлиқ номини ва «қўшимча масъулиятли жамият» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Қўшимча масъулиятли жамиятнинг қисқартирилган фирма номи жамиятнинг тўлиқ ёки қисқартирилган номини ҳамда «қўшимча масъулиятли жамият» деган сўзларни ёки QMJ қисқартмасини ўз ичига олиши керак.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда имкониятларингизни чамалаб кўриб, уларнинг қай бирини танлаш – фақат сизнинг ихтиёрингизда!
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.