Norma.uz

Тезликни оширганлик учун қаерда қанча жарима тўланади

 

Автомобиль тезлигини оширганлик учун ҳайдовчиларга қўлланиладиган чоралар мамлакатлар кесимида бир-биридан фарқ қилади. Жаримага тортиш эса ушбу қоидабузарлик учун қўлланиладиган чоралар ичида энг оммавийси ҳисобланади.

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича, дунёда ҳар йили 1 млн 200 мингдан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлади. Ушбу ҳалокатнинг учдан бир қисми автомобиль тезлигини оширганлик билан боғлиқ.

Тадқиқотларга кўра, жаҳонда 40-50 фоиз ҳайдовчи автомобилни юқори тезликда бошқаради.

Европада йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида содир бўладиган ҳалокатлар Африкага нисбатан уч баробар кам. Бу, албатта, ташкил этиладиган тарғибот чоралари билан ҳам боғлиқ. Дунё мамлакатларида ЖССТ ташаббуси билан «Автомобиль тезлигини пасайтириш кунлари», «ЙТҲ қурбонлари кунлари», турли семинарлар ва мактабларда тарғибот ишлари амалга оширилади.

Жаҳон тарихида автомобиль тезлигини оширганлиги учун энг катта жарима Швейцарияда ундирилган. Унда қоидабузар автомобиль тезлигини соатига 290 км га етказган ва 1 млн доллар жарима тўлаган.

2010 йилда эса яна швейцариялик фуқаро автомобиль тезлигини соатига 137 км га оширганлиги учун 290 минг евро тўлаб, «Гиннесс рекордлари» китобига киритилган.

Қуйида автомобиль тезлигини меъёридан ошириш қоидабузарлиги учун катта жарима қўлланадиган мамлакатлар билан танишинг.

 

ДУБАЙда ҳар бир йўл белгиси орқасида камера ўрнатилган бўлиб, ҳар қандай ҳушёр ҳайдовчини қоидани бузишдан огоҳлантиради. Мамлакатда автомобиль тезлигини оширганлик учун тўланадиган жарима 100 дирҳам (27,2 доллар)дан бошланади. Тезликни соатига 80 км дан оширганлик учун 3 минг дирҳам (816 доллар атрофида) жарима ундирилади.

 

РОССИЯда автомобиль тезлигини соатига 80 км дан оширганлик учун 69 доллар атрофида жарима тўлаш талаб этилади.

 

ФИНЛЯНДИЯда бу жарима миқдори қоидабузарнинг йиллик даромади ҳисоби асосида белгиланади. Мамлакатда автомобиль тезлигини белгиланган меъёрдан соатига 10-20 км га оширганлик учун 170 еврогача жарима тўланади. Жариманинг энг кўп миқдори 200 еврони ташкил этади.

 

КАНАДАда автомобилнинг оширилган тезлик даражасига кўра 1 000 доллардан 25 000 долларгача жарима тўланади.

 

АҚШда эса тезликни оширганлик учун тўланадиган жарима штатлар доирасида бир-биридан фарқланади. Жарима миқдори – 1 000 доллардан 2 500 долларгача.

 

ПОРТУГАЛИЯда автомобиль йўлларида махсус банкоматлар ўрнатилган бўлиб, бу қоидабузарлик содир этилган жойнинг ўзида жаримани тўлаш мажбуриятини талаб этади. Жарима миқдори ўртача 1 800 еврони ташкил этади.

 

БУЮК БРИТАНИЯда автомобиль тезлигини оширганлик даражасига қараб жарима миқдори ортиб боради. Энг паст даражада тезликни оширганлик учун ҳайдовчи 100 фунт, яъни 140 доллар жарима тўлайди. Қиролликда қоидабузарлик учун энг кўп тўланган жарима 2007 йилда қайд этилган: жарима миқдори 8 минг долларни ташкил этган.

 

ҚОЗОҒИСТОНда тезлик даражасига қараб тўланадиган жарима 31-125 долларни ташкил этади. Бир йил давомида айнан мазкур қоидабузарликнинг қайта содир этилиши ҳайдовчидан 186 доллар атрофида жарима тўлашни талаб этади.

 

ЎЗБЕКИСТОНда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-3-моддасида ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 км дан кўп бўлмаган катталикда оширганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 245 000 сўм, тезликни соатига 20 км дан ортиқ, лекин 40 км дан кўп бўлмаган катталикда оширганлик учун БҲМнинг 5 баравари – 1 225 000 сўм ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум қилиш жазоси, тезлик соатига 40 км дан ошириб юборилганда БҲМнинг 9 баравари, яъни 2 205 000 сўм миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

 

ЎзА материаллари асосида.

Прочитано: 1027 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика