Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 22 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қайта ташкил этилди

 

Президентнинг 23.05.2018 йилдаги ПФ-5446-сон «Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

2001 йилда ДСҚ ҳузуридаги Солиқ соҳасидаги қонун бузилишларига қарши тезкор курашиш бош бошқармаси базасида Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти ташкил этилган. 5 йил ўтгач у Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига айлантирилган. Ўша вақтда, 2006 йилда, унинг тузилмасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси ташкил этилган.

Департамент ЖКнинг 177, 179, 183-моддалари, ­184-моддаси 1 ва 2-қисмлари (божхона қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ жиноятлардан ташқари), ­186-моддаси 1-қисми ва 189-192-моддалари бўйича суриштирувни, яқин вақтдан бошлаб эса солиқ ва валюта қонунчилиги бузилишлари тўғрисидаги ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириб келган.

Қабул қилинган ҳужжат навбатдаги ўзгаришни назарда тутади. Энди бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти. Унда қуйидагилар ташкил этилди:

√ Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси - Солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Валютага оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Истеъмол бозорини ҳимоя қилиш бўлими, Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашиш бўлими негизида;

√ Ахборот-таҳлил бўлими ва Ташкилий-назорат бўлими - Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси негизида.

Департамент иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, тepговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширади. Унинг ваколатига киритилган жиноятлар рўйхати ўзгариши ёки ўзгармаслиги ЖПКга тегишли тузатишлар киритилгандан кейин аниқ бўлиши мумкин.

Бир вақтнинг ўзида унда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи функциялари сақлаб қолинди. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширадиган алоҳида субъектларга нисбатан назорат функциялари назарда тутилаётир.

Хусусан, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни 30 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма беришга ҳақли.

1 июлдан бошлаб ЛБМА қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази иш чоғида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисида Департаментга зарур ахборотни мунтазам равишда тақдим этади. Бундан ташқари, Департаментга Марказий банк ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олишга рухсат берилди.

Бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар бўйича олинган хорижий грантлар ва давлат кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитларнинг сарфланишига алоҳида эътибор қаратилади. Тезкор-қидирув фаолияти натижалари бўйича бу йўналишда Департамент давлат ташкилотлари ва давлат улушига эга корхоналарни, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа хўжалик юритувчи субъектларни текшириш ташаббуси билан чиқади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

10 та йирик давлат компанияси трансформация қилинади

 

Президентнинг «Давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.05.2018 йилдаги ПҚ-3720-сон) имзоланди.

2,5 йилда 10 та давлат компанияси трансформация қилинади

 Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ­2018–2020 йилларда мамлакатимизда Устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахсларни трансформация қилиш дастури амалга оширилади.

 

Даставвал унга «Ўзбекнефтгаз», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзбекгидроэнерго», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбектелеком» АК, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва АТ Халқ банки киритилди. Дастурни амал қилиш муддатлари узайтирилиши, давлат компаниялари рўйхати – кенгайтирилиши мумкин.

 

Дастур доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

√ бошқарув ходимларига юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун уларнинг масъулиятини таъминловчи корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;

√ давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш;

√ давлат корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий кўникмаларини, жумладан, тегишли тармоқлар бўйича етакчи хорижий корпорациялар билан тажриба алмашинишни ташкил этиш орқали ривожлантириш;

√ давлат корхоналарини трансформация қилиш тадбирларини амалга оширишда лойиҳа бошқаруви воситаларидан фойдаланиш.

Шу тариқа, давлат улушларини реализация қилиш, давлат корхоналарини хўжалик жамиятларига айлантириш ёки хусусийлаштиришнинг бошқа механизмларини қўллаш ушбу ҳолда режалаштирилмаётир.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ҳарбийларнинг фарзандларига – олий таълим муассасаларига қўшимча «бюджет» жойлари

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (14.05.2018 йилдаги ПҚ–3726-сон) эълон қилинди.

Қуролли Кучлардаги хизмат доимий сафарлар билан боғлиқ. Шунинг учун ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таълим муассасаларини тез-тез ўзгартириб турадилар, бу улар олаётган билим сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шунингдек шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун давлат гранти асосида таълим олишга умумий қабул сонидан 5 фоизли квота ажратилади. Уларнинг фарзандларига махсус тавсиянома берилади.

Ҳарбий бўлмаган олий таълим муассасаларида асосий квотадан ташқари махсус квота жорий этилади, яъни янгилик бошқа абитуриентлар учун умумий танловга таъсир кўрсатмайди. Ҳарбий олий таълим муассасаларида эса – умумий квота доирасида. Бу ерда оддий абитуриентларга камроқ жой қолади.

 

Бу – муҳим! 5 фоизли квота доирасида танлов ўтказилади – ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бир-бирлари билан мусобақалашадилар. Абитуриент тест синовларида қанча кўп балл тўпласа, рейтингда шунча юқори ўринни эгаллайди. Тегишинча, махсус квота бўйича ўринларга қараганда абитуриентлар кўпроқ бўлса, кимдир ўқиш имконини қўлга киритмаслиги мумкин.

 

Ҳар бир вазирлик ва идора чекланган миқдордаги тавсияномаларни беради. 5%ли квота қисмларга бўлинади, улардан:

√ Мудофаа вазирлиги учун – 44%;

√ Давлат хавфсизлик хизмати учун – 30%;

√ Ички ишлар вазирлиги учун – 10%;

√ Миллий гвардия учун – 10%;

√ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учун – 3%;

√ Президентнинг Давлат хавфсизлик хизмати учун – 2%;

√ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги учун – 1%.

 

Бу – муҳим! Ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, ярадор бўлган, контузия ёки шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тегишли вазирлик ёки идоранинг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларининг бюджет ўринларига махсус квота бўйича тест синовларидан ўтмай қабул қилинадилар.

Бундан ташқари, вазирлик ва идораларга ­2018/2019 ўқув йилларидан олдин ўқишга кирган, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таълим олиши учун контракт пулини тўлашга рухсат этилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан ЯСТ 5%гача пасайтирилади

 

Президентнинг 14.05.2018 йилдаги ПҚ-3727-сон қарори билан давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилади ва уларни моддий рағбатлантириш кучайтирилади.

Ҳужжат билан назарда тутилган чора-тадбирлар 2018 йил 1 июндан амалиётга жорий этилади.

Биринчидан, давлат маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдорлари ўртача 45 фоизга оширилади.

Иккинчидан, санаб ўтилган ходимларнинг малака тоифалари ва лавозимлари бўйича базавий лавозим маошлари белгиланади. Уларнинг лавозим маошлари ўртасидаги тафовутни кўпайтириш ҳисобига касбий ўсиши рағбатлантирилади. Масалан, илмий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимида бундай механизм жорий этилган.

Учинчидан, Ўзбекистон давлат цирки, ҳайвонот боғлари, Маданият вазирлигининг кўзи ожизлар учун кутубхоналари ҳамда давлат архивлари ходимларининг алоҳида тоифаларига (аниқ рўйхатни Ҳукумат кейинроқ тасдиқлайди – таҳр.) узоқ муддат хизмат қилганлиги учун тақдирлаш пули тўланади. Уларнинг миқдорлари театр-концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига белгиланган миқдорларга тенг.

Тўртинчидан, концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган, юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган микрофирма ва кичик корхоналар учун ЯСТ ставкаси амалдаги 30%дан 5%гача пасайтирилади. 29.12.2017 йилдаги ­ПҚ-3454-сон қарорга 9-1-иловага тегишли тузатишлар киритилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Эркин туристик зоналарга қандай лойиҳалар керак

 

Инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш мезонлари ва уларнинг ташаббускорлари бизнес-режаларига доир талаблар тасдиқланди. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.2018 йилдаги 365-сон қарорида кўрсатилган.

Эркин туристик зона (ЭТЗ) иштирокчисига айланиш ва у ерда ўз лойиҳасини амалга ошириш учун 11 та мажбурий мезонга жавоб бериш керак. Шу ўринда талабларнинг бир қисми ижтимоий томонга йўналтирилганлигини қайд этиб ўтамиз.

Масалан, янги иш ўринлари ташкил қилиш зарур. Бунда уларнинг сони маъмурий кенгаш томонидан белгиланади, 10%и – Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши рўйхатлари бўйича эҳтиёжмандлар учун квота. Ташкил этиладиган ташкилот ходимлари штатининг камида 95%и Ўзбекистон фуқаролари бўлиши керак, уларга стажировка ўташ ҳамда малака ошириш имконияти яратилади.

Шунингдек лойиҳа ташаббускори ўз бизнес-лойиҳаси мазмунига эътибор қаратиши зарур. Дирекцияга фақат қайд этилган талабларга жавоб берадиганини тақдим этиши лозим.

ЭТЗда лойиҳани жойлаштириш масаласини ҳал этиш пайтида, юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, қуйидагилар аҳамиятга эга:

√ инвестицияларни муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан Ўзбекистоннинг давлат кафолати тақдим этилмасдан жалб қилинган кредитлар ҳисобидан амалга ошириш;

√ инвесторнинг молиявий лаёқатлилиги, техник ва технологик базанинг мавжудлиги;

√ инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги (инвестиция лойиҳасини қулай жойлаштириш, ташкил этиладиган иш ўринлари сони, ҳудуд ва умуман, соҳадаги инфратузилма ўзгаришларига таъсир кўрсатиш, ишлаб турган қувватлардан фойдаланиш, зарур инфратузилманинг мавжудлиги);

√ инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мос бўлган менежмент тизимининг мавжудлиги;

√ асбоб-ускуналар ва технологик линиялар рўйхати кўрсатилган ҳолда, энергия тежайдиган замонавий тизимлар ва технологиялар мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган, жаҳондаги етакчи меҳмонхона тармоқлари ва умумий овқатланиш тармоқлари брендларининг мезонларига мос бўлган, шунингдек ходим сифатида юртдошларимизни жалб этишни кўзда тутадиган лойиҳаларга устунлик берилади.

 

Бу – муҳим! ЭТЗ иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектлари эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва преференциялардан фойдаланадилар (Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармонининг 3 ва 4-бандлари).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Нотариат: 2019 йилдан кўп нарса ўзгаради

 

Президентнинг 25.05.2018 йилдаги ПҚ-3741-сон қарорида 2019 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий нотариат тизимига бир қатор янгиликлар киритилиши назарда тутилган.

Биринчидан, фаол модель доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда «ягона дарча» тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхати тасдиқланди.

Бундан келиб чиқишича, нотариуслар қуйидагиларни мустақил равишда олиб, текширадилар:

√ турар жойда доимий прописка қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

√ биометрик ва паспорт маълумотлари;

√ кўчмас мулк, шу жумладан бошқа шахсга ўтказишга тақиқ белгиланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги зарур маълумотлар;

√ турар жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

√ юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

√ коммунал хизматлар бўйича қарздорлик мавжудлиги/мавжуд эмаслиги ҳақидаги ахборот.

Шу орқали фуқаролар ва ташкилотлар кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотномаларни мустақил равишда тўплаш заруратидан халос бўладилар. Шу мақсадда зарур ахборотларни алмашиш учун маълумот базалари ва ахборот тизимлари жорий этилади ҳамда улар «Нотариус» ААТ билан интеграция қилинади. Ушбу модель доирасидаги идоралараро ҳамкорлик механизмлари маъмурий регламентлар билан тартибга солинади.

Иккинчидан, кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади. Бироқ ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий тартибда ҳисобга қўйиш лозим бўлади.

Учинчидан, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бундай бланкалар «Давлат белгиси» ДИЧБ томонидан тайёрланади.

Тўртинчидан, васиятномаларни, шунингдек жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз қўли билан имзолай олмайдиган киши номидан битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ва видеога қайд этиш жорий этилади.

Бешинчидан, юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланади.

Олтинчидан, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш учун бармоқ излари сканер қилинади ва улар паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштирилади.

Мурожаат этувчилар нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга имзо қўйиш ва махсус мосламада уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлайдилар.

Еттинчидан, нотариал идораларда реал вақт режимидаги масофавий аудио ва видеокузатув воситалари ўрнатилади. Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари марказлаштирилган тизимдан фойдалана оладилар. Бунда нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги сақланиши лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 26.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

ЙҲҚ бузилишига қарши курашишда видеорегистраторлар ва оширилган жарималар ёрдам беради

 

Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2018 йилдаги 377-сон қарори билан 2018–2022 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ҳамда уни яқин истиқболда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

 

Ҳамма жойда – видеорегистраторлар

Фуқаролар ва ташкилотларнинг автомобиллари видеорегистраторлар билан жиҳозланади. Жамоат транспорти ва йўловчилар ташувчи транспорт воситаларида – мажбурий равишда. Уларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.

Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган видеорегистраторлардан ёзувларни тезкор тўплаш учун марказлаштирилган тизим жорий этилади. Унга келиб тушган барча видеоёзувлар мониторингдан ўтказилиб, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ИИОга юборилади.

Тизимга видеоматериалларни тақдим этган фуқаролар, суд томонидан ҳуқуқбузарлик тасдиқланган тақдирда рағбатлантирилади.

 

Нафақат ҳайдовчиларнинг жавобгарлиги оширилади...

Декабргача йўллардаги безорилик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш масаласини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда қуйидагиларда намоён бўладиган атайлаб қасддан содир этилган ҳаракатлар назарда тутилмоқда:

а) транспорт воситасини бошқариш маданиятига перманент риоя қилмасликда;

б) йўлда ўзини номуқобил тутишнинг бошқа шаклларида:

ҳаракатнинг эгаллаб турилган полосасини бу ҳақда бурилиш сигнали билан огоҳлантирмасдан кескин ўзгартирган ҳолда тажовузкорона ҳайдашда;

хавф тўғрисида огоҳлантирмасдан баланд товуш сигналидан бунга ҳожат бўлмаса ҳам фойдаланишда.

 

Маълумот учун. Бугунги кунда шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликлар учун жарималар солинади:

йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашганлик учун – 3 ЭКИҲ;

товуш сигналини сабабсиз берганлик учун – 1 ЭКИҲ.

Бундан ташқари, бошқа ЙҲҚни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда, хусусан:

транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун (МЖТКнинг 131-моддаси) – бунинг учун маъмурий қамоққа олиш жорий этилиши зарур;

ДЙҲХХ ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаганлик учун (МЖТКнинг 194-моддаси);

ЙТҲ юз берган жойдан кетиб қолганлик (МЖТКнинг 137-моддаси), шу жумладан хавф остида қолдирганлик (ЖКнинг 117-моддаси) учун жиноий жавобгарликни.

 

2019 йил бошидан яна бир муҳим янгилик – жамғариб бориладиган балл тизими жорий этилиши кутилмоқда. Ҳар йили ҳайдовчилик гувоҳномасига 12 балл берилади ва ҳар гал ЙҲҚ бузилганда ҳуқуқбузарликнинг оғирлигига қараб у камайтириб борилади. 12 баллининг ҳаммасини «сарфлаб бўлган» ҳайдовчилар автомобилни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади, қоидаларни бузмаганлар эса рағбатлантирилади.

Бироқ фақат ҳайдовчиларга нисбатан ЙҲҚни бузганлиги учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмаяпти. ДЙҲХХнинг рухсатисиз ЙТҲ қатнашчиларининг транспорт воситаларини таъмирлаш ишларини амалга оширувчи шахслар учун ҳам санкцияларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Пиёдаларда ЙҲҚга риоя қилиш маданиятини ошириш учун эса АКТдан фойдаланган ҳолда пиёдалар қоидаларини бузувчиларнинг шахсини аниқлаш ва улар содир этган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида электрон протоколларни расмийлаштириш механизмларини жорий этиш мўлжалланмоқда.

 

Ҳар жума – ЙҲХ куни, ҳар ой – «Автомобилсиз кун»

Ҳар ҳафта жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни»ни ўтказишга қарор қилинди. Барча вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар бу куни ЙҲҚга сўзсиз риоя қилишни ва ЙТҲ профилактикасини таъминлашда фаол иштирок этадилар.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Автомобилсиз кун» ойлик акцияси ташкил этилади. Мақсад – йўлларда хавфсизлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, автотранспортсиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилиш.

 

ДЙҲХХ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди

Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

√ ЙҲҚга риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини тизимли асосда ўрганиш;

√ Концепциянинг, «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишининг бориши ва натижалари мониторингини олиб бориш;

√ йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ИИО фаолиятининг қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни тайёрлаш ва киритиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1300 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика