Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 44 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ваколатларни ўзгага ўтказамиз ва деярли ҳеч нарса ютқазмаймиз

Таниқли давлат арбоби, француз генерали Шарль де Голль, бир сафар ер юзидаги барча қабристонлар тенги топилмайдиган одамлар билан тўлиб кетган, деган эди. Бу маҳзунликка мойил гап бўлса-да, воқеликка анча мос, тўғри келади. Тенги топилмайдиган кадрлар мавжудлиги аллақачон тан олинган фактдир. Ҳар қандай мутахассис дам олмоғи, ҳордиқ чиқармоғи керак эканлиги хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Зотан, ҳаддан ташқари ортиқча иш (вазифа) бажариш, меъёридан ортиқ ишлаш стресслар ва касалликлар келтириб чиқариши турган гап.

Бош бухгалтерлар бу борада бошқа айрим касб намояндалари билан бирга фаолият нуқтаи назаридан шунақа таҳлика ва таҳдид остида турадиганларнинг олди қаторида юрадилар. Шу сабабли ваколатларининг бир қисмини ўзгаларга ўтказиш улар учун бағоят керакли тадбир ҳисобланади. Энг аввало, шу йўл билан ихтиёридаги вақтнинг бир қисми бўш бўлади, бу эса ўз навбатида танг аҳволда қолиш ҳамда ҳа бўл-ҳа бўлчиликдан қутулишга ёрдам беради. Ваколат ва зиммадаги вазифаларни ўзгаларга ўтказишнинг ҳамиша ҳам имконияти бўлавермаслиги тайин. Муайян вазиятлардагина шундай қилса бўлади. Зиммасига вазифа-ваколат оширилган шахс бош бухгалтер томонидан албатта назорат қилиб турилиши лозим.

«Hotel Ravshan» хусусий корхонаси бош бухгалтери Антонина ­ЗАЙНУТДИНОВА бухгалтерияда ваколатларни бошқаларга ўтказиш билан боғлиқ сир-асрорларини мен билан ўртоқлашишни лозим деб топди. Бу ишда сир-синоатлар, назардан қочириб бўлмайдиган жиҳатлар оз эмас экан.

 

ХЎШ, НИМА УЧУН БОШ БУХГАЛТЕР?

Бухгалтерия тузилмасида бўлинмалар бўлгани дуруст. Бу бўлинмалар муайян ишларни, жумладан иш ҳақини ҳисоблаш, моддий қимматликлар ҳисобини олиб бориш ва шу сингари ишларни бажарадилар. Бош бухгалтер бўлинмаларни ва бошқа бухгалтерларнинг фаолиятини назорат қилиб боради, шунингдек маблағларнинг ҳаракати ва компания тараққиётини, қонун ҳужжатларидаги янгиликлар ва ўзгартишларни кузатиб боради, ташкилотдаги аҳвол кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган контрагентлар билан мулоқотни, қолаверса солиқ органлари, Молия вазирлиги вакиллари, банклар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяди. Афсуски, бугунги кунда бунақа, рисоладагидек вазиятлар кам учрайди. Оддий бухгалтер ўзига топширилган иш жабҳаси учун жавоб беришига қарамай, унинг таҳдид-таваккалчиликлари бош бухгалтер ва раҳбар дуч келиши эҳтимоли бўлган таҳдид ва таваккалчиликларга нисбатан жуда ҳам камдир. «Шу сабабли ҳам маълумотларни жамлаш, ишловдан ўтказиш, ҳисоботларни ­тайёр­лашни ўзим тайёрлашга ҳаракат қиламан – компаниянинг ишчанлик қобилияти, бизнинг раҳбар билан хотиржамлигимиз айни шунга боғлиқдир», – деб таъкидлайди Антонина Анатольевна.

Айни вақтда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳисоб олиб бориш соҳасидаги мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам бош бухгалтер вазифаларини уддалай олади, деб бўлмайди. Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат чиқди ёки амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди, лекин уларга оид шарҳлар йўқ дейлик. Қонун ҳужжатларини билимдонлик билан талқин қилиш ҳамма бухгалтерларнинг ҳам қўлидан келавермайди. Тажрибали бош бухгалтер махсус маълумоти бўлмаган тақдирда ҳам, у ёки бу қонун ҳужжатини тўғри талқин этиши мумкин. Бундай бой кўникмага эришиш учун йиллар билан ўлчанадиган амалиёт ва ўз билимини ошириш устида тиним билмай ишлаш лозим. Ёки четдан ёрдам олишга тўғри келади. Антонина Зайнутдинова ДСИга ёки norma.uz сайтига маслаҳат сўраб мурожаат қилиш кўп ҳолларда мушкулини осон қилганлиги ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Энг муҳими, эринчоқлик қилмаслик, саволингизга вақтида керакли жавоб топиш зарур.

 

ТЎҒРИ ИШ ТУТИШ

Ҳар бир ходимнинг ўз иш жабҳаси бўлмоғи керак. Бу жабҳа ички ҳужжатлар – мансаб йўриқномаси ҳамда тузиладиган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади. Йўриқнома бир андозадаги (типовой) бўлиши, шунингдек ташкилотнинг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бош бухгалтер ёки раҳбар ташаббуси билан қўшимча шартлар ва талабларни ўз ичига олган – кенгайган бўлиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бош бухгалтер амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида йўриқномага ўзгартишлар киритади, раҳбар эса уни тасдиқлайди. Бухгалтерияда ваколатларнинг бир қисмини бошқаларга ўтказиш ҳақида сўз борганида, ёрдамчиларга алоҳида эътибор қилинади. Моддий ёки ҳисоб-китоб соҳасини олиб борадиган бухгалтер нималар билан шуғулланиши барчага аён. Дарвоқе, бош бухгалтер умуман моддий жавобгар шахс бўлиш ҳуқуқига эга эмас, маошни ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулланиш ҳам унинг иши эмас. 

«Бутун бухгалтерия ҳисоби бош бухгалтер томонидан олиб борилиши мутлақо нотўғри, – дейди Антонина Анатольевна, – рисоладагидек компанияларда бухгалтерияда камида 3 киши, хусусан кассир, бош бухгалтер ва унинг ёрдамчиси бўлиши лозим».

Шундай қилиб, зиммадаги ишнинг бир қисмини ёрдамчига ишониб топширишдан аввал, унинг мажбуриятлари доирасини белгилаб қўйиш зарур. Биринчи навбатда, мансаб йўриқномасини ишлаб чиқиб тасдиқлаб оламиз. Мазкур йўриқномага биноан бош бухгалтернинг ёрдамчиси, айтайлик, дебиторлик-кредиторлик қарзларини ундириш, бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва ойлик ҳисоботларни тузиш, асосий воситалар объектлари ва товар-моддий қимматликларнинг ички ҳаракатланиши, контрагентлар билан ҳамкорлик қилиш, тўлов ҳужжатларини, пул операцияларини расмийлаштириш ишлари билан, шунингдек бош бухгалтернинг бошқа топшириқларини бажариш билан шуғулланишга ҳақлидир. Сўнгра унинг қобилияти ва ташкилот талаб-эҳтиёжларига қараб, ёрдамчи зиммасига у ёки бу ваколатларни ўтказамиз. Антонина Зайнутдинованинг айтишича, бош бухгалтер муайян ваколатни ўз ёрдамчисига кўнгли хотиржам ҳолда қачон топшириши мумкинлигини билиши учун ҳам маълум даражада психолог бўлиши керак. Бунда энг муҳими ёрдамчида мантиқий фикрлаш қобилияти ва иш сирларини ўрганишга иштиёқ борлигидир.

 

ЎРГАТСАММИКИН ЁКИ ЎРГАТМАСАМ?

Бу борада ҳардамхаёл бўлмаслик, дадиллик билан ўргатавериш керак. Бухгалтерия илми жуда нозик илм дейишганича бор. Бу соҳа муттасил таълим олишни ва камолот сари интилишни талаб қилади. Олий ўқув юртини аъло баҳолар билан тамомлаган дегани унинг бундан буён ўқимаса, билимини оширмаса ҳам бўлаверади дегани эмас. Антонина Анатольевна адолатли тарзда қайд этиб ўтганидек, «бухгалтер мабодо зўр бериб ҳаммасини биламан деб айтаётган бўлса, билингки у ҳеч нарсани билмайди».

Таълим олиш, билимни ошириш усуллари турфа хил. Энг аввало, раҳбарлик қилиб турган бош бухгалтер билан ҳамиша мулоқотда бўлишдир. Унга савол билан мурожаат қилишдан, жавобларини ён дафтарга ёзиб олишдан андиша қилмаслик керак. Ихтисослаштирилган семинарлар, курслар ва тренингларнинг, шунингдек мавзуга оид адабиётларни ўқиб боришнинг самараси ҳам оз эмас. Бош бухгалтер ёрдамчисининг ўқиб ўрганишидаги энг асосий афзаллик шундаки, бош бухгалтер иш жойида бўлмаганида, айни у бухгалтерия раҳбарининг йўқлигини билдирмайди. Бундай вазиятларда ёрдамчи нималарга қодир эканлигини рўй-рост кўрсатиши мумкин. Зиммадаги вазифаларни бошқаларга оширишда меъёрни унутмаслик лозим. Акс ҳолда бош бухгалтернинг ўзи ҳаммасини қайтадан қилишига тўғри келиши мумкин.

 

ЭҲТИМОЛЛИКЛАР

Ҳамма ишда бўлгани каби, ваколатларни ўзгага оширишда ҳам, салбий жиҳатлар бор. Антонина Зайнутдинова қизиқ нарсани гапириб берди. Унинг айтишича, бунақаси бухгалтерия амалиётида тез-тез учраб турар экан. Бош бухгалтер ёрдамчисига ишониб, у ёки бу ишларни олиб боришни топширибди. Ёрдамчи ўз ишига совуққонлик билан муносабатда бўлган. Бундай совуққонлик бора-бора кўзга ташланиб қолгач, ёрдамчига икки йўлдан бирини танлашга тўғри келади, у ўз хатоларини тан олиб, тузалиш йўлига кириши ва ишда қолиши ёки бир олам охирига етказилмаган ишларни қолдирган кўйи иш жойини тарк этиши керак. Баъзан ишни шунчаки охирига етказиш эмас, балки уни батамом қайтадан қилишга мажбур бўлинади, бу эса озмунча вақт ва куч талаб қилмайди. Хато қилиш башар фарзандига хос нарса, деган нақл бор. Демак, энг муҳими, хатоликни вақтида тузатиш ва йўл қўйилган хатоликни қайта такрорламасликдир. Зотан бухгалтерияда хатолик қимматга тушадиган нарса.

 

ИЖОБИЙ ЖИҲАТЛАРИНИ ЎЙЛАБ

Энг мураккаб вазиятларда ҳам таҳликага тушмаслик ва кўтаринки руҳни сақлаб қолиш лозим. «25 йиллик амалиётим мобайнида қанчадан-қанча ёрдамчи ва бухгалтерларни кўрмадим, дейсиз! Баъзилари ўз ишида ниҳоятда омилкор, даҳо даражасида эди, баъзилари эса шунчаки бухгалтерияга адашиб кириб қолган, бу соҳада сандироқлаб юрган одамлар эди. Нажоткор бўлган, зўр ёрдам берганлари ҳам бўлди. Яхши ишдан кўра кўпроқ ёмонлик келтирганлари ҳам оз эмас эди. Энг мураккаб вазиятларда ҳам ўзим учун, севимли ишим учун янги тажриба тариқасида наф топа олдим ва бу тажриба келгусида менга жуда-жуда қўл келди», – дейди Антонина Анатольевна ҳаётий сабоқларини ўртоқлашаркан.

Хуллас, одам муайян ваколатларини бошқа бировга ўтказишдан чўчимаслиги лозим. Бундай қилишдан аввал ижрочи ишончингизни оқлайдими, юкланаётган ваколатларни уддалай оладими деган савол беринг ўзингизга. Бунга билими етарлими-йўқми, ўйлаб кўринг. Ана шу масалаларни уддалашга кўзингиз етсагина, омадим келди деяверинг. Аммо телефон орқали бўлса ҳам уни назорат қилиб туришни унутманг. Бош бухгалтер деганлари дам олиш кезлари ҳам ўз ишини унута олмайдиган бошлиқ демакдир.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

Ваколатни ўзгага ўтказишнинг асосий қоидалари

1. Топшириқ берар экансиз, уни шунчаки айтиш билан кифояланмай, ёзиб қўйинг. Бу келгусида номатлуб оқибатлардан халос бўлишга ёрдам беради ҳамда топшириқ ҳақидаги ахборот тўғри талқин этилишини кафолатлайди.

2. Ижрочи барча ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоғи лозим. Шу сабабли уни ҳамма керакли ресурслар билан таъмин этишни унутманг. Моддий ресурс бўладими, транспорт бўладими, ҳамма-ҳаммаси ҳақида олдиндан ўйлаб қўйиш керак.

3. Топшириқни бажариш учун белгилайдиган муддатларингиз реал бўлсин. «Кеча бажарилиши керак эди» қабилидаги гапларни айтишни ўринли деб бўлмайди, негаки улар фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Ишнинг боришига қизиқсинмаслик ҳам хато. Энг яхшиси топшириқ бераётганингизда уни бажариш учун қанча вақт кераклигини ёрдамчингизнинг ўзидан сўранг. Жавобига қараб, аммо ўзингиз тузатиш киритган ҳолда муддат белгиланг.

4. Бу йўсин иш тутаётганингизни асослантиришга ҳаракат қилинг. Ижрочи уни қадрлаётганингиз, унга ишонаётганингизни, шунингдек бу борада қиладиган иши ҳақиқатдан ҳам фойдали эканлигини ҳис қилсин. Яхши, ўринлатиб қилинган иш учун отгул ёки мукофот тарзида рағбатлантириш мумкин. Кўп ҳолларда чин юракдан айтилган оддийгина «раҳмат» ҳам кўп нарсани англатади.

5. Ўз ходимингизни ўргатиб, йўлга солаётганингизда ахборотлар оддийликдан мураккаблик сари йўсинида идрок этилишини унутманг. Ходимингиз қойилмақом деса бўладиган ёрдамчи бўлиб чиқишини, ҳаммасини ўз билгича бажаришини кутиб ўтирманг. Ишини назорат қилиб боринг. Ёрдамчи чинакам кўмакчингиз бўлиши, керакли савияда малакага эришиши учун унга ўргатиш, таълим беришдан эринманг.

6. Ҳаммаси бирйўла ва бирданига бўлади деб хомтама бўлманг. Малака бобида ўсиш аста-секинлик билан содир бўлади. Ёрдамчидан сиз кутган даражада наф бўлмаётган бўлса, асабийлашманг, уни уддалашга қурби етмайдиган вазифаларга кўмиб ташламанг. Сабр-чидамли бўлинг. Ўргатаётган «шогирдингиз»га таълим-у ўгитларингиз оғирлик қилаётган бўлиши, эҳтимол у бухгалтерия соҳаси учун мутлақо ёт бўлиши мумкин эканлигини ҳам унутманг.

Прочитано: 740 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика