Ишлаб чиқариш корхонамиз (ягона солиқ тўлови тўловчиси) бошқа ташкилотнинг устав капиталига дастлабки қиймати 7 500 минг сўм бўлган интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини улуш сифатида киритди. Ушбу номоддий актив бўйича ҳисобланган амортизация 3 500 минг сўмни ташкил қилади. Муассислар томонидан номоддий активнинг келишилган қиймати 8 500 минг сўмни ташкил қилди.
Ушбу вазиятда юзага келадиган солиқ оқибатлари ва уларни бухгалтерияда акс эттириш юзасидан маслаҳат беришингизни илтимос қиламиз.
Лобар Турсунқулова,
корхона таъсисчиси.
Ғаллаорол тумани.
– Номоддий активларнинг устав капиталига улуш сифатида берилиши муносабати билан уларнинг балансдан ҳисобдан чиқарилиши тартиби Номоддий активларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 14.01.2006 йилда 1539-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 6-параграфида белгиланган.
Улуш сифатида бериш бўйича харажатлар ҳисобга олинган ҳолда улуш баҳоси (корхона муассислари томонидан келишилган баҳода) билан мулкнинг қолдиқ қиймати ўртасидаги номоддий активларни қайта баҳолаш натижаси (қолдиғи)га тузатилган фарқ ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Демак, сизнинг ҳолатда номоддий активнинг бошқа корхона устав капиталига улуш сифатида чиқиб кетишида ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базага чиқиб кетишдан даромад – улуш баҳоси (корхона муассислари томонидан келишилган баҳода) ва мулкнинг қолдиқ қиймати ўртасидаги фарқ киритилади.
Ягона солиқ тўлови корхонанинг асосий (соҳа) фаолият турига тегишли ставка бўйича ҳисоблаб чиқарилади. 2013 йил учун ягона солиқ тўлови ставкалари Президентимизнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 9-1, 9-2, 9-3-иловаларида белгиланган бўлиб, жумладан, ишлаб чиқариш корхоналари учун унинг ставкаси 5%ни ташкил қилади (ПҚ-1887-сон қарорига 9-1-иловаси). Мазкур вазиятда ягона солиқ тўлови суммаси 225 минг сўмни (8 500 – (7 500 – 3 500)) х 5%) ташкил қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасининг маҳаллий идоралари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартномалар тузган кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналари бундан мустасно) 2013 йил 1 январдан бошлаб ягона солиқ тўлови ҳисобланган сумманинг 8 фоизини «Камолот» ташкилотининг жойлардаги бўлимларига ўтказадилар (ПҚ-1887-сон қарорга 35-илованинг 14-банди, ВМнинг 30.05.2001 йилдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган Низом). Жамғармага ўтказилиши лозим бўлган сумма 18 000 сўмни (225 000 х 8%) ташкил қилади.
21-сон БҲМСга мувофиқ номоддий активларнинг бошқа корхона ва ташкилотларнинг устав капиталига берилиши муносабати билан чиқиб кетиши 9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи бўйича акс эттирилади. 9220-ҳисобварақ дебети бўйича чиқиб кетаётган активнинг дастлабки қиймати акс эттирилади. 9220-ҳисобварақ кредитида чиқиб кетиш пайтидаги ҳисобланган амортизация суммаси 0510-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хаунинг амортизацияси» ҳисобварағи кредити билан корреспонденцияда ҳисобдан чиқарилади.
Бошқа корхоналар устав капиталига киритилаётган улушларни акс эттириш учун 0600-«Узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар» ҳисобварағидан фойдаланилади.
|
Т/р |
Хўжалик операцияларининг мазмуни |
Сумма, минг сўм |
21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси |
Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар |
|
|
дебет |
кредит |
||||
|
1. |
Номоддий активнинг дастлабки қийматини ҳисобдан чиқариш |
7 500 |
9220 |
0410 |
Таъсис шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси |
|
2. |
Ҳисобланган амортизацияни ҳисобдан чиқариш |
3 500 |
0510 |
9220 |
Амортизация ҳисоблаш қайдномаси |
|
3. |
Устав капиталига улуш сифатида номоддий активни бериш акс эттирилади |
8 500 |
0600 |
9220 |
Таъсис шартномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси |
|
4. |
Молиявий натижа акс эттирилади |
4 500 |
9220 |
9320 |
Бухгалтерия маълумотномаси ҳисоб-китоби |
Жавобни экспертимиз
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.
