Боқувчисини йўқотганлик пенсияси қандай ҳисобланади?
– Боқувчисини йўқотганлик пенсияси бошқа пенсиялар сингари қуйидаги 3 та қисмдан таркиб топади:
●
пенсиянинг базавий миқдоридан;
●
иш стажи учун пенсия оширилишидан;
●
пенсияга устама ҳақлардан.
Пенсиянинг базавий миқдори оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и миқдорида белгиланиши, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан кам бўлмаслиги лозим.
Пенсияларнинг базавий миқдорлари ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун – пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши лозим (252-сон Низомнинг 107-б. «в», «г» кичик б.).
Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг базавий миқдорлари оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%ига оширилади (252-сон Низомнинг 108-б. «в» кичик б.).
Айрим тоифадаги фуқаролар пенсияга устамалар олиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 28-м.).
МИСОЛ. Иккита вояга етмаган болага боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш
Болалар айрим тоифадаги фуқаролар жумласига киритилмаганлиги боис Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ устама олишга ҳақли бўлмайдилар.
Боқувчининг иш стажи 10 йил, талаб этиладиган иш стажи эса 5 йил. Иш ҳақи пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 бараварига тенг.
Бир бола учун пенсиянинг базавий миқдори 787 410 сўмни (2 624 700 х 30%), бунда 2 624 700 сўм – пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 баравари) ташкил этади.
Иккита бола учун пенсиянинг базавий миқдори 1 574 820 сўмга (787 410 х 2) тенг бўлади.
Пенсия тайинланиши учун зарур стаждан ортиқча иш стажи учун пенсия миқдорининг оширилиши битт бола учун 65 617,5 сўмни (2 624 700 х 2,5%, бунда 2,5% – 0,5% х (10 йил (иш стажи) – 5 йил (зарур иш стажи)) ташкил этади.
Иккита бола учун иш стажи бўйича пенсиянинг оширилиш миқдори 131 235 сўмга (65 617,5 х 2) тенг бўлади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори 1 706 055 сўмни (1 574 820 + 131 235) ташкил қилади.
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.