Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 28 / Расмий ҳужжатлар

«Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Корпоратив ва бюджет буюртмачиларида давлат хариди тизимини янада такомиллаштириш ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, уларнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. 2021 йил 5 июлдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив буюртмачилар:

давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонлар ва давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот портали ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштиради;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг баравари миқдоридан ошган ҳолларда, харидга доир техник топшириқлар ва тендер ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш учун белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасига киритади;

давлат харидларининг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини, шунингдек, импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини харидларнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кузатув кенгаши мажлисида кўриб чиқади;

б) мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив буюртмачилар учун индивидуал тарзда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган давлат харидларини тўғридан-тўғри ёки тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширишнинг мавжуд тартиблари бекор қилинади.

2. Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) 2-иловага** мувофиқ таркибда тузилсин.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Республика комиссиясининг ишчи органи этиб белгилансин.

3. Республика комиссияси (А.Н.Арипов) мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив ва бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари соҳасидаги фаолиятини назорат қилиш доирасида:

бир ой муддатда қиймати 1 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган шартномаларни, шу жумладан импорт шартномаларини хатловдан ўтказиб, мақбуллаштириш чораларини кўрсин. Бунда хатлов натижаларига кўра, 30 фоиздан кам бўлган ҳажмда бажарилган ва (ёки) 30 фоиздан кам миқдорда тўлов амалга оширилган шартномалар бўйича харидлар самарадорлигини ошириш ҳамда ортиқча харажатларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилсин;

ҳар ой якуни билан давлат буюртмачилари раҳбарларининг давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳисоботларини танқидий муҳокама қилиб борсин;

давлат харидларининг очиқ ва шаффоф ўтказилишини, давлат буюртмачилари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминласин.

4. Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Бош вазир ўринбосари Д.А.Кучкаров ва Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив буюртмачилар билан биргаликда икки ой муддатда халқаро консалтинг ва аудит компанияларини жалб қилган ҳолда:

харид жараёнларини аудитдан ўтказиш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тизимларининг самарадорлигини ошириш («форензик»);

шартномалар тузиш жараёнларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, нархларни экспертизадан ўтказиш ва товарлар (ишлар, хизматлар) сифатини таъминлаш;

мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив буюртмачиларда харидлар трансформацияси офисларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

6. Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов), Молия вазирлиги (О.Р.Исаков) мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган корпоратив буюртмачилар билан биргаликда икки ой муддатда:

Марказий банк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ўртасида ўзаро электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин;

етказиб берувчиларнинг дастлабки малака танловини ўтказиш бўйича идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда қабул қилинишини таъминласин;

омбор ва транспорт логистикасини бошқариш тизимидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали «E-ombor» товар-моддий ресурслар ҳаракатини ҳисобга олиш электрон тизимини жорий этсин.

7. Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Қудбиев) давлат буюртмачилари билан биргаликда:

уч ой муддатда «E-ombor» товар-моддий ресурслар ҳаракатини ҳисобга олиш электрон тизимининг солиқ органлари ахборот тизимларига интеграция қилинишини таъминласин;

ҳисобварақ-фактурада товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) идентификациялаш кодлари Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогига мувофиқ акс эттирилишини ҳамда барча шартномалар Ягона электрон шартномаларнинг ахборот порталида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

8. Молия вазирлиги (О.Р.Исаков) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А.Вафаев) билан биргаликда икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда давлат буюртмачиларининг харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул бўлган ходимларнинг касбий маҳоратини ҳамда давлат харидлари соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича амалий ўқув курсларини ташкил этсин.

9. Давлат буюртмачилари бўлган давлат ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги «Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини кўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3487-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 2 июль

ПҚ-5171-сон.

ЎзР Президентининг 2021 йил 2 июлдаги ПҚ-5171-сон қарорига

1-ИЛОВА

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЖАРАЁНЛАРИ АЛОҲИДА ТАРТИБДА НАЗОРАТ ҚИЛИНАДИГАН АЙРИМ КОРПОРАТИВ ВА БЮДЖЕТ БУЮРТМАЧИЛАРИ РЎЙХАТИ

Т/р


Корпоратив ва бюджет буюртмачиларининг номи


I. Корпоратив буюртмачилар


1.


«Навоий КМК» АЖ


2.


«Навоийуран» ДК


3.


«Ўзбекнефтгаз» АЖ


4.


«Ўзметкомбинат» АЖ


5.


«Ўзкимёсаноат» АЖ


6.


«Навоийазот» АЖ


7.


«Фарғонаазот» АЖ


8.


«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ


9.


«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ


10.


«Ҳудудгазтаъминот» АЖ


11.


«Иссиқлик электр станциялари» АЖ


12.


«Uzbekistan Airways» АЖ


13.


«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ


14.


«Олмалиқ КМК» АЖ


15.


«Ўзбектелеком» АК


16.


«Ўзтрансгаз» АЖ


17.


«Ўзавтосаноат» АЖ


18.


«Ўзбекгидроэнерго» АЖ


19.


«Ўзбеккўмир» АЖ


20.


«Uzbekistan Airports» АЖ


21.


«Ўзбекгеофизика» АЖ


22.


«Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ


23.


«Давлат белгиси» ДУК


24.


Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Геолтехтаъминот» ДК


II. Бюджет буюртмачилари


25.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги


26.


Сув хўжалиги вазирлиги


27.


Халқ таълими вазирлиги


28.


Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги


29.


Мактабгача таълим вазирлиги


30.


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги


31.


Автомобиль йўллари қўмитаси


 

 

Изоҳ:

1) мазкур рўйхатга, зарур ҳолларда, Республика комиссиясининг қарорига мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин;

2) Республика комиссияси ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда корпоратив ва бюджет буюртмачилари таркибидаги ташкилотларнинг давлат харидларини амалга ошириш жараёнларини назорат қилиши мумкин;

3) кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган корпоратив буюртмачиларда давлат харидларининг йиллик ва чораклик режа-жадваллари, шунингдек, импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатлари харидларнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан уларнинг муассиси томонидан кўриб чиқилади.

 

ЎзР Президентининг 2021 йил 2 июлдаги ПҚ-5171-сон қарорига

3-ИЛОВА

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ОЧИҚ ВА ШАФФОФ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

2. Республика комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Республика комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат буюртмачилари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

 

2-БОБ. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

4. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат харидларининг очиқ ва шаффоф ўтказилишини, давлат буюртмачилари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни амалга ошириш;

товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидининг мақсадга мувофиқлигини, давлат буюртмачилари томонидан бошланғич нархларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилишини мониторинг қилиш;

корпоратив буюртмачилар томонидан давлат кафолатисиз ташқи қарз маблағлари жалб қилинишини назорат қилиш;

давлат буюртмачиларининг қиймати 1 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган шартномаларини, шу жумладан импорт шартномаларини хатловдан ўтказиш, уларни мақбуллаштириш чораларини кўриш;

корпоратив буюртмачилар томонидан ташқи қарз маблағларининг жалб қилиниши, ушбу маблағлар ҳисобидан лойиҳаларнинг молиялаштирилиши ва амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш, шунингдек, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилиб бориш ҳамда ташқи қарз ҳажмларини мақбуллаштириш бўйича чораларни кўриш;

давлат буюртмачилари раҳбарларининг давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳисоботларини муҳокама қилиш.

 

3-БОБ. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5. Республика комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юклатилган вазифалар юзасидан тегишли ташкилотлардан зарур бўлган ҳужжатларни сўраб олиш;

давлат харидлари соҳасидаги иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш юзасидан Республика комиссияси ишчи органи ҳамда бошқа вазирлик ва идораларга кўрсатмалар бериш;

давлат харидларини амалга ошириш юзасидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 30 фоиздан кам бўлган ҳажмда бажарилган ва (ёки) 30 фоиздан кам миқдорда тўлов амалга оширилган шартномалар бўйича харидлар самарадорлигини ошириш ҳамда ортиқча харажатларни қисқартириш бўйича зарур чоралар кўриш;

давлат буюртмачилари раҳбарларига давлат харидлари соҳасида йўл қўйилган камчиликлар учун интизомий жазо чораларини белгилаш.

6. Республика комиссияси киритилган масалаларни ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга мажбурдир.

7. Республика комиссияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

 

4-БОБ. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

8. Республика комиссияси қарорлари Республика комиссиясининг мажлисида иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Республика комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

9. Республика комиссияси мажлисида қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади ҳамда баённома Республика комиссияси аъзолари томонидан имзоланади ва раиси томонидан тасдиқланади.

10. Республика комиссияси қарорлари бажарилишини назорат қилиш Республика комиссиясининг ишчи органи томонидан амалга оширилади.

11. Республика комиссиясининг ишчи органи вазифаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

12. Қуйидагилар Республика комиссияси ишчи органининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) халқаро консалтинг ва аудит компанияларни жалб қилган ҳолда қуйидагилар бўйича ишларни мувофиқлаштириш:

харид жараёнларини аудитдан ўтказиш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тизимларининг самарадорлигини ошириш («форензик»);

шартномалар тузиш жараёнларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, нархларни экспертизадан ўтказиш ва товарлар (ишлар, хизматлар) сифатини таъминлаш;

корпоратив буюртмачилар учун харидларни амалга ошириш тартибларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириб бориш;

ҳар бир корхонада харидлар трансформацияси офисларини ташкил қилиш;

б) Республика комиссияси мажлисларини ўтказиш бўйича ташкилий тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан мажлис материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, зарур ҳужжатларни сақлаш;

в) Республика комиссиясининг қарорлари ижроси назорати ва мониторингини ташкил этиш;

г) вазирлик ва идораларнинг таклифлари ва маълумотларини умумлаштириш ҳамда Республика комиссиясига киритиш;

д) давлат буюртмачилари томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар юзасидан вазирликлар ва идораларининг хулосаларини олиш ҳамда экспертлар (эксперт ташкилотлари), консалтинг компаниялари ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш;

е) корпоратив буюртмачилар томонидан қуйидаги вазифаларнинг амалга оширилиши устидан назорат ўрнатиш ҳамда натижалари бўйича Республика комиссиясига маълумот киритиш:

давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонларни, давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталида ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштириб бориш;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг баравари миқдоридан ошган ҳолларда, харидга доир техник топшириқларни ва тендер ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш учун белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасига киритиш;

давлат харидларининг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини, шунингдек, импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатларини харидларнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кузатув кенгашлари мажлисида кўриб чиқиш;

етказиб берувчиларнинг дастлабки малака танловини ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

қиймати 20 млн АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган лойиҳаларга ташқи қарз маблағларини жалб этишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослантирилганлигини мониторинг қилиш;

омбор ва транспорт логистикасини бошқариш тизимидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали «E-ombor» товар-моддий ресурслар ҳаракатини ҳисобга олишнинг электрон тизимини жорий этиш.

Республика комиссияси ишчи органи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларини ҳам амалга ошириши мумкин.

13. Республика комиссияси ишчи органи давлат буюртмачиларидан қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин:

давлат харидлари бўйича техник топшириқ ва харид ҳужжатлари;

харид комиссияси мажлисларининг баённомалари;

харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини бажариш учун талабгор сифатида иштирок этаётган жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган таклифлар ва улар билан ёзишмаларнинг нусхалари;

лойиҳанинг тасдиқланган техник иқтисодий асослари, молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасининг хулосаси ва шартнома лойиҳаси;

молиялаштириш манбаи ва уни асослантирувчи ҳужжатлар;

Кузатув кенгашининг хулосалари;

бошқа зарур ҳужжатлар ва маълумотлар.

14. Республика комиссияси ишчи органи давлат буюртмачилари томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар юзасидан хулосалар олиш учун тегишли вазирликлар ва идораларига сўровнома юбориши мумкин.

15. Республика комиссиясининг ишчи органи сўровига кўра давлат харидлари билан боғлиқ ҳужжатлар, маълумотлар ва хулосалар вазирлик ва идоралар томонидан беш иш куни муддатда тақдим этилиши шарт.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 79 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика