Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 17 / Кадрлар бўлими

Интизомсиз ходимни қандай ишдан кетказиш мумкин

 

Корхонада карантин режими жорий этилишидан олдин ҳам меҳнат тартиб-интизомини тез-тез бузиб турадиган – ишга кечикиб келадиган ходимамиз бор эди. Унга нисбатан ҳужжатлар билан тасдиқланмасдан, фақат оғзаки тарзда огоҳлантиришдан ташқари бирорта чоралар кўрилмаган. Ҳозир ходима масофадан туриб ишлашга ўтган, лекин унга жўнатилаётган ишни бажараётгани йўқ, телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаяпти.

Карантин режими тугагандан кейин бундай ходимани иш берувчининг ташаббуси билан қандай қилиб ишдан кетказса бўлади?

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан тугатилиши қонуний ва асосланган бўлиши учун ходимага нисбатан қандай чоралар кўрилиши лозим?

 

– Карантин чоралари вақтида Меҳнат кодексининг амал қилиши бекор қилинмаган, шунинг учун ходим янги режимда ҳам ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши шарт.

Ходима вазифаларини бажармаётгани ва алоқага чиқмаётганлиги муносабати билан уни қидиришга доир ишларни олиб бориш зарур:

♦ далолатнома ва бевосита раҳбарининг рапорти билан ходима ўз мажбуриятларини (ишларини) бажаришни тўхтатган санани қайд этиб қўйиш, кейинчалик то масала ҳал бўлгунга қадар бундай ҳужжатларни ҳар куни расмийлаштириб бориш;

♦ ходимага почта жўнатмаси орқали хабарнома билан хат жўнатиш. Бу сизнинг ходима ишга келмаслиги сабабини аниқлаш бўйича чоралар кўришингизга асос бўлади;

♦ ушбу санадан бошлаб сабабларни аниқлаш ва чораларни кўришгача ходимага маош ҳисоблашни тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқариш. Мазкур буйруқ асосида – табелда олдиндан «0» белгиларини қўйиб чиқиш;

♦ ходиманинг яшаш жойи бўйича даволаш муассасаси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси органлари, маҳалла фуқаролар йиғинидан уларга маълум бўлган маълумотлар тўғрисида сўраб олиш. Балки ходимангиз касалдир ёки карантинга жойлаштирилгандир;

♦ ходима алоқага киришганда – ундан асослантирувчи ҳужжатлар ва тушунтириш хатини сўраш;

♦ қонуний асослантирувчи ҳужжатлар (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, маълумотномалар ва ҳ.к.) тақдим этилган тақдирда – иш вақти табелига уни киритиш меҳнатга лаёқатсизлик варақасига эса ҳақ тўлаш. Маълумотномаларга ҳақ тўланмайди;

♦ тушунтириш хати тақдим этилса – ишни бажармаслик сабаби узрлими ёки узрсизми эканлигини буйруқ билан эътироф этиш;

♦ иш берувчи ходимага меҳнатга лаёқатсизлик варақасини берган даволаш муассасасидан варақанинг берилиши ва расмийлаштирилиши қонунийлигини сўраб, текшириш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга меҳнатга лаёқатсизлик варақаларининг нусхаларини илова қилган ҳолда уларнинг берилиши асосланганлиги масаласи бўйича поликлиниканинг юқори турувчи ташкилотига мурожаат қилиш мумкин;

♦ агар сабаб узрли бўлмаса, ходимани интизомий жавобгарликка тортиш мумкин (МКнинг 181, 182-моддалари).

Биз таклиф этган усул билан олиб борилган ишлар карантин чоралари тугагандан кейин иш берувчига ходима билан меҳнат шартномасини МК 100-моддаси 2-қисмининг қайси банди – 3-банди биланми ёки 4-банди билан бекор қилиш тўғрисида қарорни чиқаришга имкон беради.

Меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (МКнинг 100-модда 2-қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида 3 кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди.

Буйруқда кўрсатилиб, унда ишни бекор қилиш далили қайд этилган охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади (МКнинг 107-моддаси). Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ кечроқ, барча зарур чоралар кўрилгандан кейин чиқарилганда ҳам бу қоидабузарлик ҳисобланмайди.

Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги муносабати билан меҳнат муносабатларини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишда ходимга қуйидагилар тўланади:

♦ ишланган кунлар учун иш ҳақи (агар улар мавжуд бўлса);

♦ фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация (фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлган тақдирда);

♦ меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги огоҳлантириш муддатининг ўрнига тўланадиган компенсация.

Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишда иккинчи ва учинчи ойлар учун ишдан бўшатиш нафақаси ва ўртача ойлик маош тўланмайди (МКнинг 67, 109-моддалари).

Мазкур асосга кўра муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, агар унинг тўланиши ва миқдори шартнома шартига киритилган бўлса, ходим ўз иш берувчисига неустойка тўлайди (МКнинг 104-м.).

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

 

Прочитано: 1167 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика