Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 14 / Ҳисоботга тайёрланамиз

2014 йил биринчи чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга

«Norma Ekspert» мутахассислари бу йил ҳам ЯСТ ҳисоб-китоби ва ЯСТ бўйича ҳисоботларни тўлдиришга доир тавсияларни беришда давом этадилар. Улар турли соҳалардаги корхоналар учун мисолларда имтиёзлар, солиқ солинадиган базани камайтириш, солиқ ставкасини пасайтириш, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоб-китоб қилиш, ЯСТ ҳисоб-китобини ва унга иловаларни, шунингдек Энг кам миқдор маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдириш тартибини тушунтирадилар.

 

2014 йил I чораги учун ЯСТга доир тавсияларни тайёрлашда 2014 йил 1 январидан жорий этилган солиқ солишдаги ўзгартишлар инобатга олинди.

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

 

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

 

Ягона солиқ тўлови:

 

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

 

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

 

Солиқ кодексининг 360-моддаси.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

 

Солиқ кодексининг 28-моддаси тўртинчи қисми.

 

 

ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия»), «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон-маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «NORMA» газеталари бирлашган таҳририяти» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

2014 ЙИЛДА АМАЛГА КИРИТИЛГАН ЯСТга ДОИР АСОСИЙ ўЗГАРТИШЛАР

 

Имтиёзлар бўйича:

 

солиқ солинадиган базани камайтириш. 2014 йил 1 апрелга қадар тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади (Солиқ кодекси 356-моддасининг 7-банди, бундан кейин – СК). 2014 йил 1 апрелдан мазкур имтиёз ўз кучини йўқотади (25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун 1-моддасининг 44-банди, 2-моддаси). Тегишинча, 2014 йил 1 апрелдан бошлаб тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган фойда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади. Бироқ тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни тугатишда уларни қайта баҳолашлардаги сальдо ҳисобига олинган даромаддан ЯСТ олинмайди (СК 356-моддаси биринчи қисмининг 6-банди);

 

ЯСТ пасайтирилган ставкасининг қўлланилиши. Тўловларни пластик карталар орқали қабул қиладиган хизматлар, умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун ставкани пасайтириш фоизи камайтирилди. 2014 йилда терминал орқали келиб тушган тушумдан белгиланган миқдордан 5%га пасайтирилган ставка бўйича ЯСТ тўланади (2013 йилдаги 10% ўрнига);

 

имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилиши Президентнинг 5.11.2013 йилдаги ва 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорларига (кейинги ўринларда – Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарори) биноан қуйидагилар бўйича 2016 йил 1 январгача белгиланган:

 

● Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон Қарорига 2-иловада кўрсатилган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар;

 

● пудрат ташкилотлари («Қишлоқ қурилиш инвест» ИК билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари билан якка тартибда уй-жой қуриш доирасида улар томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳажмлари бўйича) ва янгидан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари (Президентнинг 29.01.2009 йилдаги ПҚ-1051-сон Қарорининг 3-банди); 

 

● асосий фаолият тури бўйича гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар (Президентнинг 26.01.2009 йилдаги ПҚ-1047-сон Қарорининг 8-банди).

 

Наслчилик иши корхоналари ва асосий фаолият тури бўйича Республика «Ўзнаслчилик» корхонаси бўйича Президентнинг 21.04.2008 йилдаги ПҚ-842-сон Қарорининг 8-бандида белгиланган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2017 йил 1 январгача узайтирилди.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори бўйича:

 

ер солиғининг 3 бараварига тенг суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар учун. Тошкент шаҳридаги ер участкалари зоналари (2014 йилда уларнинг сони 14 ўрнига 5 та бўлди) ва тегишинча, ер солиғи ставкалари ўзгартирилди. Пойтахтда солиқнинг энг кам ставкаси 2014 йилда 1 га учун 15 млн сўмни ташкил қилади, у 5-зонага тўғри келади.

 

Қолган ҳудудларда ер солиғи ставкалари умумий олганда 20%га оширилди (индексацияланди) (Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарорига 19-илова);

 

қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилар учун. Бошқа аҳоли пунктларидаги газета, журналлар ва китоб маҳсулотларининг чакана савдосидан қатъий белгиланган солиқ ставкаси ЭКИҲнинг 0,5 бараваригача камайтирилди (илгари ЭКИҲнинг 2 бараварига тенг эди). Қолган фаолият турлари бўйича ставкалар 2013 йилги даражада сақлаб қолинди (Президентнинг ПҚ-2099-сон қарорига 11-илова).

 

Шунингдек таъкидлаб ўтамизки, 2014 йилда ЯСТ энг кам миқдори 96 105 сўмлик ЭКИҲ миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

1-вазият.

ИККИТА САВДО ШОХОБЧАСИ ВА КАФЕГА ЭГА БЎЛГАН ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ.

ТУШУМНИНГ БИР ҚИСМИ ПЛАСТИК КАРТАЛАР ҚЎЛЛАНИБ ОЛИНГАН

 

Корхона иккита савдо шохобчасига эга: Тошкентда озиқ-овқат дўкони (солиқ ҳисобига олинган жойда) ва Чирчиқда қурилиш материаллари дўкони, шунингдек кафе.

 

I чорак якунларига кўра реализация қилишдан тушум 180 000 минг сўмни ташкил этди. Шундан:

 

Тошкентдаги дўкон бўйича: алкоголли маҳсулот реализацияси – 20 000 минг сўм, улардан 12 000 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган; бошқа озиқ-овқат товарларидан – 95 000 минг сўм, жумладан 46 000 минг сўми терминал орқали;

 

Чирчиқдаги дўконда – 29 000 минг сўм, шу жумладан 18 000 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

 

кафе бўйича – 36 000 минг сўм, улардан 17 000 минг сўми терминал орқали тўланган.

 

I чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни ҳисобга оламиз:

 

солиқ солинадиган объект ва (ёки) ЯСТ ставкалари турлича белгиланган бир нечта фаолият турлари амалга оширилганда алоҳида-алоҳида ҳисоб-китоб олиб борилади ва тегишли ставкалар бўйича ЯСТ тўланади (СК 353-моддаси).

 

Чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчалари жойлашган жойига қараб табақа­лаштирилган: Тошкент шаҳрида – 4%, Чирчиқ шаҳрида – 2%. Умумий овқатланиш (кафе) бўйича 10%лик ставка қўлланилади;

 

2014 йилда пластик карталарни қўллаб (шу жумладан кафеда терминал орқали) олинган тушумдан ЯСТ амалдагига нисбатан 5%га пасайтирилган ставка бўйича ҳисобланади:

 

Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича – 3,8% (4 – 4 х 5%);

 

Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича – 1,9% (2 – 2 х 5%);

 

кафе бўйича – 9,5% (10 – 10 х 5%);

 

кўп тармоқли корхоналарда ЯСТнинг энг кам миқ­дори (қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг 3 баравари) ҳисобот чораги якунларига кўра (ортиб бормайдиган якун билан) реализациянинг умумий ҳажмида тушумнинг энг кўп улуши бўйича аниқланадиган асосий фаолият турига боғлиқ.

 

Бунда чакана савдо корхоналари ЯСТни қуйидагича тўлайдилар:

 

қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда, агар асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат берилган товарлар чакана савдоси ҳисобланса;

 

ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда, агар асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат берилмаган товарлар чакана савдоси ҳисобланса. Якка тартибдаги тадбиркорлар сотиш билан шуғулланиши мумкин бўлмаган товарлар турлари Вазирлар Маҳкамасининг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илованинг I бўлимида келтирилган. Уларга алкоголли маҳсулотлар ҳам киритилган.

 

Келтирилган мисолга кўра, тушумнинг энг кўп қисми савдо фаолиятидан тушумга (80%) тўғри келади. Теги­шинча, асосий фаолият тури чакана савдо ҳисоб­ланади. Алкоголли маҳсулотлар реализациясидан тушум бошқа товарлар савдоси ҳажмидан кам бўлди. Бинобарин, корхона қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилари қаторига киритилади.

  

ҚУЙИДАГИЛАР ТЎЛДИРИЛАЁТГАНДА:

 

Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобини тўлдиришда (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2012 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова, кейинги ўринларда – Ҳисоб-китоб) тушум ҳар бир савдо шохобчаси бўйича алоҳида-алоҳида 11, 12 рақамлари билан ифодаланадиган (асосий рақам белгисининг устида жойлаштирилади) қўшимча устунларда кўрсатилади. Алкоголли маҳсулотларни сотишдан тушум алоҳида кўрсатилмайди, Тошкент шаҳрида жойлашган дўкондаги товар оборотида ҳисобга олинади;

 

Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори кирити­лиши муносабати билан Ягона солиқ тўловининг маълу­мотнома-ҳисоб-китоби (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 1-илова, кейинги ўринларда – Маълумотнома-ҳисоб-китоб) тўлдирилаётганда Ҳисоб-китобга ўхшаш ҳолда қўшимча устунлар (11 ва 12) киритилади.

 

 Бутун корхона бўйича реализациядан соф тушум – 180 000 минг сўм Ҳисоб-китобнинг 010-сатрида «Жами» устунида кўрсатилади.

 

11-устунда Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича тушум кўрсаткичи – 115 000 минг сўмни (20 000 + 95 000) кўрсатамиз, 12-устунда эса Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича тушум – 29 000 минг сўм кўрсатилади.

 

2-устун 010-сатрда умумий овқатланишдан тушум – 36 000 минг сўм кўрсатилади.

 

Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича тушум улуши кўрсатилади: чакана савдо – 80% (144 000 / 180 000), умумий овқатланиш – 20% (36 000 / 180 000).

 

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) ва солиқ солинадиган база (060-сатр) 010-сатр кўрсаткичлари йиғиндисига тенг (бошқа даромадлар ва солиқ солишдан озод қилинган даромадлар мавжуд эмас).

 

Ҳисоб-китобнинг 0601 ва 0602-сатрлари тегишли устунларида пасайтирилган ва умумбелгиланган став­каларда ЯСТ солинадиган тушум ажратиб кўрсати­лади:

 

Тошкентдаги дўкон бўйича 58 000 минг сўмга (12 000 + 46 000) 3,8%лик ставкада, 57 000 минг сўмга (115 000 – 58 000) 4%лик ставкада солиқ солинади;

 

Чирчиқдаги дўкон бўйича 18 000 минг сўмга 1,9%лик ставкада, 11 000 минг сўмга (29 000 – 18 000) 2%лик ставкада солиқ солинади;

 

кафе бўйича 17 000 минг сўмга 9,5%лик ставкада, 19 000 минг сўмга (36 000 – 17 000) 10%лик ставкада солиқ солинади.

 

Белгиланган ва тузатилган ЯСТ ставкалари Ҳисоб-китобнинг тегишинча 070 ва 0802-сатрларида кўрсати­лади.

 

Ягона солиқ тўлови суммаси аниқланади:

 

пластик карталар қўлланиб товарлар реализация қилинишидан олинган тушумдан:

 

58 000 х 3,8% + 18 000 х 1,9% + 17 000 х 9,5% = 4 161 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0901-сатри);

 

белгиланган ставкаларда солиқ солинадиган тушумдан:

 

57 000 х 4% + 11 000 х 2% + 19 000 х 10% = 4 400 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0902-сатри);

 

йил учун ҳисоб-китоб қилинганда (умуман корхона бўйича):

 

4 161 + 4 400 = 8 561 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 090, 120 ва 130-сатрлари).

 

Бюджетга ўтказиладиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини таққослаймиз. Мазкур кўрсаткичлар ҳисоб-китоби Маълумотнома-ҳисоб-китобда келтирилади.

 

Мазкур ҳолатда ЯСТнинг энг кам миқдори худди шундай фаолият турлари – озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари савдоси билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларидан (ЭКИҲга каррали миқдорларда белгиланган) келиб чиқиб аниқланади. Иккита савдо шохобчасига эга бўлган: бири Тошкент шаҳрида (шартга кўра алкоголли маҳсулотлар айнан ўша озиқ-овқат дўконида, бироқ алоҳида кириладиган махсус жиҳозланган савдо залида сотилади), иккинчиси –  Чирчиқ шаҳрида жойлашган, корхона ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳар бир савдо шохобчаси жойлашган жойи бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкаларини қўшиш йўли билан ҳисоблайди: Тошкент шаҳрида (озиқ-овқат товарларига) – ЭКИҲнинг 9 баравари, Чирчиқ шаҳрида (ноозиқ-овқат товарларига) – ЭКИҲнинг 6,5 баравари миқдорида.

 

I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 4 468,883 минг сўмга (9 + 6,5) х 96 105 х 3) тенг. 

 

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум ва белгиланган ставкалардан (4 ва 2% – савдо бўйича, 10% – умумий овқатланиш бўйича) келиб чиқиб ҳисобланади. I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини аниқлаш учун солиқ солинадиган ялпи тушум Ҳисоб-китобнинг 040-сатридан олинади.

 

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 8 780 минг сўмни (115 000 х 4% + 29 000 х 2% + 36 000 х 10%) ташкил қилади. 

 

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўп. Бинобарин, қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди ва чорак якунлари бўйича бюджетга Ҳисоб-китоб бўйича (030-сатр) ЯСТ суммаси – 8 561 минг сўм ўтказилади.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисоботда барча кўрсаткичлар сўмда яхлит рақамларда кўрса­тилган.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

 

2-вазият.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

2013 йилнинг ноябрь ойида ишлаб чиқариш кичик корхонаси («Камолот» жамғармасига ажратмалар тўловчи) солиқ ҳисоби бўйича жойлашган жойидаги (Бухоро ш.) ДСИга 2014 йил 1 январдан ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтиши ҳақида билдиришнома тақдим этди.

 

2013 йил охирида ўтказилган инвентаризация якунлари бўйича аввал ҚҚС билан харид қилинган, қиймати 3 600 минг сўмлик материаллар (етказиб берувчи-тўловчининг ҳисобварақ-фактурасида ҚҚС ажратиб кўрсатилган) борлиги аниқланди, шу жумладан ҚҚС – 600 минг сўм. Омборда шунингдек ишлаб чиқариш таннархи бўйича ҳисобда турадиган тайёр маҳсулотлар қолдиғи бор.

 

I чорак бўйича маълумотлар:

 

маҳсулотлар, шу жумладан 2013 йилги қолдиқ маҳсулотлар реализациясидан соф тушум – 52 000 минг сўм (ҚҚСсиз). ҚҚС бўйича имтиёзлар мавжуд эмас. Маҳсулот ҚҚСни ҳисоблаб ёзиш билан таннархидан юқори нархларда сотилган;

 

ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материалларга харажатлар – 16 000 минг сўм. Улардан 9 600 минг сўмлик материаллар ҚҚС билан тўланган (мазкур материалларни етказиб берувчидан ҳисобварақ-фактурада ҚҚС ажратиб кўрсатилган – 1 600 минг сўм).

 

Ер кадастри ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқариш цехлари эгаллаган ер участкасининг майдони 6 300 кв.м ни (0 ,63 га) ташкил қилади. Корхона 4 қаватли бинода майдони 200 кв.м бўлган офисни ижарага олган.

 

Ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтган ЯСТ тў­ловчиси қуйидагиларни ҳисобга олиши лозим:

 

ҚҚС бўйича ҳисоб-китоб қилиш ва ҳисоботни топширишда СК VII бўлимида белгиланган тартибга таяниши лозим. ҚҚС солинадиган объект товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясига доир оборотлар ҳисобланади. ҚҚС тўловчиси мақомига эга бўлган корхона алоҳида фаолият турлари ёки операциялар бўйича эмас, балки умуман солиқ солинадиган оборотлардан ҚҚС тўлаши керак. Умумий тартибда СК 208–210-моддаларида ва айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҚҚС тўловчилар учун белгиланган имтиёзлар ҳам қўлланилади;

 

товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш­да ҚҚС суммаси белгиланган ставка (20%) ва солиқ соли­надиган оборотдан келиб чиқиб ҳисоблаб ёзилади. Харидорга ҳисобварақ-фактура ёзиб берилади, унда ҚҚС ставкаси ва суммаси, шунингдек ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қиймат кўрсатилади;

 

бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда ҳисоблаб ёзилган ҚҚСдан ҳисобга қабул қилинган, яъни ҳақиқатда келиб тушган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) ҚҚС суммаси чегириб ташланади. Бошқача айтганда, харидорлари томонидан корхонага тўланган ҚҚС суммаси ва етказиб берувчиларидан товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишда уларга тўланадиган ҚҚС суммаси ўртасидаги фарқ бюджетга ҳисоблаб ўтказилади.

 

Ҳисобга қабул қилишга қайтиб, шуни таъкидлаб ўтамизки, ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтилган даврдан бошлаб ЯСТ тўловчиси:

 

илгари ҚҚС билан харид қилинган моддий ресурслар қолдиқлари бўйича, агар улар солиқ солинадиган оборотларда фойдаланилган бўлса, ҚҚС суммасини ҳисобга қабул қилади (СК 218-моддаси). Бухгалтерия ҳисобида мазкур ҚҚС суммасининг ҳисобга олиниши қуйидаги проводкаларда кўрсатилади:

 

Дебет 6411 «Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар – ҚҚС»

 

Кредит 1010 «Хом ашё ва материаллар»;

 

солиқ солинадиган барча оборотлар бўйича, шу жумладан ҚҚС тўлашга ўтилган даврда ҳисобда турган товарларни реализация қилишда ҚҚСни ҳисоблаб ёзади.

 

Корхона ҚҚС бўйича алоҳида Ҳисоб-китоб ҳамда МВ ва ДСҚнинг 2439-сон қарорига 3-иловада келтирилган шакллар бўйича унга иловаларни топширади.

 

Ҳисоб-китоб қилишда ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси бюджетга ҳисоблаб ўтказилган ҚҚС суммасига камайтирилади, бироқ у ЯСТ суммасининг 50%идан ошмаслиги керак.

I чорак учун ҚҚСни ҳисоб-китоб қиламиз. ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база бўлиб реализация қилинадиган товарлар қиймати ҳисобланади, унга ҚҚС киритилмайди. Мазкур ҳолатда товарлар деганда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот билан бир қаторда қайта сотиш учун бошқа ташкилотлардан сотиб олинган товарлар ҳам тушунилади.

ҚҚС суммаси 10 400 минг сўмни (52 000 х 20%) ташкил қилади.

 

Илгари ҚҚС билан харид қилинган ва 2014 йил 1 январь ҳолатида ҳисобга турган материаллар қолдиқлари бўйича, шунингдек I чоракда ҚҚС билан харид қилинган материаллар бўйича ҚҚС ҳисобга олинади – 2 200 минг сўм (1 600 + 600).

 

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚСни ҳисоблаб ёзилган ва ҳисобга қабул қилинган ҚҚС суммалари ўртасидаги фарқ сифатида аниқлаймиз – 8 200 минг сўм (10 400 – 2 200). Ушбу сумма ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатрида кўрсатилади (2439-сон Қарорга 3-илова) ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатрига ўтказилади.

 

I чорак учун бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ қуйидаги тартибда аниқланади. Корхонада бошқа даромадлар ва ЯСТ бўйича имтиёзлар мавжуд бўлмаганда соф тушум ҳам солиқ солинадиган тушум, ҳам ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади (Ҳисоб-китобнинг 040, 060 ва 0602-сатрлари қиймати 52 000 минг сўмга тенг).

 

070-сатр бўйича ишлаб чиқариш корхоналари учун ЯСТ ставкаси – 5% кўрсатилади.

 

ЯСТ суммаси (Ҳисоб-китобнинг 090-сатри) 2 600 минг сўмни (52 000 х 5%) ташкил қилади. Уни бюджетга ҳисоблаб ўтказиладиган ҚҚС суммасига камайтириш мумкин, бироқ ЯСТ суммасининг 50%идан ошмаслиги керак. Ҳисоб-китоб бўйича ҚҚС 8 200 минг сўмни ташкил қилди, демак ЯСТни фақат 50%га камайтириш мумкин. ЯСТни камайтирувчи ҚҚС суммаси – 1 300 минг сўм (2 600 х 50%) – ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатрида кўрсатилади.

 

Ҳисоб-китоб бўйича камайишни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ 1 300 минг сўмни (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри) ташкил қилади, ундан қуйидаги суммалар ўтказилади:

 

«Камолот» жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 104 минг сўм ( 1 300 х 8%);

 

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 1 196 минг сўм (1 300 – 104) ўтказилади.

 

Ишлаб чиқариш корхоналарида тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси энг кам миқдор – ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Уни ҳисоб-китоб қилишда:

 

юридик шахслар, шу жумладан ижарага олувчи ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари ҳисобга олинади. Кўп қаватли бинодаги хоналарни ижарага олишда эгалланган майдон хона майдонини бинодаги қаватлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади. Мисолга кўра корхона 4 қаватли бинода 200 кв.м майдонга эга офисни ижарага олган, бу майдон 0,005 га ни ташкил қилади ва ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобига киритилади;

 

мазкур жой ва ер тоифаси учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкалари қўлланилади. Бухоро шаҳридаги ер солиғининг энг кам ставкаси (4-зона) 2014 йилда 1 га учун 7 435 602 сўмни ташкил қилади;

 

амалга ошириладиган фаолият турига ва жойлашган жойига боғлиқ ҳолда пасайтирилган коэффициентлар қўлланилади. Ишлаб чиқариш корхоналари учун 0,5 пасайтирилган коэффициенти белгиланган.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб қилинадиган умумий майдон 0,635 га (0,63 га (цех) + 0,005 га (офис) бўлиши керак.

 

I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори:

 

0,635 х 3 х 7 435,602 х 0,5 / 4 = 1 770,603 минг сўмга тенг.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори билан таққосланадиган ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТга доир имтиёзларни қўлламасдан ҳисобот чорагидаги солиқ солинадиган ялпи тушумдан (биринчи чоракда Ҳисоб-китобнинг 040-сатри кўрсаткичлари олинади) келиб чиқиб ҳисобланади.

 

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

 

52 000 х 5% = 2 600 минг сўм.

 

ЯСТ ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан ошади. Тегишинча, I чорак учун ҳисоб-китоб бўйича (қўшимча ҳисоблашларсиз) ЯСТ суммаси – 1 196 минг сўм бюджетга тўланади.

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
175-моддаси.

 

З-вазият

УЛГУРЖИ САВДО БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ ВА ИЖАРАГА БЕРИШДАН ДАРОМАДЛАР ОЛАДИГАН КОРХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Кичик корхона Тошкентда улгуржи савдо билан шуғулланади (аввалги йил якунларига кўра асосий фаолият тури) ва майдони 1 000 кв.метрлик бўш омборхоналарни бошқа улгуржи савдо корхонасига товарларни сақлаш учун ижарага беради. Шартномага кўра ижара ҳақи ойига 3 000 минг сўм этиб белгиланган.

 

Биринчи чорак якуни бўйича ялпи тушум 27 000 минг сўмни ташкил қилди, шу жумладан:

 

18 000 минг сўм – улгуржи савдодан;

 

9 000 минг сўм – ижара ҳақи.

 

Чорак мобайнида бюджетга ЯСТ бўйича 890 минг сўм бўнак тўловлари ўтказилган.

 

Кадастр ҳужжатлари бўйича корхона офиси ва омборхоналари жойлашган ер участкасининг умумий майдони 1 668 кв.м ни ташкил қилади.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар инобатга олинади:

 

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш мол-мулкни ижарага бериш ҳисобот даври якунлари бўйича (ортиб борувчи якун билан) корхонанинг асосий фаолият тури ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигига боғлиқ. 

 

Агар реализациянинг умумий ҳажмида ижарадан олинган тушум улуши устунлик қилса (мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса), унга 6%лик ставкада ЯСТ солинади (реализациянинг умумий ҳажмида савдо шохобчаларини ижарага беришдан даромадлар 60%дан ортиқни ташкил этса, ЯСТ ставкаси 30%га тенг). Агар устунлик қилмаса, ижарадан даромадлар СК 132-моддаси бўйича бошқа даромадларга киритилиб, уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади.

 

Тошкент шаҳрида жойлашган корхона 2014 йилда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлардан (асосий фаолият туридан қатъи назар) шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб ЯСТни ҳисоб-китоб қилади, бироқ у Тошкент шаҳри ҳокимининг 14.01.2014 йилдаги 48-сон қарори билан белгиланган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан кам бўлмаслиги керак. Агар шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлса, энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиниши керак.

 

ЯСТ ҳисоб-китобига 1-иловада ҳар бир ижара объектининг энг кам ставкалар бўйича ижара ҳақининг шартномада белгиланганидан ошган суммаси ҳисоб-китоби кўрсатилади. Агар ошиш аниқланса (060-сатр), ижарадан даромад олган корхона:

 

у реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, ошиш суммасини Ҳисоб-китобнинг 026-сатрига кўчиради;

 

бошқа даромадларга кирса, ушбу суммани Ҳисоб-китобга 2-илованинг 035-сатрида кўрсатади.

 

Корхонанинг асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланса (савдо фаолиятидан тушум устунлик қилади), мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бошқа даромадлардир. Шундай қилиб, ялпи тушумга улгуржи савдо корхоналари учун белгиланган ставка – 5% қўлланилади.

 

Шартномада белгиланган ижара тўловини (ойига 3 000 минг сўм) давлат кўчмас мулки ижара ҳақининг энг кам ставкалари асосида ҳисобланган сумма – йилига 1 кв.м учун 11,25 минг сўм билан таққослаймиз. Бунинг учун Ҳисоб-китобга 1-илова қуйидагича тўлдирилади:

 

011-сатрда ижарага берилган жойнинг умумий майдони – 1 000 кв.м, ижарага олинган жойдаги ижарачининг фаолият тури – улгуржи савдо, объект жойлашган жой – Тошкент шаҳри кўрсатилади;

 

021-сатрда – 1 кв.м учун бир йилги ижара ҳақининг энг кам ставкаси – 11,25 минг сўм;

 

031-сатрда – бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси – 36 000 минг сўм (3 000 х 12 ой);

 

041-сатрда – энг кам ставкаларда ҳисобланган бир йиллик ижара ҳақи суммаси – 11 250 минг сўм (1 000 кв.м х 11,25);

 

051, 061 ва 060-сатрларда – энг кам ставкаларда ҳисобланган сумманинг бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақидан ошиши кўрсатилади.

 

Биз келтирган мисолда ошиш мавжуд эмас, чунки ҳақиқатдаги ижара ҳақи энг кам ставка бўйича ҳисобланган суммадан ошяпти.

 

Тегишинча, бундан кейин ЯСТ шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади (Ҳисоб-китобга 1-илованинг 051, 061 ва 060-сатрларида, шунингдек 2-илованинг 035-сатрида «0» кўрсатилади).

 

I чорак учун ижара ҳақи суммаси (9 000 минг сўм) бошқа даромад сифатида Ҳисоб-китобга 2-илованинг 030, 010-сатрларида кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 030-сатрига кўчирилади.

 

ЯСТ ҳисоб-китоби солиқ солинадиган базадан келиб чиқиб амалга оширилади (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри). Мисолга кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) ва солиқ солинадиган база 27 000 минг сўмга тенг.

 

I чорак учун ЯСТ суммаси – 1 350 минг сўм (27 000 х 5%) Ҳисоб-китобнинг 090 ва 0920-сатрларида кўрсатилади ҳамда 120 ва 130-сатрларига кўчирилади.

 

Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини солиштирамиз. Асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланган корхона ЯСТнинг энг кам миқдорини ер солиғининг 3 баравари суммасидан келиб чиқиб ҳисоблайди. ЯСТнинг энг кам миқдори ер участкасининг умумий майдонидан, шу жумладан ижарага берилган хоналар майдонидан ва Тошкент шаҳри бўйича ер солиғининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

 

Тошкент шаҳри ҳокимининг 13.01.2014 йилдаги 41-сон қарори билан ҳудудий зоналаштириш чегараларининг янги чизмаси 5 зонадан келиб чиқиб тасдиқланди. ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилиш учун Тошкент шаҳрида жойлашган корхоналар 2014 йилда ер солиғининг энг кам ставкасини – 5-зона бўйича 1 га учун 15 млн сўмни қўллайдилар.

 

Тошкент шаҳри ҳудуди солиқ зоналари чегаралари ҳақидаги маълумот norma.uz ва mg.uz сайтларида жойлаштирилган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтамизки, ер участкаларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар Тошкент шаҳридаги зоналар ўзгартирилганлиги муносабати билан кадастр ҳужжатларига аниқлаш­тиришлар киритишлари шарт эмас.

 

Корхонанинг асосий фаолият тури ҳисобот чораги якунлари бўйича улгуржи савдо ҳисобланиши ва омборхоналарга эгалиги боис ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда пасайтирилган коэффициент – 0,35 қўлланилади. I чорак учун (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори Маълумотнома-ҳисоб-китобининг2 040-сатри) ЯСТнинг энг кам миқдори қуйидаги суммага тенг бўлади:

 

3 х 0,1668 га х 15 000 х 0,35 / 4 = 656,775 минг сўм.

 

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда ҳисобот даври учун солиқ солинадиган ялпи тушум (I чоракда ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри маълумоти олинади) ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб аниқланади.

 

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 1 350 минг сўм (27 000 х 5%) ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китобининг 030-сатрида кўрсатилади.

 

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўплиги боис қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди. Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрлари, шунингдек Ҳисоб-китобнинг 170-сатри бўйича «0» кўрсатилади.

 

Ҳисобот чораги учун бюджетга тўланиши лозим бўлган сумма (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри), Ҳисоб-китобнинг 130-сатридаги ЯСТ суммасига – 1 350 минг сўмга тенг. I чорак давомида амалга оширилган бўнак тўловларини чегириб ташлаган ҳолда бюджетга 460 минг сўм (1 350 – 890) миқдорида ЯСТ ўтказилади.

 

 

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузиш – тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади. Бунда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди. Пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас. Пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди.

Солиқ кодексининг 120-моддаси.

  

4-вазият.

ЮК ТАШИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ КОРХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Юк ташиш билан шуғулланувчи корхона Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, «Камолот» жамғар­масига ажратмалар тўлайди.

 

Корхона мулки саналган офис (алоҳида бино) шаҳарнинг 1-иқтисодий зонасида жойлашган бўлиб, кадастр ҳужжатларига кўра майдони 280 кв.м ер участкасини эгаллайди. Автомобилларни сақлаш учун 3-иқтисодий зонадаги ижарага олинган, майдони 2 000 кв.м ер участкасидан фойдаланилади.

 

I чоракда хизматлар кўрсатишдан тушум 10 400 минг сўмни ташкил этди. 

 

Март ойида автомобиллардан бири 10 500 минг сўмга сотилди. Сотиш пайтидаги автомобилнинг тиклаш қиймати 29 000 минг сўм, ҳисоблаб ёзилган амортизация – 14 600 минг сўм, асосий воситаларнинг мазкур объекти бўйича қайта баҳолаш сальдоси – 2 800 минг сўм.

 

Мазкур ҳолатда ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар эътиборга олинади:

 

Ялпи тушум товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан олинган соф тушум ва бошқа даромадлар ҳисобидан шаклланади. Бошқа даромадлар таркибида асосий воситалар (АВ) ва бошқа мол-мулк чиқиб кетишидан даромадлар (СКнинг 132-моддаси 1-банди), улар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган фойда ҳисобланади. «Асосий воситалар» деб номланган 5-сон БҲМСда3 ва Асосий воситаларнинг балансдан чиқарилиши тартиби тўғри­сидаги низомда4 белгиланишича, асосий воситалар реализациясидан молиявий натижалар (фойда ёки зарар) ҚҚС (ҚҚС тўловчилар учун) ва қайта баҳолаш сальдосига тўғриланган реализация бўйича харажатларни ҳисобга олган ҳолда, реализациядан тушум ва реализация қилинаётган АВ қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

 

Шундай қилиб, ЯСТ тўловчида агар АВ реализациясидан молиявий натижа ижобий бўлган тақдирда, солиқ солинадиган бошқа даромад юзага келади, яъни ҳисоб-китоб бўйича фойда олинади. Ушбу операция бўйича зарар ялпи тушумга киритилмайди.

 

Ушбу мисолда кўрсатилган автомобилнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани аниқлаймиз:

 

10 500 – (29 600 – 14 600) + 2 800 = – 1 700 минг сўм.

 

Ҳисоб-китоб бўйича автомобиль зарарга сотилган. Тегишинча, ЯСТ ҳисоб-китобига АВ реализацияси бўйича операциялар натижалари таъсир кўрсатмайди.

 

I чорак якунларига кўра ЯСТ ҳисоб-китоби реализация қилишдан соф тушумдан келиб чиқиб амалга оширилади, чунки мазкур вазиятда ҳам солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри), ҳам солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) сифатида эътироф этилади.

 

Юкларни ташиш билан шуғулланувчи корхоналар учун ЯСТ ставкаси 6%ни ташкил этади, Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида кўрсатилади.

 

Ягона солиқ тўловининг суммаси (Ҳисоб-китобнинг 0902, 090, 120-сатрлари) 624 минг сўмни (10 400 х 6%) ташкил этади. Шундан:

 

«Камолот» жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 49,92 минг сўм (624 х 8%);

 

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 574,08 минг сўм (624 – 49,92).

 

Бюджетга ўтказилиши лозим бўлган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТ энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини таққослаймиз. Юк ташиш билан шуғулланувчи корхона учун ЯСТнинг энг кам миқдори ер солиғининг 3 бараварига тенг.

 

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қи­лишда:

 

юридик шахслар мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари инобатга олинади. Ўз биноси учун ажратилган ер участкаси майдони ер кадастри ҳужжатларига, ижарага олинган ер участкаси майдони ижара шартномасига кўра кўрсатилади;

 

мазкур жой ва ер тоифалари учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкалари қўлланилади, Андижонда энг кам ставка 4-зона учун – 1 га учун 10 571 346 сўм белгиланган;

 

жойлашган жойи ва амалга оширадиган фаолият турига боғлиқ ҳолда пасайтирилган коэффициентлар қўлланилади. Автотранспортни сақлаш учун ер участкаларига эга бўлган юк ташувчи корхоналар учун пасайтирилган коэффициент – 0,35 белгиланган.

 

I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри):

 

3 х 10 571,346 х 0,228 х 0,35 / 4 = 632,695 сўмни ташкил қилади.

 

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

 

10 400 х 6% = 624 минг сўмни ташкил қилади.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммасидан кўплиги сабабли 8,695 минг сўмга (632,695 – 624) қўшимча ҳисоблаш амалга оширилади. Ушбу сумма Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрларида кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 170-сатрига кўчирилади.

 

Ҳисобот чорагида бюджетга тўланиши лозим бўлган сумма (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) Ҳисоб-китобнинг 130-сатри бўйича ЯСТ суммаси ва Ҳисоб-китобнинг 170-сатри бўйича 582,775 минг сўмга (574,08 + 8,695) қўшимча ҳисоблаб ёзиш тарзида аниқланади.

 

2Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 2-илова.

 

3Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

4Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган. 

 

 

2014 ЙИЛ БИРИНЧИ ЧОРАГИ УЧУН ЖШДС, ЯИТ ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ БЎЙИЧА СОЛИҚ ҲИСОБОТИ ШАКЛЛАРИНИ ТЎЛДИРИШГА ДОИР ТАВСИЯЛАР

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрлаган 2014 йилнинг I чораги учун ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришга доир тушунтиришларни бугунги сондан бошлаб эътиборингизга ҳавола этамиз. Тушун­тиришларни тайёрлашда солиқ солишдаги ўзгартишлар ҳисобга олинган.

  

ЖШДС БЎЙИЧА 2014 ЙИЛДА ЖОРИЙ ЭТИЛГАН АСОСИЙ ЎЗГАРТИШЛАР

 

2014 йил 1 январдан амал қилаётган ўзгар­тишлар:

 

ЖШДС ставкалари бўйича cолиқнинг энг кам ставкаси 0,5%га, яъни 8%дан 7,5%гача пасайтирилди (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 8-илова). 2014 йилда ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш учун йил бошида белгиланган ЭКИҲ – 96 105 сўм қўлланади;

 

ходимнинг даромади сифатида қаралмайдиган иш берувчининг харажатларида. Жисмоний шахсларнинг даромадлари деб тан олинмайдиган юридик шахсларнинг харажатлари рўйхати кенгайтирилди. Унга юридик шахсдан – иш берувчидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун ваколатли банклар томонидан бериладиган ипотека кредити бўйича бошланғич бадал сифатида қурувчи шахс томонидан олинган маблағлар киритилди (Солиқ кодекси (СК) 171-моддаси иккинчи қисми 14-бандига қўшимча 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан киритилган, бундан кейин – ЎРҚ-359-сон Қонун). Қишлоқ жойларда уй-жой қуриш учун кредитлар берадиган банклар қуйидагилар ҳисобланади: «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ипотека банк» АТИБ (Президентнинг 3.08.2009 йилдаги ПҚ-1167-сон ва 4.01.2013 йилдаги ПҚ-1902-сон қарорлари);

 

солиқ солинадиган базада. ЎРҚ-359-сон Қонун билан СКнинг 176-моддаси 4-бандига киритилган қўшимча билан жисмоний шахсларнинг мол-мулкни реализация қилишдан олган даромадларининг уни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда (бўлмаганда) аниқланиши тартибига аниқлик киритилади. Унга мувофиқ мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса, инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади.

 

ЎРҚ-359-сон Қонун билан 2014 йил 1 апрелдан жорий этилаётган ўзгартишлар:

 

ходимнинг ёки унинг оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан бериладиган моддий ёрдамнинг ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорига ЖШДС солинмайди. 1 апрелгача солиқ солинмайдиган сумма ЭКИҲнинг 20 бараварини ташкил этган эди;

 

10 ва ундан ортиқ боласи бор аёллар учун ЖШДС бўйича имтиёз (ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 баравари доирасидаги даромадларни солиқ солишдан озод қилиш) бекор қилинади;

 

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида жабрланганлар учун ЖШДС бўйича имтиёз (ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг даромадларни солиқ солишдан озод қилиш) бекор қилинади. Бунда Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган жисмоний шахслар I ва II гуруҳ ногиронларига берилган имтиёзни кейинчалик қўллашлари мумкин;

 

кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадларга ЖШДС солинади. 2014 йил 1 апрелгача кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида икки мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадларга солиқ солинмайди.

 

Ижара ҳақининг энг кам ставкаларидаги ўзгар­тиш­лар:

 

2014 йил 1 январдан нотурар жойлар ва автотранспорт учун ижара ҳақининг энг кам ставкалари жорий этилди (Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарори 4-банди). 2014 йилда улар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

 

нотурар жойлар учун: Тошкент ш. – 6 000 сўм; Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар – 4 000 сўм; бошқа аҳоли пунктлари – 2 000 сўм (ойига умумий майдоннинг 1 кв.м учун);

 

автотранспорт учун: енгил автомобиллар (йўловчилар, юк ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситалари) – 220 000 сўм; микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари – 430 000 сўм (ойига 1 бирлик учун).

 

Тегишинча, 2014 йилда жойлар ва автотранспорт ижарага берилганда шартномадаги ижара ҳақи суммасига, бироқ у ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланганидан кам бўлмаслиги керак, ЖШДС (7,5%лик ставкада) солинади.

 

2014 йилда турар жой умумий майдонининг 1 кв.м учун ижара ҳақининг энг кам ставкалари (ойига) аввалги миқдорларда сақлаб қолинди.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботининг шакллари қуйидагиларни ўз ичига олади:

 

● Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар (бундан кейин – Маълумотлар);

 

● Маълумотларга 1-илова – Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно) (бундан кейин – Маълумотларга 1-илова);

 

● Маълумотларга 2-илова – Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси (бундан кейин – Маълумотларга 2-илова);

 

● Маълумотларга 3-илова – Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкаси (бундан кейин – Маълумотларга 3-илова);

 

● Маълумотларга 4-илова – Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкаси (бундан кейин – Маълумотларга 4-илова).

 

3 ва 4-иловалар йил давомида тақдим этилмайди, улар фақат йил якунлари бўйича йиллик Маълумотлар билан биргаликда ДСИга топширилади. Биринчи чорак учун солиқ тўловчилар 25 апрелдан кечиктирмай Маълумотларнинг ўзини ва уларга 1 ва 2-иловаларни солиқ органларига тақдим этишлари шарт.

 

Қуйида 2014 йил I чораги учун ЖШДС бўйича шакл­ларни тўлдиришга доир тушунтиришлар келтирилган.  Маълумотлардаги айрим кўрсаткичларни акс эттириш учун 1 ва 2-иловалардаги маълумотлардан фойдаланилади, шу сабабли аввал уларни тўлдириш зарур. Бизнинг тавсияларда тушунтиришлар изчил равишда берилади – Маълумотлар, сўнгра уларга иловалар.

 

ҲИСОБЛАНГАН ВА АМАЛДА ТЎЛАНГАН ДАРОМАДЛАР СУММАЛАРИ ҲАМДА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИНИНГ УШЛАБ ҚОЛИНГАН СУММАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР

 

001-сатрда ҳисобот йили бошидан даромадлар олган жисмоний шахсларнинг сони кўрсатилади. Мазкур кўрсаткичга даромадлар олган барча жисмоний шахслар, ушбу даромадлар асосий ёки асосий бўлмаган иш жойида, тўлиқ ишланган ой ёки бир неча кун учун тўланганидан қатъи назар, киритилади.

 

002-сатрда 001-сатрдан асосий иш жойида даромадлар олган жисмоний шахсларнинг сони ажратилади. Иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритадиган иш жойи асосий иш жойи ҳисобланади (СКнинг 22-моддаси).

 

003-сатрда 001-сатрдан асосий бўлмаган иш жойидан даромад олувчилар: ташқи ўриндошлар, мулкий ва бошқа даромадлар олувчи фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчи шахслар сони ажратилади.

 

004-сатрда жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадларнинг умумий суммаси – жами даромад кўрсатилади. Унга, СКнинг 171-моддасига мувофиқ, қуйидагилар киради:

 

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар (СКнинг 172, 173, 174 ва 175-моддалари);

 

мулкий даромадлар (СКнинг 176-моддаси);

 

моддий наф тарзидаги даромадлар (СКнинг 177-моддаси);

 

бошқа даромадлар (СКнинг 178-моддаси).

 

004-сатр қиймати жисмоний шахсларнинг даромадларини ҳисобга олиш учун фойдаланиладиган барча ҳисобварақлардаги (даромад турига қараб 6710, 6610, 6620, 6910 ва бошқа ҳисобварақлар ҳамда корхона ҳисоб сиёсатида назарда тутилган ҳисобварақлар кредити) суммаларни қўшиш йўли билан аниқланади.

 

СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган тўловлар ЖШДС бўйича ҳисоботни тўлдиришда инобатга олинмайди.

 

МИСОЛ. Корхона ходимига бир ой учун қуйидагилар ҳисоблаб ёзилган: иш ҳақи – 800 000 сўм, овқатланиш учун қўшимча тўлов – 120 000 сўм, суткалик пуллар – 300 000 сўм (норма доирасида – 96 105 сўм, нормадан ортиқ бўлганда – 203 895 сўм). Шунингдек унга шаҳар йўловчилар транспортида хизмат қатновлари учун қиймати 80 000 сўмлик йўл карточкаси берилган.

 

Санаб ўтилган тўловлардан қуйидагилари ходимнинг даромадлари ҳисобланмайди ва, тегишинча, ЖШДС бўйича ҳисоботда кўрсатилмайди:

 

хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаси қиймати (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисми 4-банди);

 

белгиланган норма доирасида хизмат сафарида бўлинган вақт учун тўланадиган суткалик пуллар – 96 105 сўм (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисми 7-банди).

 

Маълумотлар ва Расшифровкани тўлдириш чоғида даромадлар деб тан олинадиган тўловлар ҳисобга олинади:

 

иш ҳақи – 800 000 сўм;

 

овқатланиш учун қўшимча тўлов – 120 000 сўм;

 

нормадан ортиқча суткалик пуллар – 203 895 сўм.

 

005-сатрда 004-сатрдан корхона ЖШДС ушламаган моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси ажратилади.

 

СКнинг 184-моддасига мувофиқ меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи корхона мазкур шахснинг ёзма аризаси асосида ЖШДСни ушлаб қола олмайди. Бунда солиқни даромадларни олувчининг ўзи ДСИга тақдим этилган декларация асосида тўлайди.

 

СКнинг 177-моддасига мувофиқ моддий наф тарзида олинган даромадларга қуйидагилар киради:

 

● юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш, шу жумладан:

 

жисмоний шахсларнинг болаларини мактабгача таълим муассасаларида ўқитиш, тарбиялаш;

 

коммунал хизматлар, ходимларга берилган уй-жой ҳақини, уй-жойдан фойдаланиш харажатлари ҳақини, ётоқхонадаги жойлар ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;

 

санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;

 

юридик шахснинг жисмоний шахс даромади бўлган бошқа харажатлари;

 

● солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб текинга, шу жумладан ҳадя шартномаси асосида берилган мол-мулк, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар қиймати;

 

● товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ходимларга реализация қилинадиган нархи ва шу товарларнинг қиймати ўртасидаги салбий тафовут;

 

● қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларга темир йўл, авиация, дарё, автомобиль транспорти ва шаҳар электр транспортида юриш бўйича бериладиган имтиёзлар суммаси;

 

● жисмоний шахснинг юридик шахс олдидаги қарзининг юридик шахс қарори билан ҳисобдан чиқарилган суммалари;

 

● иш берувчи томонидан тўловлар ҳисобига тўланиб, ходимдан ушлаб қолиниши лозим бўлган, лекин ушлаб қолинмаган суммалар.

 

006-сатрда СКнинг 179, 180-моддалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ЖШДС ушланмайдиган даромадлар суммаси кўрсатилади.

 

Солиқ кодекси билан белгиланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар билан даромадларнинг айрим турларини (СКнинг 179-моддаси), шунингдек жисмоний шахсларнинг алоҳида тоифаларини (СКнинг 180-моддаси) солиқ солишдан озод этиш назарда тутилган. Солиқ бўйича бир қатор имтиёзлар ЭКИҲга каррали миқдорда белгиланган. Уларга моддий ёрдам, совғалар ва ишдан бўшатиш нафақаси киради. СКнинг 180-моддаси иккинчи қисми билан алоҳида тоифадаги жисмоний шахсларнинг ҳар бир ойдаги ЭКИҲнинг 4 баравари доирасидаги даромадлари солиқ солишдан озод қилинган. 2014 йилда энг кам иш ҳақига каррали миқдорда белгиланган имтиёзларни йил давомида ҳисоблаш чоғида 1 январда амал қилган ЭКИҲ – 96 105 сўм қўлланади. Яъни бу йил юқоридаги имтиёзларни ҳисоблашда солиқ солинмайдиган чегара қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

 

моддий ёрдам бўйича – 1 153 260 сўм (96 105 х 12) ёки, агар ходимнинг ёки унинг оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан бериладиган моддий ёрдам 2014 йил биринчи чорагида тўланган бўлса 1 922 100 сўм (96 105 х 20);

 

ишдан бўшатиш нафақаси бўйича – 1 153 260 сўм (96 105 х 12);

 

совғалар бўйича – 576 630 сўм (96 105 х 6).

 

Қуйидаги шахсларнинг ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари доирасидаги даромадлари солиқ солишдан озод этилган:

 

«Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган шахслар;

 

уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар.

 

1.01.2014 йилгача (СКнинг 180-моддасига ЎРҚ-359-сон Қонун билан ўзгартишлар киритилгунгача) уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган ҳамда имтиёзга ҳақли бўлган шахсларнинг алоҳида тоифалари СКнинг 180-моддаси иккинчи қисми 1, 2, 3, 4 ва 8-бандларида кўрсатилган эди. 2014 йил 1 январдан рўйхати ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган барча уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақли шахсларнинг битта тоифасига бирлаштирилди;

 

болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари;

 

1.04.2014 йилгача – ўн ва ундан ортиқ боласи бор аёллар. Имтиёз 1.04.2014 йилдан бошлаб ЎРҚ-359-сон Қонун билан бекор қилинди;

 

собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари);

 

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида жабрланганлар. 1.04.2014 йилдан бошлаб СКнинг 180-моддасидан мазкур имтиёз назарда тутилган банд ЎРҚ-359-сон Қонун билан чиқариб ташланди. Бунда Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган жисмоний шахслар I ва II гуруҳ ногиронларига берилган имтиёзни қўллашлари мумкин;

 

икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар;

 

икки ва ундан ортиқ ўн олти ёшга тўлмаган болалари бор ва боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган бева аёл ва бева эркаклар;

 

болалигидан ногирон бўлган, доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири.

 

Кўрсатилган имтиёзлар СКнинг 180-моддаси иккинчи қисмида келтирилган тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ҳамда фақат асосий иш жойидан берилади. Асосий иш жойи бўлмаганда имтиёзларни жисмоний шахс яшайдиган жойдаги солиқ органлари жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида қўллайдилар.

 

007-сатрда ЖШДС бўйича солиқ солинадиган база кўрсатилади, у қуйидагиларни чегирган ҳолда ялпи даромаддан (004-сатр) келиб чиқиб аниқланади:

 

корхона СКнинг 184-моддасига мувофиқ ЖШДС ушламаган моддий наф тарзидаги даромадлар (005-сатр);

 

СКнинг 179, 180-моддалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ солиқ солишдан озод этилган даромадлар (006-сатр).

 

008–011-сатрларда 007-сатрдан ЖШДСнинг қандай ставкалари қўлланилишига қараб даромадлар ажратилади. Жисмоний шахслардан асосий иш жойида олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, солиқ солинадиган база ва белгиланган солиқ шкаласидан келиб чиқиб амалга оширилади (СКнинг 186-моддаси). 

 

008-сатрда 007-сатрдан солиқ солишнинг белгиланган шкаласида солиқ солинадиган даромадлар ажратилади.

 

2014 йил март ойи учун ЖШДСни ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги шкала қўлланилади:

 

(сўм)

Ходимнинг солиқ солинадиган даромади миқдори

 

Солиқ суммаси

 

1 441 575 сўмгача
(5 х 288 315)

 

Даромад суммасининг 7,5%и

 

1 441 576 сўмдан
2 883 150 сўмгача
(10 х 288 315)

 

108 118,13 сўм + 1 441 575 сўмдан ортиқ сумманинг 16%и

 

2 883 151 сўм ва ундан юқори

 

338 770,13 сўм + 2 883 150 сўмдан ортиқ сумманинг 22%и

 

 

009-сатрда 007-сатрдан тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинадиган дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар ажратилади (Президентнинг ПҚ-1887-сон Қарори 3-банди). Cолиқ солишдан озод этилган дивидендлар ва фоизлар сатрда кўрсатилмайди.

 

010-сатрда 007-сатрдан СКнинг 181-моддасига мувофиқ энг кам ставкада (7,5%) солиқ солинадиган даромадлар ажратилади. Уларга қуйидагилар киради:

 

баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган коэф­фициентлар бўйича қўшимча тўловлар тариқасида олинган даромадлар;

 

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадлари, пахта йиғим-теримида ишларни бажарганлик учун олинган даромадлар бундан мустасно;

 

кўчар ва кўчмас мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

 

жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар.

 

Корхона жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк ва автотранспортни ижарага беришдан олган даромадларига солиқ солишда шартнома бўйича ижара ҳақи суммасига ЖШДС солинишини ҳисобга олиши керак, бироқ бунда у Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарорига 25-илова билан белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланганидан кам бўлмаслиги керак.

 

Жисмоний шахсга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад мол-мулкни реализация қилиш нархининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса, инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади.

 

Бунда жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар СКнинг 179-моддаси 11-бандига асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилганлигини ҳисобга олиш лозим. Қуйидагиларни реализация қилишдан даромадлар бундан мустасно:

 

қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини);

 

нотурар жойларни.

 

Турар жойларга нисбатан ҳам имтиёзни қўллашга доир чекловлар белгиланган: уларни реализация қилишдан даромадларга фақат кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда ЖШДС солинади. Уй-жой фонди объектлари 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ реализация қилинганда солиқ солинадиган даромадлар уй-жой фондининг барча объектлари реализациясини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. ЎРҚ-359-сон Қонун билан 2014 йил 1 апрелдан ана шундай тартиб жорий этилди. 2014 йилнинг биринчи чорагида эса кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида икки мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадларга солиқ солинмайди.

 

011-сатрда 007-сатрдан ЖШДСнинг энг юқори ставкасида (22%) солиқ солинадиган даромадлар ажратилади. У асосий бўлмаган иш жойида жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадларга нисбатан уларнинг аризасига кўра қўлланади. Шунингдек ходим йил бошланганидан ке­йин ишга жойлашиб, аввалги иш жойидан маълумотномани ёки СТИРни бухгалтерияга тақдим этмаганда, солиқнинг энг юқори ставкаси асосий иш жойида қўлланади (СКнинг 186-моддаси). Шуни эслатиб ўтамизки, энг юқори ставкада солиқ ушланганда СКнинг 179 ва 180-моддаларида назарда тутилган имтиёзлар қўлланмайди.

 

012-сатрда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар (6410-ҳисобварақ кредити) чегирилган ҳолда ЖШДСнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

 

Меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари бўйича амалга ошираётган жисмоний шахслар (улар жумласига ишловчи пенсионерлар, ўриндошлар ҳам киради), шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарадиган фуқаролар, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ ЖШДС ушланса, ШЖБПҲга бадалларни мажбурий тартибда тўлайдилар (Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг1 1-банди, бундан кейин – 1515-сон Низом). Шу тариқа, фақат ЖШДС солинадиган даромадлардан ШЖБПҲга мажбурий ажратмалар тўланади, уларнинг солиқ солинмайдиган қисмидан ШЖБПҲга бадаллар ўтказилмайди.

 

1-МИСОЛ. Корхона ходимнинг даромадларини 20 яшар ўғлининг Ўзбекистон олий ўқув юртида таълим олиши учун ҳақ тўлаш ҳисобига ўтказади. Уларга СКнинг 179-моддаси 31-бандига асосан ЖШДС солинмайди. Тегишинча, улардан ШЖБПҲга 1% ўтка­зилмайди.

 

2-МИСОЛ. Ходимнинг бир ойлик жами даромади – 1 800 минг сўм, шу жумладан фарзанди туғилганлиги муносабати билан берилган моддий ёрдам – 500 минг сўм (солиқ солинмайдиган чегарадан ошмайди). ШЖБПҲга ўтказиладиган сумма 13 минг сўмни ташкил этади (1 300 х 1%).

 

012-сатр кўрсаткичи Маълумотларга 1-илова 5-усту­нининг «Йил бошидан жами» сатри ва Маълумотларга 014-сатрнинг кўрсаткичлари йиғиндиси сифатида белгиланади.

 

Шуни қайд этиш лозимки, ходимларнинг ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллари бюджетга тўланадиган ЖШДС суммасини камайтирмайди. Бироқ СКнинг 179-моддаси 31-бандига асосан жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадини белгилашда уларнинг суммаси чегирилади.

 

013-сатрда 012-сатрдан белгиланган шкала бўйича солиқ солинадиган даромадлардан бюджетга тўланадиган ЖШДС суммаси келтирилади.

 

014-сатрда 012-сатрдан дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ҳисобланган ЖШДС суммаси келтирилади. Маълумотларга 2-илова 3-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсаткичи ушбу сатрга кўчирилади.

 

015-сатрда 012-сатрдан энг кам солиқ ставкасида солиқ солинадиган даромадлардан бюджетга тўланадиган ЖШДС суммаси келтирилади.

 

016-сатрда 012-сатрдан энг юқори ставкада солиқ солинадиган даромадлардан бюджетга тўланадиган ЖШДС суммаси келтирилади.

 

017-сатрда ШЖБПҲга мажбурий бадалларнинг ҳисоб­ланган суммаси (6530-ҳисобварақ кредити) кўрса­тилади. Сатрга Маълумотларга 1-илова 4-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсаткичи кўчирилади.

 

018-сатрда қуйидаги формулага кўра аниқланадиган ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадаллари чегирилган ҳолда ҳисоблаб ёзилган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади:

 

004-сатр – 012-сатр – 017-сатр – фуқароларнинг ҳи­соблаб ёзилган суғурта бадаллари (6,5%).

 

019-сатрда жисмоний шахсларга пул кўринишида тўланган ёки натура шаклида берилган даромадларнинг умумий суммаси (ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадалларини чегирган ҳолда) кўрсатилади.

 

019-сатр кўрсаткичи Маълумотларга 1-илова 6-усту­нининг «Йил бошидан жами» сатри ва Маълумотларга 2-илова 5-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсат­кичларини қўшиш йўли билан белгиланади.

 

020-сатрда бюджетга тўланган ЖШДСнинг умумий суммаси (ШЖБПҲга бадалларни чегирган ҳолда) кўрсатилади.

 

Сатр кўрсаткичи Маълумотларга 1-илова 12-устуни ва Маълумотларга 2-илова 8-устунининг «Йил бошидан жами» сатрлари кўрсаткичларининг йиғиндисига тенг.

 

Шуни эслатиб ўтамизки, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қуйидаги ҳолларда тўла­нади:

 

жисмоний шахсларга даромадлар тўлаш мақсадида пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда;

 

тўлов натура ҳолида амалга оширилган ой тугаганидан кейин 5 кун ичида, агар бундай тўловга қонун ҳужжатларида рухсат берилган бўлса (СКнинг 188-моддаси).

 

021-сатрда Халқ банкига ўтказилган ШЖБПҲга бадаллар суммаси кўрсатилади. Сатр кўрсаткичига Маълумотларга 1-илова 11-устунининг «Йил бошидан жами» сатридаги қиймат кўчирилади.

ШЖБПҲ ЖШДС ўтказилаётган бир пайтда тўланади (1515-сон Низомнинг 7-банди).

 

1МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

МАЪЛУМОТЛАРГА 1-ИЛОВА

Маълумотларга 1-илова – Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно) ҳар бир ҳисобот чораги учун тегишли операциялар (ҳисоблаш, тўлаш, натура ҳолида бериш, бюджетга ёки ШЖБПҲга ўтказиш) амалга оширилган кунлар бўйича тўлдирилади ва тақдим этилади.  

 

Расшифровкада:

 

СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайдиган тўловлар кўрсатилмайди;

 

моддий наф тарзидаги даромадларнинг ҳисобланган (тўланган) суммалари мазкур тўловлар ҳисобланган (тўланган) ой учун ҳисобланган иш ҳақи суммаси билан биргаликда кўрсатилади;

 

хизмат сафари харажатлари бўнак сифатида тўланганда ҳисобланган (тўланган) меъёрдан ортиқча суткалик пуллар бўнак ҳисоботи қабул қилинган ой учун ҳисобланган (тўланган) иш ҳақи суммаси билан бирга кўрсатилади.

 

1-МИСОЛ. 18 февралда ходимга совға тақдим этилди. Расшифровкада совға кўринишидаги даромаднинг (моддий нафнинг) ҳисоблаб ёзилиши февраль ойи учун иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган санада, тақдим этилиши эса – у тўланган санада акс эттирилади.

 

2-МИСОЛ. Ходимга суткалик пуллар 20 декабрда берилган, бўнак ҳисоботи 3 январда тақдим этилган. Расшифровкада меъёрдан ортиқча суткалик пуллар январь ойи учун иш ҳақини ҳисоблаш санасида, уларнинг тўланиши эса у тўланган санада акс эттирилиши керак.

 

Агар корхона жисмоний шахснинг даромадларидан ушланмалар олса (масалан, ходимнинг аризасига кўра иш ҳақи ипотека кредитини қоплашга йўналтирилса ёки ижро варақаси бўйича ундан алимент ушланса ва ҳоказо), у ҳолда пул маблағларини ўтказиш ёки уларни банкдан иш ҳақини тўлаш учун олиш санасида акс эттириши керак. Масалан, кредитни қоплаш ёки алимент тўлаш операцияларини амалга ошириш санаси бўлиб уларни ўтказиш санаси ҳисобланади. Ходимнинг корхона олдидаги қарзини (масалан, берилган қарз) сўндириш ҳисобига ушланмалар иш ҳақини тўлаш санасида акс эттирилади.

 

МИСОЛ. Корхона ижро варақасига кўра ҳар ойда ходим даромадидан 25% ушлаб қолади. Унга 2014 йил 3 мартда иш ҳақи тўланган, алимент 4 мартда ўтказилган. 2014 йил I чораги учун Расшифровкада алиментлар суммаси 4 мартда кўрсатилади.

 

ШЖБПҲга бадалларнинг (4-устун) ва бюджетга ЖШДСнинг (5-устун) ҳисобланган суммалари жисмоний шахсларнинг даромадларини ҳисоблаб ёзиш санасида (2-устун) кўрсатилади.

 

«Чорак бошидаги қолдиқ» сатрига бундан аввалги чорак учун Расшифровканинг тегишли устунларидан «Чорак охиридаги қолдиқ» сатридаги маълумотлар кўчирилади (2014 йил I чораги учун Расшифровкага – 2013 йил IV чораги учун Расшифровка кўрсаткичлари).

 

2-устунда жисмоний шахсларга ҳисобланган, ЖШДС (шу жумладан ШЖБПҲ) ва фуқароларнинг суғурта бадаллари чегирилган ҳолда, даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади:

 

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар (СКнинг 172–175-моддалари);

 

мулкий даромадлар (СКнинг 176-моддаси), дивидендлар ва фоизларни чегирган ҳолда;

 

моддий наф тарзидаги даромадлар (СКнинг 177-моддаси);

 

бошқа даромадлар (СКнинг 178-моддаси).

 

3-устунда 2-устундан солиқ солинадиган даромадлар, яъни СКнинг 179, 180-моддаларида ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёзлар чегирилган ҳолдаги даромадлар ажратилади. 3-устун кўрсаткичига асосий бўлмаган иш жойида тўланган, олувчининг аризасига кўра ЖШДС ушланмаган моддий наф тарзидаги даромадлар киритилмайди.

 

4-устунда ШЖБПҲга мажбурий ажратмаларнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

 

5-устунда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар чегирилган ҳолда ҳисобланган ЖШДС кўрсатилади.

 

2–5-устунларнинг «Ой бошидаги қолдиқ» сатрига бундан аввалги чорак учун Расшифровканинг тегишли устунлари «Чорак охиридаги қолдиқ» сатридаги суммалар кўчирилади.

 

6-устунда жисмоний шахсларга пул маблағлари билан тўланган (шу жумладан пластик карточкаларга ҳисобланмалар, жисмоний шахсларнинг даромадларидан ушланмалар ва ўтказмалар, моддий наф тарзидаги даромадлар) ёки натура шаклида берилган, шу жумладан ЖШДС солинмайдиган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади.

 

7-устунда 6-устундан солиқ солинадиган даромадлар ажратилади.

 

МИСОЛ. Ходимга 1 200 000 сўм моддий ёрдам берилди. Унинг солиқ солинадиган қисми 46 740 сўмга тенг (1 200 000 – 96 105 х 12). 6-устунда моддий ёрдамнинг бутун суммаси (1 200 000 сўм), 7-устунда солиқ солинадиган қисми (46 740 сўм) кўрсатилади.

 

8-устунда 6-устундан жисмоний шахсларга натура шаклида тўланган даромадлар суммаси ажратилади.

 

ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон Қарорига мувофиқ республикамизда иш ҳақини натура шаклида (ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот, харид қилинган товарлар билан ва ҳоказо) тўлаш тақиқланган. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бундан мустасно, улар (ходимларнинг ёзма аризасига кўра) ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини, башарти ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларини тўлашга доир қарзлари бўлмаса, иш ҳақи тарзида бера оладилар.

 

Ушбу тўловлардан ташқари, 8-устунда совғалар, чипталар, йўлланмалар, бепул овқатланишга талонлар ва бошқаларнинг суммалари кўрсатилади.

 

9-устунда 6-устундан солиқ солинадиган, натура шаклида тўланган даромадлар ажратилади.

 

МИСОЛ. Ходимга юбилейи муносабати билан 600 000 сўмлик совға берилган (6-устунда кўрсатилади). ЭКИҲнинг 6 баравари (576 630 сўм) доирасидаги совғанинг қийматига ЖШДС солинмайди. Солиқ солинадиган сумма – 23 370 сўм 9-устунда кўрсатилади.

 

10-устунда 6-устундан бўнак сифатида тўланган иш ҳақи суммаси (тўлов санасида) кўрсатилади.

 

11-устунда ШЖБПҲга мажбурий бадалларнинг Халқ банкига ўтказилган суммаси кўрсатилади (тўлов топшириқномаси ёзилган санада).

 

12-устунда ШЖБПҲга бадаллар чегирилган ҳолда (тўлов топшириқномаси ёзилган санада) ЖШДСнинг бюджетга ўтказилган суммаси кўрсатилади.

 

«Жами» сатрида Расшифровканинг тегишли устунлари бўйича маълумотларни жамлаш натижаси кўрсатилади.

 

«Чорак охиридаги қолдиқ» сатри 2, 3, 4 ва 5-устун­ларининг кўрсаткичлари Расшифровкага изоҳда келтирилган формулалар бўйича белгиланади:

 

2-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 2-ус­туни + «Жами» сатрининг 2-устуни – «Жами» сатрининг 6-устуни;

 

3-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 3-ус­туни + «Жами» сатрининг 3-устуни – «Жами» сатрининг 7-устуни;

 

4-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 4-ус­туни + «Жами» сатрининг 4-устуни – «Жами» сатрининг 11-устуни;

 

5-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 5-ус­туни + «Жами» сатрининг 5-устуни – «Жами» сатрининг 12-устуни.

 

«Йил бошидан жами» сатрида аввалги чорак «Йил бошидан жами» ва жорий чорак «Жами» сатрларининг йиғиндиси кўрсатилади. I чоракда «Йил бошидан жами» сатрида I чорак «Жами» сатрининг қийматлари кўрсатилади.

 

Бунда «Йил бошидан жами» сатри 4 ва 11-устунлари қийматлари тегишинча Маълумотларнинг 017 ва 021-сатрларига кўчирилади. 5, 6 ва 12-устунлар қийматлари эса Маълумотларнинг 012, 019 ва 020-сатрларини тўлдиришда ҳисобга олинади.

 

МАЪЛУМОТЛАРГА 2-ИЛОВА

Маълумотларга 2-илова – Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси ҳар бир ҳисобот чораги учун тегишли операциялар амалга оширилган кунлар бўйича тўлдирилиб, тақдим этилади. 

 

«Чорак бошидаги қолдиқ» сатрида олдинги чорак учун «Чорак охиридаги қолдиқ» сатридан Расшифровканинг тегишли устунларидан кўчириладиган суммалар кўрсатилади. 2014 йил I чораги учун маълумотлар тўлдирилаётганда сатрда қуйидагилар кўрсатилади: 3-устунда – 2013 йилда ҳисобланган, бироқ тўланмаган дивидендлар ва фоизлардан ЖШДС суммаси, 4-устунда – ЖШДС чегирилган ҳолда дивидендлар ва фоизларнинг ҳисобланган суммаси.

 

2-устунда ҳисобот даври учун ҳисобланган (ҳисоб­лаш санасида) дивидендлар ва фоизлар суммаси кўрса­тилади.

 

Дивидендлар деганда қуйидагилар тушунилади:

 

● акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад;

 

● юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида (иштирокчилари, аъзолари ўртасида уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича) тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми;

 

● юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлар, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади;

 

● тақсимланмаган фойда устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда юридик шахс акциядорининг, муассисининг (иштирокчисининг, аъзосининг) қўшимча акциялар қиймати, акциялар номинал қийматининг ошиши, улуш (пай, ҳисса) қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари.

 

Фоизлар – ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинган даромад, шу жумладан облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек депозит қўйилмалар ва бошқа қарз мажбуриятларидан олинган даромад.

 

3-устунда дивидендлар ва фоизлардан ҳисобланган ЖШДС кўрсатилади (10%лик ставка бўйича).

 

4-устунда ЖШДС чегирилган ҳолда дивидендлар ва фоизларнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

 

5-устунда тўланган дивидендлар ва фоизларнинг умумий суммаси кўрсатилади (6 ва 7-устунларнинг қиймати қўшилади).

 

6-устунда пул шаклида тўланган дивидендлар ва фоизлар кўрсатилади.

 

7-устунда натура шаклида тўланган (масалан, асосий воситалар, товарлар, ўз маҳсулоти ва бошқалар билан) дивидендлар ва фоизлар кўрсатилади.

 

8-устунда бюджетга ўтказилган, дивидендлар ва фоизлардан ЖШДС суммаси кўрсатилади.

  

МИСОЛ. Жисмоний шахс – йирик корхона муассисига 9 000 минг сўмлик дивидендлар ҳисобланди, шундан 5 000 минг сўми пул шаклида, қолган қисми корхонанинг ўз маҳсулоти билан тўланади.

 

Ҳисобланган сумма (9 000 минг сўм) Расшифровканинг 2-устунида акс эттирилади. Дивидендлардан солиқ суммаси – 900 минг сўм 3 ва 8-устунларда кўрсатилади.

 

Муассисга тўланадиган дивидендлар суммаси (4 ва 5-устунлар) 8 100 минг сўмни ташкил этади (9 000 – 900). Пул билан тўланадиган дивидендлар (5 000 минг сўм) 6-устунда, 3 100 минг сўмлик (9 000 – 900 – 5 000) тайёр маҳсулот шаклида берилганлари 7-устунда кўрсатилади.

 

«Жами» сатрида Расшифровканинг тегишли устунлари бўйича маълумотлар суммаси кўрсатилади, «Чорак охиридаги қолдиқ» сатри 3 ва 4-устунларининг кўрсаткичлари эса қуйидаги формулалар бўйича белгиланади:

 

3-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 3-усту­ни + «Жами» сатрининг 3-устуни – «Жами» сатрининг 8-устуни;

 

4-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 4-усту­ни + «Жами» сатрининг 4-устуни – «Жами» сатрининг 5-устуни.

 

«Йил бошидан жами» сатрида аввалги чорак «Йил бошидан жами» ва жорий чорак «Жами» сатрларининг йиғиндиси кўрсатилади. I чоракда «Йил бошидан жами» сатрида I чорак «Жами» сатрининг қийматлари кўрсатилади.

  

«Йил бошидан жами» сатрининг 3, 5 ва 8-устунларидаги қийматлар тегишинча Маълумотларнинг 014, 019 ва 020-сатрлари кўрсаткичларини ҳисоб-китоб қилишда инобатга олинади.

 

Давоми бор.

  

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 4812 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика