Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 14 / Бизнинг лойиҳалар

Директорлар ҳам бухгалтерия ҳисобини ўрганишади

Яқинда «NORMA» Профессионал ривожланиш марказига турли корхоналарнинг 40 нафарга яқин раҳбари йиғилди. Булар «NORMA»нинг янги лойиҳаси – «Раҳбарлар учун бухгалтерия ҳисоби» масофавий таълим ўқув курсининг дастлабки тингловчилари эди.

 

Марказ директори Мўмин Ашуров иштирокчиларга ўқув курсининг мақсад ҳамда афзалликлари ҳақида гапириб берди. Афзаллик­лардан бири унинг беназирлигидир. «Мамлакатимизда ҳозирча шунга ўхшаш ўқув курслари йўқ, бу йўсиндаги масофавий курслар эса инчунин», – деди М.Ашуров. Таълимнинг бундай шакли ишбилармон доирага мансуб кишилар учун жуда қулай. Масофавий таълим ўқитувчи билан учрашиб маслаҳатлар олишни ва мусоҳаба ўтказишни ҳам ўз ичига олади. Бундай тадбирлар, айниқса якуний тест синовлари арафасида фаол тарзда ўтади.

Курснинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, ўқитувчи Игорь Аипкин шуни алоҳида таъкидладики, иштирокчилар buhshkola.uz сайти орқали эмин-эркин баҳраманд бўладиган ўқув материаллари асосан назарий йўналишдаги 10 та мавзуни қамраб олади. Уларни пухта ўзлаштириш ва олинган билимни синаб кўриш мақсадида ҳар бир мавзудан кейин тест синови ўтказилади. Сайт воситасида анжуман иштирокчиси бўлиш ва хабарлар жўнатиш имконияти таъминланганлиги ўқитувчи билан мулоқотда бўлиш, унга таълим жараёнида чиқиб қоладиган саволларни бериш имкониятини яратади. Курс тўрт ҳафтага мўлжалланган. Иштирокчилар ана шу вақт мобайнида бутун ўқув материалларини ўзлаштириб, якуний тест синовларига тайёрланмоқлари лозим. Синовдан муваффақиятли ўтган ҳар бир тингловчи сертификат олади. Бу ўқув курси бухгалтерия ҳисобини юритиш борасида таянч билим ва кўникма берадиган амалдаги «Бошловчилар учун бухгалтерия ҳисоби»дан анчагина фарқ қилади. «Раҳбарлар учун бухгалтерия ҳисоби» компания директорларини бухгалтерия ҳисобининг ва у билан боғлиқ барча жабҳаларнинг иқтисодий моҳиятини тушуниб олишга ўргатади. Мазкур таълимни ишлаб чиқишда муаллифлар кўп нарсаларни, хусусан «мавзуга бутунлай шўнғиб кетиш»нинг психологик самарасини ҳам инобатга олдилар. Игорь Аипкин таъкидлаб ўтганидек, курснинг ҳар бир иштирокчиси таълим асносида бухгалтер образига кирмоғи керак. Зотан бу нарса зарур билим ва кўникма олишга, шу жумладан ҳисоботларни ўқиш ва теран тушуниб етиш маҳоратини эгаллашга ёрдам беради.

Шуниси эътиборлики, курс корхона раҳбарларидан ташқари бошқа соҳа вакилларини ҳам ўзига жалб этди. Тингловчилар орасида ҳисоб мутахассислари ҳам бор. Бу улар учун қилаётган ишларига янгича нигоҳ ташлаш имконини беради.

Авжи иш куни эканига қарамай, ишбилармон кишилар тақдимотдан кейин тарқалишга шошилмасдилар. Кўпчилигида саволлар тугамаган, баъзилар эса курс ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашиш истагида эди.

 

Нигора, бош директор:

– Курсга одам олинаётганлигини norma.uz сайтидаги эълондан ўқидим-у ич-ичимдан қувондим. Кўпдан буён бухгалтериянинг асосларини эгаллашни ўйлаб юрар эдим. Таассуфки, кундалик ҳаётдаги тиғиз ишлар таълим курсига қатнаб ўқишга имкон бермайди. Бундан ташқари, сизларнинг курсингиз айни раҳбар учун фойдали билимлар беришар экан. Ана шу жиҳати менга кўпроқ маъқул бўлди. Бир эмас, иккита компанияга раҳбарлик қилиш, уй-рўзғор ташвишлари дегандай ниҳоятда бандман, шу сабабли ҳам ўзимга фойдали бўлган, аниқ ва амалий ахборотлар олиш кўнглимдагидай иш бўлди.

 

Баҳром УСМОНОВ, «Bayer Group» МЧЖ (божхона омбори) бош директори:

– Курсингиз ҳақида бухгалтерларим хабар топиб келишди. Раҳбар сифатида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш билан боғлиқ айрим жиҳатларни билишим шарт деб ҳисоблайман. Курс масофавий таълим шаклига эга эканлигини айни бизбоп деб ҳисоблайман. Иш графигим бориб қатналадиган машғулотлар тингловчиси бўлишга имкон бермайди. Бу ерда бизнес ишимни ривожлантириш учун асқотадиган муҳим билимлар оламан деган умиддаман.

 

Назокат РАЖАБОВА, «Umid – Jangoh» хусусий фирмаси директори:

– Турдош компанияда бухгалтерия ҳисобини олиб бораётганим учун ҳам бухгалтерия иши менга яхши таниш. Шундай бўлса-да, курсингизда ўқишга аҳд қилдим. Янги билим ва кўникмалар мени кўпроқ қизиқтиради. Ўзим учун ниҳоятда фойдали ва муҳим нарсаларни билиб оламан деган фикрдаман.

 

Олеся ХАЙДАР­ҚУЛОВА, «Bu­nisa» хусусий фирмаси директори:

– Бухгалтерия ишига раҳбар кўзи билан нигоҳ ташлаш менга жуда қизиқарли бўлиб кўринди. Ўзимни келгусида бош бухгалтер, раҳбар курсисида ўтиргандай тасаввур қилдим. Шу сабабли ҳам курс менга жуда фойдали бўлди деб айта оламан.

 

Павел ДОБРИНИН, «Abplanalp Engineering Ag» вакиллиги раҳбари­нинг ёрдамчиси, таржимон:

– Чет эл компанияларининг ва­килликлари ҳам қонун ҳужжатла­рига мувофиқ молия ҳисоботлари топширишлари, солиқлар тўлашлари лозим. Бу ишлар қандай ва нима учун амалга оширилиши хусусида кўпроқ нарса билиб олиш истагида эдим. Ана шунда булар юзасидан вакиллик раҳбарига ва бош идорада тўлиқ, муфассал тушунтириш беришим осон кечади. Таълимнинг масофавий шаклда эканлиги менга жуда ёқди. Гапнинг рости, айни шу жиҳат мени курс тингловчилигига ундади.

 

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2299 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика