Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 05 / Солиқ солиш

Норезидент жисмоний шахс учун солиқлар

 

Жисмоний шахснинг (Германия резиденти) Ўзбекистонда ўз уйи бор. У турар ва нотурар жойларга ажратилган, улар бўйича 2 та кадастр расмийлаштирилган. Нотурар жойдан ижара шартномаси асосида хорижий компания ваколатхонаси хўжалик фаолиятини амалга оширмасдан офис сифатида фойдаланади.

Турар ва нотурар жойлар учун алоҳида электр энергияси, газ ва сув ҳисоблагичларини ўрнатишнинг иложи йўқ. Коммунал хизматлар ҳақини ваколатхона тўлайди.

1 кв.м учун ойлик ижара тўлови ставкаси 12 000 сўмга тенг, берилган майдон – 100 кв.м. Жой учун ойлик ижара тўлови 1 200 000 сўмни ташкил этади.

2019 йилда чет эллик жисмоний шахс – норезидент ЎзР ҳудудида қандай солиқларни тўлаши керак?

 

– ЎзР ҳудудида жойлашган кўчмас мулкни ижарага беришдан даромад оладиган Германия резидентига солиқ солишда Ўзбекистон ва Германия ўртасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимда (Берлин, 7.09.1999 йил, ЎзР ОМнинг 11.02.2000 йилдаги 40-II-сон қарори билан ратификация қилинган) белгиланган нормаларни ҳисобга олиш лозим.

 

Кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадга солиқ солиш

Германия резидентининг Ўзбекистонда жойлашган кўчмас мулкдан оладиган даромадларига Ўзбекистонда солиқ солиниши мумкин. Ушбу қоида кўчмас мулкдан тўғpидан-тўғpи фойдаланиш, уни ёллашга ёки ижаpага беpиш, шунингдек кўчмас мулкдан бошқа ҳар қандай шаклда фойдаланишдан олинадиган даромадга нисбатан қўлланилади (Битимнинг 6-моддаси).

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Чунончи, ижара тўловидан жисмоний шахслар – норезидентларнинг даромадларидан тўлов манбаида (ваколатхона) 20%лик ставкада солиқ ушлаб қолиниши керак (ЎзР Солиқ кодексининг 182, 184-моддалари).

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар (резидентлар ва норезидентлар) учун ЎзР Президентининг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорига 24-иловада белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари назарда тутилган. Жисмоний шахсларнинг даромадларига ушбу ставкалардан келиб чиқиб солиқ солинади.

 

МИСОЛ. Жой Тошкент шаҳрида жойлашган бўлса, нотурар жойни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкаси 1 кв.м учун 20 000 сўмга тенг. Чунончи, 100 кв.м учун 2 000 000 сўмдан ЖШДС ҳисоблаб чиқарилади ва ойига 400 000 сўмга (2 000 000 х 20%) тенг бўлади. ЖШДС (400 000 сўм) ижара тўлови суммасидан ушлаб қолиниши керак.

 

Коммунал хизматлар ҳақини тўлашга келсак: ваколатхона барча жойлар, шу жумладан ўз фаолиятида фойдаланмайдиган турар жой қисми учун ҳақ тўласа, жисмоний шахсда даромад юзага келади.

Турар жой қисми бўйича коммунал хизматлар ҳақининг тўланиши жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади деб тан олинади (ЎзР Солиқ кодексининг ­177-моддаси ­1-банди). Бундай даpомад туpлаpига, уларнинг қаеpда пайдо бўлишидан қатъи назаp, фақат Германияда солиқ солиниши мумкин (Битимнинг 21-моддаси). Ушбу даромадларга Германияда солиқ солиниши учун уларни олувчи жисмоний шахс ваколатхонага Германия резиденти эканлигини тасдиқловчи сертификатни (хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ва унинг резидентлигини расман тасдиқлайдиган ҳужжатни) тақдим этиши керак. Ушбу ҳужжат асосида ваколатхона даромад суммасига солиқ солмаслиги мумкин.

Акс ҳолда ЎзР норезидентларининг моддий наф тарзидаги даромадларига 20%лик ставкада ЖШДС солинади (ЎзР Солиқ кодексининг 155, 160, 194-моддалари).

 

Мол-мулк солиғи ва ер солиғи

Жисмоний шахслар, шу жумладан чет эл фуқаролари, агар ЎзРнинг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиларидир (ЎзР Солиқ кодексининг 272-моддаси).

Германиянинг резидентига тегишли бўлган ва Ўзбекистонда жойлашган мол-мулкка ЎзРда солиқ солиниши мумкин (Битимнинг 22-моддаси). Тегишинча, ушбу солиқларга нисбатан ЎзР Солиқ кодексининг нормалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар солиқ солиш объектидир (ЎзР Солиқ кодексининг ­273-моддаси).

Солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати солиқ солинадиган базадир. Жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўланади (ЎзР Солиқ кодексининг 274, 276-моддалари).

Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади (ЎзР Солиқ кодексининг 277-моддаси).

Ер участкаси жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳам ҳисобланади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг ер участкаларининг майдонига доир маълумотлари солиқ солинадиган базадир (ЎзР Солиқ кодексининг 288, 289-моддалари).

Жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади. Ер солиғини ҳисоблаб чиқариш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади (ЎзР Солиқ кодексининг 291, 293-моддалари).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 433 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика