Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни (12.06.2021 йилдаги 377-сон, ҳужжат матни «СБХ» бугунги сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда) қабул қилди.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ-4879-сон қарорига мувофиқ 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:
●
институтнинг бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги тўрт йилни, сиртқи таълим шакли бўйича беш йилни ташкил этади;
●
институтнинг магистратура мутахассисликлари кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги бир йилни ҳамда масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакли ўқиш давомийлиги икки йилни ташкил этади;
●
институтда бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар, истисно тариқасида, институт магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида, ўқиш қийматининг 50%ини тўлаб, ўқишни тугатгандан сўнг давлат солиқ хизмати органларида камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади.
Давлат органларининг марказий аппарати ходимларини:
●
солиқлар ва солиққа тортиш;
●
молиявий назорат ва аудит;
●
солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи; иқтисодиётда ахборот технологиялари – бўйича масофавий, сиртқи ва кечки таълим ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра кириш тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади.
ДСҚ тизимидаги Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежларининг давлат солиқ хизмати органларида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган битирувчилари институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинади.
Институтнинг Васийлик кенгаши таркиби ва Васийлик кенгаши тўғрисидвги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.06.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.