Иш берувчи коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чораларни назарда тутмаган эди.
Ходимнинг иш жойида Covid-19 вируси билан зарарланиши ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса бўлиб ҳисобланадими?
– Ходимнинг коронавирус билан касалланиши ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса бўлиб ҳисобланмайди. Бу вазиятда иш берувчи санитария меъёрларига риоя қилмаганлиги учун жавобгар бўлади.
Корхона ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда (шунингдек хизмат сафарларида) юз берган қуйидаги бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади (ВМнинг 6.06.1997 йилдаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Низом I бўлимининг 2-банди):
♦ жароҳатланиш, заҳарланиш, иссиқлик таъсири;
♦ портлаш, фалокатлар, иморатлар, иншоотлар ва конструкциялар бузилиши;
♦ куйиш, музлаш, қизиш, электр токи ва яшин уриши;
♦ ҳайвонлар, ҳашаротлар ва судралиб юрувчилар томонидан зарарлариш;
♦ террористик ҳаракатлар натижасида шикастланишлар;
♦ табиий офатлар (зилзилалар, ўпирилишлар, сув тошқинлари, тўфонлар ва бошқалар) туфайли саломатликнинг бошқа хил шикастланишлари.
Кўриниб турганидек, коронавирус ёки бошқа бирор юқумли касаллик билан зарарланиш текширилмайди ва ҳисобга олинмайди. Яъни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса деганда бажарилаётган иш билан сабабли боғлиқлиги бўлган ҳамда нима ва айнан қаерда содир бўлганлиги бирданига юз берганлиги кўриниб турган майиб бўлишлик ёки бошқача тарзда шикастланиш тушунилади.
Буни ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ дарҳол бўлинма раҳбарига хабар бериши кераклиги ҳам тасдиқлайди. Раҳбар ўз навбатида (Низом II бўлимининг 1-банди):
♦ жабрланувчига зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиши ва уни тиббий-санитария қисмига ёки бошқа даволаш муассасасига етказишни ташкил этиши;
♦ текшириш комиссияси иш бошланишига қадар иш жойидаги вазиятни ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган дақиқада қандай бўлса, шундайлигича (агар бу атрофдаги ходимлар ҳаёти, саломатлигига таҳлика солмаётган бўлса ва ҳалокатга олиб келмаса) сақлаб қолиши керак.
Коронавирус вақтида эса бундай қилиб бўлмайди.
Бундан ташқари, иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатномани тузиши ва унинг нусхаларини касаба уюшмаси қўмитасига, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки «Ўзэнергоназорат» агентликлари органи вакилига, тегишли вазирликка (хўжалик бошқаруви органларига), юқори турувчи хўжалик органига – уларнинг талабларига мувофиқ юбориши шартлиги белгиланган. Эпидемия вақтида тамоман бошқа қоидалар амал қилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқилганда, вирусни юқтириб олиш ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сифатида қаралмайди. Вируснинг инкубацион давридан келиб чиқиладиган бўлса, ходимнинг айнан иш жойида зарарланганини исботлаш қийин масала. Лекин айни ҳолда иш берувчи вирус тарқалиши олдини олиш бўйича санитария меъёрларини таъминламагани учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкиндир.
Нурали Нурмуҳаммедов, «Norma» МЧЖ эксперти.