Ходим ишга қабул қилинаётганда етарлича тажрибага эга эмаслиги важидан кейинчалик маошини ошириб бориш шарти билан штатлар жадвалидагидан камроқ иш ҳақи беришга қарор қилинди.
Янги ишга қабул қилинган ходимга штатлар жадвалидан камроқ маошни қандай тўғри белгиласа бўлади?
– Ходимга иш ҳақи иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимларига мувофиқ меҳнат шартномаси билан, шунингдек штатлар жадвалига кўра белгиланади.
Иш берувчи ва ходимларнинг вакиллари ўзлари учун афзал деб билган меҳнатга ҳақ тўлаш қоидалари мустаҳкамланиши ҳуқуқий шаклини танлаш ҳуқуқига эгалар.
Ижтимоий адолатга эришиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлашни тафовутли қилиш учун ходимларнинг тажрибаси, малакаси, муайян бир лавозимда улар томонидан ишларнинг бажарилиши шароитларининг мураккаблигидан келиб чиқиб Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида (Классификатор, ВМнинг 4.10.2017 йилдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – ХАЛИКК-2017 деб аталади) белгиланган лавозим номлари вариантларидан фойдаланишингизни маслаҳат берамиз:
1) штатлар жадвалида муайян бир лавозим учун ундан келиб чиқувчи қуйидаги ҳосила лавозимларни назарда тутиш мумкин:
♦ кичик…;
♦ катта…;
♦ етакчи…;
♦ бош… ва ҳ.к.;
2) шу билан бирга муайян лавозимни тоифаларга ажратиш мумкин, масалан:
♦ 1-тоифали муҳандис;
♦ 2-тоифали муҳандис;
♦ 3-тоифали муҳандис.
Бундан ташқари, янгидан ишга қабул қилинаётганлар учун уларни у ёки бу функция бўйича малакасини ошириш мақсадида штатлар жадвалига стажёр лавозимини киритиш мумкин (Классификациянинг 2487–2495-бандлари, ХАЛИКК-2017 га 2-илова). Бунда уларга худди шундай функциялар билан асосий лавозим бўйича камроқ меҳнат ҳақи белгиланади. Ходимни стажёрликка муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишга қабул қилса бўлади, стажировка тугагандан кейин уни асосий лавозимга ўтказса бўлади.
Шу билан бирга устама, қўшимча тўлов, мукофотлар тизимидан фойдаланиш ҳам мумкин.
Бунда бажарилаётган ишларнинг хусусияти ва мураккаблиги, ходим мустақиллигининг даражаси, қабул қилинаётган қарорларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик даражаси ва унинг талаб қилинадиган малакаси (маълумоти бўйича ва мутахассислиги бўйича иш стажи) ҳисобга олинади.
Ходимнинг малакаси ва профессионал кўникмаларини холис баҳоламай туриб, иш тажрибасига эга бўлмаган ёш мутахассисга юқори тоифани белгилашни маслаҳат бермаймиз. Мутахассисга юқори тоифани бериш – бу нафақат тоифага эга бўлмаган мутахассисдан кўра кўпроқ маош олиш имконияти, балки юқори даражада мураккабликдаги ишни бажаришга талаб ҳамдир.
Малакани беришда ҳар бир ходимга нисбатан алоҳида ёндашув ҳам бўлиши мумкин. Иш берувчи маълумоти тўғрисидаги ҳужжатни (олий ўқув юртининг рейтинги, баҳолар варақаси), ходим томонидан у ёки бу йўналиш бўйича олинган малака ошириш тўғрисидаги сертификатлар, олий таълим даргоҳида ўқиётганда корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўташ натижаларини эътиборга олиши мумкин.
Таклиф этилаётган вариантларимиз ходимни янада юқори маош тўланадиган мансабларга ўтиши истиқболи билан ўз лавозим мажбуриятларини янада юқори даражада бажаришга рағбатлантиради.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.