Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 28 / Меҳнат муносабатлари

Касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги билан ишдан бўшатиш

 

Ташкилот ходимни прогул учун ишдан бўшатмоқчи.

Ходим томонидан меҳнат вазифаларининг бузилиш далили очиқ-ойдин бўлган тақдирда, ишдан бўшатишга ходимларнинг вакиллик органидан розилик олиш шартми?

Бу тартиб-таомил қандай ўтказилади? 

 

Келишиш зарур бўлган ҳоллар

Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бу назарда тутилган бўлса, ходимни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиш зарур (МК 101-м. 1-қ.).

Агар бундай шарт мавжуд бўлса, иш берувчи қуйидагилар муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розиликни олиши керак:

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (МК 100-м. 2-қ. 1-б.);

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши (МК 100-м. 2-қ. 2-б.);

ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги (МК 100-м. 2-қ. 3-б.);

ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги (МК 100-м. 2-қ. 4-б.);

ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги (МК 100-м. 2-қ. 5-б.);

ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда (МК 100-м. 2-қ. 7-б.).

Шу боис, ҳатто агар иш берувчи ходим томонидан меҳнат вазифаларининг бузилиши (прогул) тўлиқ тасдиқланган ва шубҳа уйғотмайди, деб ҳисобласа ҳам, барибир вакиллик органи розилигини олиш зарур, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бу назарда тутилган бўлса.

 

Вакиллик органи розилиги талаб этилмайдиган ҳоллар

Агар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига асосан бекор қилинса:

корхонани тугатиш муносабати билан;

корхона раҳбари билан МКнинг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳар қандай асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинса;

корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан (бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан) тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганда (МК 100-м. 2-қ. 6-б.). 

 

Жамоа шартномасида жамоа келишувига нисбатан ходимнинг аҳволи ёмонлашиши мумкин эмас. Шу боис, агар тармоқ ёки ҳудудий жамоа келишувларида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розилик жамоа шартномасида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар олиниши шартдир (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 21-б.).

 

Розилик олиш тартиб-таомили қандай ўтказилади

Ходимга эълон қилинган огоҳлантириш муддати ўтгунга қадар вакиллик органига иш берувчи ташаббусига асосан ходимни ишдан бўшатиш учун розилик олиш тўғрисида ёзма тақдимнома йўлланг.

Тақдимномани қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи берилган шахснинг имзоси билан корхонанинг бланкасида расмийлаштиринг. Унда ишдан бўшатилаётган ходимнинг Ф.И.О. ва уни ишдан бўшатиш режалаштирилаётган МК моддасини кўрсатинг. Тақдимномага меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлиб хизмат қилган барча ҳужжатлар ва материалларни илова қилинг, рўйхатга олинг ва имзо остида вакиллик органига беринг.

 

Мисол. Вакиллик органи қарори қабул қилиниши учун зарур ҳужжатлар

Ходим билан узрсиз сабабларга кўра прогулда ифодаланган ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда.

Вакиллик органига прогул ҳолати ва ходимнинг иш жойида ҳозир бўлмаслиги учун узрли сабаблар мавжуд эмаслигини тасдиқловчи барча материаллар ва ҳужжатларни беринг. Масалан:

ходимнинг иш жойида ҳозир эмаслиги тўғрисида далолатномалар;

видеокузатув камералардан маълумотлар;

ходимларнинг келиши/кетишини рўйхатга олиш китоби (журнали);

бевосита бошлиқнинг билдиргиси, ахбороти;

ходимнинг ёзма тушунтириш хати ёки ходимнинг тушунтириш хати беришни рад этганлиги тўғрисида далолатномалар;

агар ходим ишга келмаётган бўлса – ишга келиш зарурлиги ва ҳозир бўлмаганлиги юзасидан ёзма тушунтириш бериш тўғрисида ёзма хабарнома ва ҳ.к.

Бундан ташқари, вакиллик органи прогул унинг учун меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича бекор қилиш мумкин бўлган бир марта қўпол равишда бузиш рўйхатига ҳақиқатан киришига ишонч ҳосил қилииш учун вакиллик органига ички меҳнат тартиби қоидаларини бериш зарур. Ушбу рўйхат эса айнан ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади.

Шунингдек, вакиллик органи ходим ҳозир бўлмаган давр ҳақиқатан прогул ҳисобланишини текшириши керак. Зеро, ички меҳнат тартиби қоидалари узрсиз сабабларга кўра айнан қанча вақт бўлмаганлиги – тўла иш куни, 3 соатдан ортиқ ва шу каби, прогул деб топилишини ҳам белгилайди (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 36-б.). 

 

Вакиллик органи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи кўриб чиқиладиган кунни белгилайди. Гарчи МКда ходимни албатта бундай мажлисга таклиф этиш кўрсатилмаган бўлсада, вакиллик органи унинг позициясини ҳам эшитиб, адолатли қарор қабул қилиши учун, бундай қилган маъқул.

Ходимга вакиллик органи мажлисига таклиф тўғрисидаги хабарномани «Вакиллик органининг чиқувчи ҳужжатлари» китобида рўйхатга олинг ва ходимга имзо қўйдириб топширинг. Агар у ишга келмаётган бўлса, унга Т-2-сон шахсий варақасида кўрсатилган манзил бўйича почта хабарномасини жўнатиш мумкин. Хабарнома меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлиб хизмат қилган асосий ҳужжатларга илова қилинади.

Агар ходим вакиллик органи мажлисига таклиф тўғрисидаги хабарномани олишни рад этса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Бу ходим йиғилиш ўтказиладиган жой, кун ва вақт тўғрисида ўз вақтида ва лозим даражада хабардор қилинганлиги тўғрисида вакиллик органи учун исбот-далил бўлади.

Вакиллик органи мажлисида, унинг аъзолари ва ходимдан ташқари, вакиллик органига тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берадиган бошқа ходимлар ҳам ҳозир бўлишлари мумкин: юрисконсульт, кадрлар хизмати ходими, бухгалтер ва бошқалар.

Мажлис якунларини вакиллик органи баённома билан расмийлаштиради. Баённоманинг хулоса қисмида «розилик бериш» («розилик бермаслик») ибораси бўлиши керак.

Тақдимнома олинган кундан эътиборан 10 кун ичида вакиллик органи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсга ёзма қарор ва вакиллик органи мажлиси баённомасидан кўчирмани йўллайди. Баённомадан кўчирма ходимнинг илтимосига биноан унга ҳам берилади.

Вакиллик органининг қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан 1 ой давомида юридик кучга эга бўлади. Яъни иш берувчи вакиллик органининг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан ­эътиборан 1 ойдан кечиктирмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

 

Агар вакиллик органи меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бермаслик тўғрисида қарор қабул қилса, ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас.

 

Ленара Хикматова,

 юрист, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 719 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика