Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 17 / Тадбиркор ён дафтарига

«Форс-мажор амнистияси»: шартномаларни қандай қилиб ўз кучида қолдириш мумкин

 

Жаҳон ҳамжамияти тан олган пандемия ёки у туфайли жорий этилган карантин илгари тузилган шартномалар бўйича мажбуриятлардан бош тортиш учун асос бўлмайди. Бизнес ҳақиқатан ҳам жиддий муаммога тўқнаш келди. Бироқ бу ҳаммасини коронавирусга «тўнкаш» мумкин дегани эмас!

Юридик масалалар бўйича «Norma» экспертлари – адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИН карантин шароитида шартномавий мажбуриятлар юзасидан шошилинч чора-тадбирларнинг вариантларини кўриб чиқишни таклиф этадилар.

 

1. Қандай қилиб форс-мажор юзага келгани тўғрисида сертификат олиш ва ташқи иқтисодий фаолиятда ундан фойдаланиш мумкин

Бизнес учун «форс-мажор» режими жорий этилгани муносабати билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар бўйича енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари мавжудлигини тан олди (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармоннинг 22-б.). Шу сабабли экспорт-импорт битимлари бўйича мажбуриятларингизни бажара олмасангиз, хорижий ҳамкор эса сизга вақт беришдан бош тортиб, жарима санкцияларини қўллаш билан пўписа қилаётган бўлса, сертификат олиш учун мазкур вазирликка мурожаат қилинг (ВМнинг 15.02.2005 йилдаги 63-сон қарорининг 3-б.).

Низомнинг 6-бандида белгиланишича, сертификат бериш муддати 20 иш кунини ташкил этади. Мураккаб вазият туфайли Президентнинг ПФ-5969-сон Фармони билан коронавирус сабабли форс-мажор юзага келгани тўғрисида сертификат бериш муддати бир иш кунигача қисқартирилди. Амалиётда ҳужжатлар пакетини тақдим этиш чоғида муайян қийинчиликлар мавжудлиги сабабли сертификатни 3–5 кун ичида олишнинг уддасидан чиқилмоқда.

Сертификат олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тай­ёрлашингиз зарур:

♦ енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари кўрсатилган ёзма ариза;

♦ сиз тасдиқлаган шартномалар ҳамда спецификациялар нусхаси;

♦ шартнома бўйича бажарилган мажбуриятлар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар (бошланғич бухгалтерия ҳужжатлари – юкхатлар, ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномаларининг нусхалари);

♦ енгиб бўлмайдиган куч ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат олиш учун йиғим (1 БҲМ) тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси.

Аризада хорижий контрагентингиз билан тинч йўл билан келишиб ололмаганингизни, шу сабабли сизга сертификат зарурлигини албатта кўрсатинг.

Сўнг ўзингиз тузган экспорт-импорт контракти шартларига асосланиб иш тутинг. Бундай контрактларнинг шаклларида одатда енгиб бўлмайдиган куч ҳолатларига тўқнаш келган тарафнинг барча хатти-ҳаракатлари батафсил қайд этилган бўлади. Унда иккинчи тарафни қандай қилиб ва қанча муддатда хабардор қилишингиз кўрсатилади ва халқаро қоидалар амал қила бошлайди. Сизнинг вазифангиз – контрактингиздаги «Форс-мажор ҳолатлар» бўлимида қайд этилган барча шартлар ва хатти-ҳаракатларни аниқ бажариш.

 

Ҳужжатларни «ҳар эҳтимолга қарши», «қўл остида туриши учун» сертификат олишни кўзлаб топширманг.

 

Сертификат – сиз судда фойдалана оладиган ҳужжат эканлиги ёдингизда бўлсин. Ишни судгача олиб бормаслик керак. Юзага келган муаммоларни ҳал қилишнинг энг мақбул варианти – келишиш. Контрагентингизни тушунишга, у ҳам ҳолатингизни ҳис қилиши учун муаммоларингизни тушунтиришга уриниб кўринг.

 

2. Карантинда ички шартномалар бўйича кўриладиган зарарларни қандай қилиб камайтириш мумкин

Импорт-экспорт юзасидан нималар қилиш мумкинлиги бирмунча тушунарли, бироқ ички шартномалар бўйича қандай ҳаракат қилиш кераклиги номаълум. Бунда тер тўкишингизга тўғри келади. Улар бўйича ҳеч қандай сертификат бермасликлари етмагандек, пандемия билан ҳам ўзимизни оқлолмаймиз.

Карантин енгиб бўлмайдиган куч ҳолатига айланганини исботлаш анча мушкул. Уни рўкач қилиб, коронавирус тарқалиши натижасида аввалги даромадингиздан маҳрум бўлганингиз сабабли шартнома бўйича ҳақ тўлашдан бош тортсангиз, баҳонангиз ўтмайди. Ҳамкорингиз ҳам, келгусида суд ҳам ушбу ҳолатларни форс-мажор деб тан олмайди (ФКнинг 333-м. 3-қ.). Пандемия авж олишига жавобан турли мамлакатлар ҳукуматлари қабул қилаётган давлат чора-тадбирлари натижасида юзага келган тўсиқлар эса форс-мажор деб тан олиниши мумкин. Масалан: чегараларнинг ёпилиши, карантин чораларининг белгиланиши, ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши, товарлар ва йўловчиларни ташишнинг чекланиши ва ҳ.к.

Етказиб берувчиларингиз ёки пудратчиларингиз айби билан юзага келган муаммоларни рўкач қилманг. Контрагентларда юзага келган қийинчиликлар сиз учун форс-мажор деб тан олинмаслиги қонун ҳужжатлари билан белгиланган.

Қандай қилиб йўқотишларингизни камайтиришингиз мумкинлигини аниқ шартномалар мисолида кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ички бозорда энг кенг тарқалган шартномалар – етказиб бериш ва хизматлар. Амалда пандемиянинг уларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳукумат инфекция тарқалмаслиги учун жорий этган тадбирлар ва чекловлар эса шартномалар учун енгиб бўлмайдиган тўсиқларни юзага келтириши мумкин.

 

Ҳозир юзага келган форс-мажор ҳолатлар тарафларни шартномавий мажбуриятларни бажаришдан тўлиқ озод қилмайди.

 

Уларни рўкач қилиб:

♦ мажбуриятларни бажаришни кейинга қолдириш (кечиктириш);

♦ мажбуриятларни тўлиқ ҳажмда бажармаслик;

♦ жарима ва пенялардан қутулиш;

♦ бошқа тарафнинг зарарларини қоплаш мажбуриятидан қутулиш;

♦ бундай ҳолатлар белгиланган муддатдан кўп давом этса, шартномани муддатидан олдин бекор қилиш мумкин.

Форс-мажор тугагач, барча мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда ва ўша нархларда бажарилиши керак.

 

Форс-мажор тарафларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқини бермайди. Тарафларнинг ўзлари муайян ўзгартиришлар киритиш ҳақида келишиб олмасалар, албатта. Бироқ бу форс-мажор эмас, балки ўзаро келишув бўлади.

 

Сиз ва ҳамкорларингиз бир хил шароитда ишлаяпсиз, шу сабабли доим тинч йўл билан келишиб олишга ҳаракат қилинг. Бугунги кунда қандай қийинчиликларни енгишга тўғри келаётганини ҳамма тушунади. Шу сабабли ҳамкорларингизга зудлик билан билдиришнома йўлланг. Унда шартномавий мажбуриятларни бажара олмаслигингиз сабабини кўрсатинг. Билдиришномага битимни бажариб бўлмаслигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.

Шартнома бўйича муддатларни кўчириш керак бўлса, муддатларни узайтириш тўғрисида икки нусхада қўшимча келишув тайёрлаб, уни билдиришномага илова қилинг. Зарур бўлса, муддатларни яна узайтиринг, қонун ҳужжатларида бу тақиқланмаган.

 

Билдиришнома ва қўшимча келишувни жўнатиш учун электрон ҳужжатлар айланмаси бўйича операторлар, мисол учун, didox.uz, edocs.uz, 1uz.uz хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.

 

Ҳамкорингиз билдиришномада кўрсатилган важларингизга қўшилмай, жарима санкциялари қўлланишини талаб қилса, енгиб бўлмайдиган куч ҳолатларини судда исботлашингизга тўғри келади. Бунда ёзишмаларингиз ва жорий этилган чекловлар ҳақидаги ОАВдаги расмий хабарлар қўл келади. Шу сабабли ҳамкорларингизга хат йўллаганингиз ёки топширганингиз далилини (буюртма хат жўнатилгани ҳақида квитанция, хат топширилгани ҳақида билдиришнома, ваколатли шахс олганлигини тасдиқлаб имзо чеккан хат нусхаси, тилхат) доим сақлаб қўйинг.

Шартномавий мажбуриятлар билан боғлиқ муаммоларнинг яна бир эҳтимолий сабаби: чекловчи тадбирлар туфайли хорижий контрагент сиз ҳамкорингизга қайта сотмоқчи бўлган товарни сизга вақтида етказиб бера олмаган. Умумий қоидага кўра, учинчи шахснинг мажбуриятни бажармаслиги енгиб бўлмайдиган куч ҳолати ҳисобланмайди (ФКнинг 333-м. 3-қ.). Етказиб бериш муддатлари узилишига йўл қўйганингиз учун харидор олдида барибир жавобгар бўласиз.

Бироқ хорижий контрагентингиз ўз мамлакатининг ваколатли органи томонидан берилган форс-мажор тўғрисидаги гувоҳномани сизга тақдим этса, ҳамкорингиз олдидаги жавобгарликдан қутулиш имкони пайдо бўлади. Биринчидан, у билан музокара олиб бораётганда кўрсатиш мумкин бўлган ҳужжатингиз бўлади. Иккинчидан, суд ишни кўриб чиқаётганда хорижий контрагентнинг гувоҳномасини етказиб бериш муддатларидаги узилишнинг объектив сабаби деб тан олади.

Шу сабабли битимнинг ижроси хорижий контрагентга боғлиқ бўлса, товарни вақтида етказиб беришига халал бераётган ҳолатларни расман тасдиқлашини сўранг. Бу ҳужжат билан ҳамкорингизнинг даъволаридан судда ҳимояланиш имконига эга бўласиз. Тўғри, бунда ўзбекистонлик импортчида зарур товарни бошқа етказиб берувчидан олиш имкони бўлганми, деган муҳим савол қолади. Бутун мамлакатлар коронавирус туфайли карантинга ёпилаётганда бир мамлакатдаги форс-мажор унинг ташқарисида ҳам тан олиниши эҳтимолдан холи эмас.

 

Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари юзага келгунга қадар шартномавий мажбуриятлар бузилган бўлса, уларга нисбатан жарима санкциялари қўлланилиб, «форс-мажорга оид амнистия» татбиқ этилмайди.

 

Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари юзага келган пайтга келиб етказиб бериш, ҳақ тўлаш ёки хизматлар кўрсатиш муддатларини бузган бўлсангиз, келгусида форс-мажор ҳолатлар юзага келганидан қатъи назар, барибир шартнома шартларида назарда жавобгарликка тортиласиз. Форс-мажор юзага келгунига қадар йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича пеня ва жарима бекор қилиниши назарда тутилган қўшимча келишувни имзолаб, вазиятдан чиқиш ва санкциялардан қутулиб қолиш мумкин. Ҳатто келгусида суд сиз кўрсатган ҳолатларни форс-мажор деб тан олмаса ҳам, қўшимча келишув асосида санкциялардан қочишингиз мумкин бўлади.

Хизматлар кўрсатишга доир шартномалар бўйича ҳаммаси оддий ва айни пайтда мураккаб. Аслида у ёки бу хизматларни кўрсатишингизга ҳеч нима халал бермайди. Бироқ жамоат транспортининг йўқлиги, шахсий авто, мото ва ҳатто велотранспортда ҳаракатланишнинг тақиқланиши иш жойига бориш имконини бермайди. Шу сабабли хизматлар кўрсатишингиз учун ходимлар ва асбоб-ускуналарни буюртмачи жойлашган жойга етказиб бериш керак бўлса, бу ҳолда сиз учун форс-мажор ҳолатлар юзага келган бўлади. Сиз объектив сабабларга кўра хизматларни кўрсата ёки муайян ишларни бажара олмайсиз.

Чет элликлар киришининг тақиқланиши ҳам пудрат шартномалари бўйича форс-мажор ҳолат бўлиши мумкин. Мисол учун, ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш учун хорижий мутахассислар иштирок этиши зарур бўлса, шундай бўлиши эҳтимол. Шартномада айнан хорижий мутахассислар иштирок этиши тўғридан-тўғри назарда тутилмаган вазиятда ҳам ушбу қоида амал қилади. Бироқ бу ҳолда ишларни бажариш учун фақат улар зарур малакага эгалигини исботлашга тўғри келади. Тошкентдаги қурилиш майдончасида ишлаш учун вилоятлардан ишчиларни жалб этиш ҳақида сўз борганда бу далил ўтмаслиги ёдингизда бўлсин.

 

МИСОЛ. Карантин сабабли спорт клуби ёпилди

Спорт клублари учун коронавирус туфайли ёпилиш – вақтинча форс-мажор. Улар мавжуд вазиятда хизматлар кўрсата олмаётганликлари учун айбдор эмаслар. Шу сабабли карантин пайтида спорт заллари хизматлар кўрсатмаганликлари учун мижозлари олдида жавобгарликдан озод қилинади, бироқ уларни кейинроқ кўрсатиши ёки клуб ишламаган пайт учун тўланган маблағни қайтариши керак бўлади. Спорт клуби мижозларига:

абонементларни карантин муддатига узайтиришни;

онлайн машғулот ўтишни, бунда клуб бундай машғулотларни ташкил этиш мажбуриятини зиммасига олади;

абонемент учун тўланган маблағнинг бир қисмини қайтаришни таклиф қилиши мумкин.

Сўнгги ҳолатда, абонемент бир йилга берилган бўлса, машғулотлар ўтказилмаган давр учун тўланган суммагина қайтарилади. Абонементнинг бутун қиймати қайтарилмайди. Бунда қайтарилган суммага пеня ва жарималар ҳисобланмайди.

 

3. Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари сабабли ҳамкорингиз товарни етказиб бермаган бўлса, олдиндан тўланган тўловни қандай қайтариш мумкин

Етказиб берувчи форс-мажор сабабли етказиб беришни кечиктираётган бўлса, олдиндан тўланган тўловни қайтаришни талаб қилишга ҳақлисиз. Гап шундаки, енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари юзага келганда мажбуриятларни бажариш тўхтатиб турилади. Бироқ иккала тарафнинг мажбуриятлари тўхтатиб турилиши керак. Бу ҳолда олдиндан тўлов тўлаб, ўз мажбуриятларингизни тўлиқ ҳажмда бажаргансиз, етказиб берувчингиз эса ҳеч нима қилмаган. Имконсиз шароитга солиб қўйганини рўкач қилиб, тўланган суммани қайтаришни талаб қилишингиз мумкин. Боз устига, банкларнинг фаолияти тўхтатилмаган, бошқа корхона пулларингизни айлантирмаслиги учун уларни қайтариш мумкин.

Бунинг бир «лекини» бор! Шартномани диққат билан ўқиб чиқинг. Унда форс-мажорда мажбуриятларни бажариш муддати муайян вақтга узайтирилиши қайд этилган бўлса, етказиб берувчи пулларни дарҳол қайтармаслиги мумкин. Шартномада белгиланган форс-мажор амал қиладиган муддат ўтишини кутишингизга тўғри келади, у ўтганидан кейин олдиндан тўлаган тўловингизни олишингиз мумкин бўлади.

«Осилиб қолган» шартномаларни нима қилиш керак? Форс-мажор тугашини кутишга тайёр бўлсангиз, авансни қайтариб, шартномани бекор қилманг. Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари тугашини кута олмасангиз, қизиқишингиз йўқолгани сабабли шартномадан воз кечинг ёки уни бекор қилинг. Иккала ҳолатда қарздорингиз аванс ёки олдиндан тўловни қайтариб бериши шарт.

 

Умумий қоидага кўра, форс-мажор доимий тусга эга бўлса, жавобгарликдан озод бўлиш билан бирга шартнома ҳам бекор бўлади. Форс-мажор вақтинча бўлса, қарз олувчи фақат мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилинади, бироқ шартномани бажаришдан эмас. Карантин пайтида кўриладиган тадбирлар вақт бўйича чеклангани сабабли битимни бузган қарз олувчи фақат қонунбузарликлар учун жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

 

Ҳамкорингиз билан шартномани имзолаган, бироқ ҳали уни бажаришга киришмаган бўлсангиз, бу вазиятга ҳам ойдинлик киритиш зарур. Айтайлик, пандемия туфайли жорий этилган чеклов тадбирлари сабабли шартномани бажариш мушкул бўлишини тушунгансиз. Бунда ўзаро келишиб, уни бекор қилишингиз мумкин, бунинг учун ўзаро келишувнинг ўзи етарли (ФКнинг 383-м.). Башарти шартноманинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартномани бир томонлама тартибда, тарафларнинг айбли ҳаракатларисиз фақат суд орқали бекор қилиш мумкин.

 

4. Пандемия пайтида хорижий ҳамкорлар билан ишни қандай давом эттириш мумкин

Пандемия шароитида янги контрактларни тузаётганда жорий этилган карантинда ва ўз мажбуриятларини бажаришлари учун муайян чекловларда тарафлар хатти-ҳаракатларининг алоҳида шартларини назарда тутиш зарур.

Контракт тузаётганда ушбу вазиятдан бохабар бўлганингиз сабабли бу ҳолда форс-мажорни рўкач қилиш мушкулроқ бўлади. Етказиб берувчи бўлсангиз, жавобгарлигингизни чеклашга ҳаракат қилинг, муддатлар ҳақида мослашувчан қоидаларни, шунингдек контрактни бекор қилиш учун қўшимча имкониятларни киритинг.

Харидор бўлсангиз, пулсиз, товарсиз қолмаслик учун молиявий жиҳатдан ҳимояланишга ҳаракат қилинг, шунингдек етказиб беришда узилиш бўлганда кўриладиган эҳтимолий зарарларни тарафлар ўз зиммаларига олишларини тўғридан-тўғри қайд этинг.

Иккала тараф учун мажбуриятларни бажариш тартибини соддалаштириш, имкон бўлса – қўлланилаётган тадбирлар ва карантин оқибатлари таъсирини истисно этиш муҳим. Шунингдек судгача ҳал қилиш (медиация), ундан сўнг ҳакамлик ёки иқтисодий судни албатта қўшган ҳолда низоларни ҳал қилиш механизмини белгилаш.

Контрактлар ижроси улар билан боғлиқ бўлган операциялар: молиявий муассасалар орқали ҳақ тўлаш, рухсатномалар олиш ва битимларни имзолашга қадар рўйхатдан ўтказишдан тортиб почта алоқаси ҳам панд бериши мумкин бўлган шароитда шартномавий ва бухгалтерия ҳужжатларини айирбошлашгача бўлган операциялар билан боғлиқлигини биласиз. Бундай вазиятда ходимлар масофадан туриб ишлаганда ҳам ушбу масалалар билан шуғуллана олишлари учун ҳужжатлар айирбошлашни соддалаштириш ва уни онлайн-режимга ўтказиш қўл келади.

Валюта курси тебранишларига алоҳида эътибор бериш лозим, бир томондан, улар карантиннинг иқтисодий оқибатлари, бошқа томондан эса энергия ресурслари (масалан, нефть) бозорларидаги жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳамкорларни йўқотмай, ишлашда давом этиш лозим. Боз устига, мамлакатимиз раҳбарияти қарорлари ҳам республика учун мураккаб даврда тадбиркорликка нисбатан бюрократик машинани имкон қадар «жиловлашга» қаратилган.

 

Прочитано: 406 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика