Россияда доимий яшайман, бироқ Ўзбекистон фуқаролиги паспортимни йўқотиб қўйдим.
Уни қандай тиклашим мумкин?
– Хорижда йўқотилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини тиклаш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига мурожаат қилиш лозим. Консуллик муассасасида бериладиган сўровнома-аризаларни тўлдиришингиз, унга 4 дона рангли фотосурат, ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги мавжудлигини, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида прописка (пропискадан ўчиш) далилини тасдиқловчи мавжуд ҳужжатларнинг нусхаларини (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, йўқотилган паспорт нусхаси, кетиш манзилли варақаси) илова қилишингиз лозим. Эквиваленти 30 АҚШ долларига тенг консуллик йиғимини ҳам тўлашингизга тўғри келади.
Бундай сўров ариза берувчининг вакиллари томонидан ҳам тақдим этилиши мумкин. Уни кўриб чиқиш муддати – 2 ойдан 6 ойгача.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Мва ФРББ текширувидан сўнг жавоб олингач, фуқаро:
♦ Ўзбекистон Республикасида доимий прописка қилинган бўлса – унга Ватанига қайтиш учун сертификат (1 ойга вақтинчалик паспорт) расмийлаштирилади, бунда у кейинчалик янги паспорт расмийлаштирилиши учун Ўзбекистонда доимий пропискадаги жойи бўйича паспорт столига мурожаат қилиши лозим;
♦ доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кетаётган шахс Ўзбекистон Республикасидан пропискадан чиқарилган бўлса, консуллик муассасасида унга янги паспорт берилади (ВМнинг 30.01.2020 йилдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.