Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 14 / Хўжалик юритиш қоидалари

МЧЖ: фоизлар бўйича қарзлар

Хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкдорлари ва менежерлари фоизлар деганда, одатда, кредитлар ёки қарзлар бўйича мажбуриятларни, айрим ҳолларда – шартнома шартларини лозим даражада бажармаганлик учун пеняни тушунадилар. Аслида тўланмаган фоизлар бўйича кредиторлик қарзи (шу жумладан валюта қарзи) кредит битимлари, фоизли қарзлар ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик шартномаларини бажармасликка боғлиқ бўлмаслиги мумкин. У... МЧЖнинг устав фондини кўпайтирганда юзага келиши мумкин.

 

АГАР ЎСИШ РЕЖАЛАРИ НИЯТИ АМАЛГА ОШМАСА...

Амалдаги қонун ҳужжат­ларига кўра МЧЖ устав фондининг кўпайтирилиши ушбу жамиятнинг мол-мулки ҳисобига, жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини киритиш ҳисобига ёки, агар бу таъсис ҳужжатлари билан тақиқланган бўлмаса, жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига амалга оширилиши мумкин (6.12.2001 йилдаги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги 310-II-сон Қонун, бундан кейин – 310-II-сон Қонун 16-моддасининг учинчи қисми). Охирги икки ҳолда муайян вазиятларда устав фондининг кўпайиши МЧЖ иштирокчилари томонидан бўлиб ўтмаган ёки иштирокчиларнинг қўшимча ҳиссалари ҳисобига кўпайтириш тўғрисидаги қа­рорда эълон қилинганидан кам­роқ миқдорда амалга оширилган деб эътироф этилиши керак.

Чунончи, 310-II-сон Қонун 18-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра қўшимча ҳиссалар ёки учинчи шахслар ҳиссалари ҳисобига устав фондини кўпайтириш жамият барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарорга асосан амалга оширилиб, қў­шим­ча ҳиссаларнинг умумий қиймати ҳам, жамият ҳар бир иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси (учинчи шахсларнинг ҳиссалари) қийматининг миқдори ҳам, уларни тўлиқ қўшиш муддати кўрсатилиши керак. Айни вақтда жамиятнинг таъсис ҳужжатларига МЧЖ барча ёки айрим иштирокчиларининг қўшимча ҳиссаларини қўшиш ҳисобига ва (ёки) жамиятга учинчи шахснинг (учинчи шахсларнинг) қабул қилиниши, жамият иштирокчилари улушларининг номинал қиймати тегишлича кўпайтирилиши ва (ёки) учинчи шахс (учинчи шахслар) улушининг номинал қиймати ва миқдори аниқланиши муносабати билан ўзгартишлар, зарур ҳолларда, шунингдек МЧЖ иштирокчилари улушининг миқдорлари ўзгариши билан боғлиқ ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши керак (310-II-сон Қонун 18-моддасининг тўртинчи қисми).

310-II-сон Қонун 18-модда­сининг бешинчи қисмига кўра қўшимча ҳиссаларни қўшиш­нинг муддати тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай умумий йиғилиш томонидан устав фондига қўшимча ҳиссаларни (учинчи шахсларнинг ҳиссаларини) қўшиш якунларини тасдиқлаш, тегишли ўзгартишларни таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида қарор қабул қили­ниши керак. Кўрсатилган муддатни бузиш жамият устав фондининг кўпайтирилиши амалга ошмаган деб эътироф этишга олиб келади (310-II-сон Қонун 18-моддасининг саккизинчи қисми).

310-II-сон Қонун 18-модда­сининг олтинчи қисмига муво­фиқ, агар белгиланган муддат ўтганидан кейин, белгиланган қўшимча ҳисса бир ёки бир неча иштирокчи томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилган бўлмаса, МЧЖ умумий йиғилиши қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини жамият иштирокчиларининг устав фондидаги улушини тегишлича ўзгартириб, амалда қўшилган ҳиссаси миқ­дорига қадар улар амалда қўш­ган қўшимча ҳиссаларни ҳисобга олган ҳолда камайтириш тўғрисида;

қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлабки белгиланган миқдорини иштирокчиларнинг жамият устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги олдинги йиғилиши қарори билан белгиланган улушларини сақлаб қолиш имкониятини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида.

Кўрсатилган қарорларнинг йўқлиги ҳам, қўшимча ҳис­салар иштирокчилар томонидан тўлиқ қўшилмаганлиги ҳам жамият устав фондининг кўпайтирилишини амалга ошмаган деб эътироф этишга олиб келади (310-II-сон Қонун 18-моддасининг саккизинчи қисми).

310-II-сон Қонун 18-модда­сининг еттинчи қисмида белгиланишича, таъсис ҳужжатларига тегиш­ли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар, шунингдек жамият иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан ҳиссалар тўлиқ ҳажмда киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга умумий йиғилиш томонидан таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар тасдиқланган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай тақдим этилиши керак. Ушбу муддатни бузиш ҳам жамият устав фондининг кўпайишини амалга ошмаган деб эътироф этишга олиб келади (310-II-сон Қонун 18-моддасининг саккизинчи қисми).

 

...МЧЖ ФОИЗ ҲИСОБЛАШНИ БОШЛАШИ МУМКИН

Устав фондини кўпайтиришни амалга ошмаган деб эътироф этиш учун асослардан бири мавжуд бўлганда, шунингдек МЧЖ умумий йиғилиши томонидан устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги дастлабки қарорда белгиланган иштирокчилар улушини сақлаш имконини берадиган миқдоргача қўшимча ҳиссалар умумий қийматининг дастлаб белгиланган миқдорини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда жамият 10 кунлик муддат ичида МЧЖ иштирокчилари ва (ёки) учинчи шахсларга улар томонидан устав фондини кўпайтиришга киритган пул маблағларини тўлиқ ёки олдинги йиғилиш қарори билан белгиланган устав фондидаги уларнинг улушлари ошиб кетишига олиб келган ўша қўшган пул ҳиссалари қисмини қайтариши шарт (агар бундай қайтариш 310-II-сон Қонун 18-моддаси олтинчи қисмининг учинчи хатбошиси қоидасига асосан амалга оширилса). Пул ҳиссалари ўз вақтида қайта­рилмаган тақдирда, жамият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда фоизлар тўлаши шарт (310-II-сон Қонун 18-моддасининг тўққизинчи қисми).

Буларнинг ҳаммасидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, агар МЧЖ устав фонди 310-II-сон Қонун 18-моддаси билан белгиланган муддатлар ёки тартибни бузган ҳолда оширилса:

1) устав фондини кўпайтириш ўз-ўзидан тартиб ёки назарда тутилган муддатлардан бири бузилган санадан бошлаб амалга ошмаган деб ҳисобланади;

2) жамиятда устав фондини кў­пайтириш амалга ошмаган деб эътироф этилган ёки қўшимча ҳиссалар умумий суммасининг дастлаб белгиланган миқдорини йиғилиш томонидан устав фондини кўпайтириш тўғрисида олдинги қарори билан белгиланган иштирокчиларнинг улушини сақлаш имконини берадиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида иштирокчи (иштирокчилар) ёки учинчи шахс (шахслар) олдида пул ҳиссасини қайтариш мажбурияти юзага келади;

3) пул ҳиссасини қайтариш муддатининг бузилиши жамият томонидан фоизлар тўлаш заруратини юзага келтиради.

Шу сабабли агар сизнинг МЧЖда устав фондини кўпай­тириш амалга ошмаган деб эъти­роф этилган бўлса ёки МЧЖ иштирокчилари ёки унинг мансабдор шахслари хабарисиз тартиб ва муддатларни бузган ҳолда расмийлаштирилганлиги туфайли шундай деб ҳисобланса, пул ҳиссалари суммаси эса 10 кундан кечиктириб қайтарилган ёки умуман қайтарилмаган бўлса, сизнинг жамиятингиз кредиторлик қарзига эгадир. Агар ушбу мақсадларга пул ҳиссалари хорижий валютада киритилган бўлса, у валюта қарзи бўлади.

 

ЎЗ ВАҚТИДА, ЯХШИЛИКЧА ҚАЙТАРИНГ

Жамият томонидан фоизлар тўланиши қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилиши керак (310-II-сон Қонун 18-моддасининг тўққизинчи қисми). Пул мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун фоизлар тўланишини қандай меъёрлар тартибга солади?

Фуқаролик кодексининг (ФК) 327-моддасига кўра бошқа шахс­ларнинг пул маблағларини ғай­риқонуний ушлаб қолиш ёки уларни қайтариб беришдан бош тортиш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак1. Уларнинг миқдори, фикримизча, ЎзР Марказий банки белгилаган ва пул мажбуриятини ёки унинг тегишли қисмини бажариш кунида қўлланадиган қайта молиялаш ставкаси билан белгиланади2. Шу билан бирга, ФК 327-моддасининг иккинчи қисмига кўра, у фақат фоизларнинг бошқа миқдори... шартнома билан белгиланмаган тақдирдагина қўлланади.

Бундан келиб чиқилса, жамият таъсис шартномаси, уставида ёки ҳеч бўлмаганда иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қарорида иштирокчиларга пул ҳиссаларини қайтариш муддатларини бузганлик учун тўланадиган фоизлар миқдори банкнинг фоиз ставкасидан камроқ миқдорда белгиланиши мумкин дея хулоса чиқаришга олиб келади. МЧЖ устав фондида иштирок этиш ниятида бўлган учинчи шахслар билан муносабатлар расмийлаштириладиган ҳужжат фоиз ставкасини келишиш баённомаси бўлиши мумкин. Чунончи, агар бугунги кунда қайта молиялаш ставкаси йиллик 10%ни ташкил этса, кўрсатилган ҳужжатларда бажарилмаган пул мажбурияти суммасида йиллик 0,01%га тенг (ва ҳатто ундан кам) фоиз ставкаси назарда тутилиши мумкин.

Давлатимизда кредитлар бў­йича банк фоизининг ноль даражали ставкаси (яъни йиллик 0%) мавжуд эмас – банклар тўлаш шарти билан кредит беришга ҳақлидир (25.04.1996 йилдаги «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги 216-I-сон Қонун 4-моддасининг биринчи қисми).

Бироқ, банклар ва кредитлар ташкилотлари – бир масала, жамият, иштирокчилар ва учинчи шахслар – бошқа масала, уларга 310-II-сон Қонун 18-моддасининг тўққизинчи қисми ва ФК 327-моддасининг иккинчи қисмига асосан тўланадиган пул маблағлари суммасини қайтариш муддатини бузганлик учун унга нисбатан қўлланадиган фоиз миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади3. Шу сабабли, бир тарафдан, иштирокчилар, раҳбар тимсолида жамиятнинг ўзи ва учинчи шахслар устав фондининг амалга ошмаган кўпайтирилиши бўйича пул ҳиссаси қайтарилишини кечиктирганлик учун фоизнинг ноль даражали (айнан маънода) ставкаси тўғрисида келишишлари мумкин. Бошқа тарафдан, 310-II-сон Қонун 18-моддасининг ўша тўққизинчи қисмига кўра, жамият фоизларни тўлашга мажбур. Ноль даражали ставкани қўллаш чоғида у бундай мажбуриятдан амалда озод қилинади. Назорат қилувчи органлар эса буни пул мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаш сифатида қабул қилишлари мумкин. Шу боис, кредиторлик қарзи ва ноль даражали ставкани қўллаш чоғида қайта молиялашнинг банк ставкасини қўллаш бобида жамиятнинг мансабдор шахслари низо-баҳслардан қутулишга муваффақ бўлмасликлари эҳтимол. Бахил киши икки марта пул тўлайди деганларидек, пул ҳиссасини қайтариш муддатини бузганлик учун озроқ бўлса-да, нолдан юқори фоизни назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.

Яна бир муҳим жиҳатга эъти­борни қаратишни хоҳлардик. Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 163-сон Қарори 17-бандига кўра, агар кредитор (кўриб чиқаётган вазиятимизда – жамият иштирокчиси ёки учинчи шахс) лозим даражадаги ижрони қабул қилишдан бош тортган бўлса (мисол учун, унга тегишли бўлган, жамият қайтарадиган пул маблағларини бирор-бир сабабга кўра вақтинча қабул қила олмаслиги тўғрисида МЧЖга хабарнома юборса) кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади. Қарздор эса (кўриб чиқилаётган вазиятда – МЧЖ) пул мажбурия­ти бўйича кредитор ижрони кечиктириб юборган вақт учун ­фоиз тўлашга мажбур эмас (ФКнинг 338-моддаси иккинчи қисми).

 

Юқоридагилардан шундай хулоса келиб чиқади: хўжалик юритувчи субъектлар мулкдорларининг устав фондини қўшимча ҳиссалар киритиш ёки уларни учинчи шахслар таркибига қабул қилиш орқали устав фондини кўпайтириш билан боғлиқ қарорларини ҳам қонун ҳужжатларининг меъёр ва талабларига риоя этган ҳолда профессионал даражада расмийлаштириш зарур. Менежерлар, мулкдорлар ва инвесторларнинг қарорларни қабул қилиш, расмийлаштириш ва бажариш таомилига пала-партиш муносабати хўжалик юритувчи субъектни қарз ботқоғига ботириб, бизнес учун нохуш молиявий ва солиқ оқибатларини келтириб чиқариши мумкин.

 

1ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар нафақат бошқа шахсларнинг пул маблағлари шартномага асосан олиниши муносабати билан, балки шартномавий муносабатларсиз қабул қилиш доирасида ҳам тўланиши шарт (ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сон Қарорининг 7-банди).

2Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин (ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисми).

3Олий хўжалик суди ҳам ўхшаш позицияда туради, унинг белгилашича, кредит ва қарз шартномалари бўйича тўланадиган фоизларнинг табиати пул мажбуриятларини бажармаганлик учун тўланадиган фоизлардан фарқ қилади (ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 163-сон Қарори 10-банди). 

Екатерина АДЕЕВА,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялар гуруҳи юридик амалиёт раҳбарининг ўринбосари.

 

Прочитано: 1061 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика