Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 14 / Амалий бухгалтерия

Техник назорат учун бош бухгалтер жавобгарми?

Амалдаги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бир қаторда, хўжалик юритувчи субъектнинг бош бухгалтери зиммасига унинг мансаб мажбуриятлари тақозо этадиган жавобгарликни юклайди. Унинг муайян жиҳатларини маълум даражада корхонанинг фаолияти соҳаси белгилайди. Уларни пудрат қурилиш ташкилотини жалб этган ҳолда объектни қурувчи хўжаллик юритувчи субъект бош бухгалтерининг масъулияти мисолларида кўриб чиқамиз.

Бажарилган қурилиш ишларини пудратчи билан буюрт­мачи ўртасида қабул қи­лиш-топшириш одатда қури­лишда бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғ­рисида маъ­лу­мотнома-ҳи­собварақ-фак­турани (бундан кейин – Маълумотнома-ҳи­собварақ-фактура) рас­мий­лаштирган ҳолда амалга оширилади. Бирламчи бухгалтерия ҳисобининг ушбу шаклини тўлдириш тартиби Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича республика комиссиясининг баённома қарори (2.02.2009 йилдаги 1-сон) билан тасдиқ­ланган. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилишини белгилайдиган бошқа меъёрий ҳужжатлар мавжуд эмас.

У танлов (тендер) савдоларининг натижалари бў­йича амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини (лойиҳалаш, қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлашга доир) амалга оширишда, қурилиш «тайёр қилиб топшириш» усули билан, бевосита шартномалар бўйича олиб борилганда, бир вақтнинг ўзида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш (параллель лойиҳалаштириш) билан бирга тўлдирилади. Ҳужжат буюртмачи, қурилиш пудрат ва хўжалик юритиш (мулкчилик) шакллари ҳамда молиялаш манбаларидан қатъи назар қурилиш соҳасида фаолият юритаётган бошқа ташкилотлар томонидан расмийлаштирилади.

Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура буюртмачининг пуд­ратчи қурилиш ташкилотларига (бош пудратчи, ёрдамчи пудратчига) қурилиш-монтаж ишларининг бажарилган ҳажмлари учун ҳақ тўлаши учун асос ҳисобланади. У пудратчи томонидан ҳисобот ойининг 27-кунига қадар тўлдирилади ҳамда бажарилган ишлар ҳажмларини расмийлаштириш ва тасдиқлатиш учун буюртмачига берилади. Бироқ объектлар «тайёр қилиб топшириш» усули билан қурилганда ушбу шакл пудратчи қурилиш ташкилоти томонидан тўлдирилади ва буюртмачига бош пудратчи томонидан объект қурилиши тугаганидан кейин тақдим этилади. Бунда ажратиладиган (бўнак қилинадиган) маблағлардан фойдаланиши устидан мониторингни амалга ошириш мақсадида пудратчи томонидан объектни «тайёр қилиб топшириш» усули билан қуриш чоғида қилинган харажатлар қиймати тўғрисида маълумотнома тўлдирилади ҳамда ҳар ойда буюртмачига ҳисобот ойининг 27-кунига қадар тақдим этилади. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурадаги маълумотларнинг тўғри, тўлиқ ва ҳаққоний қайд этилиши учун жавобгарлик буюртмачи ва пудратчи қурилиш ташкилоти зиммасига юкланади.

Маълумотнома-ҳисоб­варақ-фактурада кўрса­тилган қурилиш ишлари ҳажмла­рининг ҳақиқатдаги бажарилган ишлар ҳажмига мувофиқ бўлиши учун бош бухгалтер жавобгар бўладими деган савол туғилади. Бу қурилиш ҳали тугалланмаган, ҳақиқатда бажарилган пудрат ишларининг ҳар ойда ихтисослашган ташкилотни жалб этган ҳолда назорат ўлчовини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлмаган даврда айниқса долзарб масаладир.

Қурилиш устидан назорат қилиш учун муайян амалий кўникмалар ва тегишли малака талаб қилинади. Шу боис хўжалик юритувчи субъект штатида техник назорат бўйича мутахассисга эга бўлиши ёки техник назорат ўтказишга инжиниринг компанияси билан шартнома тузиши мақсадга мувофиқдир. Айни улар қурилишнинг бориши устидан назорат қилиш функциясини бажарадилар. Қурилиш устидан муаллифлик ва техник назорат тўғрисидаги низомга (Давархитектқурилишқўмнинг 23.04.1996 йилдаги 30-сон буйруғи билан тасдиқланган 1.03.07-96 КМК) мувофиқ бутун қурилиш даврида, шу жумладан лойиҳа-смета ҳужжатларининг тўловга тақдим этилган қурилиш ишларининг ҳажми ва сифатига мувофиқлигини, сифатсиз бажарилган ҳажмларга ҳақ тўланишига йўл қўймасдан, доимий назорат қилишни таъминлаш техник назоратнинг асосий вазифалари ва мажбуриятлари ҳисобланади.

Шу сабабли бош бухгалтердан хўжалик юритувчи субъектнинг техник назорат хизмати вазифаларини бажаришни талаб қилиш ўринсиздир. Ундан буни талаб қилмасликлари учун меҳнат шартномасида бош бухгалтернинг меҳнат функцияларини аниқлаштириш лозим. Меҳнат кодексининг 73-моддасига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномасида ходимнинг меҳнат функцияларини* кўрсатиши шарт.

Қонун ҳужжатларида меҳ­нат шартномасига мансаб йўриқ­номасини илова қилиш назарда тутилмайди. Бироқ бу уни хўжалик юритувчи субъект ички ҳужжатининг алоҳида формати сифатида қўллашга халал бермайди. Айни корхона раҳбарияти томонидан тасдиқланган йўриқномада бош бухгалтернинг мажбуриятлари рўйхати ва жавобгарлик доираси батафсил қайд этилиб, тилхат олинган ҳолда у билан таништирилиши керак.

Қонун ҳужжатларига муво­фиқ бош бухгалтер бухгалтерия ҳужжатларига атайлаб бузиб кўрсатилган даро­мадлар ёки харажатлар тўғри­сидаги маълумотларни қасд­дан киритганлик ёки солиқ солишнинг бошқа объектларини яширганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси ва Жиноят кодексининг 184-моддаси).

 

Тавсиялар:

Муаммолар юзага келишига йўл қўймаслик учун хўжалик юритувчи субъект Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш тартиби тўғрисида ички низомни ишлаб чиқиши мумкин. Унда тўлдириш таомили, босқичларини, текшириш қоидаларини, ушбу ҳужжатни расмийлаштиришда иштирок этувчи барча ходимларнинг вазифалари ва жавобгарлигини батафсил қайд этиш керак. Масалан, тўловга тақдим этилган қурилиш ишлари ҳажмларининг мувофиқлиги учун техник назорат хизмати жавобгардир. Бош бухгалтер барча зарур хизматлар ва мутахассисларнинг тасдиқловчи имзолари борлиги, текшириш ва арифметик хатоларга йўл қўймаслик, Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура реквизитлари ва расмийлаштириш санасининг қурилиш пудрати шартномасининг шартларига мувофиқлиги учун жавоб беради. Бундай локал ҳужжат раҳбар томонидан тасдиқланиши ва унинг буйруғи билан амалга киритилиши керак. У билан хўжалик юритувчи субъектнинг Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда иштирок этувчи барча ходимларини тилхат олиб таништириш лозим.

 

Изоҳ.

МЖТК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида белгиланган жавобгарликка солиқ тўловчи – юридик шахс раҳбари ва бош (катта) бухгалтери ёки бошлиқ ва бош (катта) бухгалтер вазифаларини амалда бажараётган ходимлари, шунингдек банк-молия ҳужжатларини тузиш, имзолаш ҳуқуқига эга бўлган ва бухгалтерия ҳужжатларига даромад ёки харажатлар тўғрисида сохта маълумотлар киритган ёхуд солиқ солинадиган бошқа объектларни яширган ўзга хизматчилари тортилишлари мумкин.

Олий Суд Пленумининг
«Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни
тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги Қарори (31.05.2013 йилдаги 8-сон),
10-банднинг иккинчи хатбошиси.

 

*Меҳнат функцияси – мазмуни лавозим йўриқномалари, малака мажбуриятлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган муайян мутахассислик, малака ёхуд лавозим бўйича (раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчиларнинг ҳамда бошқаларнинг Ягона тариф-малака маълумотномаси, Малака маълумотномаларига мувофиқ) иш (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 1-илова, III бўлим).

 

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг раиси.

 

Прочитано: 2838 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика