Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 28 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Юқори балл тўплаган абитуриентлар моддий қўллаб-қувватланади

 

Президентнинг 6.07.2021 йилдаги ПҚ-5172-сон қарори билан республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинади. У Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бундай абитуриентлар таълим соҳалари кесимида, таълим олиш тилидан қатъи назар, Президент грантига даъвогар бўлади.

Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентларга қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Президент гранти совриндорлари I курсда барча фанларни «аъло» баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади.

Ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Президент давлат стипендияси тайинланади ва II курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади. Уларга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.

Ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи «аъло» баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади.

Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.07.2021 йилдан кучга кирди. 

 

Эльмира Сиразиева.

Прочитано: 431 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика