ПФ-6155-сон Фармоннинг 10-бандига мувофиқ пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида янги тартиб ўрнатилган, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади. Президентнинг ПҚ-5102-сон қарорида эса юқорида айтиб ўтилганлар 1.07.2022 йилдан кучга киритилиши қайд этилган.
Туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 2005 йилгача бўлган даврдаги иш стажи тасдиқловчи ҳужжатларни талаб этилмасдан қабул қилинадиган аниқ санаси қандай билса бўлади? Бу 1.06.2021 йил санасими ёки 1.07.2022 йил санасими?
– 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади (3.02.2021 йилдаги ПФ-6155-сон Фармоннинг 10-б.). Бунда 2005 йилдан кейинги йиллар учун иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар (масалан меҳнат дафтарчаси) тақдим этилиши талаби сақланиб қолинади.
Маълумот учун. Фуқароларга пенсия тайинлашда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқиш тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи архив маълумотномалари ушбу ҳужжатларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий комплекси орқали олишнинг имкони бўлмаган ҳолатларда тақдим этилиши талаб қилинади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда пенсионердан фақат паспорт ёки ID-картаси талаб этилади. Қолган барча ҳужжатлар, шу жумладан 2005 йилдан аввалги йиллардаги меҳнат стажи тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан тегишли вазирликлар ва идоралар билан электрон маълумотлар алмашинуви асосида мустақил равишда олинади.
Меҳнат дафтарчасидаги маълумотларни ЯММТга киритиш имконияти яратувчи янги хизмат 2022 йил 1 июлдан бошлаб амал қилади (4.05.2021 йилдаги ПҚ-5102-сон қарорнинг 1-б. «б» кичик б.).
Тегишинча, Пенсия жамғармаси бўлимлари 2021 йил 1 июндан бошлаб ПФ-6155-сон Фармонга, шунингдек Президентнинг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига (23.03.2021 йилдаги ПФ-6191-сон) амал қиладилар, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса қўшимча равишда ПҚ-5102-сон қарорнинг нормалари амалга киритилади.