МЧЖ ягона муассиси офис учун инвентарь ва мебелни нақд пулга сотиб олди. Ушбу мол-мулкдан ҳақиқатда МЧЖда фойдаланилади, бироқ у балансда ҳисобда турмайди.
МЧЖ устав фондини ушбу мол-мулк ҳисобига кўпайтириш мумкин?
Мол-мулк сотиб олинганлиги тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рўйхатдан ўтказувчи органларда муаммога тўқнаш келинмайдими?
– МЧЖ устав фондини муассис томонидан сотиб олинган мол-мулк ҳисобига кўпайтириш мумкин.
УФ жамият мол-мулки ёки унинг иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ҳисобига кўпайтирилади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси 3-қисми).
УФга киритилган пул кўринишида бўлмаган ҳиссалар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади (Қонуннинг 15-моддаси 2-қисми.).
Қайта рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим (Низомнинг 21-банди, ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова):
♦ муассиснинг жами киритилган қўшимча ҳиссалар ва янги таҳрирдаги таъсис ҳужжатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори;
♦ янги таҳрирда давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари;
♦ мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси (муассис берилаётган мол-мулкни баҳолашни ўтказади).
Қонун ҳужжатларида мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказишда ушбу мол-мулк сотиб олинганлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги белгиланмаган.
Қайта рўйхатдан ўтказиш ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан 30 кун ичида амалга оширилади (Рўйхат, Низомга 7-илова).
Шу тариқа, муассиснинг нақд пулига сотиб олинган мол-мулк ҳисобига УФни кўпайтиришингиз мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун мол-мулк сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмайди.
Наргиза Воҳидова, «Norma» МЧЖ эксперти.