Norma.uz

Аудиторлик: ҳамкасабаларда иш қандай йўлга қўйилган?

Аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларини амалиётга жорий этиш масалалари тобора долзарблик касб этмоқда. Бундай стандартларни жорий этиш жараёнига ва аудит бозоридаги ҳолатга МДҲ Ижроия қўмитаси ҳузуридаги бухгалтерия ҳисоби бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашда баҳо берилди*.

 

АУДИТ БОЗОРИ РАҚАМЛАР «ТИЛИ» БИЛАН

Шуниси эътиборлики, ахборотларда маълумотлар умуман МДҲ давлатлари бўйича, шунингдек айрим мамлакатлар бўйича улардан ҳар биридаги аудиторлик ташкилотлари ишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда кўрсатиб ўтилган. Тадқиқотларда аудиторлик фаолиятини Ўзбекистонда, Озарбайжонда, Арманистонда, Беларусда, Қозоғистонда, Қирғизистонда, Молдовада, Россия Федерацияси ва Тожикистонда олиб боришнинг ўзига хос жиҳатлари кўриб чиқилган.

Улар фаолияти бозори кўрсатилган хизматлар ҳажми, аудиторлик хизматлари бозори мижозлари ва инфратузилмаси сингари кўрсаткичлар бўйича баҳоланган. Аудиторлик хизматлари субъектларининг салоҳиятини баҳолашда МДҲ таркибига кирувчи айрим давлатларда аудиторлик фаолияти ҳам аудиторлик ташкилотлари, ҳам якка тартибдаги (хусусий) аудиторлар томонидан олиб борилишига йўл қўйилаётганлиги қайд этиб ўтилган. Ўзбекистонда аудиторлик фаолияти билан якка тартибдаги тадбиркорларнинг шуғулланиши назарда тутилмаган. Бироқ Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистонда бундай амалиёт мавжуд. аудиторлик фаолияти билан тадбиркор сифатида шуғулланиши учун аудитор қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган керакли малака талабларига жавоб бермоғи лозим.

Аудит бозори субъектлари сонини ҳисоблашда аудиторлик ташкилотлари ва тадбиркор аудиторлар алоҳида-алоҳида баҳоланган. Одатда, ҳар бир мамлакатда аудиторлик ташкилотлари реестрлари юритилади, бозор, субъектлари сони ана шу реестрлар бўйича ҳисоблаб чиқилади. Чунончи, 2013 йилнинг бошларига бўлган ҳолатга кўра, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида аудиторлик фаолияти бозорининг 7 100 қатнашчиси рўйхатга олинган. Мувофиқлаштирувчи кенгаш мутахассисларининг ҳисоб-китобларига қараганда, улар жами миқдорининг ҳақиқатда 70–95 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Тадқиқотларда аудиторлик ташкилотлари ишлари 2009 йилдан эътиборан изчил кўриб чиқилди. 2009 йили Ўзбекистонда 133 та аудиторлик ташкилоти ишлаган бўлса, 2013 йилда уларнинг сони 104 та бўлиб қолган. Ўзбекистонда кейинги 5 йил ичида аудиторлик ташкилотлари сони камайган. Бу МДҲ мамлакатларига хос умумий тамойилдир.

 

ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИЛГАН. НАТИЖАЛАРНИ ЯКУНЛАЙМИЗ

МДҲга аъзо мамлакатларда аудиторлик хизматлари кўрсатиш бозорлари ҳажмини аниқлаб олиш учун аудиторлик ташкилотларининг фаолияти қирралари, хусусан бухгалтерия (молия) ҳисоботини аудитдан ўтказиш; аудиторлик ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган, аудитга йўлдош хизматлар (шарҳлама текширувлар, келишиб олинган тартиб-таомиллар, молиявий ахборотларни жамлаш), шунингдек аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бошқа хизматлар кўриб чиқилди. Бухгалтерия, солиқ ҳисоботини юритиш, бухгалтерия (молия), солиқ ҳисоботини тузиш, бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш, баҳолаш хизматлари, мутахассисларни ўқитиш ва аудиторлик фаолияти билан боғлиқ соҳаларда илмий-текшириш ишларини ўтказиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш, солиқ ва божхона низолари бўйича судларда ва солиқ идораларида вакиллик қилиш ҳамда айни ана шу йўналишларда маслаҳатлар бериш шулар жумласига киради.

Тадқиқот маълумотларига қараганда, МДҲ мамлакатларида аудиторлик ташкилотларининг асосий мижозлари қимматли қоғозлари ташкиллаштирилган кимошди савдоларида муомалага чиқарилган ташкилотлар, очиқ акциядорлик жамиятлари, кредит ва суғурта ташкилотлари, нодавлат пенсия жамғармалари, товар, фонд ва валюта биржалари, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, давлат ва муниципал тижорат корхоналари ва бошқа тоифадаги айрим ташкилотлардир. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда асосан якка тартибдаги ҳисоботлар аудит қилинади. Аммо бир қанча мамлакатларда жамланма ҳисоботларни аудитдан ўтказиш ҳам ўзлаштирилган. Ўзбекистонда 2009 йили 6 893 ташкилот, 2010 йили 6 577 ташкилот, 2011 йили 6 235 ташкилот ва 2012 йили 6 363 ташкилот ҳисоботи мажбурий тартибда аудит текширувидан ўтказилган. Қиёслаш учун Қозоғистонни олайлик. Бу ерда 2009 йили 4 014 ташкилот, 2010 йили 3 662 ташкилот, 2011 йили 3 364 ташкилот ва 2012 йили 3 153 ташкилот ҳисоботи шу йўсин текширилган. Бу борадаги кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистондан фақат Россия Федерацияси олдинга ўта олган. Тадқиқотларда қайд этилишича, МДҲ мамлакатларида талайгина хўжалик юритувчи субъектлар ташаббус тарзидаги аудит йўналишида иш олиб бормоқда.

Текширувлар натижалари асосида берилаётган аудиторлик хулосалари сонига ҳам баҳо бериб ўтилди. Тадқиқотчилар хусусан шуни аниқладиларки, муайян шарт (писанда) айтиб ўтилган аудиторлик хулосалари сони ортиб, ижобий ва салбий фикрлар қамраб олинган хулосалар сони эса қисқариб бораётганлиги МДҲ бозорининг умумий тамойили бўлиб қолмоқда. Шуниси ҳам борки, Ўзбекистон бўйича, статистика маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, ижобий фикр билдирилган хулосалар сони 2009 йилдан эътиборан йил сайин ортиб бормоқда. Муайян шарт, (писанда) қайд этилган хулосаларни кўпроқ Беларусь Республикаси ташкилотларининг аудиторлари бермоқдалар. Бундай хулосаларнинг сони уларда 50 фоиздан ортиб кетмоқда. Бошқа мамлакатларга нисбатан Қозоғистонда салбий мулоҳазалар кўпроқ берилмоқда. 2012 йилда бундай кўрсаткич 1,7 фоизни ташкил этди.

 

ХАЛҚАРО ТАЖРИБА

МДҲга аъзо ташкилотларда аудиторлик фаолияти бозорини тартибга солишда аҳвол деярли бир хил. Аудиторларнинг ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлари ва давлат органи мавжуд. Ўзбекистонда бу Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси, Аудиторлар палатаси ҳамда Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерациясидир. Тадқиқот маълумотларига қараганда, Ўзбекистоннинг Бухгалтер ва аудиторлар миллий уюшмаси ҳамда Аудиторлар палатаси тимсолидаги ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлари халқаро ташкилотларнинг, хусусан Халқаро бухгалтерия федерациясининг (IFAC) аъзосидир. Улар малака ошириш юзасидан семинарлар, тренинглар, тадбирлар ҳамда мамлакат аудит бозорини ривожлантиришга қаратилган бошқа ишларни ўтказиб келмоқдалар, аудиторлик ташкилотининг фаолияти сифатини ташқи назоратдан ўтказилишини таъминламоқдалар.

Ташқи назорат деганда, ­аудиторлик ташкилотларининг қонун ҳужжатлари ва стандартлар талабларига, аудиторнинг мустақиллиги қоидаларига, касб ахлоқ-одоби қоидаларига риоя этиши тушунилади. Бундай назорат аудиторлик ташкилотининг мижоз кўз ўнгида ишончлилигини таъминлаши важидан ҳам зарурдир. Тадқиқотларга қараганда, МДҲга аъзо мамлакатларнинг аксариятида ташқи назорат аудиторларнинг ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотлари ва давлат органи (Ўзбекистонда – Молия вазирлиги) томонидан амалга оширилади. Молдова Республикасида сифатни ташқи назорат қилиш дастури ҳозирча ишланиш жараёнида.

Сифатни ташқи назорат қилиш тадбирларини ўтказишнинг кўп учрайдиган даврийлиги 3 йилда камида бир марта – Ўзбекистонда ҳам шундай. Бундай тадбирлар Арманистонда ҳар йили ўтказилади, Россияда эса 5 йилда камида 1 марта, аммо йилига кўпи билан 1 марта ўтказилади. Ўзбекистон аудиторлик ташкилоти сифат мезонларига тўғри келмайдиган бўлса, тегишли кўрсатма берилади, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади ёки тугатилади, аудиторнинг малака сертификати амал қилишига чек қўйилади. МДҲга аъзо давлатларда бошқа чоралар, хусусан жарима чоралари ҳам қўллаб келинмоқда.

Аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларини (АХС) МДҲ ҳудудида жорий этиш борасидаги аҳвол ҳам таҳлил қилинди. Умумэътироф этилганидек, АХС хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия (молия) ҳисоботлари тўғрилиги ва ишончлилигини жамоатчилик манфаатларини кўзлаб мустақил тарзда тасдиқлаш воситасидир. Бу восита МДҲ мамлакатларида тобора оммалашиб бормоқда. Қозоғистонда АХС тартибга солувчи ҳужжат сифатида қабул қилинган. Бошқа мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда уларни жорий этишнинг миллий режалари (дастурлари) ишлаб чиқилган. Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон, Молдова сингари давлатларда АХС миллий стандартлар сифатида тан олинган. Ўзбекистонда, Беларусь, Россия ва Тожикистонда улар асосида миллий стандартлар ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда халқаро стандартларни жорий этиш билан асосан бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал бирлашмалари Аудиторлар палатаси, Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда шуғулланмоқда. Улар ўқув адабиётлари тайёрламоқдалар ва тарқатмоқдалар, методик тавсиялар чоп этмоқдалар. Таълим олувчилар учун семинарлар, малака ошириш курслари ўтказмоқдалар. Тадқиқотларда таъкидлаб ўтилганидек, АХСни жорий этишда тўсқинлик қилаётган омиллардан бири уларни миллий тилларга таржима қилишдир. АХС Озарбайжонда, Молдова, Қозоғистон ва Арманистонда расман давлат тилларига таржима қилинган.

Аудитор кадрларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш Халқаро бухгалтерлар федерацияси талабларига мувофиқ бўлмагани, чекланган молиявий ресурслар ажратилиши, аудит сифатини назорат қилиш АХС айрим қоидаларининг миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга номувофиқлиги ҳам АХСни кенг кўламда жорий этиш йўлида тўғаноқ бўлмоқда. Ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқлик Ўзбекистон учун ҳам хосдир, бироқ муаммонинг долзарблиги «паст» даражада, бошқа муаммолар учун эса «ўртача» даражада деб малакаланган. Муаммолар институционал муҳит етарлича ривожланмаганлиги (айни шу нарса мавжудлиги АХСни самарали тарзда қўлланишни тақозо этади) билангина эмас, балки уларнинг расмий мақоми йўқлиги, аудиторларнинг АХС соҳасида билими ва кўникмаси талаб даражасида эмаслиги билан ҳам боғлиқдир.

Ана шу ва бошқа муаммолар аудиторлик фаолияти соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қисман ҳал этилмоқда. Бу масалада Ўзбекистон етакчи мавқелардан бирини эгаллаб турибди. Чунончи, Халқаро бухгалтерлар федерациясида, Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашида ва бошқа ташкилотларда вакилларимиз бор. Мамлакатимиз мутахассислари стандартларнинг лойиҳалари бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини юбормоқдалар, биргаликда конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, конгресслар ўтказмоқдалар.

 

*Олинган маълумотлар МДҲга аъзо давлатларда аудиторлик хизматлари бозори ҳолати ва аудит халқаро стандартларини қўллаш аҳволи тўғрисидаги ахборотларда эълон қилинган. Тадқиқотлар 2009 йилдан буён ўтказиб келинади.

 

Мухбиримиз
Ольга КИРЬЯКОВА тайёрлади.

Прочитано: 1119 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика