Корхонанинг бош офиси Тошкентда жойлашган. Ўзбекистоннинг 7 та минтақасида филиаллар бор. Барчасида ягона штатлар жадвали (ШЖ) амал қилади. Директор бош офис ва филиалларда ўзининг ШЖ бўлиши кераклиги учун уни 8 та ҳужжатга ажратиб ташламоқчи. Имзолаш ва муҳр босиш ҳуқуқи фақат бош директорда мавжуд. Филиалларда директорлар бор, лекин уларнинг имзо қўйиш ҳуқуқи йўқ.
Ягона штат жадвалини 8 та штатлар жадвалига бўлиб юборса бўладими?
– Сизнинг ҳолатингизда фақат бош директор имзолаш ва муҳр босиш ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли айнан у меҳнат шартномаларини тузаётган ва бекор қилаётган барча ходимлар учун иш берувчи ҳисобланади. Шунинг учун штатлар жадвалини алоҳида филиаллар бўйича ажратишга зарурат йўқ деб ўйлаймиз.
Корхонанинг ягона штатлар жадвалини тайёрлаб, тасдиқлашни тавсия қиламиз, унда штатлар шу жумладан филиалларга ҳам ажратилган бўлади. Лекин истасангиз, штатлар жадвалини буйруққа илова сифатида ҳам тасдиқлашингиз мумкин.
Штатлар жадвали тасдиқлангандан кейин филиалларга айнан уларга тегишли бўлган қисмда кўчирмаларни (иловаларни) жўнатиш лозим бўлади, бу шахсий таркибнинг бўйсунув ва лавозимлар бўйича жойлаштирилишини назорат қилиш учун зарурдир.
Филиалларда ходимларнинг сони кўплиги туфайли кадрлар ишини юритишни алоҳида филиаллар бўйича кадрлар бўйича инспекторларга ёки унинг розилиги билан бошқа ходимга юклаш мумкин.
Мазкур ҳолда кадрлар бўлими ходими кадрларга оид ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, уларни бевосита раҳбари билан келишади ҳамда бош директор тасдиқлаши ёки имзолаши учун жўнатади. Имзоланган ҳужжатлар қайтиб келгач, ходимларни уларнинг мазмуни билан таништиради, кадрлар ҳисобига оид ҳужжатларга ўзгартиришлар киритади.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.