Хорижий давлат фуқаросиман. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикасида яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ID-карталар берила бошланди.
Чет элга қайтиб келмайдиган бўлиб тўсатдан жўнаб кетганимда ID-картани бекор қилиш тартиби қандай бўлади?
– Қуйидаги ҳолатларда Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси ЎзР ИИВ томонидан бекор қилинади:
●
қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганида;
●
чет давлат фуқароси Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиққанда, агар у 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса;
●
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинча хорижга чиққан фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш манзилига қайтмаса ёки хорижда уни алмаштирмаса ёхуд узрли сабабларсиз уни алмаштиришни рад этса;
●
бекор қилиш тўғрисида шахсан мурожаат қилса ёхуд нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахс мурожаат қилса ёки чет давлатдаги тегишли органларнинг сўровига асосан;
●
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилганда;
●
суднинг шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори асосида;
●
вафот этганда – фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг ўлим ҳақида гувоҳнома ёки маълумотномаси асосида;
●
чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ЎзР фуқаролигини қабул қилганда;
●
чет давлат фуқароси миллий паспортининг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг 6 ой давомида уни алмаштирмаса ёки ўз давлати фуқаролигидан чиққанлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этмаса;
●
давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари илтимосномасига биноан доимий яшашга рухсатнома олган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – ушбу орган ва ташкилотларнинг билдиришномаси асосида;
●
шахс ID-картани олаётганда ёки уни алмаштиришда ўзи ёки қариндошлари ҳақида ёлғон маълумот берганда, қалбаки, сохта ҳужжатларни тақдим этганда.
Ўзбекистонда доимий рўйхатга олинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг бекор қилинган ID-картаси шахснинг сўнгги яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пункти ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига йўқ қилиш учун топширилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига топширилган ID-карталар йўқ қилиш учун ИИВга юборилади (ПФ-6065-сон Фармонга 2-илованинг 22-б.).
ID-картаси бекор қилинган чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга 30 кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиши тўғрисида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан огоҳлантирилади. Шахс белгиланган муддатда республика ҳудудидан чиқиб кетишдан бош тортган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ чора кўрилади (Низомнинг 23-б.).
Шу тариқа, Ўзбекистон Республикасидан вақтинча чиқиб кетган даврида чет эл фуқароси Ўзбекистондаги доимий яшаш жойига узрли сабабларсиз 3 йилдан ортиқ муддат мобайнида қайтмаган бўлса, ID-картаси бекор қилинади.