Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 28 / Расмий ҳужжатлар

«Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, республикада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланган ҳолда кўпайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш ва экспорт ҳажмини ошириш, хорижий давлатлардан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотиш тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат бериш механизмини жорий қилиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Хорижий хом ашё ва материалларни божхонада расмилаштириш талабларини соддалаштириш мақсадида 2021 йил 1 августдан бошлаб:

божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилсин;

тадбиркорлик субъектига четдан хом ашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилсин;

маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилсин;

олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинсин;

олиб кириш контракти бўйича товарларни республикага олиб кириш ва божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларига расмийлаштириш, шунингдек, улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати ушбу контрактлар бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилсин;

олиб чиқиш контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарлар «реэкспорт» божхона режимига расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилсин;

сотиб олиш контракти бўйича тўланган маблағларни қайтариш ёки сотиш контракти бўйича маблағларнинг келиб тушиши сотиб олиш контракти бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ошмаслиги назарда тутилсин. Бунда сотиш контракти бўйича келиб тушган маблағларнинг миқдори сотиб олиш контракти бўйича тўланган маблағлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 8 июль

429-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 8 июлдаги 429-сон қарорига

ИЛОВА

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2020 ЙИЛ 14 МАЙДАГИ 283-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН ТАШҚИ САВДО ОПЕРАЦИЯЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. 2-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«ташқи савдо контрактлари – Низомнинг ушбу бандида келтирилган олиб чиқиш контракти, сотиб олиш контракти, олиб кириш контракти, сотиш контрактлари;»;

ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«хўжалик юритувчи субъектлар – Низомнинг ушбу бандида келтирилган контрактлар (инвойслар)ни тузган Ўзбекистон Республикасининг резидентлари»;

қуйидаги мазмундаги йигирма иккинчи–йигирма олтинчи хатбошилар қўшилсин:

«реэкспорт қилувчилар – юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар – олиб кириш контракти асосида сотиб олинган товарларни сотиш мақсадида реэкспорт божхона режимига жойлаштирадиган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

олиб чиқиш контракти – олиб кириш контракти асосида сотиб олинган товарларни сотиш мақсадида реэкспорт божхона режимига жойлаштириш назарда тутилган Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти ўртасидаги контракт;

сотиш контракти – сотиб олиш контракти доирасида сотиб олинган товарларни бошқа норезидентга сотиш назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси резиденти ва норезиденти ўртасидаги контракт;

олиб кириш контракти – Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти ўртасида товарларни божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларига жойлаштириш учун сотиб олиш ва кейинчалик олиб чиқиш контракти асосида бошқа норезидентга сотиш назарда тутилган контракт;

сотиб олиш контракти – Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти ўртасида товарларни божхона ҳудудига олиб кирмаган ёки транзит тартибида олиб ўтган ҳолда сотиб олиш бўйича тузилган контракт».

2. 4-бандда:

қуйидаги мазмундаги «а» кичик банди қўшилсин:

«а) ташқи савдо контрактини тузган томон – харидор билан ушбу контракт бўйича тўловни амалга оширувчи ёки товар (иш, хизмат ) қабул қилиб олувчи томон фарқ қилса, шунингдек, ташқи савдо контрактини тузган томон – сотувчи билан ушбу контракт бўйича товарни жўнатувчи (ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) томон фарқ қилса, контрактда улар алоҳида кўрсатилиши лозим»;

«е» кичик банддаги «хорижий валютада кўрсатилади» сўзлари «томонлар ўртасидаги келишувга асосан белгиланади» сўзлари билан алмаштирилсин;

«л» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«л) Ташқи савдо контрактининг матни давлат тилида ёки томонларнинг келишувига кўра бошқа тилда баён қилиниши керак. Бунда, ташқи савдо контракти давлат тилидан бошқа тилда тузилган бўлса, ушбу контракт матни давлат тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак».

3. 6-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан:

бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматларнинг экспорт ва импорти бўйича маълумотлар далолатнома тузилган кундан бошлаб 1 кун ичида;

сотиб олиш контрактлари ҳамда сотиш контрактлари доирасида товарлар қабул қилиб олинганлигини ҳамда етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар улар тузилган кундан бошлаб 1 кун ичида ТСОЯЭАТга киритилиши лозим».

4. 11-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«аванс тўловлар (олдиндан ҳақ тўлаш) амалга оширилишида ёки аккредитив очишда».

5. 17-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Бунда 5 000 (беш минг) АҚШ долларигача бўлган товарлар электрон тижорат орқали божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин».

6. 22, 23 ва 24-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«22. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо контрактлари ва инвойслари мониторинги валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банклари томонидан ТСОЯЭАТ орқали амалга оширилади.

ТСОЯЭАТда олиб кириш контракти олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контракти сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилинади.

Бунда валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банклари ўртасида ТСОЯЭАТда шаклланган маълумотларни ўзаро талаб этиш тақиқланади.

23. Товарларни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича ёки контрактлар Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган тақдирда, шунингдек, асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт контрактлари шартларида асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ белгиланганда – импорт контрактларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги лозим.

Олиб кириш контракти бўйича товарларни республикага олиб кириш ва божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларига расмийлаштириш, шунингдек, улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати ушбу контрактлар бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

24. Экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан – «экспорт» божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан ва хизматларга (ишларга) нисбатан – бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари оқибатида ташқи савдо операциялари бўйича мажбуриятларни бажариш имконияти бўлмаганда, форс-мажор ҳолатлари юз берган давлатнинг ваколатли органи тасдиғига мувофиқ, ушбу ҳолатларнинг амал қилиш муддати мобайнида мажбуриятларнинг қисман ёки тўлиқ бажарилмаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди.

Олиб чиқиш контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарлар реэкспорт божхона режимига расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги керак».

7. Қуйидаги мазмундаги 241-банд қўшилсин:

«241. Сотиб олиш контракти бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш ёки сотиш контракти бўйича пул маблағларининг келиб тушиши сотиб олиш контракти бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ошмаслиги керак. Бунда сотиш контракти бўйича келиб тушган пул маблағларининг миқдори сотиб олиш контракти бўйича тўланган пул маблағлари миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.

Ушбу муддатда қайтарилмаган ёки белгиланган миқдорда келиб тушмаган валюта маблағлари муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади».

8. 27-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«27. Ташқи савдо контрактлари бўйича активлар репатриация қилинишини (чет элдан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушишини ёки ушбу Низомда кўрсатилган божхона режимларида товарлар республикага олиб кирилиши ва расмийлаштирилишини, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини ёки пул маблағларининг қайтарилишини) мазкур Низомнинг 23, 24 ва 241-бандларида белгиланган муддатлар тугагандан кейин 30 банк иш куни (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк иш куни) мобайнида таъминламаган хўжалик юритувчи субъектлар».

9. 28-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«28. Ушбу Низомнинг 27-бандида келтирилган хўжалик юритувчи субъектларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома (кейинги ўринларда – талабнома) юборилади».

10. 29-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«29. Ташқи савдо операцияларида хорижий шериклар томонидан олдиндан ўтказилган пул маблағлари бўйича товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштириш (шу жумладан, олиб чиқиш контрактига мувофиқ товарларни реэкспорт божхона режимига расмийлаштириш), ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш ёки Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган товарлар (шу жумладан, олиб кириш контрактига мувофиқ божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларига жойлаштирилган товарлар), бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали пул маблағларини ўтказиш муддати 365 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Бунда ушбу муддат товарларни экспорт (шу жумладан, реэкспорт божхона режимига расмийлаштириш, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш хорижий шериклар томонидан ўтказилган пул маблағлари экспорт қилувчиларнинг (шу жумладан, реэкспорт қилувчилар) хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида қайд этилган кундан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали пул маблағларини ўтказиш хорижий шериклар томонидан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) (шу жумладан, олиб кириш контрактига мувофиқ божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш) божхона режимига расмийлаштирилган, шунингдек, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар далолатномаси имзоланган кундан бошлаб ҳисобланади».

11. 1-илованинг 3-бандига:

қуйидаги мазмундаги йигирма биринчи–йигирма тўртинчи хатбошилар қўшилсин:

«16 – олиб кириш контракти;

17 – олиб чиқиш контракти;

18 – сотиб олиш контракти;

19 – сотиш контракти»;

йигирма биринчи хатбоши йигирма бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

13. 3-илованинг 1-бандига қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

«сотиб олиш контрактлари бўйича товарлар норезидентдан қабул қилиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

сотиш контрактлари бўйича товарлар норезидентга етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар».

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.07.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 239 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика