Суднинг қарорига мувофиқ МЧЖдан АЖ фойдасига 9 млн сўм миқдорида пул маблағлари ундирилиши лозим. Ижро этиш учун МИБга юборилган ижро варақаси бир йил ўтгач ундирувчига қайтарилди. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси 3-қисмига биноан иш тўхтатилган. МИБ сайтидаги қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар базасида қарз мавжуд эмас.
Корхона қарздор корхонани банкрот деб эътироф этиш учун судга мурожаат қилиши мумкинми? Бунинг тартиб-таомили қандай?
– Ҳа, АЖ қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиши мумкин.
Қарздор 3 ой давомида кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича талабларини қаноатлаштира олмаслиги унинг банкротлиги аломати ҳисобланади («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси). Қарздор, кредитор ва прокурор қарздорни банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Қарздорнинг раҳбари ва вакили судга аризани ёзма шаклда беради (Қонуннинг 39-моддаси). Аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
♦ ариза берилаётган иқтисодий суд номи;
♦ ариза берувчи ва қарздорнинг номи ва манзили;
♦ қарздорнинг пул мажбуриятлари миқдори;
♦ кредиторнинг талаблари асослилиги далили, шу жумладан қонуний кучга кирган суд қарори;
♦ кўрсатилган талабларнинг қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далил;
♦ илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати.
Шунингдек кредиторнинг қарздорга нисбатан талабларини кўриб чиққан суднинг қарорини ва ижро варақасини илова қилишингиз лозим.
Таъкидлаш жоизки, ижро варақаси ижро этилмасдан қайтарилганда у бўйича иш тўхтатилмайди. Ундирувчига ижро варақасининг қайтарилиши ушбу ҳужжатни белгиланган муддат доирасида ижрога қайтадан тақдим этишга тўсиқ бўла олмайди («Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси).
Эътибор беринг, карантин белгиланганлиги туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатга мораторий жорий этилган (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармоннинг 15-банди).
Нурали Нурмуҳаммедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.