Даврий матбуот ва Интернетда пойтахт ва пойтахт вилоятида кўчмас мулкни сотиб олиш ҳамда прописка тўғрисида кўп материалларни ўқийман. Бироқ «Тошкент шаҳри фуқароси Тошкент вилоятида квартира сотиб олиши мумкинми» деган саволимга ҳеч жавоб топа олмадим.
О.Қурбонниёзова.
Олмазор тумани.
– Ҳа, мумкин. Ушбу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг1 9-бандидан келиб чиқади, унга кўра Тошкент вилоятида олди-сотди битимларини, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи жисмоний шахс томон:
Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлса;
Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида камида 3 йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этган тақдирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхатининг2 (бундан кейин – Рўйхат) 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган бўлса.
Бундан ташқари, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг3 80-2-бандида кўрсатилишича, Тошкент вилоятида жойлашган хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномаларини нотариал тасдиқлаш, агар сотиб олувчи томон Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахс ҳисобланса, амалга оширилади. Бунда нотариус Рўйхатнинг 2, 5, 9–11-бандлари асосида нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг паспортига қўйилган доимий прописка штампини текширади. Агар паспортда қўйилган доимий прописка штампи мавжуд бўлса, нотариус ички ишлар органининг доимий прописка борлиги тўғрисидаги маълумотномасини талаб қилади. Бунда мазкур шахснинг паспортига доимий прописка штампи қўйилган санадан бошлаб у Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида 3 йил доимий яшаган бўлиши лозим.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.
___________________________________________________________
1ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 1-илова.
214.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган.
3Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Мен Хоразм вилоятида доимий пропискага эга бўлган туғишган синглим менга берган пулга Тошкентда ўз номимга квартира сотиб олдим. Пул уники бўлгани учун, ушбу квартирани синглимга совға қилиш ҳуқуқига эгаманми?
Т.Ҳайитниёзов.
Шайхонтоҳур тумани.
– Йўқ, унинг Тошкент шаҳрида доимий пропискаси йўқлиги сабабли мазкур квартирани синглингизга совға қилиш ёки сотишга ҳақли эмассиз.
Мазкур саволга тушунтиришни Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномадан1 топиш мумкин, унга кўра Тошкент шаҳрида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномаларини нотариал тасдиқлаш, агар сотиб олувчи томон Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахс ҳисобланса, амалга оширилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом2 ҳам сиз учун дастуриламалдир, унга кўра Тошкент шаҳрида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномаларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, агар жисмоний шахс ҳисобланган сотиб олувчи томон:
l Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлса;
l Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати3 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган бўлса, башарти Тошкент шаҳри ҳудудида камида 3 йил доимий яшаган (лавозимда бўлган) ва доимий прописканинг борлиги тўғрисида ички ишлар туман бўлими (бошқармаси)нинг маълумотномасини тақдим этган бўлса, амалга оширилади.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.
______________________________________
1Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2Вазирлар Маҳкамасининг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 1-илова.
314.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган.