Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 28 / Расмий ҳужжатлар

«Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида».

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида:

1. Мамлакат ривожланишининг бугунги босқичида коррупция Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлиги қайд этилсин.

Коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгилансин.

Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этсин.

2. Кенг жамоатчиликнинг фикри ва таклифларини инобатга олиб, давлат бошқарувини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мақсадида:

а) Агентлик томонидан «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри» (кейинги ўринларда – Реестр) юритилиши таъминлансин;

б) Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқлансин:

давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;

сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;

улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш;

давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

3. Агентлик Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Реестрни ва у билан боғлиқ чекловларни амалиётга жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

Белгилансинки, Реестрга мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қонун кучга кирганидан сўнг коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар киритилади.

4. 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади;

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ва давлат хизматига киришдан олдин олинган мол-мулк бундан мустасно).

Агентлик Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат хизматига оид қонунчилик ҳужжатлари пакети, шунингдек, декларациялаш тизимини жорий этиш механизмлари, декларация тақдим этиши лозим бўлган давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари тоифасини назарда тутувчи «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Белгилансинки, қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади ҳамда бундай вазиятларни ошкор қилиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлик ўрнатилган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.

Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилсин.

Адлия вазирлиги Агентлик, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Бош прокуратура Агентлик, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:

Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;

коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;

даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;

коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш.

7. Давлат харидларида рақобатли савдо турларини чекловчи тўғридан-тўғри шартномалар, инвестициявий, давлат-хусусий шериклик, хусусийлаштириш ва бошқа битимларни тузишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш қатъиян тақиқлансин.

8. Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги икки ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида давлат молиявий назорат институтларини мақбуллаштириб, уларнинг самарали моделини жорий этиш ва ушбу соҳада парламент назоратини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.

9. Адлия вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар:

барча инспекцияларнинг вазифа ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ташкилий тузилмаларини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш;

бошқа шаклдаги (қўмита, агентлик, хизмат) давлат бошқаруви органларининг назорат соҳасидаги функцияларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланишдаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари мунтазам равишда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши устидан назорат ўрнатсин.

Олий Мажлис палаталарига Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ташкил этилган вақтинчалик ва махсус жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тавсия этилсин.

11. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борсин ва ҳар чорак якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига ахборот киритиб борсин.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (Т.Нарбаева) давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ҳар чоракда танқидий муҳокама қилиб борсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Агентлик бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул этиб Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев, Агентлик директори А.Э.Бурханов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А.Азизов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.К.Нарбаева, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 6 июль

ПФ-6257-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1–3-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 450 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика