Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 22 / Паспорт масалалари

Паспорт ҳақиқий эмас

 

Танишим ажрашгандан кейин қизлик фамилиясини олди, бироқ сафарда бўлганлиги сабабли эрининг фамилиясидаги паспортини алмаштиришга улгурмади. Ҳозир у чет элда хизмат сафарида, бир йилдан кейин қайтади. У қандай муаммоларга тўқнаш келиши мумкин?

А.Коневец. Тошкент ш.

 

– Танишингиз ФҲДЁ бўлимида никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олганидан кейин фамилияси ўзгаргани муносабати билан паспортни алмаштириш учун дарҳол яшаш жойидаги паспорт столига мурожаат қилиши керак эди (Низомнинг ­17-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).

Келгусида паспорт столига мурожаат қилганда паспортини ўз вақтида алмаштирмагани сабабли муаммога тўқнаш келиши мумкин. Ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаганлик учун ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача жарима назарда тутилган (МЖТКнинг 223-моддаси).

 

Уй эгаси хорижда бўлса

 

Турмушга чиққанман, иккита вояга етмаган фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим билан ҳар хил жойда прописка қилинганмиз. Фарзандларим билан мен – онамникида, эрим эса – биз яшайдиган хусусий уйда, ўзининг ота-онасиникида. Уй мерос олиш ҳуқуқи бўйича тўрт кишига тегишли (улушлардан бири қайнотамга тегишли). Бошқа учта эгаси Тошкентда яшамаётганига 5 йилдан ошди, улар бошқа мамлакат фуқаролари ҳисобланади. Қайнотам паспорт режимини бузмаслик мақсадида фарзандларим билан мени уйда прописка қилдирмоқчи эди, бироқ паспорт столи ходимлари барча уй эгаларининг нотариал розилигини талаб қилмоқда. Уй эгаларидан бири розилик беришга тайёр, бироқ иккитаси – прописка қилинишимизга қарши. Қайнотам ушбу масалани ҳал этиш учун судга мурожаат қилмоқчи.

Қолган меросхўрларни яшовчи тараф фойдасига мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкинми, зеро уйни сақлаш харажатлари ҳамда барча коммунал ва солиқ харажатлари анчадан буён турмуш ўртоғимнинг оиласи зиммасида?

Замира К. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, турмуш ўртоғингиз яшайдиган жойда доимий прописка қилинишингиз учун турар жой мулкдорлари ҳисобланган барча оила аъзолари ёзма розилик бериши зарур (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома). Тегишинча, доимий прописка қилиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз.

Бошқа меросхўрларни мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга келсак, мерос қилиб олинаётган уйда коммунал ва бошқа харажатларни тўлаб яшаш далилининг ўзи бунинг учун асос бўлиб хизмат қила олмайди. Манфаатдор шахснинг даъво аризасига кўра суднинг ҳал қилув қарори билан фақат қуйидаги шахслар мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин:

1) мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар. Улар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно;

2) мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар;

3) болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) – қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар (ФКнинг 1119-моддаси).

 

Зарур штамп

 

Яккасарой туманида прописка қилинганим ҳолда турмуш ўртоғимнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги квартирасида яшашим мумкинми? Барча ҳужжатларимиз жойида. Реал яшаш жойи бўйича прописка фақат бошқа шаҳарликлар учун керакми ёки меникига ўхшаш вазиятда ҳам зарур бўладими?

Рустам Б. Тошкент ш.

 

– Турмуш ўртоғингиз прописка қилинган жойда доимий яшаётган бўлсангиз, ушбу далилни паспортдаги белги – кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида қўйиладиган прописка штампи билан тасдиқлаш зарур (Низомнинг III бўлими, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).

 

Квартира масаласи

 

Квартира эгаси унда прописка қилинган шахсларнинг розилигисиз уни сотишга ҳақлими? Агар шундай қилинган бўлса, мулкдорнинг хатти-ҳаракатлари устидан қандай арз қилиш мумкин? Мен эр-хотинни назарда тутмаяпман.

К.Поморин. Тошкент ш.

 

– Сиз квартирада прописка қилинган шахслар уй-жойни хусусийлаштиришнинг иштирокчилари ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини кўрсатмагансиз. Квартира барча ижарачиларнинг розилиги билан хусусийлаштирилган бўлса (ОСПнинг 2.05.1997 йилдаги 3-сон қарори 2-банди), хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.

«Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ хусусийлаштирилган турар жойда унинг хусусийлаштирилишига розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлсалар, уларнинг ҳаммаси шу турар жойнинг эгаси ҳисобланадилар, эгаллаб келинаётган турар жой эса хусусийлаштириш натижасида умумий мулкка айланади (ОСПнинг 3-сон қарори ­16-банди).

Шу тариқа, умумий улушли мулк иштирокчиси яшаш учун мўлжалланган уй, квартира, уй ёки квартиранинг бир қисмидаги ўзига тегишли улушни ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган қолган барча умумий улушли мулк иштирокчиларига ёзма равишда маълум қилиши шарт (ФКнинг 224-моддаси).

Баён этилганлардан келиб чиқилса, агар сиз умумий улушли мулк иштирокчиси бўлсангиз, мулкдор сизни хабардор қилмай туриб квартирани сотишга ҳақли бўлмайди. Агар сиз умумий улушли мулк иштирокчиси бўлмай, фақат турар жойингиз тайин бўлишини кўзлаб у ерда доимий прописка қилинган бўлсангиз, квартиранинг олди-сотди шартномаси нотариал идорада рўйхатдан ўтказилиши юзасидан баҳслашишга ҳақли бўлмайсиз.

Бундан ташқари, квартиранинг янги эгаси сизнинг пропискангизни бекор қилиши мумкин. Суднинг эгаллаб турган турар жойингиздан кўчириб юбориш ёки ушбу турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқингизни бекор бўлган деб топиш тўғрисидаги кучга кирган қарори бунинг учун асос бўлади (Низомнинг 47-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).

 

Бўш ётган уйлар рўйхатида

 

Квартира эгаси – хорижий фуқаро узоқ вақт (2 йил) бўлмаганда уни хатлаб қўйишлари мумкинми? Бу ҳолда қаерга мурожаат қилиш керак?

Макарин. Тошкент ш.

 

– Ҳа, квартира эгаси бўлмаган пайтда коммунал хизматлар ва уй-жойдан фойдаланиш харажатлари учун ҳақ тўланмаса, шундай қилишлари мумкин. Коммунал хизматлар учун узоқ вақт (12 ойдан ортиқ) ҳақ тўланмаган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига кўра қарзларни ундириш масаласини ҳал қилиш учун уй-жой белгиланган тартибда хатлаб қўйилади (ВМнинг 27.02.1999 йилдаги 92-сон қарори 1-банди). Квартирани ижарага олган шахс ХУМШ ва маҳалла қўмитасига мурожаат қилиши зарур. Акс ҳолда ушбу ташкилотлар квартира бўш ётганлиги тўғрисида далолатнома тузишлари мумкин, унинг асосида уй хатлаб қўйилади.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1037 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика