Ходим 2019 йилдан буён иш берувчида асосий иш жойи бўйича меҳнат қилиб келяпти. У бошқа асосий иш топди, лекин дастлабки иш берувчи билан меҳнат муносабатларини ўриндошлик шартлари сақлаб қолишни хоҳлаяпти. Дастлабки иш берувчи бунга розилик билдирди. ЯММТда ходимнинг меҳнат шартномаси асосий иш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур ҳолатда ходимни ишдан бўшатмай туриб, ўша иш берувчида айнан ўша лавозими бўйича асосий иш жойидан ўриндошликка ўтказилишини қандай тўғри расмийлаштириш мумкин? Ушбу ҳолатда ходим билан тузилган меҳнат шартномасига тарафлар томонидан белгиланган асосий иш жойидаги меҳнат шартларни ўриндошлик бўйича ишлаш шартларига ўзгартириш тўғрисида битим имзоланиши мумкинми?
Асосий ишдан ўриндошликка
– Ўриндошликда ишлашга ўтказилиши муносабати ходим билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча битим тузиб, аввал тузилган меҳнат шартномасидаги шартларни ўзгартириш мумкин (МК 96-м.). Унда меҳнат шартномасидаги барча ўзгартирилаётган бандлар кўрсатилиши лозим: ўриндошлик асосида ишлаш, ставка, иш тартиби ва бошқа ўзгариш киритилаётган бандлар. Кейин тузилган қўшимча битимга асосан ходимни ўриндошликда ишлашга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилади ва бу ҳақдаги маълумотлар ЯММТга киритилади.
Меҳнат дафтарчасида қуйидаги ёзув қайд этилиши лозим: «Асосий иш жойи бўйича меҳнат муносабатлари тўхтатилади, ўриндошлик бўйича бошқа ишга ўтказилади». Ёзув имзо ва муҳр билан тасдиқланади.
Иш берувчи ходимнинг қўлига меҳнат дафтарчасини бериши лозим, сабаби асосий иш жойи бўйича меҳнат дафтарчаси юритилиши лозим. Меҳнат дафтарчаси билан бирга ходимга янги иш берувчи учун ўриндошлик асосидаги ишни тасдиқловчи маълумотнома берилиши лозим.
Ходим асосий иш жойидан ўриндошлик бўйича ишлайдиган ташкилотига меҳнат дафтарчасининг ўрнига белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этиши лозим.
Ушбу вариантда ходим билан ҳисоб-китоб қилинмайди ва фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўланмайди. Таътил берилиши учун иш даври ўзгармайди ва ходим иш даври мобайнида таътил олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ ўриндошликка ўтказилганидан кейинги барча таътилларга янги лавозим маоши бўйича ҳақ тўланади, ушбу вазиятда бундай маош, табиийки, асосий иш жойидагидан камроқ бўлади (Тартиб, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова; Йўриқнома 1-б., АВ рўйхат рақами 2985, 17.03.2018 й.).
Яна бир вариант мавжуд.
Ходим билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш ва бунда асосий иш жойидаги иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниб фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши керак.
Меҳнат дафтарчасини тўлдириб унинг қўлига бериш лозим, бунда дафтарчага стандарт ёзув киритилади: «Меҳнат шартномаси бекор қилинди». Меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар ЯММТга киритилади.
Ходим янги асосий ишга қабул қилинганидан кейин уни ўриндошлик бўйича янги меҳнат шартномаси бўйича ишга олиш, янги меҳнат шартномасини тузиш, ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш, меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш лозим.
Ушбу вариантда ходимга йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади (МК 143-м.).
Бундай вазиятларни кўриб чиқишда ходимга барча жиҳатларни тушунтириш, салбий ва ижобий томонларини кўрсатиш ва вариантни танлаш ҳуқуқини бериш тавсия этилади.
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.